Даромад манбаи      Бош саҳифа

Нақшларнинг ҳар бири ўзига хос

Бу ҳунарда бир-бирини такрорлайдиган нусхалар бўлмайди. Ҳар бири асл нусха — ягона.

Нақшларнинг ҳар бири ўзига хос

Кандакорлик — металл буюмларга ўйма нақшларни тушириш санъати.  У халқ амалий ва бадиий ҳунармандчилик санъатининг кўҳна ҳамда ривожланган турларидан бири ҳисобланади. Юртимизда анъанавий кандакорлик мактаблари шаклланган. Уларга Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Фарғона, Хива, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент каби ва бошқа мактабларни киритиш мумкин. Бугун давлатимиз томонидан миллий ҳунармандчиликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яратилаётган имкониятлардан унумли ва оқилона фойдаланаётган, шу ҳунари ортидан рўзғор тебратиб, даромад олаётган кандакор (мисгар) уста булар ҳақида нима дейди?..

— Ўзим миниатюрачи дипломига эгаман, кейин 1994 йилда Театр ва рассомчилик институтининг санъатшунослик факультетини ҳам битирдим, — дейди фарғоналик ҳунарманд кандакор Зокиржон ҒОФУРОВ. — Ҳозир бу факультет Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида. Кандакорликка болалигимдан қизиққанман. Тахминан 6-7-синфда ўқир эдим, мактабдан ташқари турли тўгараклар бўларди. Уларда миллий ҳунармандчилик тўгараги ҳам бўларди, ўшанга қатнашганман. Уйдаям тинч ўтирмай, ўзимча алланималарни ясардим. Хуллас, шу ҳунар билан 1980 йилдан бери шуғулланиб келяпман. Бу ишда менга аёлим ва ўғлим ёрдам бермоқда. Аммо ўғлим туризм йўналиши бўйича ўқишга кирди. Шу боис ўқишдан бўшаган пайтларда ёрдам беряпти. Шу йиллар мобайнида кўплаб шогирдлар етиштириб чиқардим. Ҳатто, Самарқанддан келиб, кандакорлик ҳунарини ўрганиб кетган шогирдлар ҳам бор. Уларнинг бари ўз йўлларини топиб кетишган.

— Асосий тирикчилик, даромад кандакорлик ортидан бўлса керак?

— Тирикчилигимиз биргина кандакорликдан эмас, албатта. Томорқага ҳам экин экамиз, узумларимиз бор. Қўй ва товуқлар боқамиз. Бу ҳам рўзғорнинг бир томонига ярайди. Ишдан бўш пайтимда қўй ва товуқларга қарайман, томорқада ишлайман. Саломатликка ҳам фойдаси катта. Негаки, касбимиз бир жойда узоқ ўтириб ишлашни тақозо этади. Бунда табиийки, қон айланиши секинлашади. Жисмоний ҳаракатлар эса, ўша бузилган мувозанатни тиклайди.

— Одатда, мисдан қандай буюмлар ясайсиз?

— Офтоба, чойдиш, турли кўриниш ва ҳажмдаги лаганлар, пиёлалар, аёллар тақинчоқлари ва улар солинадиган қутичалар ҳамда бошқа буюмларни. Биргина мис билан чекланиб қолмай, мис-никель қотишмаси (мельхиор) ва жез (мис ва рух қотишмаси, латунь)дан ҳам уй-рўзғор буюмлари ясайман.

— Бирор буюм ясалгандан сўнг унга нақш солиш керак. Андозасини олдин чизиб оласизми ёки шундай хаёлан буюмга муҳрлайверасизми?

— Биласизми, бу иш билан узоқ вақт шуғуллангач, чизма ёки андозага ҳожат ҳам қолмас экан. Нақшнинг ўзи ич-ичи­нгиздан отилиб чиқади ва уни буюмга кўчирасиз. Буни йиллар давомида маҳорат ва тажрибанинг ошиб бориши маҳсули, деб ўйлайман. Хуллас, бизнинг ҳунарда бир-бирини такрорлайдиган нусхалар бўлмайди. Ҳар бири асл нусха — ягона.

— Хорижий кўргазмаларда ҳам иштирок этганмисиз?

— 2014 йилда Уммон султонлиги пойтахти Маскат шаҳрида ўтказилган халқаро кўргазмада иштирок этганман. У ерда ҳар йили бутун дунёдан халқ амалий санъати усталари ташриф буюриб, ўз маҳсулотларини намойиш этадилар. Улар бизнинг кандакорлик санъатимизга жуда катта қизиқиш билдиришди. Айниқса, нақшларни қандай чизишимга қизиқиб қолишди. Мен эса қўлимга қалам ва қоғоз олиб, бир пасда ажойиб нақшни чизиб кўрсатдим. Инсоннинг қўлидан шунақа нарсалар ҳам келар экан деб, ҳайратда қолишди. Бошқа давлатларда ўзим бўлмасам-да, лекин ишларим бор.

— Устахонангизга хорижлик сайёҳлар ҳам ташриф буюриб туришадими?

— Албатта. Уларнинг аксариятини у ёки бу буюм ясалиши ва унга нақшлар солиш жараёни кўпроқ қизиқтиради. Америкалик ва испанияликлар келиб, иш жараёнини тасвирга олиб кетишди.

Суҳбат якунида уста: «Қанийди, бизнинг ҳам уста-ҳунармандларимиз ишлари жаҳоннинг машҳур музейларидан жой олса, деб орзу қиламан. Шундай санъат асарларини ярата оладиган ҳунармадлар кўп юртимизда. Ҳар бир устанинг ўз «дастхат»и бўлади ва у яшаётган даври, ўз ҳиссиётлари-ю, кечинмаларини яратаётган асарларига жо этади. Уларда миллийлик бўлиши, миллий тарихий обидаларимиз акс этиши нур устига нур. Келгусида яратадиган асарларимда хаттотлик санъати, ҳайвонот ва ўсимликлар олами нақшларини ўзаро уйғунлаштириш ниятидаман», деган фикрларни билдириб қолди.

 

Нурпўлат НУРҚУЛОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Бир ҳовлидаги ризқ

Бир ҳовлидаги ризқ

🕔16:08, 29.11.2018 ✔56

Қўй-эчкиларнинг жойи алоҳида. Бунга «нозиктаъб» эчкиларнинг уришқоқлиги сабаб.

Батафсил
«Муҳими — ўзим, келиним  ва синглим ишлимиз»

«Муҳими — ўзим, келиним ва синглим ишлимиз»

🕔16:08, 29.11.2018 ✔41

Бир неча йилдан бери тадбиркор сифатида иш бошлашни режалаштириб юрган қизилтепалик Истат НОРҚУЛОВА ниҳоят банкдан кредит олиб тикув цехи ташкил этди. ​​​​​​​

Батафсил
Энди саҳрода тарвуз етиштирилади

Энди саҳрода тарвуз етиштирилади

🕔17:31, 22.11.2018 ✔83

«Агар ишонмасангиз, эрта баҳорда келинг ва ўз кўзларингиз билан кўринг».

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар