Халқ виждони      Бош саҳифа

Аслида кимлар кўмакка муҳтож?

Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди, энг муҳими, у инсонлар қалбида қувонч уйғотсин.

Аслида кимлар кўмакка муҳтож?

Бувам маҳалланинг энг фаол кишиларидан бири эди. Доим одамларнинг оғирини енгил қилиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишда атрофдагиларга намуна бўлишга, шу иши билан қолганларни ҳам яхшилик сари ундашга ҳаракат қиларди. Маҳалладошлар ҳам бу инсоннинг самимийлиги ва кўнгли очиқлигиданми, каттароқ иш бошлашдан аввал, албатта, маслаҳатини оларди. Айниқса, ўзига тўқ, рўзғорини бутлаб, фарзандларини уй-жойли қилиб, топганидан бошқаларга ҳам насиба илиниш истагидагиларнинг кўпчилиги йўл-йўриқ сўраб келганига бир неча бор гувоҳ бўлганман. Шундай вақтларда бувам ҳақиқатан ёрдамга муҳтож оилаларни тўғри кўрсатиб бера оларди.

Мана шундай хайрли амаллар ортидан кўпчиликнинг қорни тўйди, усти бут бўлди ва ҳаттоки, тураржойларини бутлаб олишди. Шу каби хайрли ва савобли ишга қўл урганларни кўрганда ичимизда ўзимизга ҳам нотаниш бир туйғу бош кўтаргандек, қалбимизнинг бир четини қитиқлагандек бўлади. Бизнинг ҳам кимларгадир яхшилик қилгимиз, бошқаларга ёрдам қўлини чўзгимиз келиб қолади. Шундай эмасми?

Бир куни ишга келсам, бир ҳамкасбим ёнимга маслаҳат сўраб кирди. Унинг айтишича, турмуш ўртоғи катта бир ишга қўл уришни ният қилибди. Бошлаган амалининг омадли ва яхши келиши учун бирор муҳтож кишига моддий ёрдам кўрсатмоқчи экан. Аммо аслида кимга кўмак бериш кераклигини билолмабди.

Бугун орамизда мана шундай саховатли инсонлар кўп. Фақатгина баъзида уларга тўғри йўл кўрсатадиган инсонларнинг топилмаслигидан иккиланиб қолади, холос. Аслида шундай вақтларда кўпни кўрган нуронийлар ёки маҳалла мутасаддиларининг кўмаги тенгсиз аҳамиятга эга. Бир инсоннинг кўнглини кўтариш, юзига табассум югуришига сабабчи бўлиш бахтининг гашти ўзгача. Агар гапнинг муддаосига ўтадиган бўлсак, бизнинг мақсадимиз маҳалланинг фаоллари саховатпеша ва ёрдам истаётганлар ўртасида бир воситачи бўла олсин. Ўзининг бирор муаммосига ечим излаб маҳалла идорасининг эшигини қоқиб келган киши қуруқ кетмасин.

Тўғри, ҳозир бу ишлар юртимизнинг айрим ҳудудларида жуда чиройли тарзда йўлга қўйилган. Уларнинг амалга ошираётган кўмакларини ҳатто кўпчиликка ўрнак қилиб кўрсатса, арзийди.

— Маҳалла азалдан юртимизда тарбия ўчоғи, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган миллий-умуминсоний қадриятлар маскани сифатида эътироф этиб келинади, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Учтепа туман кенгашининг диний-маърифий масалалар бўйича бош мутахассиси Дилфуза ЭГАМОВА. — Одамлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабар олиш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш каби эл-юртимизга хос урф-одат ва анъаналар, меҳр-оқибат кўрсатиш хислат ва фазилатлари ҳам, авваламбор, маҳалла муҳитида шаклланади.

Меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, беғараз ёрдам, мурувват ва ғамхўрлик кўрсатиш каби эзгу фазилатларни янада юксалтириш мақсадида Учтепа тумани маҳаллаларида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган инсонлар, ногиронлар, ёлғиз кексаларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш ишларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Туман маҳаллалар кенгаши ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари томонидан маъқулланган ва қўллаб-қувватланган ушбу лойиҳани амалда жорий этиш мақсадида Тошкент шаҳар маҳалла кенгаши ходимларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилиб, ҳашарларга маҳаллаларда яшовчи кўнгилли фуқаролар, тадбиркорлар ва ёшлар жалб этилди.

Жумладан, «Хуросон» маҳалласи, 12-мавзе, 1-уй, 73-хонадонда яшовчи юз ёшли Клара Давидованинг хонадонида ҳашар йўли билан таъмирлаш ишлари бошланди.

«Найман» маҳалласи, 22-мавзе, 7-уй, 74-хонадонда яшовчи меҳрибонлик уйида тарбияланган битирувчиси 1989 йилда туғилган Турғун Мусаевнинг бир хонали уйи маҳалла аҳли томонидан ҳашар йўли билан тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Ошхона жиҳозлари ва ётоқ мебели  билан таъминланди.

«Бешқайрағоч» маҳалласи, 7-тор Қурувчи кўчаси 20-уйда истиқомат қилувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож Омонжон Аминжоновнинг хонадонида ҳам ҳашар ўтказиш режалаштирилди. Ака-укалар ҳовлини учга бўлиб олганидан сўнг, Омонжонга ҳовлининг 2,5 сотих ери ва бир хонаси ажратилган эди. Мазкур бир хонада у турмуш ўртоғи ва вояга етмаган қизи билан яшаб келмоқда. Ушбу хона ошхона, емакхона ва ётоқхона вазифасини бажаради. Маҳалладошлар томонидан ҳовлида алоҳида ошхона қуриб, мавжуд хонани иккига бўлиш режалаштирилди. Ундан ташқари ҳовлида юриш  йўлакларини ташкил қилиш, деворларини суваб бериш ҳам кўзда тутилган.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Кишини хурсанд қиладигани эса, орамизда яхши инсонларнинг кўплиги. Аслида ҳам ҳақиқий одамийлик бошқаларга ёрдам қўлини чўзиш, имкон қадар бошқаларнинг ҳам оғирини енгил қилиш демакдир. Шундай экан, бу каби ҳаракатлар юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг кўламда амалга оширилишидан фақат кўнглимиз шод бўлади.

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Аслида кимлар кўмакка муҳтож?

Аслида кимлар кўмакка муҳтож?

🕔16:58, 18.10.2018 ✔101

Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди, энг муҳими, у инсонлар қалбида қувонч уйғотсин.

Батафсил
Меҳнатсиз бойлик кўнгилни куйдиради...

Меҳнатсиз бойлик кўнгилни куйдиради...

🕔16:57, 18.10.2018 ✔84

Ҳар бир луқмамиз қайси йўл билан топилаётгани биз учун жуда муҳим бўлмоғи зарур.

Батафсил
Чевар қизнинг ғайрати

Чевар қизнинг ғайрати

🕔11:48, 28.06.2018 ✔259

У ишсиз юрган кўплаб қизларнинг бандлигини таъминлашни ният қилган.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар