Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЗАҲАРГА АЙЛАНАЁТГАН ТАОМЛАР

Овқатдан заҳарланиш нега кўпаймоқда? Бунга ким айбдор? Уларни текширишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқми?

ЗАҲАРГА АЙЛАНАЁТГАН ТАОМЛАР

Бозорлик қилиб юргандим, бирдан  телефоним жиринглаб қолди. Уйдагилар экан. Тушлик тайёрлашга улгурмаган аёлим сомса ёки «перашка» олиб келишимни илтимос қилди. Кўнглим тортмаса-да, бозор атрофидаги «будка»дан иккита гумма, тўртта «перашка» сотиб олдим. Уйга келяпман-у, миямдан «Ишқилиб, «перашка» ва гумма ишончлимикан?», деган хаёл кетмаяпти…

Кейинги пайтларда мамлакатимизнинг турли жойларида овқатдан заҳарланиб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган ёхуд вафот этган инсонлар ҳақида кўп эшитяпмиз. Мисол учун, Наманган вилоятининг Чуст туманида кабобдан заҳарланиб, икки киши ҳаёт билан видолашгани, яна 6 киши туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига тушгани, Самарқанд шаҳри Сартепа массивида 17 нафар фуқаро «хот-дог»дан, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 433-сонли мактабгача таълим муассасасида ўнлаб бола овқатдан заҳарланиб, юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилгани, Қарши шаҳри ва Зангиота туманида эса тўй дастурхонига тортилган салатдан ўнлаб киши заҳарлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хўш, нима учун овқатдан заҳарланиб, жабр чекаётганлар кўпаймоқда? Бунга ким айбдор? Арзон ва сифатсиз таомни дуч келган емакхона (бозор, бекат, метро атрофидаги)дан олиб, қорин тўқлаб кетаётганларми ёки яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, бир сўмни икки сўмга айлантириш илинжида тартиб-интизом, санитария-гигиена қоидаларини назар-писанд қилмаётган айрим «учар»лар, масъулиятсиз  тадбиркорларми? Эҳтимол, туман санитария-эпидемиология назорати бўлими ходимларининг ҳам айби бордир?

Мазкур масалани жиддийроқ ўрганиш мақсадида пойтахтимизнинг айрим аҳоли гавжум масканларида бўлдик. Ушбу жойларда ташкил этилган кичик овқатланиш шохобчаларининг санитария-гигиена талабларига қай даражада жавоб бериши билан қизиқдик.

«Прокуратурага  арз қиламан!»

Гавжум жойлардаги йўл-йўлакай овқатланиш нуқталарида асосан гумма, «перашка», «хот-дог», кабоб каби тезпишар таомлар тайёрлаб сотилади. Қизиғи, бундай жойлардан хўранданинг қадами узилмайди. Сабаби аниқ: нисбатан арзон... Сифат эса қорни очни ҳам, ҳамёни юпқа одамни ҳам қизиқтирмайди.

Аслида белгиланган меъёрларга кўра, ҳар қандай овқатланиш шохобчаси биринчи галда тоза-озода бўлиши керак. Қўл ва идиш-товоқ ювадиган жой, микробларни зарарсизлантирувчи махсус эритма бадастир этилмоғи лозим. Сотувчи ва ошпазлар махсус уст-бошда ишлаши, улар ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Бундан ташқари, ҳар бир тамаддихонада салат ва гўшт маҳсулотларини, масаллиқларни сақлаш учун алоҳида музлаткич бўлиши жоиз.

Талаблар-ку зўр, амалда-чи?

Хуллас, биринчи манзилимиз Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ деҳқон бозори атрофида бўлди. Бозорнинг Тошкент вилоятига қатнайдиган автобус бекатида янги очилган овқатланиш «будка»сидан тановул қилган киши бўлиб, сотувчини гапга солдик. Унинг айтишича, фақат бозор маъмуриятига солиқ тўлайди, холос. Фаолиятини бошлаганидан буён, ҳеч ким уни безовта қилмаган. Ҳатто, туман санитария-эпидемиология назорати ходимларининг ҳам иши йўқ. Фақат белгиланган солиқларни ўз вақтида тўласа, кифоя. Афсуски, мазкур «будка» санитария-гигиена талабларига умуман жавоб бермаслигини билиш учун олий тоифали санитар-врач бўлиш шарт эмас: идиш-товоқни ювиш учун ишлатиладиган махсус восита у ёқда турсин, ҳатто, қўл ва идиш чайишга шароитнинг йўқлиги ҳаммасини маълум қилиб турибди. Идиш-товоқ қирқ литрли иккита бочкада келтирилган сувда номига чайиб олиняпти. Махсус кийимсиз, қорайиб кетган (ҳойнаҳой 2-3 кундан буён ишлатилаётган) ёғда «перашка» ва гумма пишираётган ошпаз ва сотувчидан тиббий кўрикдан охирги марта қачон ўтганини сўраш ҳам бефойдалигини англадик. Шундоғам бизнинг бу ерда кўп ўралашганимиздан ниманидир англаган сотувчи: «СЭСданмисизлар? Илгари сизларни бу ерда кўрмаганман. Борди-ю, текширув ўтказмоқчи бўлсанглар, прокуратуранинг «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилиб, фаолиятимизга тўсқинлик қиляпти, деб арз қиламан», деди.

Ноилож у ердан узоқлашдик.

Йўл-йўлакай Қўйлиқ бозори атрофидаги бошқа кичик тамаддихоналарни ҳам кўздан кечирдик. Таажжубки, уларнинг ҳаммасида аҳвол деярли бир хил. Аксариятида сотувчилар қўлқопсиз, ёғ босган қўли билан микроб уяси — пул санаб, сўнг мижозларга «перашка» ва гумма улашмоқда. Бошқаси эса, тўзғиган сочи билан масаллиқ тайёрламоқда. Ёғ сачрайвериб, яғири чиқиб кетган кийимда гумма пуллаяпти. Чала-ярим ювилган ликопчалар тинмай сомсага тўлиб-бўшайди... Хўранда дегани буларга парво ҳам қилмай қўйган: кўзи ўрганиб кетган...

Хўш, бозор мутасаддилари қаерга қарамоқда? Уларнинг вазифаси фақат солиғу ўлпон ундиришдан иборатми?

Келишув бўлса бас

Навбатдаги манзилимиз  пойтахтнинг Сергели тумани.

Илгари Сергели ярмаркаси, деб аталадиган жойда бир қатор ошхоналар бор.  Шулардан бирига кирдик (Янги Сергели кўчаси). Аслида уни ошхона дейиш нотўғри. Мазкур жойда «перашка», гумма, кабоб сотиларкан. Кабоби бошқа жойларга нисбатан анча арзон экан. Хуллас, 2 тадан қийма кабоб айтдик-да, ошпазларни кузата бошладик.

Атроф ивирсиб кетган. Усти ланг очиқ идиш-товоқларни, тўғралган пиёзни, нонни пашшалар талаб ётибди. Кабоб тайёрлаётган йигит бир қўлда қиймани сихга жойлаяпти, иккинчисида пул санаяпти...

Биздан битта олдинги столда ўтирган эр-хотин тўрт сих кабоб буюрган эканми, келтиришгач, энди тановулни бошлади ҳамки, тўсатдан эр ниманидир пайқаб қолди. Ошпазни чақириб, кабоби ҳидланиб қолганини айтиб, олиб кетишни буюрди ва аёлини койиганча чиқиб кетди. Шу вақтда бошқа столда ўтирган тўрт киши буюртмасини сўраб қолди. Табиийки, бояги эр-хотин ҳидланиб қолган, деб емаган қийма кабоблар шуларга насиб қилди. Хуллас, сих ҳам, кабоб ҳам куймади. Биз эса, баҳона қилиб, секингина жўнаб қолдик.

Қипчоқ кўчаси ва Янги Сергели кўчаси туташган чорраҳа ёнидаги гуммахонада кўрганларимизга эса, тўхталишнинг ҳожати йўқ, деб ўйладик. Қўйлиқ бозоридаги аҳволдан деярли фарқ қилмайди. Фақат бу ердаги ошпазларнинг устида махсус кийим бор экан, холос.

Мирзо Улуғбек тумани, «Буюк ипак йўли»  метро бекати атрофидамиз.

Бу ерда ҳам талайгина йўл-йўлакай емакхона, «будка»лар бор. Тўғри, бошқа жойларга нисбатан бу ерда сал тартиб-интизом борлиги сезилади. Лекин…

Юқори Чирчиқ ҳамда Бектемир туманларига кетиладиган бекатга бир-икки ой олдин «будка» ўрнатилди. У ерда «перашка», гумма, сомса сотилмоқда. Сотувчидан гўёки биз ҳам шундай савдони йўлга қўйишни режалаштирганимизни, бунинг учун кимга учрашиш кераклигини сўраб, аврадик. «Ака, — деди у сўлиш олиб, — қаловини топсангиз қор ҳам ёнади. Шу жойга масъулларга солиғини тўлаяпмиз, холос. Сиз айтаётгандек, бу ер санитария-гигиена талабларига жавоб бермас, лекин гавжум жой. Тирикчилик, бир-икки сўм ишламасак бўлмас. Сиз ҳам шундай жойларда емакхона очмоқчи бўлсангиз, албатта, ўзингиз мўлжаллаган ҳудуднинг «каттакон»лари билан ҳисоблашсангиз, кифоя. Мойка-пойка, уст-бош, идиш ювадиган махсус восита деб ўтирмайсиз. Ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Буни ўша жойнинг катталари ҳал қилади».

Ўрганиш асносида Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Паркент туманларидаги гавжум жойлардаги йўл-йўлакай овқатланиш шохобчаларини ҳам кўздан кечирдик. Афсуски, у ерлардаги ҳолат пойтахтдагидан ўн чандон аянчли. Шу боис, улар хусусида алоҳида тўхталиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб билдик.

Кўзи «кўр», қулоғи «кар»

Бозорлару емакхоналарни айланиб, овқатланиш нуқталари фаолиятини кузатгач, кўп саволлар туғилди.

Тўғри, тозалик-озодалик, санитария-гигиена талаблари бузилишининг олдини олиш билан ўша ҳудуднинг мутасаддилари шуғулланмаслиги мумкин. Аммо Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, унинг ҳар бир вилоят ва тумандаги бошқарма ва бўлимлари фаолият юритяпти-ку! Улар қаерга қараяпти? Нега санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган ошхона ва «будка»лар жиддий назоратга олинмайди?

— Кимдир овқатдан заҳарланса, ҳамма дарров санитария-эпидемиология назорати ходимларини айблайди, — дейди Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази Овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Қамриддин БОҚИЕВ. — Лекин масаланинг бошқа муҳим жиҳати ҳам борки, ундан кўз юмиш сира иложсиз. Мавжуд қонун-қоидаларга биноан, Адлия вазирлигининг тегишли қарорларига кўра, ходимларимизнинг ошхона ва кичик овқатланиш шохобчаларида ҳам текширув ўтказиш ҳуқуқи йўқ.

Аслида миллий таомлар сотиш билан шуғулланиш учун Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан бериладиган сертификат талаб қилинмайди. Фақат давлат солиқларини ўз вақтида тўлаб, санитария-гигиена талаблари асосида фаолият юритилса, кифоя. Лекин...

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев аҳолини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг турмуш даражасини ошириш мақсадида тадбиркорликка кенг йўл очиб берди. Ҳатто, мамлакатимизда ишбилармонликни муҳофазалаш, ишсизликни камайтириш йўлида тадбиркорлар ҳар қандай текширувдан икки йилга озод қилинди.

Бу яхши, албатта. Ҳарқалай, халқимизнинг фаровон яшагани, юртимизда тадбиркорлар кўпайгани ҳаммамизга бирдек фойда келтиради. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бўлганидек, айрим «тадбиркор»ларнинг юқоридаги аҳволда ишлаши, одамлар соғлиғидек бебаҳо неъматга беписандларча қараши яратиб берилган шароитга хиёнат эмасми?

Президентимизнинг «Керак бўлса, иккита одамни иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимга кўтараман», деган гапини айрим «учар»лар пеш қилиб олиб, «давринг келди, ўйнаб қол» қабилида масъулиятсизларча иш кўраётгани қимматга тушяпти. Бунинг оқибатида юқорида айтилганидек овқатдан заҳарланиш ҳолатлари юз бермоқда.

Ҳа, бугун ҳукуматимиз аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида кўплаб имтиёзлар яратяпти. Бу имкониятлардан тўғри фойдаланиб, қўшимча иш ўринлари яратиб, ўз турмушини ва бошқалар рўзғорини фаровон қилаётганлар кўп. Лекин мўмай даромад топиш илинжида ҳеч кимни писанд қилмай, ўз билганича иш тутаётганлар ҳам афсуски, йўқ эмас.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Саллани олиб кел деса, каллани ҳам қўшиб олиб борадиган айрим мутасаддилар бу каби муаммоларни бартараф этишнинг энг осон йўли — бундай овқатланиш шохобчаларини буткул ёпиб ташлаб, ишсизлар сонини янада кўпайтирмасдан, аксинча, уларга амалий ёрдам кўрсатиши, белгиланган тартиб-қоидалар асосида фаолият олиб бориши учун замин ҳозирлаши керак. Бу энг тўғри ва адолатли йўл назаримизда.

...Бундан бир неча ой илгари ижтимоий тармоқларда «айланган» эшак гўштидан сомса тайёрлаб сотган кимсаларнинг жирканч қилмишидан кўпчилигимизнинг қаҳримиз келди. Тадбиркорлик ниқоби остида ҳар қандай разил ишга тайёр, мақсади фақат пул топиш бўлган, пулга қўшиб, виждонини ҳам сотаётган бундай кимсаларга инсоф сўрашдан бошқа иложимиз йўқ. Лекин яратилган имкониятлардан нопок мақсадларда фойдаланаётган кимсаларга бефарқ қараб тураверар эканмиз, «биз тадбиркорларга ҳамма нарса мумкин, ҳар қандай текширувлардан озодмиз», деб иш кўрувчилар топилаверади. Бунинг назорати эса ўзимизнинг, яъни жамоатчиликнинг қўлида.

…Ҳа, дарвоқе, бозордаги «будка»дан сотиб олган гумма ва «перашка»ни болаларимга бермасдан ўзим паққос туширдим. Ҳар ҳолда, бирон заҳмат етса, менга бўлсин-да. Буни қарангки, хаёлимдан ўтгани рўй берди. Ярим тунда тез ёрдам чақиришга мажбур бўлдик...

 

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Бир ногирон инсон нафақаси атрофидаги «ўйин»лар

Бир ногирон инсон нафақаси атрофидаги «ўйин»лар

🕔13:43, 16.11.2018 ✔20

Масъуллар жим, мутасаддилар «бехабар» ва… қуруқ ваъдалар

Батафсил
ЗАҲАРГА АЙЛАНАЁТГАН ТАОМЛАР

ЗАҲАРГА АЙЛАНАЁТГАН ТАОМЛАР

🕔16:42, 08.11.2018 ✔66

Овқатдан заҳарланиш нега кўпаймоқда? Бунга ким айбдор? Уларни текширишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқми?

Батафсил
Одатий тадбир ёки  азалий муаммо

Одатий тадбир ёки азалий муаммо

🕔16:41, 08.11.2018 ✔50

Совуққина қоронғи хона, 2-3 та эски компьютер, бир четда тахи бузилмаган газеталар, стол устида чойнак ва чойдан сарғайган пиёла...

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Бир ногирон инсон нафақаси атрофидаги «ўйин»лар

    Бир ногирон инсон нафақаси атрофидаги «ўйин»лар

    Масъуллар жим, мутасаддилар «бехабар» ва… қуруқ ваъдалар

    ✔ 20    🕔 13:43, 16.11.2018
  • ЗАҲАРГА АЙЛАНАЁТГАН ТАОМЛАР

    ЗАҲАРГА АЙЛАНАЁТГАН ТАОМЛАР

    Овқатдан заҳарланиш нега кўпаймоқда? Бунга ким айбдор? Уларни текширишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқми?

    ✔ 66    🕔 16:42, 08.11.2018
  • Одатий тадбир ёки  азалий муаммо

    Одатий тадбир ёки азалий муаммо

    Совуққина қоронғи хона, 2-3 та эски компьютер, бир четда тахи бузилмаган газеталар, стол устида чойнак ва чойдан сарғайган пиёла...

    ✔ 50    🕔 16:41, 08.11.2018
  • Оилада бирйўла 4 йўқотиш...  Вазирлик нима дейди? 

    Оилада бирйўла 4 йўқотиш... Вазирлик нима дейди? 

    Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Дилхуш кўчаси 37-уйда яшайдиган фуқаро А.Акбаров хонадонида 2018 йил 31 октябрь куни қайд этилган гуруҳли овқатдан заҳарланишда гумон ҳолати бўйича Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика бош давлат санитария шифокори С.Саидалиев расмий  ахборот берди:

    ✔ 91    🕔 19:02, 01.11.2018
  • Диққат, sms:  «Пиёда, қоидани буздингиз»

    Диққат, sms: «Пиёда, қоидани буздингиз»

    Пойтахтимиздаги «Алишер Навоий» ва «Амир Темур» кўчаларини боғлайдиган чорраҳада турибман. Соатга қарадим-да, пиёдаларни кузата бошладим. Мақсадпиёдалар йўлакчасидан ўтиш пайтида қанча фуқаро қоидабузарликни содир этишини кузатиш. Вақт кетди...

    ✔ 80    🕔 19:01, 01.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар