Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Гулчеҳра Иброҳимбекова: «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

Саҳнага чиқиб, ўйнаётган роли — қаҳрамонига нисбатан томошабин қалбида меҳр ё нафрат уйғота олиш санъаткор истеъдодидан дарак беради.

Гулчеҳра Иброҳимбекова:  «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

Бунинг учун очиқ қалб кўзи билан муайян муддат ўша образга кириб яшаш зарур. Ўзининг маҳорати ва қобилияти билан шундай мураккаб вазифани бажариб келаётган инсонлардан бири  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси Гулчеҳра ИБРОҲИМБЕКОВАдир.

Санъаткор билан кечган дилкаш суҳбатимиз чоғида яққол сезилган бир жиҳатни айтиб ўтмасам бўлмас: узоқ йиллик тинимсиз меҳнат, катта ҳаётий ва ижодий тажриба, санъатнинг тафтидан чўғдай қизиган қайноқ қалбгина санъаткорни томошабин олдида азиз қилади. Суҳбатдошимизни чин маънода шунга эришган десак, хато эмас.

— Ижодкорда, аввало, ғайрат, шижоат бўлиши керак, — дейди актриса. — Санъат шундай соҳаки, ичига кирган сари янгиликларни кашф қилаверасиз. Тўхтаб қолдингизми, ўсиш ҳам, юксалиш ҳам бўлмайди. Шу боис иложи борича изланиш, ўрганиш, устозлар этагидан маҳкам тутиш зарур. Шунингдек, санъатда пок ва ҳаққоний бўлиш керак. Ўзи нотўғри йўлдан юриб, томошабинни яхши йўлга бошлаб бўлмайди ахир! 

— Гулчеҳра опа, ҳамма ҳам гулларнинг энг чиройлисини танлашни, туннинг осудасини, дўстнинг эса оқибатлисини истайди. Бироқ гулнинг тикани, туннинг ваҳимаси, дўстнинг эса кам-кўсти билан қабул қилишга келганда кўпчилик оқсаб қолади. Сиз қандай қилиб санъатнинг шуҳрати, машҳурлиги билан бор машаққату ташвиши, ғалвасини ҳам қабул қила олгансиз? 

— Мен санъатга жуда ёш кирганман. Университетни тамомлаганимдан сўнг қизим туғилди. Шу орада театрдан, бир келиб кетгин, деган хабар олдим. Уларга маъқул келдим чоғи, мени ишга олишди. Неча йилдирки, мен учун муқаддас шу даргоҳнинг аъзосиман. Бироқ шу пайтгача унинг икир-чикирини ёки бирор ёмонлигини кўрмадим. Ҳаётимни театрга бағишладим. Омадим бор экан, буюк, энг иқтидорли устозларга шогирд тушдим. Уларнинг барчаси менга катта мактаб вазифасини ўтади. Бу инсонлар билан ҳамнафас бўлганимдан фахрланаман. Ёш бўлишимга қарамасдан, жуда илиқ кутиб олишган.

Ижодга келсак, бу марду майдон. Театрда дублёр ҳам бўлади. Баъзан улар билан келишолмаган вақтларимиз ҳам бўлган. Ижод қозонида қайнаш дегани шундай бўлса керак. Мен театрни, ролларимни севиб яшайман. Қолгани эса — санъатга меҳрим олдида арзимас бўлиб туюлади. 

— Театр соҳасида сизни машҳур қилган ва ўзингиз мароқ билан ижро этадиган ролингиз қайси бири?

— Кўпчилик мени «Парвона» спектаклидан сўнг машҳур бўлган, дейди. Лекин унгача ҳам бир қанча бош ролларни ижро этганман.

«Парвона» эса мазмун-моҳияти барчага хуш ёққани учунми, ижодимда алоҳида ўрин эгаллагандир...

— Бир пайтлар Москвада бўлган танловда «Келинлар қўзғолони» спектаклидаги Нигора роли учун энг яхши актриса деб топилиб, мукофот билан тақдирланган экансиз-а?

— Ҳа, танловда энг яхши аёл номинациясига лойиқ топишди. Бу спектакль саҳна юзини кўриш учун жуда кўп машаққатга дучор бўлган. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев унинг намойиши учун бор маҳоратини ишга солган. Актёр ва актрисалар ҳам жуда яхши сараланганди. Нигора ролини биринчи мен ижро этганман. Ўша мукофот нафақат менга, балки режиссёр ва партнёрларимга, бутун ижодий жамоага тегишли, деб қабул қилганман.

— Актёр пластилин кабидир, режиссёр унга шакл беради, деган гап бор. Бу фикрга қандай қарайсиз?

— Дарвоқе... Баъзи режиссёрлар фақат ўз айтганини қилдиргиси келади, бошқачароқ ижро этишга қўймайди. Мен бунга қаршиман, албатта. Актёр ўзи ҳам образга кириб, қўшимчалар қилиши керак. Сценарийни қўлга олиб, уни қайта-қайта ўқиб чиқиш мобайнида, актёрда яхши ғоялар туғилиши мумкин. Ана шу ғояларига таяниб, эҳтимол, санъат оламида, ижрода янгилик қилиши, «очилмаган қўриқ»ларни очиши мумкин. Режиссёр бунга тўсқинлик қилиши нафақат актёрнинг иштиёқини сўндиради, балки асарнинг муваффақиятсиз чиқишига ҳам сабаб бўлиши мумкин, деб биламан. Актёр, агар образнинг калитини тўғри тополмаса, режиссёр қўлида қўғирчоққа айланади.

Афсуски, айрим режиссёрларимиз бугун актёрни қолипга солишга ўрганиб қолган.

— Қобилиятсиз киши дурустроқ устоз топиб, унга шогирд тушиб, актёр ёки актриса бўлиб етишиши мумкинми?

— Кечирасиз, Озодахон, ҳозир воқелик қандай бўляпти? Айнан шундай ҳолга келиб қолдик-ку! Битта устоз кўриб, ўзини санъаткор санаб юрганлар озмунчами? У кинода роль «ўйнайди», овозини бошқаси беради.

Санъаткор мактаб кўрмаса, ўзини ҳам, санъатни ҳам юксалтириш у ёқда турсин, қайтанга унинг пастлаб, қулашига сабабчи бўлиб қолади.

— Шунча эслашга ҳаракат қилиб, эслолмадим: сизни хусусий киностудия фильмларида бирор марта ҳам кўрмаган эканман. Ё ўйнаганмисиз?

— Менга тўқсон тўққиз фоиз ҳолатда хусусий киноларнинг жанри тўғри келмайди. Лекин бир режиссёрга сценарий бердим: «Умр шомидаги бахт» аслида спектакль бўлган. Лекин кино бўлса, жуда яхши чиқади, дегандим.

Ҳар доим ролга таклиф қилинаётган киносценарийни синчиклаб ўқийман. Партнёрларга жуда қаттиқ қарайман. Қўшиқчи, раққосалар билан ишлашни хоҳламайман. «Бегона баҳор» фильми-чи, дерсиз. Бироқ билингки, унда суратга тушишим осон кечгани йўқ. Сабаби, Анвар Собиров — қўшиқчи, Наргиза — раққоса. Фильм режиссёри сўзида маҳкам туриб олган. Нима десам, улар бажаришини ваъда қилгач, унадим. Бир саҳнада Анвар Наргизани судраши керак эди. Ўша ерда, аямасдан судрайсан, дедим. Иккиси ҳам айтганларимизни бажаришди...

— «Бегона баҳор»ни қайта-қайта кўрсангиз ҳам меъдага тегмайдиган фильм бўлган. Сизнингча, бу мувафаққият сабаби нимада?

— Фильмнинг омади — ҳамма ёшдаги томошабинга мослигида, деб ўйлайман. Тағин аксариятнинг оиласида, ҳеч қурса, танишида ёки қариндошида фильмда кўтарилгани каби оғриқли масала мавжуд. Қолаверса, бу савдо ўзимнинг ҳам бошимдан ўтган. Синглим эрта оламдан ўтди. Қизини ўзим тарбиялаб вояга етказдим. Ўқишга кирди. Шу орада бир йигит сира қўймай, уйдагиларини совчиликка жўнатаверди. Жуда қисқа вақт ичида тўй қилдик. Бироқ орадан қирқ кун ўтмасдан, ўз қизимдай ўстирган жигаримни у хонадондан қайтариб олиб келдим. Қудаларни сира ёмон, хунук демадим. Лекин қуда аёл... Хонадонидан чиқиб кетаётиб, «Сизни «Оталар сўзи»га олиб чиқаман. Одамларга ибрат бўлади, кўзи очилади», дегандим.

«Бегона баҳор» сценарийсини ўқиб, ўша воқеа кўз олдимда гавдаланди...

— Ёлғиз ўғлингиз бор. Бу ролингиздан кейин хонадонингизга келин тушириш ҳам қийин кечгандир? Совчиликка борганингизда ҳайиқиб, қизини бергиси келмаганлар ҳам чиққандир?

— Йўқ, ундай бўлмаган. Ўқиган қизни келин қилиш орзусида эдим. Бир маротаба совчиликка бордим: битди. Шу билан тўй бошладик. Лекин қудаларга ҳазиллашганим эсимда: «Менга қизингизни беришга чўчимаяпсизми, кинода бошқа, ҳаётда бошқаман».

Келиннинг қандай кийиниши, ишлайдими-йўқми, рўзғорни қандай эплайди — қизиқаман, бироқ бу мен учун энг муҳим нарса эмас. Эшикдан келган меҳмонни очиқ чеҳра билан кулиб кутиб, борини олдига қўйиб, ҳурматини қилса, невараларимга яхши тарбия берса — бўлди.

Шу шартимни бажарса, бошимда кўтариб юраман, деганман.

— Барибир ўша кинодан кейин одамларнинг сиз ҳақингиздаги фикри салбийроқ бўлиб қолганини ўзим бир неча маротаба кузатганман. Мухлисларингизни йўқотишдан қўрқмаганмисиз?

— Асло! Санъатни тушунган мухлис бундай бўлмайди.

Бир куни турмуш ўртоғим билан дам олишга бордик. У ерда хурсанд кутиб олишиб, кейин Қирғизистонга меҳмонга чақиришди. Шукр, у ерда ҳам меҳнатимизни қадрлайдиганлар кўп экан. Бир дақиқа тиндиришмади. Соатлаб суратга тушдик. Жуда чарчаган эканманми, бироз кўзим илинганди, бир аёл бақириб келяпти. Оббо, яна нима бўлди, дедим. Ҳалиги аёл важоҳат билан келиб мени қучоқлаб, ўпиб кетди. «Раҳмат, сизга! Кимдир ҳаммага сабоқ бериши керак эди», дейди қурмағур. Ишонасизми, ана ўшанда барча машаққатим унут бўлди. Биттагина ролим билан кимнидир тўғри йўлга йўналтира олдимми, демак, ўз олдимга қўйган мақсадимга етдим.

— Гулчеҳра опа, жамиятимиз энг муҳим масалалар муҳокамасида сиз каби таниқли кишилар гапига кўпроқ қулоқ солади. Мана, бугунгача тўй-маърака, дабдабабозликлар ҳақида қанча гап-сўз, муҳокамалар бўляпти. Бироқ шунга қарамасдан, ўз билганидан қолмайдиганлар камаймаяпти. Бундай чоғларда сиз жим тура оласизми?

— Бу борада менинг қатъий позициям бор: одамларнинг «деди-деди»си, бўлажак бир-икки ғийбатнамо гап-сўзи учун дабдабага берилиш ақлга тўғри келмайди. Биз ўзимиз ҳам ихчам, келишилган ҳолда тўй қилганмиз. Қудамизга ҳаммасини очиқ ва дангал айтганмиз. Улар ҳам рози бўлган. Иккала тараф шундай келишиб, увол ва исрофдан қўрққан ҳолда иш тутса, барчаси рисоладагидек бўлади.

Энг муҳим иш тўйда эмас, тўйдан кейин бошланади. Афсуски, кўпчилик буни англаб етиши учун қоқилишини кутади. Фарзандининг бахтли бўлишини истаган ота-она одамларнинг майда гапига эмас, балки келажак, ундаги бахтли-саодатли кунларни таъминлайдиган амалларга кўпроқ эътибор қаратса, дабдабабозликлар ҳам камаярди. Уруш-жанжалу ажрашишлар бўлмасди. Болалар тирик етим қолмасди.

— Санъаткор қавмида энг чатоқ нарса — вақт. Бироқ истеъдод ҳам, иқтидор ҳам билимга, зиёга ташна бўлади. Бунга эса мутолаасиз эришиб бўлмайди…

— Тўғри, ҳозир кўпчилик китоб ўқишга вақт тополмаяпти. Шу учун аудио китоблар чиқиб кетди. Аммо севимли адиб Худойберди Тўхтабоев таъбири билан айтганда, «Аудио китоблар чайнаб берилган овқат». Устоз ёзувчининг гапларига тўла қўшиламан: чайналган овқатнинг мазаси ҳам йўқолади. Китобни варақлаб, варақларини ҳис қилиб ўқигандаги завққа ҳеч нарса тенг келолмайди.

 

Озода ВАЛИЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Гулчеҳра Иброҳимбекова:  «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

Гулчеҳра Иброҳимбекова: «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

🕔16:57, 18.10.2018 ✔113

Саҳнага чиқиб, ўйнаётган роли — қаҳрамонига нисбатан томошабин қалбида меҳр ё нафрат уйғота олиш санъаткор истеъдодидан дарак беради.

Батафсил
Маънавият — мавҳум тушунча эмас

Маънавият — мавҳум тушунча эмас

🕔11:51, 30.08.2018 ✔214

Одам бўлиш ва одамдек яшашнинг оддий қоидаларини тушуниш шунчалик мураккабми ёки ўзимиз мураккаблаштиряпмизми?..

Батафсил
«Қўрқоқлик – буюк куч!»

«Қўрқоқлик – буюк куч!»

🕔11:37, 09.08.2018 ✔236

Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Гулчеҳра Иброҳимбекова:  «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

    Гулчеҳра Иброҳимбекова: «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

    Саҳнага чиқиб, ўйнаётган роли — қаҳрамонига нисбатан томошабин қалбида меҳр ё нафрат уйғота олиш санъаткор истеъдодидан дарак беради.

    ✔ 113    🕔 16:57, 18.10.2018
  • Маънавият — мавҳум тушунча эмас

    Маънавият — мавҳум тушунча эмас

    Одам бўлиш ва одамдек яшашнинг оддий қоидаларини тушуниш шунчалик мураккабми ёки ўзимиз мураккаблаштиряпмизми?..

    ✔ 214    🕔 11:51, 30.08.2018
  • «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

    ✔ 236    🕔 11:37, 09.08.2018
  • Нутқнинг кўринмас қудрати

    Нутқнинг кўринмас қудрати

    Моҳир сўз устаси Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ таҳририятимиз меҳмони бўлди. У билан нутқ ва нотиқлик борасида суҳбатлашдик.

    ✔ 259    🕔 12:04, 02.08.2018
  • «Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

    «Актёр таниқли эмас, севимли бўлиши керак»

    Cамимий, оддий ва камтар актриса Наргиза АБДУЛЛАЕВА — омади чопган санъаткорлардан. «Чархпалак», «Бегона баҳор», «Жийда гули», «Ўткинчи бахт» сингари фильмлардаги роллари орқали халқимиз кўнглига чуқур кириб борган актриса ҳаётда ҳам инсоний фазилатлари билан ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эканини кўпчилик яхши билади. Икки оғиз суҳбатини олган киши борки, ундаги самимиятга маҳлиё бўлади-қолади...

    ✔ 303    🕔 10:37, 12.07.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар