Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Пенсия тайинлашда қандай ислоҳотлар кутиляпти?

Пенсия жамғармаси соҳада тез-тез юз бераётган сарсонгарчиликларнинг олдини олиш учун қандай вазифаларни кўзламоқда?

Пенсия тайинлашда қандай ислоҳотлар кутиляпти?

Пенсия тизимида нима янгиликлар бўлади?

— 1993 йилда қабул қилинган пенсия тўғрисидаги қонун бугунги кун талабларига жавоб бермай қолди, — дейди Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижрочи директори Ёрқин ­ТУРСУНОВ. — Тан олиш керак, мазкур ҳужжатнинг кўп бандлари собиқ иттифоқнинг пенсия таъминотига оид қонунларидан кўчирилган эди. Бугун бу ҳужжатларнинг аксарияти эскирган. Шу сабабли пенсия тўғрисидаги меъёрий ҳужжатлар бутунлай ислоҳ қилиниши кузатилмоқда. Бу борада аниқ чоралар ишлаб чиқилган ва тегишли вазирлик ва идораларга таклиф киритилган. Янги қонунчиликка кўра, пенсия тайинлаш, уларни ҳисоб-китобини юритиш каби масалалар анча соддалаштирилади.

Ҳозирги кунда ишлаётган юз минг нафар пенсионердан 56 мингтаси пенсияни тўлиқ оляпти. Эндиликда пенсия ёшидаги фуқароларнинг қайси касбда фаолият юритишидан қатъи назар, пенсияси 2019 йил 1 январдан бошлаб, 100 фоиз тўланади. Аввалгидек 50 фоизини ушлаб қолиш деган гап бўлмайди. Бундан ташқари, авваллари пенсия ҳисоблашда энг кам иш ҳақининг 8 баробаридан ортиғи ҳисобга олинмас эди. Буни энг кам иш ҳақининг 10 баробарига кўтариш таклиф этилмоқда. Демак, янаги йилнинг январь ойидан бошлаб, 530 мингдан зиёд кишининг пенсияси ўртача 150-200 минг сўмга кўпаяди. Бу нафақат шу пенсионерларга, балки бошқа 8 минимал ойлик иш ҳақидан кўп маош олиб, нафақага чиққан бошқа пенсионерларга ҳам тегишли.

— Пенсияга чиқиб, ишлашда давом этса (пенсияси юз фоиз тўланса), ишсизлик кўпайишига олиб келмайдими?

— Ҳозирги пайтдаги ишсизларнинг аксарияти ҳеч қандай маълумотга ёки аниқ касбга йўналтирилмаган кишилардир. Буни пенсия жамғармаси мисолида айтадиган бўлсам, бизда бугун кадрлар етишмайди. Вилоят ва туманлардаги ходимларимизнинг аксарияти олий маълумотга эга эмас. Устига устак, бошқа соҳа вакиллари. Қолаверса, бошқа соҳаларда ҳам ҳозирги пайтда кадрлар етишмаслиги сезилиб турибди. Шифокор етишмайдиган шифохонага ёки ўқитувчи етишмайдиган мактабга ҳеч қандай маълумоти йўқ одамни ишга олмаймиз-ку. Биргина мисол. Ўтган йил ҳолатига кўра, Сурхон­дарё вилоятида 1 минг 700 нафар шифокор етишмас экан. Шундай бўлгач, пенсия ёшига етган малакали шифокор ёки ўқитувчини пенсияга чиқариб юбориш ҳам адолатсизлик.

— Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси узайиб бормоқда. Бу ҳам пенсия жамғармаси харажатларининг ошишига олиб келади. Шундай экан, пенсияга доир янги қонунда шулар инобатга олинганми?

— Мамлакат аҳолисининг қариб бориш даражаси шуни кўрсатмоқдаки пенсия ёшидаги аҳолининг доимий ўсиш тенденцияси ошиб бормоқда. Натижада орадан йиллар ўтиб, ишлаш даври 19 йил, пенсия даври 27 йилга бориб қолади. Масалан, 2010 йилда пенсия ёшидаги аҳоли 5,9 фоиз бўлган бўлса, 2018 йилга келиб, 7,4 фоизга етди. Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, 2019 йилда пенсия ёшидаги аҳоли 9 фоизга, 2025 йилда 11 фоизга етади. 2017 йилда 206 минг кишига пенсия тайинланган бўлса, 2018 йилнинг тўққиз ойида шунча бўлди. Шундан келиб чиқиб яқин келажакда пенсия ёшини аёлларга 58, эркакларга эса 65 ёш этиб белгилаш таклиф қилинган. Бу ҳали таклиф, қабул қилинмаслиги ёки ўзгариб кетиши ҳам мумкин.

— Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йиғилган маблағларни тижорат банкларига депозитга қўйиш мумкин. Шундан олинаётган даромадлар нималарга йўналтирилади?

— Ўтган йили бўш турган маблағларни банкларнинг депозитига жойлаштиришдан пенсия жамғармаси 46 миллиард сўм даромад олган. Мазкур маблағлар пенсия тўловларига харажат қилинган. Жорий йилнинг ўн ойида 78 миллиард сўм даромад олдик. Тегишли қоидага кўра, мазкур маблағнинг 80 фоизи бюджетга, 20 фоизи молия органларининг ижтимоий рағбатлантириш жамғармаларига йўналтирилар эди.

Таҳлилларга кўра, ўтган тўққиз ой мобайнида пенсия жамғармасининг бошқарма ва бўлимларидан 600 дан ортиқ ходим маош камлиги боис ишдан кетган. Кадрлар қўнимсизлиги эса сифатсиз хизмат кўрсатишга ва хатоларга олиб келмоқда. Шу боис депозитдан олинаётган даромаднинг бир қисмини пенсия жамғармасини моддий қўллаб-қувватлашга, ходимларнинг ижтимоий шароитини яхшилашга сарфлашни таклиф қилдик. Депозитга ғазначилик орқали жойлаштирилган даромаднинг 20 фоизи ушбу мақсадларга йўналтириладиган бўлди.

— Ногирон фарзанди туфайли ҳеч қаерда ишламаган фуқароларга ҳам бирон бир қулайлик бўладими?

— Бу ҳам инобатга олинган. Аввалги қонунларга кўра, пенсияга чиқмоқчи бўлган фуқаро у ким бўлишидан қатъи назар, энг ками етти йил меҳнат стажига эга бўлиши талаб этиларди. Етти йилдан кам бўлса, унга пенсия тайинланмасди. Ногирон фарзанди туфайли умуман иш стажига эга бўлмаган фуқароларга ижтимоий нафақа тўлаш таклифини киритдик. Эндиликда ногирон фарзандига қараган ва ҳеч қаерда ишламаган фуқаролар пенсияга чиқиш ёшига етгач, ижтимоий нафақа билан таъминланади.

Бир ногироннинг нафақаси атрофидаги «ўйин»ларга мутасаддилар нима дейди?

Газетамизнинг 2018 йил 15-ноябрь 46-(340) сонида «Бир ногирон инсон нафақаси атрофидаги «ўйин»лар» сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда Сирдарё вилояти, Гулистон тумани «Зарафшон» қишлоқ фуқаролар йиғини Нурли йўл кўчаси 75-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Муҳаммад Файзуллаевнинг ногиронликка доир нафақаси хусусида сўз борган.

Гап шундаки, М.Файзуллаев бир умрга учинчи гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, ногиронлик нафақаси 2013 йилда номаълум сабабларга биноан тўхтатилган.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан миллий матбуот марказида журналистлар билан ўтказилган учрашувда мазкур муаммога ойдинлик киритишни сўрадик.

—Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 сентябрдаги «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорининг 163-бандида ногиронликнинг III гуруҳи белгиланган шахсларга, шу жумладан, 2011 йил 1 январдан кейин такрорий тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг ногиронликнинг III гуруҳи белгиланган шахсларга ногиронлик пенсияси тўланмаслиги, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлигини олган шахслар бундан мустаснолиги белгилаб қўйилган, — дейди Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижрочи директори Ёрқин ТУРСУНОВ. — Мазкур ҳужжатда «2011 йил 1 январдан кейин тиббий кўрикдан учинчи гуруҳ ногиронлигига тасдиқланганлар» дейиляпти. Бундан кўриниб турибдики 2011 йилдан олдинги йилларда бир умрга тасдиқланган ногиронларнинг пенсиясини тўхтатишга ҳуқуқий асос йўқ. Шу боис ҳозирги кунда республика бўйлаб айнан шу тоифага кирувчи 43 минг нафар фуқарога III гуруҳ ногиронлик нафақаси бериляпти. Агар фуқаро М.Файзуллаев ҳам илгари бир умрлик III гуруҳ ногирони этиб тасдиқланган бўлса, шу вақтгача ногиронлик нафақаси олиши керак эди. Чунки уни ногиронлик нафақасидан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Олинмаган ногиронлик нафақаси тўлаб бериладими?

— Умуман олганда, пенсия жамғармасида ҳам, бошқа соҳаларда ҳам умумий харажатлар олдиндан белгиланади. Бу дегани 50 фоиз пенсионерга пенсия тайинланса, шунга қараб маблағ ажратилади. М.Файзуллаевнинг пенсия пулини кимдир талон-тарож қилган ёки пенсия жамғармаси ушлаб қолган деган гумонга бориш нотўғри. У фуқаронинг нафақасини ҳеч ким олмаган, чунки унга нафақа ёзилмаган. Шундай экан, ўтган йилларда олинмаган нафақаси тўлаб берилмайди. Фақат фуқаронинг ногиронлик нафақасини қайта тиклаш ёки унга ижтимоий ёрдам сифатида нафақа тайинлаш мумкин. Борди-ю, касаллиги жиддий бўлса, уни иккинчи гуруҳ ногиронлигига ўтказиш керак.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Замонавий «топишмоқ»:  ўзи битта, нархи мингта

Замонавий «топишмоқ»: ўзи битта, нархи мингта

🕔17:41, 13.12.2018 ✔15

Дорихоналардаги нархлар «ўйини»га чек қўйиш масаласи нега қоғозда қолиб кетяпти?

Батафсил
Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

🕔18:05, 06.12.2018 ✔59

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Батафсил
«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

🕔17:43, 06.12.2018 ✔42

«Ўзбектелеком» интернет нархи ва тезлиги борасидаги ваъдасини бажардими?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар