Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Биз йўқотган гавҳарлар қанча?

Нега маданий мерос объектларини таъмирлаш ва муҳофаза қилишга етарли миқдорда маблағ ажратилган бўлишига қарамасдан улардан самарали фойдаланиш ва тўлиқ ўзлаштиришда камчиликлар мавжуд?

Биз йўқотган гавҳарлар қанча?

Болалигимдан юртимизнинг бой тарихига, муқаддас қадамжоларига, моддий ва маданий объектлари ҳисобланган ноёб дурдоналарига меҳрим тушган. Ана шу иштиёқ сабаб юртимиздаги аксар қадимий обидаларни кезиб чиқишимга тўғри келган. Масалан, Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа ва Беруний туманлари оралиғида узоқ вақтдан бери савлат тўкиб турган Аёзқалъа яқинидаги Қўрғошинқалъа, Девқалъа, Қирққизқалъа сингари обидаларнинг бугунги ҳолати ҳавас қилгулик даражада эмас. Очиғи, мамлакатимиздаги мавжуд 7 минг 638 маданий мерос объектида (шундан 4 мингтаси археологик объект бўлса, мингдан ортиғи архитектура бинолари) реконструкция қилиш, таъмирлаш, чегаралари ва муҳофаза ҳудудларини белгилаш, кадастр рўйхатидан ўтказиш ишлари ҳалигача оқсамоқда.

Чиндан ҳам, обидалар билан боғлиқ муаммолар бугун етарлича. ЮНЕСКО мутахассислари зарур обидаларга эътибор қаратгачгина, реставрация ёки консервация қилиш масаласи ҳал этилиши мумкин. Унгача бу ҳақда гапириш бироз ноқулай.  

— Аслида реставрация жараёни илм-фан билан узвий боғлиқ бўлиши керак, — дейди Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола ­Оқилова. — Масалан, Францияда унга фан сифатида қаралади. Реставрацияга ҳатто, рассомлар ҳам жалб этилмайди. XII асрда қурилган Сен-Жермен черкови реставрация қилинганда ўта эҳтиёткорлик билан иш олиб борилган. Тозалаш тиш чўткасида амалга оширилган. Энг асосийси, биздагига ўхшаб, реставрация билан таъмирлаш ишлари бир-бирига аралаштириб юборилмайди.

Яқинда бир қатор оммавий ахборот воситаларида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги Шамун Наби мақбарасининг (XII-XIV аср) таъмиридан сўнг асл ҳолати ўзгаргани ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилди. Мақбаранинг таъмиридан аввалги ҳамда кейинги ҳолати акс этган расмларда ҳам буни сезиш мумкин. Чиндан ҳам, бино аслидан бироз бошқача бўлиб қолгандай. Албатта, ҳақиқий хулосани фақат экспертлар беради. Агар ушбу ҳолат ўз исботини топса, мазкур мақбарани таъмирлаган лойиҳа корхонаси жавоб беришига тўғри келади.

Бухородаги Абдулазизхон мадрасаси пойдеворига сув сизиб кириши натижасида у бугунги кунда ачинарли аҳволга келган, ёдгорликнинг бир қисми қулаб тушган. Қизилқалъа ёдгорлиги Беруний шаҳри марказидан йигирма саккиз чақирим масофада жойлашган. Мазкур қалъа ҳам табиий таъсир натижасида тобора нураб бормоқда.

Савол туғилади: ушбу обидалар тўкилиб, ер билан битта бўлгунча томошабин бўлиб қараб турилаверганми?

«Наҳотки, бутун дунёни ҳайратлантирган маданий меросни реставрация (қайта тиклаш), консервация (асл ҳолича сақлаш) қилишга киришилмаган» каби саволлар юзага қалқиб чиқади. Хатлов ўтказилиб, аниқланган маълумотлардан юрагингиз музлаб кетади. Мазкур жараёнда 259 та объектнинг бутунлай йўқ бўлиб кетгани аён бўлди. Қизиғи, улар йиллар давомида рўйхатдан-рўйхатга ўтказилиб, мавжуд, деб келинаверган. Реставрация соҳасини биладиган мутахассислар эса анқонинг уруғи. Борлари ҳам ўз ишининг устаси эмас.

Ҳар бир обиданинг ўз эгаси бўлса...

Ўзбекистон бой тарихий-маданий меросга эга. Бу гўшада ибтидоий, қадимий, ўрта аср маданиятининг ўта ноёб ёдгорликлари сақланиб қолган. Маданий мерос объектларини таъмирлаш ва муҳофаза қилишга 2016 йилда 22 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлса, бу миқдор жорий йилда 46,7 миллиард сўмни ташкил этди. Ушбу ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш ва тўлиқ ўзлаштиришда камчиликлар кузатилган. Ўрганишлар жараёнида ажратилган маблағдан бор-йўғи 17 миллиарди сарфлангани аён бўлди. Бу атиги ўттиз фоизга етади. Қолаверса, мавжуд қадимий обидаларни асраб-авайлашнинг ўзи бўлмайди. Боз устига, мазкур масалага то шу кунга қадар аниқ ечим топилмаган. Энди бу ёғига мавжуд муаммолар узил-кесил ҳал этилади.

Гап шундаки, келгуси йилдан бошлаб, мамлакат миқёсида ўн минг нафар жамоатчилик инспекторлари штати жорий этилди. Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманидаги Шамун Наби ва Беруний туманидаги Қизилқалъа сингари қадимий масканларга эса, икки нафардан инспектор бириктириш кўзда тутилган. Назоратчилар ўзига бириктирилган объектларнинг ҳолати ва хавфсизлигига масъул бўлади. Улар керакли алоқа ва бошқа зарур буюм ва ускуналар билан тўлиқ таъминланади. Тағин бир гап, Бухорои шарифдаги мавжуд тўққизта обидани реставрация қилиш учун зарур миқдордаги маблағ тайёр. Фақат БМТнинг ЮНЕСКО ташкилотидан келган мутахассис ва экспертлар обидалар аҳволи билан танишгач, ўша маблағ берилиши мумкин. Бундан мақсад, ортиқча сарф- харажатга чала иш бажаришга йўл қўймасликдир.

Қўриқхона  мақоми керак

Вақт ўтиши билан турли урушлар, зилзилалар, ҳар хил даврда турлича мақсадларда фойдаланиш ва кўплаб таъсирлар натижасида юртимиздаги обидаларнинг ўтмишдаги дастлабки кўриниши секин-аста йўқола борган. Галдаги вазифа ана шу гавҳарларнинг қолган қисмини бўлса-да асраб қолиш.

— Соҳадан яхши хабардор мутахассис сифатида шуни айтишим керакки, обидаларга муносабатни бундан бу ёғига ўзгартиришимиз зарур, — дейди Маданият вазирлигининг Жамоатчилик билан ишлаш кенгаши раиси Зафар ­Абдуллаев. — Таклифим,  барча обидаларга тезроқ давлат миқёсидаги қўриқхона, деган мақомни бериш керак. Ана шундагина мазкур обидаларни келгуси авлодларга яхши ҳолатда етказиш мумкин.

Чиндан ҳам, соҳа жонкуярининг куюниб айтган фикрлари ўринли. Бу ишга қанча тез киришилса, шунча яхши. Шундагина юртимизга сайёҳлар оқими ҳам янада кўпаяди.

— Оролбўйи не-не тарихий воқеа-ҳодисаларга шоҳид бўлмаган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири Қалбай Турдиев. — Бу қадим гўшага қизиқиш кундан-кунга ошмоқда. Бугунга қадар 86 та объект хатловдан ўтказилди. Хатловни ўтказишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Бунинг учун етарли миқдордаги маблағ зарур.  Сўнгги вақтларда Қорақалпоғистон ҳудуди тупроғи тобора шўрланиб бормоқда. Ҳозир шўр балосига сариқ чумоли (термит)лар ҳужуми ҳам қўшилган. Ундан кўплаб қадимий иморатлар зарар кўрмоқда. Қирққизқалъа, Девқалъа, Қўрғошинқалъа сингари ноёб ёдгорликларга ҳам маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиш фурсати аллақачон етган.

Мушоҳада ва фикр-мулоҳазалардан шундай хулоса келиб чиқади: демак, биздан юртимизнинг тарихий жавоҳирларини гард юқтирмай, асл ҳолича сақлаш талаб этилади. Зеро, биргина сайёҳлик соҳасининг ўзи юртимиз довруғи ва аҳолининг даромади ошишига сабаб бўла олади...

«Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар.  Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир».

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси,

49-модда

 

Улуғбек ЖУМАЕВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«Черняевка» эмас,  Ғишткўприк десак нима бўлади?

«Черняевка» эмас, Ғишткўприк десак нима бўлади?

🕔17:35, 13.12.2018 ✔14

Аслида тил ҳам тирик жон. У ҳам эркин нафас олиши, муттасил ривожланиб бориши керак.

Батафсил
Устозми ёки «…вич»?!

Устозми ёки «…вич»?!

🕔17:34, 13.12.2018 ✔16

Шўролар замонида ота исмига «…вич» қўшиб айтиш қоидаи қонунга айланган эди. Айниқса, раҳбарман деган борки (шу жумладан, ташкилот ва идора ходимларини ҳам), унга фалончи писмадончиевич деб, мурожаат қилинмаса, осмон узилиб ерга тушарди. ​​​​​​​

Батафсил
Биз йўқотган гавҳарлар қанча?

Биз йўқотган гавҳарлар қанча?

🕔16:18, 29.11.2018 ✔63

Нега маданий мерос объектларини таъмирлаш ва муҳофаза қилишга етарли миқдорда маблағ ажратилган бўлишига қарамасдан улардан самарали фойдаланиш ва тўлиқ ўзлаштиришда камчиликлар мавжуд?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Черняевка» эмас,  Ғишткўприк десак нима бўлади?

    «Черняевка» эмас, Ғишткўприк десак нима бўлади?

    Аслида тил ҳам тирик жон. У ҳам эркин нафас олиши, муттасил ривожланиб бориши керак.

    ✔ 14    🕔 17:35, 13.12.2018
  • Устозми ёки «…вич»?!

    Устозми ёки «…вич»?!

    Шўролар замонида ота исмига «…вич» қўшиб айтиш қоидаи қонунга айланган эди. Айниқса, раҳбарман деган борки (шу жумладан, ташкилот ва идора ходимларини ҳам), унга фалончи писмадончиевич деб, мурожаат қилинмаса, осмон узилиб ерга тушарди. ​​​​​​​

    ✔ 16    🕔 17:34, 13.12.2018
  • Биз йўқотган гавҳарлар қанча?

    Биз йўқотган гавҳарлар қанча?

    Нега маданий мерос объектларини таъмирлаш ва муҳофаза қилишга етарли миқдорда маблағ ажратилган бўлишига қарамасдан улардан самарали фойдаланиш ва тўлиқ ўзлаштиришда камчиликлар мавжуд?

    ✔ 63    🕔 16:18, 29.11.2018
  • Йил олимлари маълум,  улар кимлар?

    Йил олимлари маълум, улар кимлар?

    Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Нидерландиянинг илм-фанга ихтисослашган Elsevier нашриёт компанияси билан биргаликда дунёнинг йирик илмий-таҳлилий маълумотлар базаси бўлган Scopus статистикаси бўйича самарали фаолият юритаётган ўзбекистонлик етакчи олимлар номларини эълон қилди.

    ✔ 46    🕔 16:17, 29.11.2018
  • Вақт кимлигингизни фош этади

    Вақт кимлигингизни фош этади

    Бу фаранг мутафаккири Рене Декартнинг рақамларда ифодаланган қизиқ «статистика»си. 

    ✔ 77    🕔 19:02, 22.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар