Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Яқинда оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги киракашлик, кунлик тўланадиган ишлар ва ёлланадиган таъмирлаш-қурилиш сингари фаолият турлари билан хусусий шуғулланаётган фуқароларга патент жорий қилишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Буни ҳар ким ҳар хил талқин қилди. Ҳатто, бу куппа-кундузи камбағални шилиш-ку, дегувчилар ҳам топилади.

Хабарларда келтирилишича, кунлик ишлар билан шуғулланаётганлар (усталар, мардикорлар, киракашлар, уй хизматчилари) Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига бир йилда бир марта энг кам ойлик иш ҳақининг 4,5 баробари (912 285 сўм) миқдорида тўловни амалга оширса, бир йиллик меҳнат стажига эга бўлади ва келажакда шу маблағи ҳисобидан уларга тўлиқ ёшга доир пенсия тайинланади.

Мазкур тизим ҳозирда кунлик юмушлар билан рўзғор тебратаётганларнинг келажагини ўйлаб амалиётга татбиқ қилинаётгани, шубҳасиз. Чунки бугун минглаб (балки миллионлаб) юртдошларимиз расман ишсиз ҳисобланса-да, лекин улар муайян кунлик иш билан банд. Ва шунинг орқасидан рўзғор тебратмоқда. Уларнинг ижтимоий ҳимояси ҳақида қайғуриш долзарб масала.

Лекин танганинг иккинчи томонида нима бор, деган савол ҳар қандай кишини ўйлантиради. Уни бирдан илғаш мураккаб жараён бўлиб, айрим саволларга ойдинлик киритиш керак бўлади. Масалан, чиндан ҳам вазирлик бу турдаги ишлар билан машғул фуқароларнинг келажаги ҳақида қайғураётган экан, мазкур тизимни жорий қилишдан аввал ёки унинг лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида айнан шундай кунлик ишлар билан банд аҳолининг шарт-шароитини ўрганганми? Улар орасида суҳбат, учрашувлар ўтказганми? Дардини эшитганми?

 «Пенсия керак,  лекин бугун-чи?»

— Ўн беш йилдан бери мардикорчилик билан рўзғор тебратаман, — дейди Тўрабек Исматов. — Ўзим Тошкент вилоятиданман. Эрта баҳордан то кузгача туманимиздаги мардикор бозоридан ортмайман. Қишда эса Яшнобод, Мирзо Улуғбек туманларидаги Вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюроларига қарашли мардикор бозорларида иш илинжида юраман. Вилоятларда, туманларда пишиқчилик вақтида иш топиш анча осон. Совуқ кунларда эса... кун бўйи иш илинжида ўтган-кетганга умидвор қараб, тўхтаган машинага ёпишиб, иш топишнинг ўзи бўлмайди.

Ҳозир илгаригидек пропискаси йўқларни автобусга босиб, олиб бориб, жарима солиш ҳолатлари анча камайган. Ҳарқалай, ҳалол меҳнат қилиб, пул топиш ниятида мардикор бозорларида юрган одамни ҳозир биров бекордан-бекорга бурнини қонатмаяпти.

Пенсияга чиққан вақтида давлат томонидан моддий таъминланиши ҳар қандай одамни ўйлантиради. Шу жумладан, бизни ҳам. Лекин ҳозирги шароитимизда пенсия жамғармасига 912 минг сўм маблағни ўтказиш биз учун анча оғир. Сабаби, кунлик ишларни ўзимиз ахтариб топамиз. Вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюролари бу борада бизга ҳеч қандай ёрдам бераётгани йўқ. Шу боис патент тўлатишдан олдин биз мардикорларга ҳам қулай меҳнат шароитини яратиш ва ишлаган ҳақимизни ўз вақтида олиш кафолатланиши керак эмасми?

Фуқаронинг мулоҳазалари жуда ўринли. Улардан тўловни ундиришдан олдин қулай меҳнат инфратузилмасини яратиш ҳар томонлама адолатли бўлади. Мисол учун, ҳар куни қанча мардикорни ишлатиб, ҳақини бермайдиганлар топилади. Хўш, ўшандай вақтда уларнинг ҳақ-ҳуқуқини ким кафолатлайди? Ёки бирор уста керак бўлганда мардикор бозоридан сизни алдаб кетмайдиган мутахассис топа олишингиз кафолатланганми?

Аслида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ортиқча қоғозбозлик ва бюрократиялардан холи меҳнат шароити яратиши зарур. Масалан, биронта одам вақтинчалик ишларни ташкил этиш жойларидаги мардикорлар хизматига эҳтиёж сезса, бюрода ёлловчи учун ҳам, ёлланиб ишловчи учун ҳам қулай шароит бўлсин. Борди-ю, шундай қилинса, кўпчилик пенсия жамғармасига бадални ўзи хоҳлаб тўлайди.

«Масъул мутасаддилар бизнинг келажагимиз билан бирга, бугунимиз ҳақида кўпроқ қайғурса, адолатдан бўларди», дейишди мардикорлар биз билан суҳбатда. Туманлардаги вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюроларидаги шароит вазирлик низомида келтирилганидан бутунлай бошқа. Юмшоқроқ айтганда, қайси бюрони қараманг, барчасида аҳвол ачинарли. Уларда на бирор асбоб-ускуна ижарага берилади, на ўз низомида кўрсатилганидек, мардикорларни рўйхатдан ўтказиб, вақти келганда, уларни ҳимоя қилади.

 «Аввал ихтиёрий, кейин мажбурийми?»

— Йигирма йилдан буён устачилик қилиб келаман, — дейди Ботир Тоиров. — Очиғи, мендан олинган патент келажакда ўзимга қайтарилишига у қадар ишонмайман. Хўп, мазкур тизим амалга татбиқ қилинди ҳам дейлик. Йигирма йил давомида давлатга топган даромадимиздан белгиланган миқдорни тўлаб борсак, вақти келиб, ўша пулни қайтариб олишимизга ким ёки қайси ташкилот кафолат беради?

— Ўз шахсий машинамда киракашлик қиламан, — дейди ҳайдовчи Абдусалим Авазов. — Бир пайтлар ўз автоуловини белгиланган рангга бўямасдан ҳам, кунлик патентни тўлаб, киракашлик қилишга рухсат берилади, деган гапларни эшитган эдим. Лекин ҳали бундай бўлмади. Машинани бўяш ортиқча сарф-харажат, буни кўпчилик хоҳламайди. Шу боис пана-панада, қочиб-яшириниб, бир амаллаб, рўзғор тебрат­япмиз. Сиз айтаётган патент ва пенсия масаласи ҳақидаги гаплар қулоғимга чалинди. Тўғри, у ихтиёрий дейиляпти. Лекин бу вақт ўтгач, мажбурийга айланмаслигига ишонч йўқ. Ўзимга қолса, мен пенсияга чиқиш учун патент тўламайман. Чунки ҳозирги шароитимда бу менга анча қимматлик қилади, рўзғордан орттириб, пенсия ҳақида ўйлашим анча мушкул.

Аслида ишсизларга патент жорий қилиш бир томондан қараганда тўғри иш. Негаки, уларнинг пенсияси ҳақида гап кетмоқда. Лекин масалани яна бир жиҳати ҳам борки, унга тўхталмасак бўлмас. Маълумотларда бир йиллик тўлов энг кам иш ҳақининг 4,5 баробари миқдорида дейилмоқда. Бугунги кунда бу 912 минг сўм дегани. Тасаввур қилинг, кунлик ишларга ёлланиб пул топадиган одамларнинг даромади чамаланса, бу маблағ уларга анча оғирлик қилиши аёнлашади. Чунки улар, асосан, мавсумий ишлар билан банд бўлишади. Йилнинг учдан бир қисмини ҳеч қандай даромад топмай ўтказади. Шундай экан, белгиланган маблағ миқдорини ҳам ўйлаб кўриш жоиз. Балки унинг нархини бироз пайсайтирган маъқулдир. Ахир, 912 минг сўмдан юз нафар ишсиздан патент олган яхшими ёки унинг нархини икки баробарга камайтириб, минг-икки минг одамдан патент олган афзалми? Ҳарқалай, патент нархи бирмунча арзонлаштирилса, кўпчилик ўз келажаги — пенсиясига розилик билан сармоя қўшади.

«Тушунинг, мажбурий эмас»

Яқинда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур масалада расмий баёнот берди. Баёнотда келтирилишича, қишлоқ жойлардаги норасмий бандлик дунёнинг кўплаб мамлакатларида энг кенг тарқалган муаммолардан бири саналади. Жорий йилнинг 30 апрелида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботга мувофиқ, айрим давлатларда қишлоқ жойлардаги норасмий бандлик 90 фоизгача бориб етади. Ўзбекистонда меҳнат бозорини ўрганиш бўйича 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида ўтказилган ишлар шуни кўрсатдики, норасмий бандлик секторининг улуши 56 фоизни ташкил этади. Қишлоқ жойлардаги норасмий ёки «соядаги» бандликнинг асосий соҳалари хусусий киракашлик, кунлик тўланадиган ишлар ва хусусий ёлланадиган таъмирлаш-қурилиш ишлари экан.

19 ноябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида мардикорлар, усталар, киракашларга патент жорий қилиш ташаббуси юзасидан ОАВ ходимлари билан учрашув ўтказилди. Унда вазир Шерзод Кудбиев бугунги кунда ўзи иш топиб, меҳнат қилаётган фуқаролар ҳимояланмагани ва қонунчилигимизда, улар келгусида пенсия олишини таъминлайдиган меъёр йўқлиги боис, бундай тоифа кишиларини қонунан қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилаётгани, шу йўл билан ўзлари иш топиб, ишлайдиганларга ҳам пенсия олиш ҳуқуқини бериш мақсад қилингани, борди-ю, мазкур ташаббус амалга татбиқ қилинган тақдирда ҳам ихтиёрий бўлишини айтиб ўтди.

«Соядаги» иш  билан бандлар

Жорий йилнинг январь ойида пойтахтимиздаги Яшнобод тумани вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюросидаги абгор ҳолат, мардикорчилик қилиб кун кўраётганлар ҳақида мақола ­тайёрлагандик. Мақолада уларнинг арзимаган пул топиш йўлида дуч келаётган қийинчиликлари хусусида сўз юритиб, мутасаддилардан вазиятни яхшилаш борасида амалий ишлар кутиб қолгандик. Мақолага Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўз муносабатини билдириб, ҳақиқатан ҳам, вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюролари низомда белгиланган талаблар асосида хизмат қилмаётгани, фақат номигагина иш олиб бораётганига тўхталиб, яқин фурсатларда бунга чек қўйилишига ва мардикорчилик ортидан қора қозонини қайнатаётганларга қулайлик яратиш борасида маълум қилган эди. Мана, орадан салкам бир йил вақт ўтди.

Хўш, нима ўзгарди? Ҳеч нарса... Вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюролари ҳали-ҳануз эскича тизимда ишлаб келмоқда.

— Аслида вазирлик мутасаддилари айтаётган «соядаги» ишлар билан бандлар нега кўп? Бу борада уларга осон тутиб бўлмайди. Боз устига, улар айтилганидек ҳеч қандай қонуний ҳимояланмаган. Вазирлик ёки вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюролари уларга бу борада ҳеч қандай амалий ёрдам кўрсатмаслиги ҳам бор гап. Шундай экан, бугунги кунда фаолият юритаётган вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюроларини бутунлай ислоҳ қилиб, янги тизим яратиш вақти аллақачон етган.

Бугун иш қиламан деганга иш кўп. Кундалик ҳаётда ҳаммамиз ҳам ишончли мардикорга ёки устага эҳтиёж сезамиз, албатта. Мутасаддилар масаланинг шу тарафларига ҳам эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўларди, назаримизда.

Хуллас, мазкур масалани амалга татбиқ қилишдан олдин ҳар томонлама таҳлил қилиш керак. Ҳарқалай, гап ишсизларнинг манфаатини ҳимоя қилиш устида кетаётган экан, чиндан ҳам амалда шундай бўлиши керак. Бунда,  аввало, халқнинг манфаати устувор турмоғи лозим.

 

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Замонавий «топишмоқ»:  ўзи битта, нархи мингта

Замонавий «топишмоқ»: ўзи битта, нархи мингта

🕔17:41, 13.12.2018 ✔15

Дорихоналардаги нархлар «ўйини»га чек қўйиш масаласи нега қоғозда қолиб кетяпти?

Батафсил
Шароит яратишми ёки пул ундириш?

Шароит яратишми ёки пул ундириш?

🕔18:05, 06.12.2018 ✔59

Мардикорлар дардини ҳам кимдир тинглайдими?

Батафсил
«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

«10 баробар тез», «кафолатланган», «чексиз» ва «арзон»...

🕔17:43, 06.12.2018 ✔42

«Ўзбектелеком» интернет нархи ва тезлиги борасидаги ваъдасини бажардими?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар