Оила хуржун      Бош саҳифа

Хотиним ферма очгач…

Менга аталган ғиж-ғиж иқтидорни хотинимга берган экан. Камина саҳар мардондан, то қош қорайгунча итдек ишлайман, кўпинча ярим тунда тилим бўйинбоғимдай осилиб уйга кириб келаман.

Хотиним ферма очгач…

Шунча ишлагандан кейин мўмайгина маош олсангиз керак, деб ўйлаётгандирсиз. Нимасини айтай, ойдан ой қарзга ботиб бор­япман. Топганим йўлкирамдан ортмай қолди. Лекин манглайим ярқираган эканми, хотиним уддабурон чиқиб қолди.

Оқшом тушкун кайфиятда овқатланаётсам, хотиним:

— Бугун ферма очдим... — деса бўладими. Оғзимдаги оғзимда қолди.

— Нима?! — дедим тепа сочим тикка бўлганча. Мен бу ёқда ўлиб-тирилиб ишлаб, зўрға пул топяпман, бу кишим қайси пулига ферма очди экан? Жаҳлим чиқиб, кўзим чақчайиб кетганми, хотиним кулибгина тушунтирди-ю, хаёлим жойига келди. Айтишича, фермани очиш арзимаган чиқим экан. Кенг-мўлгина ерда ишни бошлаши билан дастлаб олтмиш жўжа сотиб олибди. Уларни барра ўт билан боқиш учун беда экибди. Хотинимнинг ишига мен ҳам қизиқа бошладим. Ҳар куни ферма ҳақида сўраб турдим. Уям кунда икки марта — нонушта ва кечки овқат маҳали «рапорт» беришни канда қилмайди.

Кўп ўтмай, хотиннинг жўжалари саноққа кириб қолибди. Сўнг улар ёнига курка қўшди. Курка дегани лунқа-лунқа емаса, бўлмасмиш. Ғайрат билан боқила бошланган куркалар қўчқордай-қўчқордай бўлиб қолди.

— Қани эди, қўлимиз дўржи пул кўрса, дадаси, — деб қўяди баъзан хотиним ҳазиллашиб.

«Пул» деган сўзни эшитсам, дарров чўнтагимни ушлаб кўраман. Автобусга йўлкирам ва тушлигим учун тишимнинг кавагида сақлаб қўйган ғижим пулларим жойида турган-турмаганини билиб оламан. Алам қилади. Тишларимни ғичирлатиб, хотинимнинг паррандасини хаёлан бозорга солиб кўраман, даромадини чамалайман-да. Хаёлларимдаги пулларни ўйлаб, оғзимдан сувим оқиб кетади.

Орадан бир-икки кун ўтиб, оқшом шўлти шўрвага буханкани тўғраб еб ўтирсам, диванда чўзилиб ёнбошлаб ётган хотиним ҳадеб жилмаяверди. Ие, тўхта, Болтақул, дедим, бир балоси бор бу хотиннинг.

— Бугун йигирма бош қўй олдим, дадаси, — дейди. Шартта туриб, уни даст кўтариб, чирпирак қилиб айлантирдим.

— Яша, хотинжон! — дедим.

Шундай қилиб, «рапорт»ларига қараганда, у фермага боши билан шўнғиб кетди. Товуқларни сотиб, пулига уч баравар кўп жўжа олди. Куркаларни икки марта кўпайтирди. Туёқлар сони арифметик усулда орта бошлади. Бундан руҳланган хотиним бедапояни кенгайтирди, ёнига маккажўхори экди, тариқ сепди. Энди куни билан ўт ўрармиш, беда таширмиш, ем берармиш, охурларига сомон солармиш. Бу очкўз жониворлар еб тўймасмиш-да. Шунда хотиним бу жониворларга қараганда сиз яхшисиз, дадаси, деб қолди. Ўйласам, рост айтяпти. Ахир, камина хотиним базўр вақт ажратиб, дамлаган бир пиёла чойи ва икки тўғрам қотган нонга ҳам тўяман, шу емак кучи билан кун бўйи ишлайман, мол-ҳол тушмагурлар тинимсиз емиш сўрайверади-да...

Кейинги пайтлар ярим кеча уйга келсам ҳам хотиним ишдан бўшамаган бўлади. Овқат қилинмаган, идиш-товоқ ювилмаган ҳолда уюлиб ётади. Бола-чақанинг ҳам рангидан тус кетди. Хотин эса, фермасидан бош бурмайди. Чидадим. Ҳадемай рўзғоримизга барака кириб қолар ахир. Қўлимиз жарақ-жарақ пул кўрар. Шуларни ўйлайман-у, хотинбойнинг ферма ишларига халал бергим келмайди. Майли, ишласин, мен шўрликка озроқ ёрдами тегсин, дейман.

— Бугун куни билан лавлаги экдим, роса чарчадим-эй, — деди хотиним бир куни. Эътибор берсам, унинг мадори қуриган. Қўлидаги сомса тўла елимхалтани дастурхонга тап эткизиб қўйди. Эрталаб дамланган совуқ чойдан каминага бир пиёла узатди. — Бугун ҳам овқат қилолмадим, вақтим бўлмади.

— Ҳечқиси йўқ, — дедим мен ҳам оч бўридай сомсага чанг солиб. — Фермада ишлар қалай кетяпти?

— Ўлсин бу ферма! — дейди хотиним. Афтидан, ишлари сал юришмайроқ турибди, шекилли, машқи пастроқ эди. — Сув ташийвериш жонга тегяпти.

— Ҳаракатда — баракат, хотин. Чида! Пул топиш осонми? Рўзғор тебратиш шунақа бўлади.

— Ўт кетсин ўша рўзғор деганига! Тоза чарчатиб юборяпти. 

Қарасам, хотинимнинг авзойи ростдан ҳам бузуқ. Узоқ йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтай: у шунақа кайфиятга тушдими, демак, ҳаммаси тамом — ё чикка, ё пукка қилиб ташлайди. Шу сабаб кайфиятини кўтариб, руҳлантиргим келди.

— Қийинчиликлар ўтиб кетади, сабр қил, хотин, ҳали ишларинг юришиб, пул ўзидан-ўзи оқиб кела бошлайди. Бойвучча бўлиб юрасан. Лекин бир нарсани айтиб қўяй: фақат фермани ўйлайвермай, вақт топиб, бундоқ болаларнинг юриш-туришига, ош-овқатига ҳам қараб қўй ҳар замонда.

Хотинимнинг зардаси қайнади.

— Нимага бунча ношудлик қиласиз? — дея бобиллаб берди. — Мен бекор ўтирганим йўқ-ку. Рўзғорни ким обод қиляпти эса? Товба, худди мен ясан-тусан қилволиб, ялпайиб ётадигандай гапирасиз-а. Фермани шу даражага чиқаргунча она сутим оғзимга келди-ку. Раз бошладимми, энди охирига етай ахир.

Хотиним рост айтади. Кейинги пайтда фермасида товуқлар сон-саноқсиз кўпайиб, куркалари эшакдай бўлиб, қўйлари думбасини кўтаролмай қолди. Тана ва новвосларини айтмайсизми. Бўрдоқилари семизликдан ўрнидан туролмасди. Тобора иштаҳаси очилиб бораётган хотиним эса, натижа кетидан қувгани қувган.

— Фермада қўй ва эчкилар жунидан ип йигириб, жун паймоқ, шарф, жемпер тўқиш дастгоҳини ўрнатдим. Тайёр маҳсулот чиқариб, фойдасини фермани янаям кенгайтиришга тикаман, — дейди.

Лекин ҳамма яхши нарсанинг ҳам бир ёмон томони бўларкан. Хотиним фермага тобора шўнғиб кетиши рўзғоримизга кўп чидаб бўлмас даражада жабр қила бошлади. Ишдан кеч келсам ҳам ўзим овқатга уннайдиган, идишларни ўзим ювадиган бўлдим. Нима қипти. Бир кинода: «Хотин дўстдир одамга» дейди-ку. Халқимизнинг «Дўстинг учун заҳар ют» деган мақолини эшитгандирсиз. Мен ана шу «дўст» учун қиляпман-да. Ҳалиям заҳар ичаётганим йўқ. Албатта, мен идиш ювишга шунчаки рози бўлганим йўқ. Хотиним бир куни кечқурун елкасини уқалаб қўяётганимда зўр янгилик айтди-да:

— Дадаси, — деди шивирлаб. — Фермада иш юришиб кетди. Тинимсиз ишлаганимнинг ажрини олдим.

— Хўш? Туя-пуя боқяпсанми?

— Йўғ-эй! Ферманинг бир четидан кон топдим! Тупроғини элаб кўрсам, тилла зарралари чиқди! Эҳ! Шу олтинларни ёмби қилиб, ортиқчасини бирор жойга кўмиб қўйсак, етти пуштимизга етса-я, — деди хотиним кўзларини қисиб.

Шайтонлаб қолай дедим! Бир чақмоқ тилла қанча пул туришини биласизми? Дарров интернетга кириб, жаҳон бозоридаги нархини билдим: эҳ-ҳе, биз яшаётган туманни сотиб олса бўларкан-ку!

Суюнганимдан хотинимга топшириқ бердим:

— Уйдаги ҳамма юмушларни мен ўз зиммамга оламан! Сен бемалол, уйдан хавотир олмай ишлайвер! Эртага бориб, ишхонамга бўшаш ҳақида ариза бериб келаман! Бир ой ишлаб топган пулимга ўн кило гўшт бермайди, нима қиламан ишлаб... — деб юборганимни билмай қолибман.

Куни билан тилла кони ҳақида ўйлайвериб, хаёлан еттинчи осмонга чиқиб кетай дедим. Миямда миллионта режа туздим: аввал машина олсамми ё уй? Машина олсам, ҳамма фалончи босар-тусарини билмай қолибди, дейди. Йўқ, буниси камбағалнинг «иситма»сини ошкор қилиб қўяди. Дейлик, бошқа тумандан, олисроқдан уй олиб қўйсам, биров билиб, биров билмай қолади. Бир чақмоқ тилла билан барча қарзларимдан қутулиб оламан. Қолганига... Хуллас, қолганини сизга ҳам айтолмайман. Қаттиқ сир сақлашим керак. Хотиним шундай тайинлаган…

Ширин орзулар оғушида кун кетидан кун, ҳафта ортидан ҳафтаю ойлар ўтди. Хотинимнинг фермасида, йўқ нарсанинг ўзи йўқ. У, ҳатто, тунлари ҳам фермаси билан андармон бўлиб қолди. Шу сабаб кам кўришадиган, кам гаплашадиган бўлдик. Кечалари ёлғиз ўзим... ёстиқни қучоқлаб ухлайман.

Кунлардан бир куни хотиним билан ўз уйимизда, шундоқ ошхонага кираверишдаги йўлакда кўришиб қолдик денг. Аввалги хотинимдан ярми ҳам қолмапти. Озиб-тўзиб, худди ошхонамизда тунлари оёғи чалишиб, мўйловини зўрға судраб юрадиган суваракларимизга ўхшаб қолибди. Афт-ангори ҳам бир нави. Сўлиб, адойи-тамом бўлибди. Раҳмим келиб кетди.

— Вой бечора! — дедим. — Тамом бўпсан-ку?

— Дадаси, ўйлашга халақит берманг! — дея асабийлаша бошлади у ва бориб диванга ёнбошлади. — Фермада иш чатоқ. Очофатларнинг сон-саноғи йўқ! Мен озиқ ташиб чарчайман, бу тешиб чиққурлар еб тўймайди. Жонимга тегиб кетди роса, асабдан қўлларим қалтирайдиган бўлиб қолди — у ҳўнграб йиғлаб юборди. — Ўзингиз қалайсиз, дадаси? Сизни кўрмаганимга ҳам бир ҳафта бўлди. Бормисиз?..

Кўзимдан ёш чиқиб кетай деди. Бояқишга раҳмим келди.

— Хотин, қўй шу фермангни, — дедим охири. — Жонингда қасдинг борми? Рўзғор ҳам бир гап бўлар. Очдан ўлаётганимиз йўқ-ку.

Хотиним йиғламсираб ўйланиб турди-турди-да, «ўт тушсин шу «ферма»га» деди ва... «сотка»сидаги «Ферма» деган ўйиндан чиқди. Сўнг жаҳл устида бу ўйинни телефони хотирасидан ҳам буткул «Delete» қилиб юборди. Хайрият, балодан қутулдик. Шу ўйин деб хотингинамдан айрилиб қолай дедим-а... Ўзим-чи, ўзим? Нақ хаёлпарастга айландим-а...

 Кейинги пайтлар жаҳли чиқса, нуқул: «Шошмай туринг, «ферма»мни қайта очиб оламан», деб қўрқитаверади...

Мен эса хотинимдан эмас, унинг «ферма»сидан жуда қўрқаман…

 

Жасур КЕНГБОЕВ




Ўхшаш мақолалар

Мажлисдаги илҳом

Мажлисдаги илҳом

🕔17:39, 06.12.2018 ✔30

Ёзувчи учун илҳомнинг келиши жой танламас экан. Хоҳлаган пайтда ўзи келиб қоларкан. Мениям кейинги пайтда илҳомим қочиб кайфиятим бузилиб, иштаҳасиз юргандим.

Батафсил
Бўлиб берамиз

Бўлиб берамиз

🕔17:38, 06.12.2018 ✔28

Ярим кеча Шодивойнинг хотини Шодия юзига оппоқ ниқоб қилган. Қатиқ сурган, укроп, редиска, помидор, иккала кўзига бодрингдан тангадек қилиб ёпиштирган.

Батафсил
Хотиним ферма очгач…

Хотиним ферма очгач…

🕔17:27, 22.11.2018 ✔98

Менга аталган ғиж-ғиж иқтидорни хотинимга берган экан. Камина саҳар мардондан, то қош қорайгунча итдек ишлайман, кўпинча ярим тунда тилим бўйинбоғимдай осилиб уйга кириб келаман.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мажлисдаги илҳом

    Мажлисдаги илҳом

    Ёзувчи учун илҳомнинг келиши жой танламас экан. Хоҳлаган пайтда ўзи келиб қоларкан. Мениям кейинги пайтда илҳомим қочиб кайфиятим бузилиб, иштаҳасиз юргандим.

    ✔ 30    🕔 17:39, 06.12.2018
  • Бўлиб берамиз

    Бўлиб берамиз

    Ярим кеча Шодивойнинг хотини Шодия юзига оппоқ ниқоб қилган. Қатиқ сурган, укроп, редиска, помидор, иккала кўзига бодрингдан тангадек қилиб ёпиштирган.

    ✔ 28    🕔 17:38, 06.12.2018
  • Хотиним ферма очгач…

    Хотиним ферма очгач…

    Менга аталган ғиж-ғиж иқтидорни хотинимга берган экан. Камина саҳар мардондан, то қош қорайгунча итдек ишлайман, кўпинча ярим тунда тилим бўйинбоғимдай осилиб уйга кириб келаман.

    ✔ 98    🕔 17:27, 22.11.2018
  • «Ўргимчак»

    «Ўргимчак»

    «Бир айбим бор: фақат баъзан,

    Рост гапириб қўяман…»

    Эркин Воҳидов

    ✔ 108    🕔 16:26, 08.11.2018
  • Қоринбой

    Қоринбой

    Ўмарбой ака бир лаган ошни паққос тушириб, тагидаги ёғни қошларига суртиб-суртиб олди.

    ✔ 160    🕔 16:48, 18.10.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар