Жиноят ва жазо      Бош саҳифа

Яна «Боровский», яна пичоқбозлик!..

Ўқувчиларга суд қандай жазо берди? Ёшлар жиноятчилигига йўл очиб бераётган омиллар нима?

Яна «Боровский», яна пичоқбозлик!..

«Қилган ишимдан пушаймонман. Илтимос, мени кечиринглар. Бошқа бундай қилмасликка ваъда бераман…»

Эндигина ўн саккиз ёшни қаршилаган бу йигит йўл қўйган хатосини суд қаршисига келгандагина англаб етди. Унинг тажовузкорлиги ва бешафқатлиги оқибатида ўзидан ўн ёш катта бир инсоннинг қўллари ишламай қолди. 

2018 йилнинг 30 июль куни пойтахтимизда жойлашган Экопарк ҳудудида сайр қилиб юрган бир нечта ёш жамоат жойида ўзини тутиш қоидаларига амал қилмай, атрофдагиларга беписандларча муносабатда бўлган. 2001 йилда туғилган Азим Воҳидов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ёнидан ўтиб кетаётган бир кишини елкаси билан туртиб юборади. Унинг бу ҳаракатини маданиятсизлик дея баҳолаб, тушунтириб қўйиш истагида 1990 йилда туғилган Шоҳруҳ Абдуназаров Азимни ёнига чақиради. Уларнинг тортишиб турганини кўрган Азимнинг таниши 2000 йилда туғилган Дониёр Сафаров келиб, ўртоғининг ёнини ола бошлайди. Арзимас нарсадан бошланган можаро катта жанжалга айланиб кетади. Шунда Дониёр таниши Азимнинг чўнтагидаги пичоқни сўрай бошлайди. Қўлига тутқазилган совуқ ашё билан Шоҳруҳни уч еридан яралайди. Хайриятки, ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам сабаб бир инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинди. Аммо бу мудҳиш ишга қўл урган ёшларнинг яна бундай қилмаслигига ким кафил бўла олади?!

Ушбу жиноий иш устидан кўрилган сайёр суд мажлиси Дониёр Сафаров таҳсил оладиган Боровский номли тиббиёт коллежида бўлиб ўтди. Судланувчилар ўз жиноий ҳаракатларига иқрор бўлишди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ёдингизда бўлса, аввал ҳам айни шу тиббиёт коллежи ўқувчилари содир этган жиноят катта шов-шувга сабаб бўлган. Ёшларнинг даҳанаки жанги бир инсоннинг бевақт оламдан кўз юмишига олиб келганди. Бу ҳолатнинг яна такрорланишини қандай изоҳлаш мумкин?

— Ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларни муҳокама этиш мақсадида ушбу ўқув муассасасида сайёр суд мажлисини ўтказдик, — дейди  Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди раиси Ёқутхон ҲАЙДАРОВА. — Улар жамиятда юриш-туриш қоидаларини қўпол бузган ҳолда истироҳат боғида жиноят содир қилишади. Яъни, Шоҳрух Абдуназаров исмли шахсга нисбатан безорилик ҳаракатлари билан оғир тан жароҳати етказишган. Шунингдек, судланувчиларнинг бири вояга етмаган шахс бўлгани учун асосий судланувчига вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилиш туридаги модда билан ҳам айб эълон қилинган.

Келажакда шундай жиноятларнинг олдини олиш, бундай ҳаракатларни содир қилиш мумкин эмаслиги ҳақида ҳамда уларнинг ҳуқуқий онгини, маданиятини ошириш мақсадида ушбу сайёр суд мажлисини ўқув муассасаси ўқувчилари иштирокида кўриб чиқдик.

Хўш, ота-оналарнинг фарзандига эътибори қандай бўлган? Ҳақиқатан шу ҳолат аниқландики, судланувчиларнинг ота-оналари томонидан уларга етарли эътибор берилмаган. Оилада ҳам муҳит носоғлом бўлган. Ана шулар оқибатида шу жиноят содир бўлган. Бу суд мажлисимизда ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маҳалла фаоллари ҳам иштирок этди. Вояга етмаган судланувчига жамоат тарбиячиси белгиланди.

Инсон бирор салбий хатти-ҳаракатга ўз-ўзидан қўл урмайди. Бунинг учун ўзига хос сабаблар бисёр. Айниқса, катта ҳаётга энди қадам қўйган ёшларнинг қалбидаги бу ғазабнинг боиси нима? Шу саволга жавоб ахтариб, судланувчи Дониёр Сафаровнинг ҳаракатларини кузатдик. Унинг кўзлари тубига қадар чўккан лоқайдлик, ҳар нарсага беписандларча қараш шундоқ сезилиб турарди. Ҳаттоки, суд ҳукми ўқилганда ҳам нима бўлаётганини тўлиқ англамай, атрофдагилардан «нима, энди мени қамашадими?», деб сўраётгани ҳали ҳам қилган ишининг нақадар мудҳиш эканини англаб етмаганини кўрсатиб турарди. Унинг оилавий шарт-шароити билан қизиқиб кўрганимизда, ота-онасининг алоҳида-алоҳида яшашини билдик. Бундай шароитда фарзанд аро йўлда руҳий изтироб чеккан. Қалбидан оғир ўкинишни ҳис қилган. Табиийки, яқинларининг меҳрига қонмаган. Ўзининг тўла-тўкис ҳаёт кечирмаслиги важидан қалбида аламзадалик, атрофдагиларга ҳурматсизлик туйғулари ниш урган. Гувоҳларнинг айтишича, Дониёр тез-тез турли ресторан ва кафеларда тенгқурлари билан учрашиб турар экан. Бундан хулоса чиқариш мумкинки, у моддий жиҳатдан анча эркин, қаерга, қанча пул сарфлаганини ҳеч ким назорат қилмайди. Қисқасини айтганда, айни ўтиш даврида бу ўсмир ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Қайси вақтда нима иш билан бандлигига ҳеч ким қизиқмаган.

Унга сўз берилганда юқорида келтирганимиз каби афсус ва пушаймонлигини айтди. Агар пушаймонлик чин кўнгилдан айтилган бўлса, яхшику-я, аммо жазони енгиллаштириш учун ишлатиб, хатони ич-ичидан ҳис қилмаган бўлса, бу ёмон. Бу гапларни айтишимизнинг боиси жабрланувчи ва судланувчи орасидаги муносабатлар ҳали тўлиқ изга тушиб кетмаган. Демак, Дониёр Сафаров билан иш шу ерда якунига етмади. Суд ҳукми билан тўрт йилу олти ой муддатга берилган озодликдан чеклаш (кеч соат 21:00 дан эрталаб 7:00 қадар уйда бўлиш) жазосини ўташ мобайнида у ўз қилмиши борасида чуқурроқ мулоҳаза юритиб, бу йўлга бошқа қадам босмаслигига умид қилиб қолишдан ўзга чора йўқ.

Яна бир судланувчи Азим Воҳидов ҳам коллеж ўқувчиси. Уни жиноий ишнинг асосий сабабчиси деса ҳам бўлади. Жамоатчилик орасида ўзини тўғри тутиб юрмагани етмагандек, ҳеч қандай сабабсиз ёнида пичоқ ҳам олиб юрган. Ўртада келиб чиққан келишмовчиликнинг жиддий тус олаётгани ва танишининг қўл узатиб, пичоқ сўрагани ҳамон чўнтагидаги совуқ ашёни унга узатган.

— Қилган ишимдан жуда афсусдаман, — дейди Азим ­ВОҲИДОВ. — Аслида ўша пичоқчани бозордан бу мақсадда харид қилмаган эдим. Уни ёнимда ҳам олиб юрмасдим. Ўша куни кийган кийимимнинг чўнтагида экан. Ҳаммаси шунчалик тез ва бир зумда содир бўлганидан ўзим ҳам довдираб қолдим. Шу ишга сабабчи бўлиб қолганим айбим эканини тан оламан. Келажакда катта орзуларим бор. Коллежни тамомлаб, ҳуқуқшунос бўлиш ниятида эдим. Билмадим, энди менда бундай имконият бўладими ёки йўқ...

Яқиндагина бағрига босиб, барча хавф-хатарлардан фарзандини асраб юрган она эса ўғлининг бу аламли сўзларидан чуқур қайғуда. Вояга етмаган боласининг қалбидаги изтиробдан юз баробар кучлироқ алам билан ич-этини кемираётгани шундоққина кўриниб турарди. Бу аёлга ҳамдардлик билдириб, бироз суҳбатлашмоқчи бўлганимизда, бир оғиз сўз айтишга мажоли келмади.

— Қизим фарзандлари тарбиясида жуда қаттиққўл эди, — дейди Азимнинг бувиси. — Доим қаерда, ким билан эканини назорат қилиб турарди. Бу воқеаларнинг қандай юз берганини ҳам билолмай қолдик. Шунинг учун ҳам болаларни бир он бўлсин бекор қўймаслик керак экан. Қанча бандлигини таъминлаб, меҳнатга ўргатсак, шунча фойда экан. Набирам ҳам ҳар йил таътил вақтларида тоғасининг ёнида мавсумий ишлар билан банд бўларди. Шу сафар эътиборсиз қолдирганимиз панд берди.

Яқинларининг айтишича, Азимнинг отаси бу ишлардан бутунлай бехабар. Бундай вазиятда шу қарор тўғримикан? Фарзанд тарбиясида асосий жавобгар шахс бўлган отанинг судланаётган ўғли қилмишларидан хабардор эмаслиги бефарқлик ва лоқайдликнинг чўққиси эмасми? Қолаверса, онанинг бундай вазиятга ёлғиз ечим топа олиши анча мушкул. Вояга етмагани ҳисобга олиниб, икки йил муддатга озодликдан чеклаш жазосини олган Азим Воҳидовга жамоат тарбиячиси ҳам бириктирилди.

Кузатувларимиз давомида Азим ва Дониёрнинг икки, бир-биридан олис масофада жойлашган коллежларда таҳсил олишига қарамай, қандай танишиб қолганига қизиқиб, буни уларнинг яқинларидан сўрадик. Аммо саволлар жавобсиз қолди. Фарзандини эътибордан четда қолдирмаганини, доимий назоратда эканини бир неча бор такрорлаган судланувчиларнинг яқинлари наҳотки, уларнинг ким билан қандай таниш эканини билишмаса?

Ҳа, бундай ҳолатларда саволлар, кишини ўйлантирадиган мулоҳазаларнинг адоғи йўқ. Шундай вақтда масала маҳалла, ўқув муассасаси, ёшлар иттифоқининг бир четда кузатувчи бўлиб турганига ҳам келиб тақалади. Саволимизга тиббиёт коллежининг мутасадди ходимлари ҳам жавоб беришни исташмади. Ким бўлмасин, ўз айбига иқрор бўлиб, йўл қўйган камчилигини бартараф этишга киришмас экан, ўзгариш бўлиши қийин. Ёшлар бундай оғир ҳолатга тушиб қолмаслиги, уларнинг атрофидаги тенгқурлари ҳам жиноятнинг оғир тўрига илиниб қолмаслиги учун оила, таълим муассасаси, ёшлар иттифоқи, маҳалла чинакамига ҳамкорлик ўрнатсагина бирор ижобий натижага эришиш мумкин. 

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

«Оила даврасида» мухбири     




Ўхшаш мақолалар

Яна «Боровский», яна пичоқбозлик!..

Яна «Боровский», яна пичоқбозлик!..

🕔18:51, 01.11.2018 ✔55

Ўқувчиларга суд қандай жазо берди? Ёшлар жиноятчилигига йўл очиб бераётган омиллар нима?

Батафсил
Бешик йиғлаган оқшом

Бешик йиғлаган оқшом

🕔17:39, 11.10.2018 ✔105

Она қорнига сиққан, тор бешикка сиққан, аммо кенг дунёга сиғмаган бадбахт болалар!

Батафсил
Еттинчи пушаймон

Еттинчи пушаймон

🕔17:38, 11.10.2018 ✔88

Яна у суднинг қора курсисида ўтирибди. Демак, илгари содир этган жиноятларидан тўғри хулоса  чиқармаган...

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар