Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

Уч йиллик айрилиқдан сўнг

Ёш оила ажрашиш ҳақидаги аризасини қайтариб олди. Нега?

Уч йиллик айрилиқдан сўнг

Гарчи вазифамизга кирса-да, ҳатто ваколатимиз бўлса-да, бир хонадоннинг эшигини тақиллатиш, уй эгаларининг шахсий ҳаётига доир масалаларни муҳокама қилиш осон эмас. Ахир, оила сирини, нозик муаммоларини биров билан баҳам кўришни ким ҳам истайди дейсиз.

Шундай бўлса-да, саъй-ҳаракатларимиз билан қайсидир ­оиланинг муаммосига ечим топсак ёки уларга маслаҳатимиз билан далда бериб, тўғри йўл кўрсатиб, ажрашишдан асрашга сабабчи бўлсак, кўнглимиз тоғдек юксалади. Бир оиланинг ярашиб кетиши — ундаги ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган, меҳрга муҳтож норасидаларни тирик етимликдан, кўнгли яримликдан асраб қолиш дегани. Зиммамиздаги вазифанинг масъулияти ҳам, шарафи ҳам шунда аслида.

...Ажрашиш учун ариза бериб, уч йилдан буён алоҳида яшаётган оилани муросага келтириш учун анчагина тер тўкишимизга тўғри келди. Келин шунча вақт оралиғида онасининг уйида яшаган. Оиланинг бу қадар узоқ айрилиқда яшашига сабаб бўлган муаммо ўта жўн: арзимаган масала чўғ каби пуф-пуфлаб аланга олдирилганидадир.   

1988 йилда туғилган Камолиддин (исмлар ўзгартирилган) ва унинг турмуш ўртоғи 1991 йилда туғилган Лолахоннинг турмуши ёмон эмас эди. Улар иккиси ҳам мавсумий ишчи бўлиб ишлар, Лолахон келин бўлиб тушган хонадон об-ҳавосига ҳам мослашиб улгурганди. Эҳтимол, бошқалар аралашмаганда турмушнинг оддий синовлари билинмай ҳам кетарди.

«Чиққан қиз чиғириқдан ташқари» дейишади. Оддий келишмовчиликдан аразлаб уйига кетиб қолган Лолахонга онаси тўғри йўл кўрсатиш ўрнига пашшадан фил ясаб юборади. Лолахоннинг отаси хорижга ишга кетгани боис қизининг оиласидаги кўнгилсизликдан бехабар қолади. Тизгин буткул ўзининг қўлига ўтган она қизини оиласига қарши «ўқита» бошлайди.

— Бир эмас, учта қайнсинглинг бор. Уй ишларини ўшалар қилсин. Сен ишда чарчайсан.

Хуллас, аслида оддий супур-сидир, куйдир-пиширдан чиққан келишмовчилик она томонидан бўрттирилиб, катта муаммо қилиб кўрсатилади. Кўп ўтмай, дунёга келган чақалоқ ҳам тошбағир бувисининг кўнглини юмшатолмайди. Ёшларни яраштириш, келини ва набирасини олиб кетиш илинжида келган Камолиддиннинг отаси айтган сўзи оғзида қолади:

— Майли, қизим қайтиб боради. Лекин уларнинг рўзғорини бўлак қилиб берасиз. Алоҳида яшашади, — дея шарт қўяди қуда хола.

Камолиддин оилада ёлғиз ўғил бўлса, сингиллари эртага узатилади-кетади. Ахир, шу уй-жой уники. Қанақасига бўлак яшаши мумкин. Қолаверса, гулдек набирасини ўзлари эркалаб ўстиришни истайди. Боши қотган ота нажот истаб, маҳалла фуқаролар йиғинига боради. Лекин афсуски, маҳалла кайвонилари-ю оқсоқолнинг тушунтиришлари ҳам қуда холани эгардан тушира олмайди.

Вақт можаролар тугашини кутиб ўтирмайди. Ғизиллаб ўтади-кетаверади. Ҳаш-паш дегунча чақалоқ уч ёшга тўлиб қўйди. Аммо норасиданинг ота-онаси ажрашишга берган аризасини қайтариб олмади.

«Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг Хоразм вилояти бошқармасида бу оиланинг тақдири муҳокама этилди. Уларга тўғри йўл кўрсатиш, ҳаётини изга тушириш бўйича мутахассислар, психологлар томонидан таклифлар берилди. Аввал ёшлар ўзи яшайдаган тумандаги ФҲДЁ бўлими қошида оила қурувчи ва оиласида маслаҳатга муҳтож ёшлар учун ташкил этилган ўқув-семинарларига жалб этилади. Бошида чақирилгани учун мажбуран келган ёшлар бу ерда муаммосига жавоб топиб ярашиб кетган оилаларни кўргач, мутахассисларнинг дўстона маслаҳатларини тинглагач, умид боғлашдими, ҳар куни астойдил қатнай бошлашди. Боз устига, бу ўқув машғулотлари анчадан бери айрилиқда яшаётган ёшларнинг яна бирга ёнма-ён ўтиришига, суҳбатлашишига, муносабатларида илиқлик пайдо бўлишига имкон яратди.

Катталарни эса, «Оила» маркази ва ҳамкор ташкилотлар мутахассислари муросага келтиришга ҳаракат қилишди. Ҳар икки хонадоннинг ҳам эшикларини такрор-такрор тақиллатишдан эринишмади. Бундай айрича яшаш бизнинг менталитетимизга ёт, оиланинг шаънига ярашмаслиги, ажрашишдан бахт ҳам, барака ҳам топиб бўлмаслиги тушунтирилди. Лолахоннинг онаси билан ҳам тил топишиш уддаланди.

«Айтинг, қизингизнинг ота уйида яшаши яхшими? Халқимиз онасини кўриб қизини ол, дейди. Маломати биринчи галда сизга келмайдими? Қўшни эшитса, қўшади, овул эшитса, ошади. Агар ёшлар шундай яшайверса, эл уларнинг ҳолини эсдан чиқаради, деб ўйлайсизми? Биз икки томонни ҳам ўрганиб, ажрашишга арзигулик бирон сабабни тополмадик. Уларга сиздек кайвони онахон маслаҳат бериб, тўғри йўлга солмаса, улар ўзи мустақил ярашармиди?» 

Хуллас, шу каби гаплар билан келиннинг онасига ойна тутдик. Ўзининг айбларини тушунди, хатосини англаб етди. Бу орада эр-хотин ҳам ўқув машғулотларидан ўзига сабоқ олишган, оиланинг қанчалар улуғ ва муқаддас неъмат экани, турмушда эрнинг ҳам, хотиннинг ҳам ўз бурчи, мажбурияти бирдек масъулиятли экани, айниқса, фарзанднинг ҳаёти учун жавобгар эканини тушуниб етганди.

Жорий йил октябрь ойининг охирида Камолиддин билан Лолахон ажрашиш учун берган аризасини қайтариб олди. Яқинда Лолахон уйидаги меҳмондорчиликка бизни таклиф қилди. Бордик. Эндигина дастурхонга ўтириб, дуога қўл очганимизда, дарвозада машина сигнал берди. Ундан Камолиддин тушди-да, дарров машинанинг орқа эшигини очди. Лолахоннинг ота-онаси қўлида нон тугилган дастурхон кўтариб, кириб келишди. Қудалар очиқ юз билан кўришдилар.

Ошхона ва меҳмонхона ўртасида қушдай учиб чой ташиётган Лолахонни имлаб, секин гап сўрадик. У эса, ҳовлида боласини эркалатиб ўйнатиб ўтирган эрига қараб қўйди-да, уялиб жавоб берди: «Қайин уйи қаттиқ экан, қатламаси тотлик экан…

Ёшларнинг юзидаги қувончни, қудаларнинг бир-бирига илиқ муомаласини, кичкинтойнинг отаси билан велосипедини ҳайдаб завқланишини кўриб, хайрли ишимизнинг натижасидан кўнглимиз тўлди. Ахир, бу оила ажрашиб кетганида улар ҳозиргидек бахтни туярмиди? Демак, бошлаган йўлимиз тўғри, амалимиз савоб. Ҳали улар каби яна қанча оилаларни тўғри йўлга солиб, ҳаётини изга туширишга ҳиссамизни қўшишимиз, бахтли кунларига гувоҳ бўлишимиз керак.

 

Равшанбек БОБОЖОНОВ,

«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи 

Фото: xs.uz




Ўхшаш мақолалар

«Келинг, бирга яшайлик, дадажон!»

«Келинг, бирга яшайлик, дадажон!»

🕔17:33, 13.12.2018 ✔13

Аёли ва боласини кўчага ҳайдаб, ёшига уйланган бу эркак тутган йўл қанчалик тўғри?!

Батафсил
Қизни ким тарбиялаши керак?

Қизни ким тарбиялаши керак?

🕔17:44, 06.12.2018 ✔34

Қайнота- қайнонанинг кўнглини озгина меҳр, бирозгина эътибор билан ҳам тоғдек кўтариш мумкин.

Батафсил
Сабаб ва сабоқ  

Сабаб ва сабоқ  

🕔17:44, 06.12.2018 ✔33

Ноиланинг янги хонадонга келин бўлиб тушганига бир ойдан ошди. Шу вақт ичида у келин деган номга муносиб бўлиш учун тинмай ҳаракат қилди. ​​​​​​​

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Келинг, бирга яшайлик, дадажон!»

    «Келинг, бирга яшайлик, дадажон!»

    Аёли ва боласини кўчага ҳайдаб, ёшига уйланган бу эркак тутган йўл қанчалик тўғри?!

    ✔ 13    🕔 17:33, 13.12.2018
  • Қизни ким тарбиялаши керак?

    Қизни ким тарбиялаши керак?

    Қайнота- қайнонанинг кўнглини озгина меҳр, бирозгина эътибор билан ҳам тоғдек кўтариш мумкин.

    ✔ 34    🕔 17:44, 06.12.2018
  • Сабаб ва сабоқ  

    Сабаб ва сабоқ  

    Ноиланинг янги хонадонга келин бўлиб тушганига бир ойдан ошди. Шу вақт ичида у келин деган номга муносиб бўлиш учун тинмай ҳаракат қилди. ​​​​​​​

    ✔ 33    🕔 17:44, 06.12.2018
  • Уч йиллик айрилиқдан сўнг

    Уч йиллик айрилиқдан сўнг

    Ёш оила ажрашиш ҳақидаги аризасини қайтариб олди. Нега?

    ✔ 88    🕔 19:00, 22.11.2018
  • «Қизим бегона йигит билан гаплашяпти...»

    «Қизим бегона йигит билан гаплашяпти...»

    Муштарий мактуби:

    Қизим 17 ёшда. Яқинда телефонда бир йигит билан гаплашаётганини эшитиб қолдим. Кечаси ҳам билдирмай ўша йигит билан телефонда ёзишиб ўтиради. Танбеҳ берай десам, яна ўзига бирон нарса қилиб қўймасмикан, деб қўрқаман. Гапирмай десам, ҳар хил йигитларга алданиб қоладими, дейман. Шундай пайтда нима қилсам бўлади? Менга бу борада малакали мутахассиснинг маслаҳати керак.

    Розияхон, Қашқадарё вилояти

    ✔ 67    🕔 18:59, 22.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар