Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«ТИЛИ ОМОН БЎЛСА, ЎЛМАЙДИ МИЛЛАТ»

Тилимизнинг эртанги тақдири нима бўлади?

Унинг таназзули ҳақидаги гаплар қанчалик асосли?

«ТИЛИ ОМОН БЎЛСА, ЎЛМАЙДИ МИЛЛАТ»

Севимли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов бир пайтлар дунёдаги ҳамма тиллар йўқолиб, ўрнига биттагина тил қолиши ҳақидаги фикрни ўз шеърида ифодалаган эди. Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, жаҳоннинг барча алломалари бунга қарши сўз айтажагини, ҳаммаси бир овоздан «Она тилим ўлмайди!» дея нидо қилажагини ҳам қаламга олган эди.

Бугун она тилимизнинг истиқболи, келажакдаги тақдири ҳақидаги фикр-мулоҳазалар яна бўй кўрсата бошлади. Сабаби, хавотирга ўрин бор.

Она тилимизнинг бугунги аҳволи қандайлиги ҳаммамизга яхши маълум. Лекин унинг эртанги куни ҳақида асосли фикрлар айтиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Шу маънода, тил илмининг билимдонлари, тилшунос олимлар ҳамда соҳа мутахассисларининг бу борадаги илмий фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдик.

Она тилимизни келажакда нималар кутмоқда? Тил билан боғлиқ қайси жиҳатлар эътиборимиздан четда қоляпти? Она тилимизнинг яна асрлар оша яшаб қолиши учун нималарга аҳамият бермоқ керак?

Тилшунос олимларимиз шу каби саволларга ўз қарашлари ва нуқтаи назарини билдиришди.

«Катта» ва «кичик» тиллар муаммоси

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ, филология фанлари доктори, профессор:

— Ҳар бир тилнинг яшаб қолиши учун унинг сўзлашувчилари сони юз мингдан кам бўлмаслиги ёки мутахассислар жон куйдиришлари зарур бўлади. Мана сизга бир мисол: дунё яҳудийларининг саъй-ҳаракатлари билан «ўлган» иврит тили қайта жонлантирилди — мулоқот воситаси тусини олди. Бунда жонкуяр мутахассислар ва фидойи тил соҳиблари катта роль ўйнади.

Бизнинг тилимизга ҳам, аввало, жонкуяр мутахассисларнинг эътибори жуда зарур. Акс ҳолда, тилимизга мисли кўрилмаган даражада талафот етади.  

Тил ўзи нега ўлади? Чунки одамлар ундан фойдаланмай қўйишади, кенг қўлланишдаги ва «обрўли» тилларга устуворлик берилиши натижасида болалар бу тилда таълим олмайди.

Тиллар ҳам одамларга ўхшайди, ёнма-ён яшашади, бир-бирига таъсир қилади, ўзгаради — ривожланади. Аммо тараққиёт тезлашиши натижасида ­дунёнинг ягона ахборот маконига айланиб бориши тиллар тақдирига ҳам бевосита дахлдор. Масалан, ўтган минг йилликда дунё тилларининг беш юзтаси ўлик тилга айланган бўлса, охирги юз йилликда эса мингта тил тарих қаърига сингиб кетди.

Тиллараро нотенглик — «кичик» тиллар яшовчанлигига салбий таъсир қилувчи асосий омил. Қайсидир тил муҳимроқ, обрўлироқ, қулайроқ бўлиб, унга муайян бир жамият ёки дунё миқёсида кўпроқ эътибор қаратилади. Табиийки, одамлар ўзи ва фарзандлари учун ижтимоий устуворлик берадиган тилни танлашади. Масалан, бизнинг шароитда рус тилига, инглиз тилига берилаётган эътибор — бунинг бир кўриниши. Одатда, мактаб ва олий ўқув юртларида ўқитилаётган бу «катта» тиллар мансаб пиллапояларидан юксалишнинг муваффақиятли гарови. Натижада «кичик» тиллар  аҳамиятсиз ёки умуман кераксиз бўлиб қолади. Кўптиллилик қадрланмайди, балки «бош» тилни билиш ҳар томонлама рағбатлантирилади. Бу тилни билувчи мутахассисларга устама маошлар берилади, имтиёзлар тақдим этилади.

Албатта, айрим тилларда кам одам гаплашади, бу тил эгаларининг мамлакатдаги «катта» тилни билиши ёки унда мулоқот қилиш зарурати бўлмайди. Бундай тилларнинг мавжудлиги ҳам барқарор бўлиши мумкин. Лекин «катта» тил қамрови, таъсири ошиши билан кишилар қайси тил «фойдалироқ» эканига қараб, тилларни танлай бошлашади.

Дастлаб болаларнинг таълими тўхтаган тил хавфга рўпара бўлади.  Агар тилнинг энг ёш сўзлашувчиси олтмиш ёшли ёки ундан катта бўлса, бундай тилнинг яшаб қолиш имконияти йўқолади. Буни қўшни тилнинг тўла ғалабаси дейиш мумкин.

Тилнинг хавфсизлиги алифбо-имло, кўп сонли сўзлашувчиларга эгалик, давлат тили мақоми ва ахборот-коммуникациялари соҳалари, интернет тили экани омиллари билан таъминланади. Булар тиллар яшовчанлиги учун яхлит мезондир. Албатта, бизнинг ўзбек тилимизнинг ҳам ўз алифбо ва имлосига, давлат тили мақомига эгалиги, ўттиз миллиондан ортиқ сўзлашувчиси борлиги кишини хушнуд қилади. Бироқ аччиқ бўлса-да, таъкидлаш керакки, унинг ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тили даражасига кўтарилмаётгани ва айниқса, бу борада ҳеч қандай на назарий, на амалий ва на ташкилий ишлар олиб борилаётгани унинг ҳам мазкур хавфдан буткул холи эмаслигини кўрсатади.             

Ифтихор ва масъулият

—  Дунёдаги икки юзта тил бугунда давлат тили мақомига эришган, — дейди Марҳамат тумани 3-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ­Севара ­АҲМАДЖОНОВА. — Шулар орасида ўзбек тили ҳам борлиги ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиб, тилимиз софлигини сақлашда зиммамизга масъулиятлар ҳам юклайди. Ёш авлодни ана шу руҳда тарбиялаш эса ота-оналар, педагоглар, қолаверса, кенг жамоатчиликнинг вазифаси, бурчи ҳисобланади.

Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам тилнинг софлигига путур етади. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу сабабли ўзбек тилининг ҳудудимизда давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақидаги қонуни уч принципга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Шу маънода, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилида сўзлай олиш ва уни ҳурмат қилишга мажбур.

Тил — миллатимиз фахри, ғурури. Айни чоғда орзу-умидларимиз, истиқлолимиз унда бўй кўрсатадиган, қалбимиз ойнаси ҳамдир. Шундай экан, она тилимизга доимо ҳурмат ва эътиборда бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаёт, унинг истиқболи нурли ва чароғондир.

Ўзбекчадан ор қиладими?

— Метро, кўчалардаги реклама, эълон, бекатлар ва автобусларда кўплаб имловий хатоларнинг учраши дилни хира қилади, — дейди тилшунос олим, филология фанлари доктори Бахтиёр ­АБДУШУКУРОВ. — «Xo’jalik mollari», «istemolshilar», «Farxod ko’chasi», «Xurmatli xaridorlar», «KOK-SAROY», «Kuhinur» каби. Бу ҳам етмагандек, қаҳвахона, тўйхона, дўконлар, турли фирмалар ва масъулияти чекланган жамиятлар, гарчи, хорижий маблағлар ёрдамида ишламаса-да, чет тилида номлашга уларни нима мажбур қилмоқда? Масалан: «Sulion» restaurant, Firdavs garden, «Lu-lu» kafe, Arbat, Lazy East, Barocco, «Jumanji», «Cherry», «Bellezza shop», «Bistro kafe», Аты-Баты… Ҳатто, турли маҳсулотлар, товарлар, жиҳозлар, уй-жойлар, қурилиш материаллари олди-сотдиси, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари эълонларининг ажнабий тилда берилишини тушуниш қийин. Бу она тилимизга ва давлат тилига оид қонун ижросига зиддир. Мазкур қонуннинг 20-моддасида «Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин», деб қайд этилган.

Бу ҳолат, яъни кўр-кўрона қабул қилишнинг ёмон оқибатларини ўз вақтида англаган Фитрат шундай ёзади: «Дунё саҳнасида «иярув-тақлид»нинг рўлини ҳеч бир миллат биз турклар каби адо эта олмағанлардир! Биз қайси бир миллатнинг қайси бир нарсасига тақлид этмоқчи бўлсак, ўзимизнинг миллий руҳимизга қарамасдан тақлид этамиз. Араблар қайси бир улусдан қайси бир сўзни олғанда ўз шеваларига кўра бузиб олғанлар. Бир арабни ўлдирсангиз (ҳам) «Петроғрад-Петросбурғ» демайдир. «Битрожрад-Битрасбурж» дейдир. «Франсик» демайдир  «афранж» дейдир. Шундай қилиб ўз тилининг истиқболини сақлаған бўладир».    

Телебошловчиларнинг шевага хос сўзларни ишлатиши, улар нутқидаги услубий ғализликлар, кўрсатувларда ўзбекча-русча аралаштириб сўзлашиш, айрим ҳолларда ўзбекча гапиришни ҳам ор билиш, хусусий телеканаллардаги кўрсатувларнинг хорижий тилда номланиши она тилига ҳурматсизлик, беписандликдан бошқа нарса эмас. Исбот тарзида баъзиларини келтириш мумкин: «Бу сўзлардан сўнг умр мазмуни ҳақидаги ўйлар хаёлиздан ўтади»; «Бу мослама бошланғич синф ўқувчиларига оғирлик келтирмайди»; «Яхши актёр бўламан деб ҳаракат қилсанг, автоматик равишда юлдуз бўласан»; «Сиз билан бирга бўламиз»...

Бундай камчиликларни бартараф этиш, ҳар бир соҳа учун тегишли терминологик аппарат яратиш, атамалар унификациясини ўтказиш сингари вазифаларни бажариш учун бунга масъул бўлган ҳамда барча соҳаларга ўз ишланмаларини жорий этиш учун етарлича ваколатга эга махсус тузилма — Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Терминшунослик ва давлат тилида иш юритиш муаммоларини ўрганиш бўйича махсус комиссия» тузиш вақти етган, назаримда. 

Тилимизнинг озиқ  манбалари

Муяссар САПАРНИЁЗОВА, филология фанлари номзоди, доцент:

— ЮНЕСКОнинг ҳисоб-китобларига қараганда, дунёда етти минг тил борлиги қайд этилган. Шу ташкилотнинг яна бир маълумотида айтиладики, ҳозир ҳар йилда, ҳар ойда ўлиб кетаётган тиллар мавжуд. Бу жараён жуда тезлик билан юз беряпти. Сир эмаски, глобаллашув шароитида дунё якрангга кириб боряпти. Мана шу якранглик шароитида ўзининг рангини сақлаб қолиш ҳам қийин масала. Бунинг олдини оладиган битта омил шуки, миллат тил орқали ўзини сақлаб қола билади. Бизнинг тилимиз ҳам худди шундай хавфлардан йироқ эмас. Бу бизнинг нечанчидир авлодимиз пайтига келиб шундай бўлиши мумкин, деган хавф ҳар доим ҳаммамизнинг қалбимизда жаранглаб турибди.

Биз жуда қадим халқмиз, қадимий ва бой тилимиз бор. Тилимизнинг бой озиқа манбаи — халқ оғзаки ижодимиз бор. Ёнимизда туркий халқлар, туркий тилларимиз бор. Мана, ҳозирги шароитда дўстлик ришталарининг боғланиши ҳамда туркий тилда гаплашувчи миллатлар, давлатларнинг яқинлашуви натижасида тилимизнинг яна бир озиқ манбаи кучая бошлади. Шевалар, халқ оғзаки ижоди билан бир қаторда, туркий тиллар ҳам тилимизнинг яна бир озиқ манбаига айланиб боряпти. Шу нуқтаи назардан, иншаоллоҳ, она тилимиз ўлмайди, деб айта оламиз.

Аслида тил қачон ўлади? Тилнинг ворислари бўлган авлод ўз она тилига ҳурматни сақламас экан, тилни келажак авлодларига етказиб бериш масъулияти зиммасида турганини ҳис қилмас экан, ўз она тилида ўқиш, таълим олиш ва суҳбатлашишни миллий ғурур деб англамас экан, бундай ҳолатда она тилининг ўлиш хавфи туғилади. Бунинг олдини олиш учун ёш авлодга она тилига ҳурмат, бадиий асарларни севиб мутолаа қилиш, халқ оғзаки ижодини билиш, ўзининг ўзагини билиш каби ҳис-туйғуларни ҳамиша сингдириб боришимиз керак. Шундагина биз тилимизнинг келажагини сақлаб қоламиз.        

«Она тилим ўлмайди!»

Ҳар бир соҳа муайян қонуний асосга эга бўлиб, унинг ижросига  оғишмай ва бир хилда амал қилиниши ўрнатилган тартибда изчил назорат қилинганида тўлақонли ривож топади. Шундагина халқ қонунчиликдан ҳам, унинг ҳаётга татбиқ қилинишидан ҳам манфаат топади. Акс ҳолда, шунчаки билдирилган фикрлар билан бирон натижага эришиш амримаҳол. Юқорида тилшунос олимлар таъкидлаганидек, она тилимизнинг эртанги тақдири ва такомили, қолаверса, глобал хатарларга бардошлилигини таъминлаш учун она тилимиз ҳақидаги қонун ижроси давлат миқёсида қайта кўриб чиқилиши зарур.

Шунингдек, она тилимизга ҳурмат кўрсатиш, унга ҳамиша эътиборли бўлиш, тил қоидаларининг беписандлик билан бузилишига йўл қўймаслик, ёш авлодни ўз она тилига юксак эҳтиром руҳида тарбиялаш ҳар биримизнинг виждоний бурчимиздир. Шуларга батамом эриша олсак, она тилимиз ҳар қандай хавфу хатардан омон чиқади, деб айта оламиз.  

 

Алишер НАВОИЙ

«Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз.

Сўзда ҳар қандай яхшиликнинг имкони бор, шунинг учун айтадиларки; «нафаснинг жони бор…».

Тил ширин ва ёқимли бўлса яхши; тил билан дил  бир бўлса, яна яхши.

Тил билан дил – инсондаги энг яхши аъзолардир... Тил – шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир. Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса — тилнинг офатидир…»

 

Асқад МУХТОР

«Тилимиз жаҳонда энг бой, энг ранг-баранг, энг нафис, гўзал тиллардан бири.

Афсуски, унинг илмий нормативлари ҳалигача етарли ишлаб чиқилмаган. Афсуски, баъзан уни қадрламаймиз, ҳурматини жойига келтирмаймиз, унга таъзим бажо этмаймиз. Афсуски, баъзан уни ўзимиз бузамиз, ўзимиз қўпол жароҳатлаймиз. Буни биз баъзан билиб, баъзан билмай қиламиз. Биримиз мода туфайли, биримиз шунчаки, олифталик учун бузамиз; биримиз оригинал бўлиб кўриниш учун, гоҳ фикрий камбағаллигимизни яшириш учун, биримиз тўппа-тўғри маданий савиямиз етишмаганидан ёки масъулиятсизлигимиздан бузамиз...»

 

Пиримқул ҚОДИРОВ

«Дунё тарихига назар ташласангиз, қайси мамлакатда миллий тил давлат тилига айланган бўлса ва шу тилда ҳаққоний тарихий асарлар яратилса, ўша жойда тараққиёт тезлашиб борганини кўрасиз. Ўтган асрларда Англия тараққиётини тезлаштирган энг муҳим омиллар орасида инглиз адабий тилининг давлат тилига айлангани ва бу тилда Шекспир, Вальтер Скотт каби ёзувчилар ёрқин тарихий асарлар ёзиб, ўз халқини дунёга танитгани алоҳида аҳамият касб этади».

«Тилнинг бутун қудрати — унинг халқ дилида ва меҳнат жараёнида яратилиб, бойиб бориши билан боғлиқдир».

Ғуломжон БОБОЖОНОВ,

«Оила даврасида» мухбири    




Ўхшаш мақолалар

Бу офатдан қачон қутуламиз?

Бу офатдан қачон қутуламиз?

🕔13:33, 16.11.2018 ✔15

«Мен бу қурғурни аллақачон ташлаб юборар эдим-ку, одамгарчиликдан чиқиб қоламан-да...»

Батафсил
Мультфильм — овунчоқми?

Мультфильм — овунчоқми?

🕔13:31, 16.11.2018 ✔16

Ҳаётни кичкинтойларга қандай кўзгу орқали кўрсатяпмиз!

Батафсил
Ойликка яшайдиган одам

Ойликка яшайдиган одам

🕔16:44, 08.11.2018 ✔57

Тўй қилиш учун борини йиғади, пул топади. Орзу-ҳавас учун фарзандига тўй қилади. Энг қизиғи, тўйга пулни қариндош-уруғ ва танишларидан қарз олиб тўплайди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Бу офатдан қачон қутуламиз?

    Бу офатдан қачон қутуламиз?

    «Мен бу қурғурни аллақачон ташлаб юборар эдим-ку, одамгарчиликдан чиқиб қоламан-да...»

    ✔ 15    🕔 13:33, 16.11.2018
  • Мультфильм — овунчоқми?

    Мультфильм — овунчоқми?

    Ҳаётни кичкинтойларга қандай кўзгу орқали кўрсатяпмиз!

    ✔ 16    🕔 13:31, 16.11.2018
  • Ойликка яшайдиган одам

    Ойликка яшайдиган одам

    Тўй қилиш учун борини йиғади, пул топади. Орзу-ҳавас учун фарзандига тўй қилади. Энг қизиғи, тўйга пулни қариндош-уруғ ва танишларидан қарз олиб тўплайди.

    ✔ 57    🕔 16:44, 08.11.2018
  • «Ҳоким келибди...»

    «Ҳоким келибди...»

    Уйимизга узоқ қариндошимиз меҳмон бўлиб келди. Уч-тўрт кун туриб, ўғлини институтга жойлаб, қишлоққа қайтиб кетди. Аммо институтда ташкилий ишлар туфайли боласи учун бозор-ўчар қилиб, шу ҳафта охирида яна қайтиб келди.

    ✔ 56    🕔 16:43, 08.11.2018
  • Ирода

    Ирода

    Бундан анча йил аввал дадам қийналиб қолган бир одамга: «Қўлингдан келса, косиблик қил», — дея маслаҳат берганларида у бу ишдан ор қилгани ёдимда.

    ✔ 43    🕔 16:43, 08.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар