Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

Эрни боғлаб боқиш керак...ми?

Оиласини, фарзандларини ўйлаб, тоғни кемириб яшаётган бир аёл тақдири. Аммо ҳаммаси барбод бўлишга жуда яқин.

Эрни боғлаб боқиш керак...ми?

— Поликлиникада ҳам шунча қолиб кетасанми? Бу ёқда бозор нима бўлди? Сени деб шунча мева увол кетадими энди?!! — дея зарда қилди эр.

— Дадаси, тушунинг, одам кўп экан. Навбатим келгунча кутиб қолдим... — дея лабини тишлади аёл.

— Нега қўнғироқ қилсам, кўтармайсан унда?! Нимага кўтариб юрибсан бу матоҳни! — дея баттар ўшқирди эр.

— Эшитмай қолибман, шовқин эди...

Моҳиранинг (исми ўзгартирилди) шунча ялиниши ҳам эрининг важоҳатини енголмади. Қўлидаги телефонини синдириб ташлагани етмаганидек, ҳомиладор аёлини кўчага ҳайдади. Айби мактабдаги дарсларини тугатиб, сўнг шифокорга кўриниш учун поликлиникага борганию бу ёқда ҳар кунлик иши — бозорда мева сотишга улгурмагани. Аслида шифокорга бормасди ҳам. Кеча туни билан бели оғриб, ухлолмай чиққани учун мажбур бўлди. Вужудида етилиб келаётган болага бирор зарар етмасин дея хавотир олганди.

Воқеага гувоҳ бўлган қўшнилар Моҳиранинг совуқ кунда кўчада қолиб кетишидан хавотир олиб, ўзлари яшайдиган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинига хабар беришди. Маҳалланинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси келиб, Моҳирани маҳалла идорасига олиб борди. Сўнг эрини ҳам чақиришди.

— Ахир, хотинингиз ҳомиладор, кўрмаяпсизми? — дейишди нобакор эрга.

— Аралашманг сиз, ўзимиз ҳал қиламиз, — дея терс, узил-кесил гап қилди эр.

Маҳалла фуқаролар йиғинига, мана, нечанчи марта чақирилаётган, шунча насиҳатни эшитса ҳам қулоғига илмайдиган бу дангаса эркакнинг гапи маҳалла раисининг ғашига тегди:

— Ўзингиз ҳал қилсангиз, бутун «дом»ни бошингизга кўтармай, қўни-қўшнининг тинчини бузмай ҳал қилинг унда! — деди асабийлашиб. — Бир эмас, икки эсини таниган болангиз бор. Уларга қандай тарбия беряпсизлар?! Мана, хотинингиз яна кўзи ёрир экан. Ҳеч бўлмаса, ҳомиланинг соғлиғини ўйласангиз бўлмайдими?

Бир бурчакда қимтиниб, йиғлаб ўтирган Моҳира эрининг кўзларига ёлворгандек боқди. Ишқилиб, уйга қайтса, жанжалнинг каттаси юз бермаса бўлгани...

* * *

Яхши қиз маҳалладан ортмайди деганларидек, Моҳирага келган совчиларнинг қатнови остонани тўзитиб юборди. Бегона тугул, ҳатто қариндошлар ҳам уни қўлдан чиқармаслик илинжида остона супуришди. Айниқса, онасининг аммаси эшик тагига жой тўшаб ётиб олди, ҳисоб.

— Биттаю битта ўғлим бор, биласан, — деди амма онасига. — Қизингни берсанг, егани олдида бўлади. Топганим — шуларники. Ўғлим университетни битирса, пойтахтдан уй олиб бераман.

Она соддалигига бордими ёки аммасининг ваъдаларига учдими, ишқилиб, эрининг гапига қулоқ солгиси келмади.

— Ахир, амманг ажрашган хотин бўлса. Шундай оилага қуда бўламизми?

— Аммам эри ёмон бўлгани учун ажрашган. Унинг айби йўқ.

Хуллас, Моҳира гулдек келин бўлди. Ургут туманидаги мактаблардан бирида дарс бера бошлади. Эри пойтахтдаги олий ўқув юртида таҳсил олади. Икки ҳафтада бир уйга келади. Буни кўриб, қайнонасининг жаҳли чиқди:

— Пулни кўчадан топяпманми? Нега бунча серқатнов бўлиб қолдинг?

Эридан ажрашгач, ёлғиз ўғлига боғланиб қолган она уни келинидан қизғанарди. Оналик рашки шу даражага бордики, ҳатто уйдаги ягона телефонни ёстиғининг тагига қўйиб ухлашни одат қилди. Моҳира қайнонасининг қилиқларига чидашга куч топди. Биринчи фарзанди туғилганда ҳомиладорлик таътилига чиқиб, уйда ўтирди. Ўша йили эри ҳам ўқишини тамомлади. Пойтахтдан ижарага уй топиб, хотини ва онасини олиб келди.

Бир хонали уйда бутун оила яшай бошлашди. Моҳира учун турмуш синовлари ҳали энди бошланаётган экан. Енгил ҳаётга ўрганган, меҳнатда тобланиш у ёқда турсин, битта гапини эплаб гапиролмайдиган тантиқ ўғил ўқишни тугатса-да, тузукроқ ишнинг бошини тутолмади. Ноилож пенсияга чиққан онаси билан бирга деҳқонлардан мева олиб, бозор дарвозаси олдида сота бошлади.

Аммо барибир бўйни ишга ёр бермади. Эндигина уч ойлик бўлган чақалоғини Моҳиранинг онасига ташлаб, хотинини ҳам бозорга чиқишга мажбурлади. Умрида савдо-сотиқ қилмаган аёл учун бу осон кечмади. Вақт ўтиб эса, қайнонаси, эри уни лапашангдан олиб, дангасага солиб, тили бурро, мақтанчоқ бозорчи хотинга айлантиришди.

Қаҳратон қишнинг аёзли кунларидан бирида оғир хасталикдан сўнг қайнонаси қазо қилди. Бозор иши эса Моҳиранинг ўзига қолиб кетди. Эр эса кун бўйи уйда, бекорчихўжа. Бу орада иккинчи фарзанди ҳам туғилди. Бошга тушса, кўз кўради. Моҳира чақалоғини тўрт яшар ўғлига ташлаб, устидан қулф осиб, бозорга югуришга мажбур бўлган кунлар сочидан кўп бўлди...

* * *

... Шу зайлда яшаётганига ҳам ўн йилча бўлибди. Орттиргани таъмирланиб, уй шаклига келтирилган собиқ ётоқхона хонадонларидан битта хонани сотиб олгани бўлди, холос.

Шу кунгача эри нима ҳунарлар кўрсатмади, дейсиз. Уйда ўтириб ҳам бир иш қилмагани етмаганидек, хотинининг меҳнатини озгина қадрлашни ҳам билмади. Ҳатто кун сайин ўсаётган болалари ҳам унинг кўзини оча олмади.

Ҳозир Моҳира учинчи фарзандига ҳомиладор. Куннинг биринчи ярмида мактабда ишласа, кечки пайт бозорга чиқади. Дам олиш кунлари бозордан бери келмайди. Шунча азоб-уқубат устига болаларига ғамхўрлик қилишга, рўзғорига қарашга, эрининг инжиқликларини кўтаришга ҳам ўзида куч топади.

Тўғри, эрининг хурмача қилиқларига чидай олмай неча бор ажрашмоқчи бўлди. Лекин онасининг сабрга чорлаши сабаб, норасидаларининг кўзларидаги мунгдан қўрқиб, оиласини ўйлаб, ҳаммасига бардош бериб келяпти.

Моҳирадаги сабрни, шунча йиллик машаққатлардан сўнг ҳам йўқолмаган меҳрни кўриб, ҳайратимиз ошди. Бир аёлнинг матонати бўлса, шунчалик бўлар. Оиласини сақлаб қолиш, болаларини тирик етим қилмаслик учун ҳаммасига кўниб яшаяпти.

Эр эса ҳамон уйда... Хотинининг қўлига қараб... яшайди.

Тўғриси, бу оиланинг аҳволини қандай таҳлил қилишни билмадик. Сиз нима деб ўйлайсиз, азиз муштарий? Оиланинг бундан кейинги ҳаёти қандай кечаркин? Моҳиранинг сабри, эрининг боқимандалиги қаергача борар экан? Бундай оиладан эртага қандай болалар етишиб чиқади?

Шу ҳақда бизга ёзиб юборинг.

 

Хонзода АВАЗОВА




Ўхшаш мақолалар

«Келинг, бирга яшайлик, дадажон!»

«Келинг, бирга яшайлик, дадажон!»

🕔17:33, 13.12.2018 ✔13

Аёли ва боласини кўчага ҳайдаб, ёшига уйланган бу эркак тутган йўл қанчалик тўғри?!

Батафсил
Қизни ким тарбиялаши керак?

Қизни ким тарбиялаши керак?

🕔17:44, 06.12.2018 ✔33

Қайнота- қайнонанинг кўнглини озгина меҳр, бирозгина эътибор билан ҳам тоғдек кўтариш мумкин.

Батафсил
Сабаб ва сабоқ  

Сабаб ва сабоқ  

🕔17:44, 06.12.2018 ✔33

Ноиланинг янги хонадонга келин бўлиб тушганига бир ойдан ошди. Шу вақт ичида у келин деган номга муносиб бўлиш учун тинмай ҳаракат қилди. ​​​​​​​

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Келинг, бирга яшайлик, дадажон!»

    «Келинг, бирга яшайлик, дадажон!»

    Аёли ва боласини кўчага ҳайдаб, ёшига уйланган бу эркак тутган йўл қанчалик тўғри?!

    ✔ 13    🕔 17:33, 13.12.2018
  • Қизни ким тарбиялаши керак?

    Қизни ким тарбиялаши керак?

    Қайнота- қайнонанинг кўнглини озгина меҳр, бирозгина эътибор билан ҳам тоғдек кўтариш мумкин.

    ✔ 33    🕔 17:44, 06.12.2018
  • Сабаб ва сабоқ  

    Сабаб ва сабоқ  

    Ноиланинг янги хонадонга келин бўлиб тушганига бир ойдан ошди. Шу вақт ичида у келин деган номга муносиб бўлиш учун тинмай ҳаракат қилди. ​​​​​​​

    ✔ 33    🕔 17:44, 06.12.2018
  • Уч йиллик айрилиқдан сўнг

    Уч йиллик айрилиқдан сўнг

    Ёш оила ажрашиш ҳақидаги аризасини қайтариб олди. Нега?

    ✔ 87    🕔 19:00, 22.11.2018
  • «Қизим бегона йигит билан гаплашяпти...»

    «Қизим бегона йигит билан гаплашяпти...»

    Муштарий мактуби:

    Қизим 17 ёшда. Яқинда телефонда бир йигит билан гаплашаётганини эшитиб қолдим. Кечаси ҳам билдирмай ўша йигит билан телефонда ёзишиб ўтиради. Танбеҳ берай десам, яна ўзига бирон нарса қилиб қўймасмикан, деб қўрқаман. Гапирмай десам, ҳар хил йигитларга алданиб қоладими, дейман. Шундай пайтда нима қилсам бўлади? Менга бу борада малакали мутахассиснинг маслаҳати керак.

    Розияхон, Қашқадарё вилояти

    ✔ 67    🕔 18:59, 22.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар