Жиноят ва жазо      Бош саҳифа

Бешик йиғлаган оқшом

Она қорнига сиққан, тор бешикка сиққан, аммо кенг дунёга сиғмаган бадбахт болалар!

Бешик йиғлаган оқшом

Ўша мудҳиш оқшом ҳаммадан кўп йиғлаган, фарёд чеккан қариндош-уруғ эмас, жигарлар эмас, ака-укаларни ўз бағрида тебратиб ўстирган бешик бўлди. Бешик нега йиғлади? Унинг унсиз фарёдини биров эшитдими? Ноласига қулоқ тутдими?

Ака-уканинг иккиси ҳам ёши элликдан ошган, сочларига оқ оралаган, бир этакдан набираси бор эди.

Кунлардан бирида ука — сархуш ҳолда келган Баҳром (исмлар ўзгартирилган) ҳовлининг бетартиблигини кўриб, бироз жаҳли чиқди. Ўша чоғда ҳовли этагида куймаланиб юрган келинига қарата:

— Нега ҳаммаёқ бетартиб? — дея дакки бера кетди. — Сув сепиб бўлгандан кейин шлангни йиғиштириб қўйсаларинг бўлмайдими?

Қайнотасининг кайфияти яхши эмаслигини кўрган келин дарҳол ҳовлини йиғиштириб, саранжомлашга тушди. Шу пайт ичкаридан ширакайф ака — ­Ботир пичоқ кўтариб, ўқдек отилиб чиқди.

— Нега келинни сўкяпсан, сендан сўраяпман, нега сўкяпсан? — дея дўқ урди.

— Сўкмадим, ака, шунчаки гапириб қўйдим, — деди ука.

Аммо ака унинг гапларини эшитишни ҳам истамади. Маст, ҳуши ўзида эмасми, қони қизиган ака-ука ўртасида даҳанаки жанг бошланди. Ўзини ҳимоя қилишга уринган Баҳром биқинига санчилган пичоқ зарбидан букчайиб қолди. Бир амаллаб, ўнгланиб олгач, ерда ётган ёғоч бўлагини олиб, акасининг бошига зарба берди. Бошидан қон оқа бошлаган Ботирнинг эса ғазаби баттар ортди.

Уларни кузатиб турган набиралар қўрққанидан чинқириб йиғлай бошлади. Аммо уришаётган боболар бунга парво ҳам қилмади. Келинчак қўрқувдан титраб-қақшаб йиғлаётган кичкинтойларни уйга олиб кириб, ичкарида тошдек қотиб, ухлаётган эрини уйғотди.

Нурбек ташқарига чиққан пайтда отаси ҳам, амакиси ҳам қип-қизил қонга беланганди. Кўпчилик бўлиб, бир амаллаб, ака-укани ажратишди. Ака-укаларнинг иккиси ҳам жиддий жароҳат олган, тезлик билан шифохонага етказиб борилди.

Баҳром ҳушига келиб, эшитган илк хабари акасининг жони узилганию ўз жигарининг қотилига айлангани бўлди. Кайфи тарқаб, нима иш қилиб қўйганини англаган бағритош ука ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ўлган акасига ачиниб, бўзлаб йиғлади.

Ёшликда акаси билан ўтган кунлар кўз олдидан бир-бир ўта бошлади. Ҳа, ўша пайтларда акаси уни ҳаммадан ҳимоя қиларди. Кўчада тенгдошлари билан гап талашиб, ёқалашса, дарров акаси етиб келиб, хафа қилганларнинг боплаб таъзирини берарди. Жуссаси миқтигина бўлса-да, уни елкасига опичлаб юрарди.

Орадан йиллар ўтиб, жигарлар улғайишди. Болаликнинг беғубор дамлари, ширин хотиралар рўзғор ташвишлари остида кўмилиб кетди. Бугун эса, ­Баҳромнинг аччиқ кўз ёшлари ўша ташвишлар остида эзғиланиб ётган ширин, айни дамда азобли хотираларни ювиб кетди. Афсуски, энди пушаймонликдан сира фойда йўқ эди.

...Қотиллик билан якун топган ака-ука жанжалига доир жиноят иши очилди.  Иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Судланувчи, жабрланувчининг қонуний вакили, гувоҳлар тингланди.

  Ўрганишлар натижасида бир ҳовлида яшаб келган ака-уканинг ўртасида аввал ҳам мунтазам келишмовчиликлар бўлиб тургани аниқланди.

— Жанжални кўпинча Ботир акам бошларди, — деди жабрланувчининг қонуний вакили сифатида иштирок этган укаси Бекмурод. — Чунки у спиртли ичимликка муккасидан кетган эди. Доим ичиб келиб, бўлар-бўлмасга жанжал чиқарарди. Нима бўлганда ҳам ҳар икки томон менинг жигарим. Шу боис Баҳром акамдан ҳам даъво қилмайман. Қонун доирасида унга енгиллик беришингизни сўрайман...

Суд жазо тайинлашда, албатта, ука — Баҳромнинг айбига тўлиқ иқрорлигини, чин кўнгилдан пушаймонлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланишини инобатга олди. Муқаддам судланмагани, жабрланувчининг қонуний вакилининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги ва бошқа ҳолатларни жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, деб баҳолади. Бироқ жиноятни маст ҳолатда содир этгани жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланди. Суд Баҳромга тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Ҳа, содир этилган жиноят учун, албатта, жазо муқаррар. Аммо ака-укалар ўртасидаги мунтазам бўладиган жанжал, ичкиликка берилган аканинг укасига пичоқ уриши, ука акасини ўлдириш даражасигача етиб бориши жуда ачинарли ҳолат.

Очиқ суд мажлисига йиғилганлар назарида бир савол зуҳур топди: наҳотки, орамизда меҳр-оқибат бутунлай йўқолмоқда? Ахир, биз ўзбекмизмиз-ку?! Халқимизда оилага, ака-укага, маҳалла-кўйга муносабат бутунлай бошқача. Ҳарқалай, маънавият, одоб-ахлоқ каби эзгу тушунчалар бошқа жойларга нисбатан бизда юксак. Шундай экан, ака-укаларнинг, ота-ўғилларнинг, қайнона-келинларнинг бир-бири билан пичоқлашиши бизга буткул ёт бўлиши керак эмасми?

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Суд ишида мазкур оилада уруш-жанжал тинимсиз бўлиб тургани аниқланди. Наҳотки, маҳалла-кўй бундан бехабар бўлса? Улар нега ўз вақтида бу оила билан жиддий ишламаган?

Очиғи, мазкур вазиятни икки хил талқин қилиш мумкин. ­Маҳалла масъуллари бу оила билан етарлича ишламаган, вазиятга лоқайдлик билан қараган ёки ўтказилган профилактик тадбирлар бу оилага кор қилмаган. Ҳарқалай, мутасаддилар вақтида жиддийроқ эътибор қаратишганида, вазият бу даражагача бориб етмаслиги мумкин эди.

Бу — очиқ суд залига йиғилганларнинг фикри…

Ўша куни ака-укалар жанжалини томдан «кузатиб» турган эски бешик, қарийб эллик йиллик, уваланиб тўкила бошлаган бешик шундай нола қиларди: «Она қорнига сиққан, тор бешикка сиққан, аммо кенг дунёга сиғмаган бадбахт болалар! Онангизнинг руҳи чирқираяпти, отангиз руҳи азобланяпти. Қачонлардир бир кўрпада, тепишиб, қийқиришиб катта бўлган болалар, бир она кўксини эмиб ўсган болалар. Қотилни бағримда асраганмидим... Жанжалингиз менга ҳам азоб беряпти, тилка-пора қиляпти…»

Аммо бешикнинг ноласини ҳеч ким эшитмади.

 

Қаҳрамон МИРСАФОЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди судьяси




Ўхшаш мақолалар

Бешик йиғлаган оқшом

Бешик йиғлаган оқшом

🕔17:39, 11.10.2018 ✔37

Она қорнига сиққан, тор бешикка сиққан, аммо кенг дунёга сиғмаган бадбахт болалар!

Батафсил
Еттинчи пушаймон

Еттинчи пушаймон

🕔17:38, 11.10.2018 ✔25

Яна у суднинг қора курсисида ўтирибди. Демак, илгари содир этган жиноятларидан тўғри хулоса  чиқармаган...

Батафсил
Баднафслик тузоғи

Баднафслик тузоғи

🕔11:42, 06.09.2018 ✔106

Ўз нафсини Ватан мудофаасидан устун қўйганлар қилмиши.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар