Ёшлар      Бош саҳифа

Ўзи ўқувчи, аммо олтмиш шогирд устози

Қўл меҳнатига асосланган ҳунарлар бизга қадимдан таниш. Мамлакатимизда каштачилик санъат даражасига кўтарилган. Сўзана, зардевор, дастурхон каби буюмлар Германия, Италия, Япония, Ҳиндистон, АҚШ каби кўплаб давлат музейларида сақланиб турибди.

Ўзи ўқувчи, аммо олтмиш шогирд устози

Қувонарлиси, ушбу санъатни давом эттириб, ҳунар билан шуғулланувчи ёшлар сафи бугун ҳам кўпайиб бормоқда. Шундай ёшлардан бири наманганлик Лайло Аҳмадалиевадир. Ёш ҳунарманд энди 11-синф ўқувчиси бўлишига қарамай, элликдан ортиқ шогирднинг устози.

— Ушбу ҳунарни бувим ва онамдан ўрганганман, — дейди Лайло. — Улар тиккан чиройли кашталарни кўриб ҳавас қилганман. Бувимнинг касби ўқитувчи бўлса-да, бўш вақтида каштачилик билан ҳам шуғулланган. Маҳалла-кўй, қўни-қўшни орасида ҳам мана шу ҳунари орқасидан обрў-эътибор топишган. Уларни ёнида юриб, тиккан маҳсулотларини кўриб мен ҳам шу ҳунарни ўрганишга аҳд қилдим ва каштачиликни қунт билан ўргана бошладим. Эслайман, биринчи тиккан каштам бувижонимга жуда ёққан. У кишининг мақтовини эшитиб, ғайратимга ғайрат қўшилган. 

—  Асосан нималар тикасиз?

— Биз кўпинча буюртма асосида тикамиз. Аёллар сумкалари, костюми, сўзана, дастурхон, ёстиқжилд, қизларимизга бир-биридан чиройли гул нақши туширилган  ҳамёнлар ва турли уй-рўзғор буюмларига талаб катта. Шунинг учун буюртмачиларнинг қадами узилмайди. Кейин, миллий маҳсулотлар қаерда бўлмасин, ўз жозибасини йўқотмайди.

— Ҳали ўқувчи бўлишингизга қарамай анча сабр-тоқат, меҳнат талаб қиладиган соҳани танлабсиз...

— Ўн нафар маҳалла аёлини иш билан таъминладим. Қолаверса, «Ҳунарманд» уюшмаси аъзосиман. Ҳозирги кунга қадар элликдан ортиқ шогирд тайёрладим. Каштачиликни ўрганган опа-сингилларимиз ўзлари ҳам маҳалладошларига ўргатишмоқда.

— Битта дастурхон ёки сўзанани тикиш учун қанча вақт сарфлайсиз? 

— Ўртача катталикдаги дастурхонни тикиш учун 7-10 кун кетса, катта сўзаналарга бир ой етарли. Ишимизда энг асосийси, сабр-тоқат ва машаққат. Шулар бўлса, қилаётган ишингиздан завқ олаверасиз.

— Қўл меҳнатида тайёрланган маҳсулотлар анча қиммат бўлади, шундайми?

— Тўғри, кўп вақт сарфлаганимиз ва майда иш бўлгани учун баҳоси ҳам шунга яраша. Яна уларнинг нархи маҳсулотнинг катта-кичиклигига боғлиқ. Масалан, кичик сўзаналарни 250 минг, дастурхонни 350-400 минг, катта ҳажмдаги сўзаналарни 700 мингдан сотамиз. Сотиб олинадиган ипак маҳсулотлари, тикувчилар маошидан ташқари оладиган даромадимиз ҳам кам эмас. Уларни ўй-рўзғор ишларига, тикувчилар учун қулай-шароит яратишга сарфлаймиз.

— Қандай танловларда иштирок этгансиз?

— Ўндан ортиқ кўргазма-ярмаркаларда иштирок этдим. Масалан, шу йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Олтин қўл ҳунарманд» халқаро кўргазмасида, шунингдек, Бухорода 26-27 май кунлари ўтказилган XVII анъанавий «Ипак ва зираворлар» фестивалида диплом билан тақдирландим. «Ташаббус — 2018» кўрик-танлови Наманган вилояти Уйчи туманида «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» номинацияси бўйича 2-ўрин ва махсус диплом билан тақдирландим.

— Тиккан маҳсулотларингиз бошқаларникидан нимаси билан ажралиб туради?

— Мен миллий адрас матомизни кашта безаги билан бойитдим. Яъни, адрасдан тикилган костюм, кўйлакларга кашта нақшларини туширишни йўлга қўйдим. Бу чет эллик харидорларда анча қизиқиш уйғотди.  Мазкур йўналишни яна ҳам такомиллаштириб, халқаро кўргазмаларда иштирок этмоқчиман.

— Келажакдаги режаларингиз?

— Келгусида Наманган вилоятида Каштачилик марказини бошқа ҳунармандлик маҳсулотлари билан бойитишни режалаштирганман. Россия ва Франция давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчиман.

 

Шоира КОМИЛОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси




Ўхшаш мақолалар

Ўсмирни ўртаган дард нима?

Ўсмирни ўртаган дард нима?

🕔17:17, 27.12.2018 ✔47

Кимлар ўз фарзандини ташвишга қўймоқда?

Батафсил
Ҳар куни керак бўлган  «юқумли касаллик»

Ҳар куни керак бўлган «юқумли касаллик»

🕔17:17, 27.12.2018 ✔48

«У жуда арзон, лекин кўп нарса беради. Ким олса, уни бой қилади, ҳадя этганлар эса камбағал бўлиб қолмайди.

Батафсил
Бир нафар ёшни қўллаб-қувватлаш  ўнлаб муаммоларни ҳал этади

Бир нафар ёшни қўллаб-қувватлаш ўнлаб муаммоларни ҳал этади

🕔09:14, 21.12.2018 ✔53

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришда банк билан боғлиқ мураккабликларни бартараф этиш керак.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар