Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

Аскарга ноёб жўнатмалар

Тақдир менга икки улуғ инсон: Турсунбой Адашбоев ва Матназар Абдулҳакимдан маънавий улги олишимни насиб қилди. Бу икки шахснинг бир-бирига ўхшаш жиҳатлари кўп эди. ​​​​​​​

Аскарга ноёб жўнатмалар

Уларнинг иккови ҳам умрини адабиётга бахшида қилиб яшади. Уларнинг иккови ҳам ҳаётдаги майда-чуйда ғийбатларга, икир-чикирларга эътиборсиз ҳолда ўз мақсади сари интилди ва садоқатли шогирдларини ҳам шунга даъват қилди. Уларнинг иккови ҳам тўғрисўз, адолатли инсон эди.

Турсунбой Адашбоев камина учун отамдай қадрли инсон эди. У киши билан ўсмирлик йилларимда хат орқали танишганман. Мактаб партасида қоралаб, унга йўлланган илк мактубимга илова қилиб ўн икки варақли кўк дафтарда машқларимни ҳам жўнатган эдим. Турсунбой ака ўша хатимни ва машқларимни авайлаб сақлаб қўйгани сабаб хонадонига борганимда уни тез-тез ўқиб, беғубор ўқувчилик йилларимни эслаб турардим. Ўша хатим қанчалик таъсирли ёзилганини билмадим-у, лекин устознинг ўзи ҳам «кўк дафтар битиклари»ни ҳеч қачон унутмади, ундаги дил изҳорларини ҳамиша эслаб, гапириб юрарди. Ҳатто 2011 йилда «Академнашр»да чоп қилинган «Шодлик ҳиди» китобимга ёзган сўзбошига ҳам «Кўкдафтарнинг сирлари» деб сарлавҳа қўйди.

Ўша илк мактубим Турсунбой Адашбоев ва камина ўртасидаги устоз-шогирдлик муносабатларининг мустаҳкам тамал тошига айланди.

Кутилмаган шодлик

1989 йилнинг 17 ноябрида ҳарбий хизматга жўнаб кетдим. Биз Тошкентгача поездда бордик. Аэропортга боргач, устознинг ишхонасига сим қоқдим, ҳамкасблари Турсунбой аканинг меҳнат таътилида экани ва туғилиб ўсган қишлоғига кетганини айтишди. Соғинчларга тўлган юрак билан аэропортдан Хабаровскка учиб кетдик.

Аскарликнинг дастлабки икки ойи Приморскда, сўнг Амурск вилоятида кечди. Бир жойдан иккинчи жойга кўчаётиб, у ерда қолаётган қадрдон дўстларимдан номимга хат келса, менга жўнатинглар, дея илтимос қилардим. Ниҳоят, Хабаровскнинг Бичиха посёлкасидаги ҳарбий қисмга муқимроқ ўрнашганимда Амурскда қолган тошҳовузлик туркман биродаримдан жўнатма келди. Унинг ичида менинг номимга келган хатлар бор экан. Қувончим ичимга сиғмай кетди, чунки икки ой ичида Турсунбой акадан икки марта мактуб келган экан. Уларни шоша-пиша очиб ўқий бошладим. Муаллиф ўз хатида ҳол-аҳвол сўрагач, хизмат жараёнида китоб ўқишга имкониятим бор ёки йўқлигини сўрабди. Китоб бу ерда сув билан ҳаводай зарурлигини айтиб дарҳол жавоб ёздим. Орадан чамаси бир ойлар вақт ўтиб номимга бир қучоқ жўнатма келди. Аскар дўстларим қанд-қурс, писта, туршак бўлса керак, деб ўйлаб дарров атрофимда жам бўлишди. Очиб қараганда, турли китобларни кўриб ҳайрон қолишди. Устоз юборган китоблар орасида Анвар Обиджон, Ҳамза Имонбердиев, Абдураҳмон Акбар, Николай Носов ва ўзининг «Уч бўталоқ ва сирли қовоқ» номли китоблари бор экан. Уларнинг аксариятига муаллифлар дасхати битилган эди. Икки йил давомида бу китобларни мазза қилиб ўқиб юрдим. Бундай жўнатмалар икки азиз устозларим: Турсунбой Адашбоев ва Матназар Абдулҳакимдан кейинчалик ҳам келиб турди.

Биринчи дийдор

Гарчи ёзишмаларимиз беш-олти йиллаб давом этган бўлса-да, устоз билан 1991 йилнинг октябрь ойи бошларида Узоқ Шарқдан ҳарбий хизматни тамомлаб қайтишда илк бора дийдорлашганман. Ўшанда устоз «Юлдузча» нашриётида фаолият юритар эди. Саккиз соатлик парвоздан сўнг самолёт азиз Ватанимиз пойтахтига келиб қўнгач, тўппа-тўғри «Юлдузча» нашриёти жойлашган Буюк Турон кўчаси 41-уйга йўл олдим. Бу ерда Анвар Обиджон, Ҳамза Имонбердиев ва Абдураҳмон Акбар мени жуда яхши кутиб олишди. Турсунбой ака қаергадир иш билан кетган экан, туш пайти келиб қолдилар. Илк дийдорлашув ана шу лаҳзада насиб этди.

— Мана, уйга ҳам соғ-омон қайтяпсиз, эндиги режалар қандай? — дея сўради Турсунбой ака.

Олдимда режа ва мақсадларим мавҳумлигича ётарди.

— Ота-онамнинг ёнида бўлиб, дала юмушларига қарашарман, — деб жавоб бердим устозга.

— Ёзда ўқишга топширинг, сиз, албатта, ўқишингиз керак, — деди Турсунбой ака.

Ёзда юз истиҳола билан ота-онамдан рухсат олиб Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига ўқишга кириш учун ҳужжат топширгани пойтахтга отландим. Тақдир сийлаб, талаба бўлдим. Ана шундан эътиборан Турсунбой ака Тошкентдаги энг яқин, энг дилдош инсонимга айланди. Бўш қолдим деганимча, устознинг ҳузурига отланаман, машқларимни кўрсатаман, маслаҳатлар оламан, гоҳо чўзилиб кетган мулоқотларда ҳаёт ва унинг турли синовлари борасида гурунглашардик.

Талабалик йилларим Турсунбой ака мендек қўли юпқа талабанинг илк китобини «Чўлпон» нашриёти ҳисобидан чиқариб ва унга мўмайгина қалам ҳақи ёзилишига кўмаклашганининг ўзида устознинг юксак одамийлик жиҳатлари кўзга ташланиб турарди.

Мард, тўғрисўз, болалардек беғубор, латифагўй бу инсон обрў, мансаб ва унвонпарастликдан йироқ эди. Устоз ҳамиша яхши асарлар ёзиш ва уларни ўқувчиларга туҳфа қилиш ўзининг асосий вазифаси эканини унутмади.

 

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

Уйга қайтишда бир китоб билан

Уйга қайтишда бир китоб билан

🕔17:32, 13.12.2018 ✔13

Бугун шитоб билан илгарилаб бораётган даврда қайсидир моддиятимизни бутлаб олиш илинжи бизга бир нафас тинчлик бермайди. ​​​​​​​

Батафсил
«Мутолаага бефарқ эмасмиз»

«Мутолаага бефарқ эмасмиз»

🕔17:32, 13.12.2018 ✔6

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабидаги тенгдошларимизнинг бугун қандай китоблар мутолааси билан банд экани ҳақида қизиқдик.

Батафсил
Аскарга ноёб жўнатмалар

Аскарга ноёб жўнатмалар

🕔16:10, 29.11.2018 ✔46

Тақдир менга икки улуғ инсон: Турсунбой Адашбоев ва Матназар Абдулҳакимдан маънавий улги олишимни насиб қилди. Бу икки шахснинг бир-бирига ўхшаш жиҳатлари кўп эди. ​​​​​​​

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Уйга қайтишда бир китоб билан

    Уйга қайтишда бир китоб билан

    Бугун шитоб билан илгарилаб бораётган даврда қайсидир моддиятимизни бутлаб олиш илинжи бизга бир нафас тинчлик бермайди. ​​​​​​​

    ✔ 13    🕔 17:32, 13.12.2018
  • «Мутолаага бефарқ эмасмиз»

    «Мутолаага бефарқ эмасмиз»

    Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабидаги тенгдошларимизнинг бугун қандай китоблар мутолааси билан банд экани ҳақида қизиқдик.

    ✔ 6    🕔 17:32, 13.12.2018
  • Аскарга ноёб жўнатмалар

    Аскарга ноёб жўнатмалар

    Тақдир менга икки улуғ инсон: Турсунбой Адашбоев ва Матназар Абдулҳакимдан маънавий улги олишимни насиб қилди. Бу икки шахснинг бир-бирига ўхшаш жиҳатлари кўп эди. ​​​​​​​

    ✔ 46    🕔 16:10, 29.11.2018
  • Ҳаётга янгича нигоҳ

    Ҳаётга янгича нигоҳ

    Тасаввур қилиб кўринг, бир тонг ғалати туш кўриб уйғондингиз. Сиз тақдирингиз муқаддимаси бўлмиш шу биргина туш туфайли ўзга юртларга борармидингиз? ​​​​​​​

    ✔ 45    🕔 16:09, 29.11.2018
  • Ботинга сафар

    Ботинга сафар

    Жойс феномени

    Модернизмнинг чўққиси бўлмиш Жеймс Жойс асарларига қизиқиш, ўқиш, ўрганиш, мана, юз йилдирки, тўхтаган эмас. У бутун дунёда севиб ўқилмоқда.

    ✔ 58    🕔 17:32, 22.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар