Ёшлар      Бош саҳифа

Ёшлар иттифоқидан ёш оилаларга кўмак

Оила масъулиятини тушунмаган ёш келин-куёв уни қандай сақлаб қолади?

Ёшлар иттифоқидан ёш оилаларга кўмак

«Фалончининг келини эрига хиёнат қилибди…» Қишлоқда тарқалган дув-дув гап ҳаммани эсанкиратиб қўйди. Ориятли йигитларнинг боши эгилди, иболи қизларнинг уятдан юзи қизарди. Турмуш қурганига эндигина бир йил бўлган бу оила эса бузилди. Ёши улуғлар, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган онахонлар келин билан анча суҳбат қуришди. Тушундикки, йигит оилани маҳкам тутмаган. Хотин кўнглига келганини қилиб юраверган. Бу билан фақат эр назоратни қаттиқ ушласагина оила бахтли бўлади, демоқчи эмасмиз. Аммо оиланинг ҳам ўз сиёсати, қонун-қоидалари, чеклов ва имтиёзлари бўлиши керак. Ҳар ким ўз билганича яшаш билан мустаҳкам турмуш қуриб бўлмайди-ку. Бўлиб ўтган воқеада балки келин адашгандир, унинг ҳам кўнглидан нелар ўтганини балки ҳис қилолмасмиз. Назаримизда, у ҳали оила масъулияти, эр ҳурмати ҳақида тўла тушунчага эга эмас. Йигит ҳам фақат ишлашим керак, оиламни боқишим зарур, деган ташвиш билан ўралашиб қолган. Кўриниб турибдики, улар ҳали оилавий турмушга тайёр эмас.

Бугун ажрашиб кетаётганларнинг кўпчилиги худди шундай ёш оилалар. Уларга нимадир етишмайди. Ё бир-бирига характери тўғри келмаган ёки турмушнинг муштларига чидашга ғўрлик қиляпти. Бир сўз билан айтганда, улар кўмакка муҳтож. Шундай оилаларга ёрдам бериш мақсадида «Ёш оилаларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмаги» лойиҳаси ўз ишини бошлади. Тажриба тариқасида Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани танланди. 

— Лойиҳа доирасида ижтимоий-иқтисодий оғир ҳолатдаги ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёш оилалар ўртасидаги ажрашишларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тақсимланиб, асосий йўналишлар белгилаб олинди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий Кенгаши раиси ўринбосари Дилноза КАТТАХОНОВА. — Маҳаллалардаги оғир ижтимоий-иқтисодий ҳолатдаги ёш оилалар хонадонига уйма-уй кириб, уларнинг муаммолари ўрганилади ҳамда вилоят, туман мутасадди ташкилотлари кўмагида уларни ҳал этиш чоралари кўрилади. Республика даражасида бартараф этилиши лозим бўлган муаммолар бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади ҳамда Республика ишчи гуруҳи томонидан назоратга олинади.

Ишчи гуруҳ аъзолари икки ҳафта давомида оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит ажратиш, ёш оила вакилларининг бандлигини таъминлаш чораларини кўришади. Шунингдек, ёш оила вакилларининг ҳужжатлари (паспорт, никоҳ ва туғилганлик гувоҳномалари, рўйхатга қўйиш)даги муаммолар бартараф этилади. Қолаверса, лойиҳа доирасида тумандаги мавжуд барча касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун махсус тренинглар ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

— Мамлакатимизда бугунги кунда 1 миллион 793 мингдан ортиқ ёш оила мавжуд, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий Кенгаши мутахассиси Гулчеҳра АШУРОВА. — 2018 йилнинг биринчи ярмида ёшлар ўртасида 82 минг 885 та никоҳ қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан 4 минг 674 та (5,6 фоиз)га ошган. Афсуски, ёш оилалар ажрашиши масаласида ҳам кўрсаткичлар юқори. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ёшларни онгли равишда оилага тайёрлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек, намунали замонавий оилани шакллантириш, унинг маънавий-аҳлоқий, диний негизлари ва оилавий қадриятларни ёшлар онгига сингдириш мақсадида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилди. Хусусан, умум­инсоний ва миллий оилавий қадриятлар, замонавий ёш ­оиланинг намунали кўринишини тарғиб этиш мақсадида «Оила — жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципи асосида 11 минг 300 дан ортиқ нотинч ва муаммоли ёш оила билан суҳбатлар ташкил этилди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилмоқда. 

Бугун юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Қатор имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, яхши натижаларга эришаётганлар ҳам анча. Лекин масаланинг эътиборни жалб этадиган яна бир жиҳати мавжуд. Яъни, ҳамиша фаол бўлган ёшлар олдинги сафда. Ҳақиқатан ёрдамга муҳтожлар эса пана-панада қолиб кетаётгандек. Умид қиламизки, яхши ният билан бошланаётган ишларга ёшлар кенгроқ жалб этилади. Уларни чин юракдан тингласангиз, муаммоси жуда жўн ва оддий. Унинг ечимига озгина туртки ва рағбатнинг ўзи кифоя.

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА




Ўхшаш мақолалар

Ўсмирни ўртаган дард нима?

Ўсмирни ўртаган дард нима?

🕔17:17, 27.12.2018 ✔460

Кимлар ўз фарзандини ташвишга қўймоқда?

Батафсил
Ҳар куни керак бўлган  «юқумли касаллик»

Ҳар куни керак бўлган «юқумли касаллик»

🕔17:17, 27.12.2018 ✔441

«У жуда арзон, лекин кўп нарса беради. Ким олса, уни бой қилади, ҳадя этганлар эса камбағал бўлиб қолмайди.

Батафсил
Бир нафар ёшни қўллаб-қувватлаш  ўнлаб муаммоларни ҳал этади

Бир нафар ёшни қўллаб-қувватлаш ўнлаб муаммоларни ҳал этади

🕔09:14, 21.12.2018 ✔394

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришда банк билан боғлиқ мураккабликларни бартараф этиш керак.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар