Саломатлик      Бош саҳифа

Ҳомиладорлик тавсия этилмайди. Агар...

Қандай хасталиклар  бўлажак оналар ҳаётига хавф туғдириши мумкин?

Ҳомиладорлик тавсия этилмайди. Агар...

Ҳомиладорлик аёл танасида турли ўзгаришларни юзага келтиради. Баъзан у ўзини ўйлантираётган масалаларни яқинларидан, шифокордан сўрашга андиша қилиши мумкин. Айрим вақтларда бу жиддий асоратларга ҳам сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.

Аслида қандай касалликлар ҳомиладорликка мутлақ монелик қилади? Уларнинг олдини олиш ва даволаш қанчалик самара беради?

Инсон ҳаёти — азиз

— Баъзи аёллар, яхшиман-ку, нега шифокорлар ваҳима қилаверади, деб ўйлайди, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Мақсуд ­МАҲМУДОВ. — Ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида яхши бўлиши мумкин, лекин олтинчи-еттинчи ойига бориб асорат кучайиб кетса нима бўлади? Шифокор эса қанча хавф-хатар мавжудлигини тахмин қила олади. Ҳатто ўн фоиз хатар туғдирадиган бўлса ҳам бу хавфли. Дунёда инсон ҳаётидан қимматли нарса йўқ. Қандай бўлмасин, унинг соғлиғини асрашимиз керак. Бунга эса шифокорлар билан бирга шу инсоннинг ўзи ҳам масъул. Агар шифокор аёлга ҳомиладорлик унинг соғлиғига хавф туғдиришини тушунтирса-ю, у тушунишни истамаса, натижаси салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Икки аёл тақдири

Тошкент шаҳрида қайд этилган икки нафар онанинг туғуруқ вақтида ҳаётдан кўз юмиши яқинлари қатори шифокорларни ҳам қаттиқ ташвишга солди. Улардан бири эпилепсия касаллиги билан оғриган бўлиб, буни ҳаммадан яширишга ҳаракат қилган. Келин бўлиб тушган хонадонидагилар, оилавий поликлиника врачи, туғуруқхона шифокори бехабар бўлишган. Ҳаммаси туғуруқ бошланиб, аёлнинг аҳволи оғирлашгач, маълум бўлган.

Иккинчи ҳолатда эса, бўлажак она захм касаллигидан азият чеккан. Бу хасталик ички аъзоларни аста емириб, узоқ йиллар давом этади. Аёл эса худди юқоридаги ҳолат каби буни шифокорларга айтмаган. Натижада иммунитети пасайиб, ўпка яллиғланган. Унга жигар хасталиги қўшилган. Охири аҳволи оғирлашгач, ўзи шифокорларга бу ҳақда айтган.

Иккала ҳолат ҳам ўзи билиб туриб яширишдан келиб чиқди. Агар ўз вақтида шифокор билан маслаҳатлашганда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мумкин бўлармиди...

Нима монелик қилади?

— Ҳомилдорлик бир мўъжиза бўлиб, соғлом инсон танасида иккинчи инсон ривожланиб дунёга келади, — дейди Тошкент шаҳар 8-сон туғуруқ комплекси бош шифокори, олий тоифали акушер-гинеколог ­Камолиддин ­НИЗОМИДДИНОВ. — Аслида бу физиологик жараён асоратсиз ва ўз вақтида кечиши керак. Одатда, ҳар юзта ҳомиладор аёлдан саксонтасида бу меъёрда кечади. Фақат йигирматасидагина асорат юзага келиши мумкин. Шифокор мана шу асоратларнинг олдини олиши керак. Агар туғуруқ меъёрида кечаётган бўлса, унга аралашмаслик, дори-дармонсиз олиб борган яхши, албатта. Ортиқча дориларни қўллаш боланинг миясида қон айланиши бузилишига олиб келади. У туғилгач, йиғлоқи, инжиқ бўлиб қолади. Ривожланишда тенгдошларидан ортда қолади.

Ҳомиладорликка монелик қиладиган касалликларни халқимизга тушунтира олишимиз керак. Уларнинг рўйхатини тўртта ёки олтита, деб аниқ айтиб бўлмайди. Бу жуда кенг тушунча. Унча хатарли эмас, деб ўйлаган ҳолатлар ҳам эртага катта хавф туғдириши мумкин.

Аёлнинг қайсидир тана ­аъзоси юкламага бардош бермаса, асоратлар, албатта, кўринади. Бошқа ихтисосликдаги шифокорларимиз ҳам бу вазиятга жиддий аҳамият бермаслиги мумкин. Аслида ҳар бир мутахассис ҳомиладор бўлиш истагидаги аёлни чуқур текширувдан ўтказиб, бирор касаллиги аниқланса, даволаниши керак. Шунда унинг мушкулини бироз камайтириш мумкин бўлади.

Оналар ўлимини таҳлил қилиб кўрсак, кўпинча қон кетишига олиб келувчи жигар, қон касалликлари, юқори даражали камқонлик каби ҳолатлар кўп учрайди. Даволаш қийин бўлган қандли диабет касаллигида хасталик янада кучайиб, болага ҳам ўтиши мумкин. Буйрак яллиғланиши оқибатида қон босими ошади, аёл шишиб кетади, ҳомилани кўтариб юролмайди.

Қолаверса, ҳомила билан боғлиқ бўлмаган касалликлар ҳам бор. Масалан, аёлдаги туғма юрак ривожланишида нуқсонлар, кейинчалик пайдо бўлган юрак касалликлари тўлғоқ вақтида ортиқча юк тушиши сабаб у ўз вазифасини бажаролмай қолиши мумкин. Шу билан бирга, айнан ҳомиладорлик билан боғлиқ касалликлар бўлиши мумкин. Туғуруқдан кейин яхши бўлиб кетади. Шундай вақтларда жарроҳлик усули билан аёлга ёрдам беришга ҳаракат қилинади.

Қай бири маъқул?

Ҳозир аёл ва ҳомиланинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида жарроҳлик усулларидан кенгроқ фойдаланилмоқда. Бу усулдан АҚШда 45-60 фоиз, бизда 12-20 фоиз фойдаланилади. Республикамиздаги махсус тиббий марказларда туғуруқларнинг 30-40 фоизи кесарча кесиш йўли билан амалга оширилади. Демак, шифокор ҳар битта ҳолатни тарозига солиб, она ва болага бўлаётган хавф-хатарни инобатга олиб, тўғри қарор қабул қилиши керак. Лекин ҳомила учун ҳам, она учун ҳам табиий туғуруқ афзал. Кесарча кесишда сув ичида ётган бола бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга бирдан ўтиб, қийналади, ўпкасида сув қолиб кетиши мумкин. Ўзи туғилаётган бўлса, ташқи муҳитга аста мослашиб, туғуруқ йўлларидан ўтаётганда ўпкалари қисилиб, сув чиқиб кетади. Қуруқ ўпка билан туғилади. Бунда чинқириб йиғлаш, нафас олиш енгил кечади. Шунинг учун ҳам биз ҳомиладор аёлнинг ўзи туғиши тарафдоримиз кесмасликка ҳаракат қиламиз. Хавф-хатар юқори бўлгандагина жарроҳлик усули қўлланади.

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

ёзиб олди.

 




Ўхшаш мақолалар

Бола қачон касал бўлмайди?

Бола қачон касал бўлмайди?

🕔17:29, 13.12.2018 ✔16

Совуқ кунларда болаларда шамоллаш, грипп ва йўтал кузатилиб, унинг организмдан чиқиб кетиши кўп вақтни олади. ​​​​​​​

Батафсил
Лаб қуриши асабдан...ми?

Лаб қуриши асабдан...ми?

🕔17:29, 13.12.2018 ✔12

Куз-қиш мавсумида парваришга муҳтож аъзолардан бирилаб. Бу мавсумда уларнинг қуруқлашиши, ёрилиши, нурсиз бўлиб қолиши кузатилади. ​​​​​​​

Батафсил
Эски йўталга даво

Эски йўталга даво

🕔17:29, 13.12.2018 ✔14

Грипп ва шамоллашга қарши курашишда кўпчилик саримсоқдан фойдаланади. Сабаби, унда аллицин бирикмаси бўлиб, антибактериал ва замбуруғларга қарши курашиш хусусиятига эга.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Бола қачон касал бўлмайди?

    Бола қачон касал бўлмайди?

    Совуқ кунларда болаларда шамоллаш, грипп ва йўтал кузатилиб, унинг организмдан чиқиб кетиши кўп вақтни олади. ​​​​​​​

    ✔ 16    🕔 17:29, 13.12.2018
  • Лаб қуриши асабдан...ми?

    Лаб қуриши асабдан...ми?

    Куз-қиш мавсумида парваришга муҳтож аъзолардан бирилаб. Бу мавсумда уларнинг қуруқлашиши, ёрилиши, нурсиз бўлиб қолиши кузатилади. ​​​​​​​

    ✔ 12    🕔 17:29, 13.12.2018
  • Эски йўталга даво

    Эски йўталга даво

    Грипп ва шамоллашга қарши курашишда кўпчилик саримсоқдан фойдаланади. Сабаби, унда аллицин бирикмаси бўлиб, антибактериал ва замбуруғларга қарши курашиш хусусиятига эга.

    ✔ 14    🕔 17:29, 13.12.2018
  • Ҳомиладорлик тавсия этилмайди. Агар...

    Ҳомиладорлик тавсия этилмайди. Агар...

    Қандай хасталиклар  бўлажак оналар ҳаётига хавф туғдириши мумкин?

    ✔ 46    🕔 17:41, 06.12.2018
  • Линзалар кўз учун хавфлими?

    Линзалар кўз учун хавфлими?

    Кўриш қобилиятини яхшилашга ёрдам берадиган контакт линзалардан фойдаланишнинг нозик жиҳатлари.

    ✔ 63    🕔 16:06, 29.11.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар