Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Бир ногирон инсон нафақаси атрофидаги «ўйин»лар

Масъуллар жим, мутасаддилар «бехабар» ва… қуруқ ваъдалар

Бир ногирон инсон нафақаси атрофидаги «ўйин»лар

Она айни кучга тўлган кўркам ўғлини кўзида ёш билан, меҳнатдан қадоқ бўлган қалтироқ қўлларини жуфтлаб, «ой бориб, омон қайтгин, болам», дея дуо қилиб армияга кузатди. Афсус, муштипар онанинг дуоси ижобат бўлмади: ўғил муддатидан илгари, ногирон ҳолда ҳарбий хизматдан қайтди... Унинг кейинги тақдири эса янада аянчли кечди. Бир ногирон инсонга нафақа беришда «отангга бор, онангга бор» қабилидаги сарсонгарчиликлар неча йилдирки, ҳали-ҳамон давом этмоқда.

Таҳририятимизга Сирдарё вилояти Гулистон тумани «Зарафшон» қишлоқ фуқаролар йиғини Нурли йўл кўчаси 75-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Саидкомил Файзуллаевдан келган мактубни ўқиб, биз бу оворагарчиликлар сабабини ўрганиш, мулоҳаза қилиш ва албатта, Гулистон тумани, қолаверса, Сирдарё вилояти мутасаддиларининг мазкур масалага эътиборини қаратишга қарор қилдик.

Саидкомил Файзуллаевнинг хатида келтирилишича, унинг акаси Муҳаммад Файзуллаев 1987 йилда армияга борган. Хизмат вақтида оғир хасталикка чалиниб, иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб, уйига қайтган. Аммо икки-уч йил тиббий кўрикдан ўтмаган ва ногиронлик нафақасини олишни истамаган. Бу табиий, албатта. Ўша вақтларда энди 22-23 ёшни қаршилаган ҳар қандай эркак буни ўзига ор билган. Дастлаб, М.Файзуллаев ҳам шу йўлни танлаган. Бироқ орадан уч-тўрт йил ўтиб, дори-дармонга пул топишга қийналган М.Файзуллаев ҳарна яраб турар деган ниятда нафақага чиққан. Тиббий текширувда ҳарбий хизматдан бир умрга II гуруҳ ногирони бўлиб қайтганига қарамай, касаллигини III гуруҳга қўшишган ва унга учинчи гуруҳ ногиронлик нафақаси тўлаб келинган. Аммо 2013 йилдан бошлаб, нафақа тўхтатилган. Бунинг сабабини билолмаган оила аъзолари ногирон жигари манфаатини тиклаш учун ташкилотма-ташкилот мурожаат этиб, масъул мутасаддилар эшиги остонасида сарғайиб юрибди. Жўяли жавоб эса йўқ.

Нажотни таҳририятимиздан кутган муштарий мурожаатини жойига чиқиб ўрганишга қарор қилдик.

«Қирчиллама ёшда яроқсизга айландим»

Файзуллаевлар оиласини қидириб, манзил томон — Сирдарё вилоятига йўл олдик. Оддийгина хонадонда яшашар экан.

— Ўша вақтларда армия икки йиллик, аксарият йигитлар ҳарбий хизматни чет эл давлатларида ўтарди, — дея базўр гап бошлади Муҳаммад Файзуллаев. — Мен ҳам 1987 йил ҳарбий хизматни ўташ учун Россиянинг Новосибирск районига жўнаб кетдим. Орадан бир йил ўтиб, ўта оғир аҳволда шифохонага тушиб қолдим. Тахминан, икки ойлар даволандим. Шундан сўнг уйга жавоб беришди. Қайтгач, икки-уч йил ҳеч қандай нафақа олмадим. Чунки буни ўзим хоҳламадим. Лекин меҳнатга яроқсиз бўлиб қолгач, нафақага чиқдим. У вақтда иккинчи гуруҳ ногирони эдим. Орадан бир-икки йил ўтиб, аҳволим ўнглангандай бўлди. Навбатдаги тиббий кўрикда мени умрбодлик III гуруҳ ногиронлигига чиқаришди. Шундан сўнг 2013 йилгача учинчи гуруҳ ногиронлиги нафақаси олиб келдим. Ўша йили қўшни Қозоғистонга даволанишга кетдим. Шу вақт оралиғида мени нафақадан маҳрум қилишди. Сабаби номаълум. Кўчага чиқа олмайман, шу боис аниқлашга ҳолим йўқ.

Муҳаммад Файзуллаев 2017 йил август ойида инфарктни бошдан ўтказган. Шундан бери тўшакка михланган.

— Онда-сонда бу хонадан у хонага ўтишимни ҳисобга олмаганда, ўрнимдан қўзғалишим мушкул, — дейди у. — Давлат томонидан берилаётган нафақа, ҳарқалай, дори-дармонга яраб турган эди. Ҳозир укам ва синглимнинг қўлига қараб ўтиришга мажбурман. Яхшироқ жойда даволанай десам, чўнтагимиз кўтармайди. Бутун оиламизнинг юки кунлик ишларга ёлланиб пул топаётган укамнинг гарданида. Аммо унинг топгани рўзғоридан, бола-чақасидан ортмай турган бир пайтда мени даволат дейишга виждоним йўл қўймайди.

Ҳарбий хизматдан меҳнатга яроқсиз бўлиб қайтгач, гарчи ота-онам, яқинларим уйлантиришга роса ҳаракат қилишган бўлса-да, бош тортдим. Яримжон, ишга яроқсиз бўлсам, бир аёлни ҳам бахтсиз қилмай дедим...

Ҳа, эр йигитнинг бошига бундай кунлар тушмасин. Ватан олдидаги йигитлик бурчини охиригача ўтай олмаган Муҳаммад Файзуллаев аччиқ тақдири ҳақида гапирар экан, бир нуқтага узоқ термилиб қолди. Бироздан сўнг ҳозир аҳволи оғирлигини, уни деб укаси ва синглисига қийин бўлаётганини, шу боис аввалги нафақасини тиклашида ёрдам беришимизни сўради. «Ҳар ҳолда, ўзимнинг дори-дармонимга яраб турарди, ҳам рўзғорга ёрдам бўларди», дея ўзининг ночор аҳволидан минг хижолат тортиб ўтиришини кўрган кишининг, очиғи, юраги эзилади.

Маҳалла нега жим?

— Турмуш шароитимизни ўзингиз кўриб турибсиз, — дея гап бошлади Муҳаммад аканинг синглиси Саломат Файзуллаева. — Аслида кам таъминланган оила бўлсак-да, бунақа рўйхатда турмаймиз. Маҳалладан на ёрдам пули, на ёшга доир нафақа пули оламиз. Маҳалла раисидан ёрдам сўраганмиз. Аммо... унинг айтишича, биз кам таъминланган оила эмас эканмиз. Қизиқ, бу рўйхатга шу ногирон инсон кирмаса, кимлар кираркан? Буниси қоронғи. Топган пулимиз акамнинг дори-дармони ва рўзғорга аранг етади. Мендан катта акам кунлик ишларда ёлланиб, ишлайди. Ўзим бир ой илгари Гулистон тумани Зарбдор маҳалласи 10-сонли оилавий поликлиникага санитар бўлиб ишга кирдим.

Акам инфарктга йўлиққач, ёрдам сўраб, Сирдарё вилояти Фуқаролар қабулхонасига мурожаат қилдим. Тахминан йигирма кунлар ўтиб, уйимизга Гулистон тумани шифохонасидан бир нечта дўхтир келди. Акамнинг аҳволини оғир деб баҳолаб, қайта тиббий кўрикдан ўтиши кераклигини айтишди-ю, ҳеч қандай ёрдам беришмади. Акам тиббий кўрикдан ўтишни хоҳламади. Уни кўндириш, қолаверса, озгина даволатиш учун маҳалла фуқаролар йиғинидан умидвор бўлгандик, аммо амалий ёрдам берилмади. Хуллас, маҳаллага, туман пенсия жамғармасига, тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига ёрдам сўраб қилган мурожаатларим ҳам бесамар кетди. Ҳеч бир ташкилот ёки мутасадди бизнинг муаммо билан қизиқмади. Улардан ёрдам тугул, бу борада жўяли маслаҳат ҳам ололмадик. Кимга ёки қаерга мурожаат йўллаган бўлсак, бари «отангга бор, онангга бор» қабилида иш кўрди. Йўл-йўриқ, қонун-қоидани яхши билмаганимиз жабрини тортяпмиз: овораю сарсон бўлиб юрибмиз. Энг алам қиладигани, маҳалла оқсоқоли шароитимиздан хабардор бўла туриб, ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто, маслаҳат ҳам бермайди. Бирор марта хабар олгани ҳам йўқ. Назаримда, бундай мутасаддиларимиз Президентимиз ҳозир олиб бораётган сиёсатдан бехабар чоғи. Йўқса, ўз ишига бундай совуққонлик билан ёндашмаган бўларди. Бугун давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклиги бот-бот такрорланяпти, амалда эса...

Муҳаммад Файзуллаевнинг дарди-ҳолини тинглагач, тўғри Зарбдор маҳалла фуқаролар йиғинига йўл олдик. Афсус, маҳалла идорасининг абгор аҳволи бу жойга раҳбарлик қилаётган оқсоқолнинг ўз вазифасига қандай ёндашишини кўрсатиб турибди. Оқсоқолга бир неча маротаба сим қоқдик. Ўзини учратиш тугул, овозини эшитиш ҳам насиб қилмади.

Қарор бор, аммо...

Кейинги манзилимиз — Гулистон туманлараро тиббий эксперт комиссияси.

— 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига биноан, республикамизнинг барча ҳудудларида пенсия ёшига етмаган нафақахўрларни қайта рўйхат қилиш учун текширув ўтказилган, — дейди Гулистон туманлараро тиббий эксперт комиссияси шифокори Ўткир ҚЎШИМОВ. — Балки, ўша вақтда Муҳаммад Файзуллаев текширувга келмагандир ёки бошқа сабабларга кўра, нафақа бериш тўхтатилгандир. Чунки ўша вақтда тиббий текширувларга келмаганларнинг аксарияти нафақадан маҳрум қилинган.

Ҳақиқатан ҳам, 2011 йил 8 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилинган. Мазкур қарорнинг 163-бандида ногиронликнинг III гуруҳи белгиланган шахсларга, шу жумладан, 2011 йил 1 январдан кейин такрорий тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг ногиронликнинг III гуруҳи белгиланган шахсларга ногиронлик пенсияси тўланмайди. Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлигини олган шахслар бундан мустаснолиги белгилаб қўйилган. Шундай экан, ҳаммаси тушунарлидек, гўё. Лекин...

Муҳаммад Файзуллаев ҳарбий хизматдан меҳнатга яроқсиз аҳволда, яъни бир умрлик иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қайтиб келгани инобатга олинса ва орадан уч-тўрт йил ўтиб, навбатдаги тиббий текширув давомида у қандай қилиб, учинчи гуруҳ ногиронига айланиб қолган. Шуниси қизиқ?! Туманлараро тиббий-эксперт комиссияси шифокори Ўткир Қўшимов масалага ойдинлик киритиш учун архив ва базани текшириб кўрди. Буни қарангки, дастлаб, юқоридаги қарор бўйича пенсиядан маҳрум этилган М.Файзуллаев 2013 йил тасдиқланган 772-сонли тиббий кўрик рақамига кўра, 2010-2011-2012-йилларда касаллик сабаби аниқлиги боис, умрбод ногиронликка тасдиқланган. Бундан хулоса шуки, беморга юқоридаги қарорнинг 163-бандига биноан иш тутилмаган. Яъни, у ҳеч қандай тиббий кўрикдан ўтказилмаган. Ваҳоланки, ўша вақтда беморнинг аҳволи қониқарсиз эканини инобатга олиб, тиббий кўрикка чақириб, II гуруҳга ўтказиш ҳам мумкин эди. Ҳар ҳолда, ҳарбий хизматдан умрбод иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қайтиб келган. Бу унинг аҳволи йиллар ўтса-да, ўзгармаслигини англатади. Табиийки, бу ерда мутасаддилар қатори беморнинг ҳам қисман айби бор.

Сирдарё вилояти Гулистон тумани бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи ўринбосари Ғайрат Эржигитовнинг айтишича, фуқаро М.Файзуллаевнинг ногиронлик нафақаси ҳақида 2011 йилдан буён базада ҳеч қандай маълумот йўқ.

Кўриб турганингиздек, бу мутасадди ҳам юқоридаги қарорга ишора қилди-ю, лекин бу аниқ эмаслигини, масалани жиддий ўрганиб, ўн кун ичида фуқаро М.Файзуллаевга ногиронлик нафақаси нима сабабдан тўхтатилгани сабабини аниқлаб, хабар йўллашга ваъда берди.

Хўп, М.Файзуллаевнинг нафақаси юқоридаги қарор билан тўхтатилган ҳам дейлик. Аммо фуқарога 2013 йилгача ногиронлик нафақаси берилган-ку! Хўш, буни қандай изоҳлаш мумкин?

Хуллас, мазкур масала биз суриштирув ўтказганимиздан сўнггина мутасаддиларни қизиқтира бошлади. Туманлараро тиббий-эксперт комиссияси шифокори Ўткир Қўшимов фуқаро М.Файзуллаевни қайта тиббий кўрикдан ўтказишга ва унга иккинчи гуруҳ ногиронлиги тоифаси берилишига, туман пенсия жамғармаси эса, фуқаронинг ногиронлик нафақаси қонунларда белгиланган тартибда ўрганиб чиқилишига ва унинг ногиронлик нафақаси қайта тикланишига ваъда берди.

Начора, ҳечдан кўра, кеч бўлса-да, бир фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал бўлиш арафасида, деб умид қилдик. Унинг натижаси нима бўлишини эса,  вақт кўрсатади, албатта. Энг муҳими, бир ночор юртдошимизнинг тақдирига бефарқ қараб туриш адолатдан эмаслигини мутасаддиларга эслатишга ҳаракат қилдик.

Бу мавзуга яна қайтамиз.

 

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Сергели  уйлари

Сергели уйлари

🕔11:49, 26.04.2019 ✔3

сифати ва нархи ўрганилмоқда

Миш-мишлар асоссиз эмас, 283 тасида камчилик аниқланди, нархлар тақдири эса ҳали номаълум

Батафсил
«Томорқачига ўргатманг, ёрдам беринг...»

«Томорқачига ўргатманг, ёрдам беринг...»

🕔11:45, 26.04.2019 ✔4

Энди ҳар бир ҳовли ўз ҳосилини  экспорт қила оладими?

Батафсил
Вазирлик мақолага муносабат билдирди

Вазирлик мақолага муносабат билдирди

🕔11:41, 19.04.2019 ✔37

«Танқидий-таҳлилий материаллар хатоларимизни тўғрилашда муҳим ўрин тутади...»

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар