Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Аризачи қўлида «қилич», директорда «қалқон», ўртада сарсон ўқитувчилар...

Бир фуқаронинг таҳририятимизга кетма-кет мурожаати, қолаверса, вазиятни жойига бориб ўрганишни сўраб қилган илтимоси билан Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Оқсой» МФЙ Товоқбулоқ қишлоғида бўлиб, 51-умумтаълим мактабида журналистик текширув ўтказдик.

Аризачи қўлида «қилич»,  директорда «қалқон»,  ўртада сарсон  ўқитувчилар...

Очиғи, муаммони ўрганиб, мавзуни матбуотга кўтариб чиқишга истиҳола қилдик. Ахир, нима бўлганда ҳам мактабилм даргоҳи. Хулосамизни туман халқ таълими бўлими вакилига айтиб қайтар эканмиз, узоқ йиллардан буён бу мактабда таълим бериб келаётган муаллимлардан бири йўлимизга чиқиб, салкам уч йилдан буён чўзилаётган аризабозлик, текшир-текширлар ўқитувчиларнинг тинка-мадорини қуритгани, ҳатто, ўқувчилар олдида бош кўтаролмай қолганини айтиб, ёрдам беришни илтимос қилди. Шу мулоҳазалар билан қўлга қалам олдик...

Товоқбулоқлик Жўрабек Тўрақуловнинг қишлоқ мактабидаги ёмон аҳвол, таълим сифатининг пастлиги, спорт иншооти ва компьютер синфи йўқлиги, мактаб директорининг вазифасига нолойиқлиги, ўқитувчилар орасидаги носоғлом муҳит, қўйингки, жисмоний тарбия муаллимининг тарих фанидан дарс ўтишигача бўлган бир дунё эътирози бор. У бу ҳақда вилоят, туман халқ таълими мутасаддиларига, таҳририятлар, телевидение, ҳокимият, прокуратура, ҳатто Президент виртуал қабулхонасигача мурожаат қилган. Аммо аризачи уларнинг ҳеч биридан қониқмаган ёхуд эътирознинг янгилари пайдо бўлган.

«Нечанчи синфда ўқирди-а?..»

51-умумтаълим мактаби 2015 йилда 120 ўринли янги бинога кўчган. Унда 150 дан зиёд ўқувчи таълим олади. Мактаб — қишлоқдаги ягона давлат муассасаси. Ҳатто маҳалла фуқаролар йиғини ҳам қўшни Оқсой қишлоғида жойлашган. Қишлоқда 150 дан зиёд хонадонда 800 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Мактаб атрофида бўлаётган воқеалардан ёшу қари хабардор. 

Қишлоқ оқсоқоллари Носир Ҳақмуродов ва Халил Искандаров мақсадимизни эшитиб, қишлоқ ярми аризачининг, қолгани мактаб директорининг қариндоши ёки тарафдошлигини айтиб, кузатувчисиз, ўзимиз уйма-уй киришимизни маслаҳат беришди.

Ота-оналарни мактаб фаолияти ва фарзандининг ўқиши борасида ўзимизни қизиқтирган саволларга тутдик. Хулоса шу бўлдики, оқсоқоллар айтганидек, товоқбулоқликлар таълим масаласида фикри иккига бўлинган. Ярми аризачини «ёзувчилик»да, ўқитувчилар ишига асоссиз аралашувда айбласа, қолгани таълим сифатидан қониқмайди. Боланинг билими, авваламбор, оиладаги тарбия ва назоратда, деб ҳисоблайдиган холислар ҳам йўқ эмас. Фарзандининг ўқиши бўйича берган саволларимизга шошиб қолган оталар кўпчиликни ташкил этди. Улар орасида боласининг синфини ҳам билмасдан, «Нечанчи синфда ўқирди-а?..» дегувчилар ҳам бўлди. Боласининг синф раҳбари ким эканини билмаслик энди бутун мамлакат миқёсидаги алоҳида муаммо.

Суҳбатда ота-оналар мактабда спорт зали ва зарур анжомлар йўқлигидан шикоят қилишди. Бугунги ахборот асрида мактабда компьютер синфи йўқлигини ҳам афсус билан таъкидлашди, ёрдам сўрашди.

Уч йиллик аризабозлик

Нуробод тумани халқ таълими бўлими мудири Равшан Тўраевга 51-умумтаълим мактабидаги ҳолат яхши таниш экан. Бизни жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлинмаси мутахассиси Прим Мустафоев билан боғлаб қўйди.

У мактаб бўйича сўнгги уч йиллик ёзишмалар билан таништирди. Барчасида фуқаро Ж.Тўрақуловнинг аризаси, текширувлар, баённомалар...

— 51-умумтаълим мактабида муаммолар илк марта 2016 йилда фуқаро Ж.Тўрақулов ва қишлоқдошлари томонидан кўтарилган, — дейди Прим Мустафоев. — Ўша пайтда ҳақиқатан ҳам камчиликлар кўп эди. Ариза асосида ишчи гуруҳи тузилиб, таълим сифати мониторинги ўтказилган. Камчиликлар аниқланиб, ўша пайтдаги мактаб директори, ўринбосари вазифасидан озод этилган. Шикоятчиларнинг четдан эмас, ўзимизнинг кадр келсин, деган талаби билан, ёш бўлишига қарамасдан, товоқбулоқлик Нуриддин Бобоноров директор этиб тайинланган. Шу билан вазият гўё тинчигандек эди, аммо сал ўтиб яна аризабозлик бошланди. 

Ж.Тўрақуловнинг эътирозларига бирма-бир ойдинлик киритдик. Масъулнинг айтишича, ўқувчилар сони 180 нафардан кам бўлгани учун мактабда спорт зали қурилиши 2025 йилга мўлжалланган. Жавобга кўнмасдан иложимиз йўқ. Чунки, бу бюджетдан ажратиладиган маблағга боғлиқ. Аммо республикамизда ҳали спорт зали бўлмаган қишлоқ мактабларининг кўплигини эътиборга олсак, халқ таълими вазириги масалани ҳукумат даражасида кўтариб, муаммога тезроқ ечим топса, яхши бўларди. Акс ҳолда, «соғлом авлод тарбиялаш» каби шиорлар ўз моҳиятини йўқотади. Ахир, бугун биринчи синфга борган ўқувчи  2025 йил келиб, спорт зали қурилгунча 14 ёшга тўлади. 

Компьютер синфига келсак, Прим Мустафоевнинг таъкидлашича, ҳар йили марказлашган ҳолда вилоятлар, туманлар ва эҳтиёжига қараб мактаблар компьютер синфи билан таъминланмоқда. 51-мактаб ҳам навбатда турибди.

Излаган имкон топади. Самарқанд саноатлашган, ривожланган вилоятлардан бири. Наҳотки, қишлоқ мактаби учун 10 дона компьютерни (ҳомийликни қўятурайлик) вилоятдаги йирик ташкилотларнинг омборида эскирган, деб чанг босиб ётган компьютерлар ҳисобига ҳам тўлдириш мумкин бўлмаса. Йўқдан кўра, ўқувчилар вақтинчалик фойдаланиши  мумкин-ку!

Яқинда Глобал тадбиркорлик ҳафталиги доирасида Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров шундай фикр билдирди: «Биз ўқув дастурларини қайта кўриб чиқмоқдамиз. Мисол учун, ахборот технологиялари бўйича дастурлар қайта кўриляпти, ўқувчиларга дастурлашни ўрганиш ва мактабни битирганларидан сўнг пул топиш учун имконият яратишимиз керак». Бу илғор ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Аммо компьютер йўқ мактаблар билан вазир ўринбосарининг ғояларини ҳаётга татбиқ этиб бўлармикан?

— Ўқувчилардан пул йиғиш масаласи Ж.Тўрақуловнинг жорий йил сентябрда Президент виртуал қабулхонаси ишонч телефонига юборган мурожаатида ҳам кўтарилган, — дейди Прим Мустафоев. — Ҳақиқатда баъзи ота-оналар ўз ихтиёри билан ҳомийлик тариқасида (7 нафар ота-она) синф хоналарни таъмирлаш учун 15 минг сўмдан бергани аниқланди. 

Мактабда пул йиғиш (фақат обунага эмас!) муаммоси — бутун республикага хос. Аммо «етти нафар ота-онадан пул йиғилган» деган фикрга унчалик ишонмадик. Сабаби, биз учрашган ота-оналарнинг деярли барчаси таъмир учун пул йиғилишини тасдиқлашди. Қувонарлиси, 51-мактабда пойтахт мактабларидагидек ҳар ойлик «фонд пули» деб аталувчи йиғимлар йўқ экан.

Ж.Тўрақуловнинг жорий йил апрель ойидаги навбатдаги аризаси асосида, 2017-2018 ўқув йилида номутахассис ўқитувчиларга дарс соатлари ажратиб бериш ҳолати аниқланган. Бунинг учун директор Н.Бобоноров ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Б.Ўроқовга тегишли тартибда «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.

Кўриниб турибдики, Ж.Тўрақуловни аризабозликда айблашга ҳам асосимиз йўқ. Унинг эътибори билан салбий ҳолатларга барҳам берилган. Йўқса, «тарих фанидан жисмоний тарбия ўқитувчиси дарс бериб юраверарди-да».

Ўқитувчиларнинг салоҳияти тўғрисида гаплашганимизда халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Латиф Элмуродов масалага индивидуал ёндашишни маъқул кўрди.

— Мактабда ўқувчи кам. Дарс соатлари озлиги учун малакали кадрлар қишлоқ мактабларига бориб ишлашни маъқул кўрмайди. Йўл харажати ҳам бунга қўшилади, — дейди у. — Шунга қарамасдан бир неча ўқитувчи қўшни Сазоғон қишлоғидан қатнаб ишлайди.

Жорий йил май ойида вилоят халқ таълими бошқармаси Ж.Тўрақуловнинг аризаси юзасидан Халқ таълими вазирлигига ёзган жавобида «ўрганиш давомида мактаб ўқувчиларининг билим даражаси пастлигини инобатга олиб, вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан методик ёрдам кўрсатиш режалаштирилган»и айтилган.

Хўш, бошқарма сўзида турдими? Мактаб ўқитувчиларидан бу ҳақда сўраганимизда, очиғи, улар гап нима ҳақда кетаётганини тушунмади. Ҳа, малакали ўқитувчилар етишмаслиги ҳам деярли ҳар бир мактабдаги муаммо десак, адашмаймиз. Бу масала қачонки шу юрт фарзандлари яхши ўқиб, илм эгаллаб, келажакда педагог бўлиб, қишлоқда ишласагина ҳал этилади.

Туман халқ таълими бўлимидан маълум қилинишича, Ж.Тўрақуловнинг сўнгги мурожаатлари энди қуюшқондан чиқиб кетди. Аввалги аризаларида келтирилган масалалар ҳал этилди. Айбдорларга чора кўрилди. Бироқ, Ж.Тўрақуловнинг тўхташ нияти йўқ.

— Унинг навбатдаги аризаси билан жорий йилнинг 6 ок­тябрида мактаб ўқитувчилари, ота-оналар ва ўқувчилар иштирокида умумий йиғилиш ўтказилди. Унда туман адлия бўлими бошлиғи Н.Сафаров, туман ҳокимлиги бош ҳуқуқшуноси Т.Пармонов, «Оқсой» МФЙ раиси Б.Расулов ва халқ таълими бўлимидан ўзим иштирок этдим, — дейди Прим Мустафоев. — Унда аризачининг мактаб директори Н.Бобоноровнинг вазифасига нолойиқлиги, унинг малакали ўқитувчиларни ишдан четлаштириши, ўқувчиларни уриши юзасидан мурожаати кўриб чиқилди. Йиғилишда ушбу важларнинг ҳеч бири ўз исботини топмади. Ота-оналар сўзга чиқиб, икки йилдан буён таълим-тарбия яхши томонга ўзгарганини таъкидлашди.

Мактабда  нима гаплар?

Мактаб директори Н.Бобоноров берган маълумотларга кўра, бугунги кунда ушбу таълим муассасасида 18 нафар педагог ишлайди. Улардан 15 нафари олий маълумотли, шундан 9 нафари эркак ўқитувчи.

Туман ҳалқ таълими бўлимидан бириктирган вакил Улуғбек Қурбонов иштирокида ўқитувчилар билан бирма-бир аноним суҳбат ўтказдик. Кўпчилик директордан эътирози йўқлигини айтди. Шу билан бирга, Н.Бобоноровнинг вазифасига нолойиқ, деб ҳисоблайдиган ҳам топилди. Аммо уларнинг «деди-деди» гапларини ёзишни, шахсий эътирозларига тўхталишни эп билмадик. Фақат бир кекса ўқитувчи «директорнинг ҳали ёшлиги, тажрибасизлиги, қизиққонлиги туфайли ўқитувчилар билан муомалада баъзан ҳурмат чегарасидан чиқиб кетиши, ўқувчилар олдида ҳам изза қилиши» ҳақида бироз куюниб айтиб қолди.

Мактаб янги, синфхоналар чиройли бўлишига қарамасдан, биз борган куни (16 ноябрь) иситиш тизими ишламаётгани учун жуда совуқ эди. Кўп эмас, 2-3 соат ўтириб, совуқ ва зах ҳам оёғимиздан, ҳам белимиздан урди. Дам-бадам ташқарига чиқиб қуёшда исиниб келдик. Зах синфхоналарда ўтирган ўқувчиларга — болаларимизга ичимиз ачишди. Иситиш мавсуми 15 октябрдан бошланганидан хабарсиз директор, «Ҳали вақт бор-ку, энди ёқамиз», деган жавобни берди. «Яна «печь»ни ёқувчи ишчи қидиряпмиз», дея қўшимча қилди. Қишлоқда ким кўп, ишсиз одам. Шунинг учун кўмир ёқадиган одам топилмаслигига ишониш қийин.

Ариза беҳуда ёзилавермайди

Кўриб турганингиздек, каттами-кичикми муаммолар бор. Қарс икки қўлдан чиқади. Фуқаро Ж.Тўрақулов жон куйдириши замирида қишлоқ болаларининг камол топишини, илму фан сирларини ўрганиб, одам бўлишини исташини айтади. Унинг мурожаатлари билан таълимда йўл қўйилган айрим камчиликлар тузатилган. Лекин танганинг иккинчи томонидан кўз юмишнинг асло иложи йўқ. Директордан тортиб, ўқитувчиларгача ҳамма аризабозликдан чарчаган. Ариза ва унинг орқасидан бўладиган йиғилишлардан муаллимлар безиб қолган. Ҳар бир аризадан сўнг, директор билиб-билмай айрим ўқитувчиларни «шикоятчи»га, гап етказишда айблайди, ўзига душман билади. 

Ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган мураббийлар нима учун аризачи ва директор ўртасидаги жанжалнинг қурбони бўлиши керак?! 

Яна бир мулоҳаза. Ж.Тўрақулов аризабозлигининг охири кўринмаётгани — жамиятимизда фуқаро мурожаатини кўриб чиқишда эскирган усул ҳанузгача давом этаётганида. Сир эмас, фуқаро шикояти ҳар қанча юқори ваколатли органга юборилмасин, айланиб-айланиб яна ижро учун пастки бўғинга тушаверади. Йўқса, Ж.Тўрақуловнинг мурожаатлари, доимо у «жавобини тан олмайдиган» туман ҳалқ таълими бўлимига келавермасдан, балки вилоятдан ёки вазирликдан вакил келиб, муаммони жойида ўрганиб, шикоятчига ётиғи билан тушунтирганида, қоғозбозлик уч йилгача чўзилмасмиди?

Ўйлашимизча, гап энди фақат шу одамлар, аниқроғи, товоқбулоқлик зиёли ва оқсоқолларда қолди. Қишлоқдаги ягона таълим  муассасасида фарзандларининг яхши билим олишига шароит яратиш, ўқитувчиларнинг хотиржамлигини таъминлаш фақат уларнинг қўлида.

Вазирлик нега жим?

Биз мактаб масаласида Халқ таълими вазири номига хат ёзиб, муаммони ҳамкорликда,  жойида ўрганиш учун вазирлик тизимидан масъул ходим ажратилишини сўраб, икки марта мурожаат қилдик (8 сентябрь, 5 октябрда).  Қарангки, вазирлик масъул ходим ажратиш тугул, иккала хатимизга бир энлик жавоб ёзишни ҳам эп билмади. Вазирлик телефонларига қилган қўнғироқларимиз ҳам самарасиз кетди. 1006 рақамли «Ишонч телефони»га ҳар сафар телефон қилганимизда эса доимо «Кечирасиз, ҳозирги вақтда ҳамма операторлар банд...», деган жавобни қайтаришдан чарчамайди. Вазирликнинг ўзи мурожаатга мана шундай бепарволарча муносабатда бўлса, қишлоқдаги оддий фуқаролар додини кимга айтсин?!

P/S. Мактабнинг кираверишида девордаги катта «плакат»га кўзимиз тушди. Унда ­Алишер Навоийнинг «Оламда китобдан азиз дўст йўқдир», деган ҳикматли гапи иккита хато билан ёзилганди. Уни мактаб тайёрлатганми, буюртма билан юқоридан тарқатилганми, ҳар қалай буни ўқувчилар ҳар куни кўргани, ўқигани бор гап. Нима ҳам дердик, хизмат сафарида мактабда таълим, саводхонлик ҳақидаги олган барча таассуротларимиз илм даргоҳидаги хато ёзувдан сўнг чиппакка чиқди.

Бахтиёр ҲАМИДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Замонавий «топишмоқ»:  ўзи битта, нархи мингта

Замонавий «топишмоқ»: ўзи битта, нархи мингта

🕔17:41, 13.12.2018 ✔15

Дорихоналардаги нархлар «ўйини»га чек қўйиш масаласи нега қоғозда қолиб кетяпти?

Батафсил
Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

🕔18:05, 06.12.2018 ✔59

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Батафсил
«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

🕔17:43, 06.12.2018 ✔42

«Ўзбектелеком» интернет нархи ва тезлиги борасидаги ваъдасини бажардими?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар