Ёшлар      Бош саҳифа

Мутолаа қилганларнинг ҳаммаси китобхон бўладими?

«Ёш китобхон» танлови иштирокчилари тадбирдан сўнг ҳам китоб ўқишни давом эттирадими?

Мутолаа қилганларнинг ҳаммаси китобхон бўладими?

Яқинда Ўзбек миллий академик драма театрида Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» асари асосида саҳналаштирилган спектаклга бордик. Ўз образларини маҳорат билан ижро этаётган актёрлар томошабинларни шунчалик сеҳрлаб қўйдики, бир он уларнинг дардини қалбдан ўтказдик.

Шу пайт ёнимда ўтирган ўғлимнинг пиқиллаб йиғлаши хаёлларимни тўзғитди. Норғозининг ўз отаси йўлига кўз тикиб, чекаётган оғир соғинч туйғуси ўғлимнинг ҳам қалбида ўзгача ҳисларни уйғотиб юборганидан хурсанд бўлдим. Саҳна асари якунига етгач, ўғлим бир неча кун ўша асар воқеалари ҳақида гапириб юрди. Унинг ота-онаси қаерда экани, нима учун у бунчалар азоб чеккани тўғрисидаги саволларининг адоғи кўринмасди. Энг ҳайратланарлиси эса, атрофидагиларга муносабати бутунлай ўзгарди. Назаримда, асар унга инсон қадр-қиммати нақадар юксак бўлишини тушунтириб бера олди...

Бугун юртимизда ёшларни китобхонликка, мутолаага жалб қилиш замирида ҳам уларнинг инсоний ҳисларини тарбиялаш, туйғуларини англаб етишга ўргатиш каби олий ниятлар мужассам.

«Ёш китобхон» кўрик-танлови ҳам кўплаб ёшларнинг китобга муҳаббатини оширишда катта туртки бўла олди, десак, янглишмаймиз. Ўз ақл-тафаккури, ўқиган асарлари асосида олган билимига таяниб, ғолибликни қўлга киритиш учун тиришқоқлик билан ҳаракат қилаётганлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.    

— Ушбу танлов орқали биз ёшларга буюк адиб ва мутафаккирларнинг нодир мероси, ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўргатиш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштиришга эриш­япмиз, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши бўлими мудири Жаҳонгир ШЕРБОЕВ. — Йил давомида китобхонлик кечалари, мушоиралар ташкил этилди. «Ёш китобхон» танловида иштирок этиш учун жорий йилда 30 минг 133 нафар сирдарёлик ёшлар мурожаат қилди. Саралаш босқичларида учта ёш тоифаси бўйича жами 157 нафар иштирокчи 86 ва ундан юқори балл олиб, танловнинг 2-босқичига, маҳаллий босқичда эса, 31 нафар қатнашчи вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Бугун ёшларимиз ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик каби салбий ҳолатлар учраб тургани ҳеч кимга сир эмас. Ўзи билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолганлар билан суҳбатлашсак, улар ҳали яхши билан ёмоннинг фарқини тўлиқ англаб етмаганини кўриб ҳайрон бўламиз. Баъзилари ҳатто қилган ишидан афсус чекишни ҳам билмайди. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун, энг аввало, фарзандларимизга кичиклигидан ҳаётнинг асл моҳиятини, инсонийлик, атрофдагиларга меҳр кўрсатиш кабиларни сингдириб боришимиз зарур. Бу йўлда эса энг яхши восита китобдир.

— Уйимизда уч мингга яқин адабиёт бор, — дейди 15-19 ёш тоифаси вилоят босқичи ғолиби, Гулистон академик лицейи ўқувчиси Азамат ­ФАЙЗУЛЛАЕВ. — Онам мактабга чиқмасимдан ёзиш-чизишни ўргатган. Олти ёшимда мустақил равишда эртаклар ўқий бошлаганман. Айни вақтда 300 га яқин бадиий китобни мутолаа қилиб улгурдим. Уларни хаёлан таҳлил қиламан. «Мен ёзувчи бўлганимда, қандай қаҳрамон орқали нимани кўрсата олардим?», деган саволни ўзимга кўп бераман. «Ёш китобхон» танловига тайёргарлик кўриш жараёнида фикрларим ўзгарганини, дунёқарашим кенгайганини сездим.

Албатта, ҳеч бўлмаса, бир инсонда китоб мутолаасига рағбат уйғотиш, унга ҳаётнинг асл моҳиятини англатишга йўл очиб беришнинг ўзи жуда катта хайрли иш. Танлов сабаб қўлига китоб олаётган ёшларимиз кўпаяётгани кишини шундай қувонтиради.

Аммо шу ўринда масаланинг эътибордан четда қолаётган яна бир жиҳатига тўхталиб ўтиш жоиз. Танловнинг аввалги йилги иштирокчилари билан суҳбатлашиб, уларнинг кўпи фақат ғолиб бўлиш мақсадида китоб мутолаа қилгани сезилиб қолди. Қатнашчиларга тақдим этилган адабиётларни кўр-кўрона ёдлаб олиш асарнинг асл мазмунини англаб етишга тўсиқ бўлаётганини ҳам кўриш қийин эмас.

Шу ўринда танловни ўтказиш жараёнига айрим ўзгартиришлар киритиш керакдир балки, деган фикрлар ҳам билдирилмоқда. Сабаби, киши юзлаб китобни ўқиб чиққани билан китобхон бўлиб қолмайди. Мутолаага ҳақиқий меҳр, асарни қалбан ҳис қилиш йиллар давомида шаклланади. Айтайлик, ёшлар қўлига аниқ белгиланган адабиётлар рўйхатини бериш уларни маълум маънода чегаралаб қўймаяптимикан? Тўғри, адабиёт худди денгиз каби, унинг охирига етиб бориш мушкул. Аммо муайян йўналиш ва жанрлардаги адабиётларни тавсия этиб, уларнинг орасидан ҳақиқий ғолибларни саралаб олиш ҳам мумкин. Ҳар ҳолда, улар ўз устида ишлайди. Адабиётларни саралашни ўрганади. Бу бугун танлов баҳона қўлига илк марта китоб олган, вақт ўтиб ҳаммаси ўз ниҳоясига етгач, китобга қайрилиб ҳам қарамайдиган ёшларни ҳам пайдо қилиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам бугун орамизда китоб ўқиётган ёшларнинг кўпайиб бораётгани қувонарли. Гуруч курмаксиз бўлмагани каби, иштирокчилар орасида қандайдир ўткинчи мақсадларни кўзлаб қатнашаётганлар ҳам борлигини унутмасак бўлгани. Вақт — олий ҳакам. Майли, улар ўнта, юзтанинг ичида битта бўлса ҳам зарари йўқ. Қўлида китоб тутяпти-ку!

...Кеча Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» китобини ўғлимга совға қилдим. Уни берилиб, ўзгача бир ташналик билан ўқишга киришди. 

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Ёшлар иттифоқидан ёш оилаларга кўмак

Ёшлар иттифоқидан ёш оилаларга кўмак

🕔17:34, 13.12.2018 ✔9

Оила масъулиятини тушунмаган ёш келин-куёв уни қандай сақлаб қолади?

Батафсил
Шахматчиларимизнинг тарихий ғалабаси

Шахматчиларимизнинг тарихий ғалабаси

🕔17:33, 13.12.2018 ✔10

Бу уч нафар ёшгина шахматчи йигит мусобақада ўзининг энг кучли сифатларини намойиш этди. ​​​​​​​

Батафсил
Мутолаа қилганларнинг ҳаммаси китобхон бўладими?

Мутолаа қилганларнинг ҳаммаси китобхон бўладими?

🕔16:11, 29.11.2018 ✔52

«Ёш китобхон» танлови иштирокчилари тадбирдан сўнг ҳам китоб ўқишни давом эттирадими?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар