Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

Эртакларда ёлғон ёзиладими?

«Академнашр» нашриётида Муаззам Иброҳимованинг «Сумалакхўр самолёт» китоби нашр этилди.

Эртакларда ёлғон ёзиладими?

Болаларга қарата бирон сўз айтиш, болалар учун китоб ёзиш, болалар адабиётларини тайёрлаш бошқаларникига қараганда анча мураккаб иш. Болага берилган ҳар бир фикр уруғи эртага унинг шуурида катта дарахтга айланиб, мева беради. Унинг инсоният учун фойдали ёки зарарли бўлиши болага берилган ана шу маънавий озиқага чамбарчас боғлиқ.

Одатда, эртаклар асрлар давомида оғиздан-оғизга ўтиб келувчи халқ оғзаки ижоди намунаси саналар эди. Кейинчалик болалар учун эртаклар ёзиш аста-секин анъана тусига кира бошлади. Аввалига эртаклар, кейин эса болалар учун ҳикоя, қисса ва романлар ҳам ижод этила бошлади. Болалар адабиётининг ўқувчилари кўпчиликни ташкил этиши ҳеч кимга сир эмас. Ҳар бир инсон болалигидан эртак ўқиб, эшитиб катта бўлади.

Эртакларда ҳақиқат ёзиладими ёки ёлғонми? Улардаги воқеаларнинг ҳаётда юз берганига, ҳайратомуз қаҳрамонларнинг ҳаётга дуч келишига болани ишонтириш керакми-йўқми, деган муҳим савол ҳамиша кун тартибида туради. Агар эртакда ёлғон гаплар ҳикоя қилинадиган бўлса, у болага нима беради? Ахир, уни доим ёлғондан қайтариб келамиз-ку? Борди-ю, эртакда фақат ҳаётда учраши мумкин бўлган рост нарсалар ёзилса, у болаларни бу қадар ўзига жалб эта оладими? Табиийки, болалар эртаклардан жуда қаттиқ таъсирланишади. Эртак қаҳрамонларини ҳаётда кўришга интиқишади. Уларга ўхшашни орзу қилишади. Аслида эса ҳаётда бундай қаҳрамонлар йўқлигини, улар шунчаки тўқиб чиқарилган уйдирма гаплар эканини бир кун келиб билиб қолган бола ўзини аёвсиз алданган ва хўрланган ҳисобламасмикан?

«Сумалакхўр самолёт».

Китоб номининг ўзиёқ кишини қизиқтириб қўяди. Айниқса, болаларни. Ахир, самолётнинг сумалакхўр бўлишини тасаввур қилиш мумкинми? Лекин муаллиф бола тафаккурига янги ва кутилмаган тимсоллар билан кириб боради. Болага сумалак ҳақида атрофлича маълумот бериш ҳамда уни қизиқтириш учун янгидан-янги тимсоллар ўйлаб топади. Натижада сумалакни унча хушламайдиган болада ҳам бу тансиқ ҳамда фойдали таомга нисбатан ижобий кайфият пайдо бўлади. Аслида эркатой ва бироз инжиқ болакайларни овқатлантириш у қадар осонмаслигини оналар яхши билади. Уларни ўз вақтида ва етарлича овқатланишга ўргатиш, шу билан бирга, овқатлар ҳамда овқатланишнинг моҳиятини бола тилида содда ва равон тушунтириш учун бу каби ёндашув яхши самара бериши табиий.

Китобдан ўрин олган «Икки дўст»  эртаги орқали болажонлар нафақат мазмунли бир воқеа билан танишади, балки инсон танасининг аъзолари, уларнинг номлари, танадаги жойлашуви ҳамда вазифалари ҳақида ҳам қизиқарли ва муҳим маълумотларга эга бўлишади. Инсон тана аъзолари ва уларнинг вазифалари ҳақидаги маълумотларни эртак тарзида етказиш бола шуурига кўпроқ ўрнашади. Бундай маълумотни болалар анатомия дарсидан кўра кўпроқ қизиқиш билан ўқиб, эслаб қолишади.

«Доно боғбон» эртагида эса меҳр-оқибат нафақат инсонларни бир-бирига боғлаб турувчи куч, балки у оламдаги барча мавжудот учун энг зарур нарса экани алоҳида таъкидланади. Меҳрни ҳатто дов-дарахтлар ҳам ҳис қилиши тилга олинади.

«Ўз фарзандига тарбия бера олмаган, уни бемеҳр қилиб улғайтирган инсондан яхшилик чиқмайди».

Бу гаплар дарахтлар тилидан айтилган бўлса-да, юксак инсоний фазилатларни болалар қалбига жойлашда эртак воситасидан унумли фойдаланишнинг бир кўринишидир. Болаларга эртак ёки китоб ўқитишдан кўзланган мақсад ҳам уни инсон учун зарур сифатлар — фазилатлар билан хулқлантириш, одамийликка зид бўлган жабр-зулм, ноҳақлик, зўравонлик, худбинлик каби иллатлардан эҳтиёт қилишдир. Шу йўл билан болани бир умр чинакам инсон бўлиб яшашга ўргатишдир. Бунинг учун болаликда шунчаки эшитган ё ўқиган эртаклар қатига яширинган мазож, тимсол, рамз, ҳикмат ва хулосалардан асл мақсад нима экани аста-секин ойдинлаша боради. Бола тафаккурининг сарҳадлари эса кенгаяди. Бир кун келиб болалигида ўқиган эртаги ҳаётда унга нима бериши мумкинлигини мушоҳада қила бошлайди.

«Сумалакхўр самолёт» болани ана шу мақсадларга йўналтира олиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Болалар учун бирон бир сўз айтиш, уларга маънавий хазина улашиш ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Шу жиҳатдан китоб муаллифи Муаззам Иброҳимова — гарчи бошқа касб эгаси бўлса-да, бу ишга қунт ва ҳафсала билан ёндашгани эътиборга сазовор.

Боланинг бегонаси бўлмайди. Фарзандимиз учун ғамхўрлик қилиш эса ҳамиша муҳим ва долзарбдир.

 

Абдукарим АВАЗБЕКОВ 




Ўхшаш мақолалар

Эртакларда ёлғон ёзиладими?

Эртакларда ёлғон ёзиладими?

🕔17:43, 11.10.2018 ✔28

«Академнашр» нашриётида Муаззам Иброҳимованинг «Сумалакхўр самолёт» китоби нашр этилди.

Батафсил
Чашна

Чашна

🕔11:24, 04.10.2018 ✔41

«Камбағалнинг уйи куйса, куйсин, ҳўкизи йўқолмасин...»

Батафсил
Болалар китоблар ичида ўссин

Болалар китоблар ичида ўссин

🕔09:56, 27.09.2018 ✔63

25-26 сентябрь кунлари мамлакатимизда «Соғлом ва маънавий етук авлод — юрт келажаги» шиори остида «Болалар китоби» республика фестивали бўлиб ўтди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Эртакларда ёлғон ёзиладими?

    Эртакларда ёлғон ёзиладими?

    «Академнашр» нашриётида Муаззам Иброҳимованинг «Сумалакхўр самолёт» китоби нашр этилди.

    ✔ 28    🕔 17:43, 11.10.2018
  • Чашна

    Чашна

    «Камбағалнинг уйи куйса, куйсин, ҳўкизи йўқолмасин...»

    ✔ 41    🕔 11:24, 04.10.2018
  • Болалар китоблар ичида ўссин

    Болалар китоблар ичида ўссин

    25-26 сентябрь кунлари мамлакатимизда «Соғлом ва маънавий етук авлод — юрт келажаги» шиори остида «Болалар китоби» республика фестивали бўлиб ўтди.

    ✔ 63    🕔 09:56, 27.09.2018
  • Китоб ўқимаган она

    Китоб ўқимаган она

    Катта-ю кичикка ёд бўлиб кетган бу асарни билмаслик фожиа, қолаверса, уят эмасми?

    ✔ 81    🕔 11:41, 20.09.2018
  • Стимул нима, мукофот ёки жазо?

    Стимул нима, мукофот ёки жазо?

    Иш унумдорлигини оширишнинг супер инновацион усули.

    ✔ 97    🕔 11:20, 13.09.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар