Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Чегирма бор, чипта эса «йўқ»

Ички туризм ривожига тушов бўлиб келаётган «майда» муаммолар қачон барҳам топади?

Чегирма бор, чипта эса «йўқ»

Ношукр бўлмайлик, дея олмайман

Сўнгги йилларда мамлакатда инсон учун қилинган энг зўр ишлар саналса, байрамларда дам олиш кунларининг кўпайтирилгани кучли бешталикдан ўрин олса ажаб эмас. Тўғри-да, «Камбағалнинг бир тўйгани — бой бўлгани» деганларидек менга ўхшаган тўққиздан олтигача идорада ишлашга ва ойликка яшашга «михлаб» қўйилганлар учун катта гап бу. Мана, Янги йил байрами муносабати билан ҳам Худо хоҳласа, нақд беш кун дам оламиз.

Кеча оиламиз даврасида шу ҳақда гап бўлди. Телевизор кўриб ўтиргандик, юртимизнинг муқаддас қадамжолари ҳақида жуда қизиқарли маълумотлар берилди. Телевизор кўриб ўтирган онам беихтиёр «Қани энди, имкониятинг бўлса-ю, шундай жойларга би-ир айланиб келсанг...» деди секингина. Ичимдан нимадир узилгандай бўлди. Хаёлга чўмиб қолдим… Ўйлаб қарасам, ёшим ўттиздан ошибди ҳамки, ўғил бўлиб, ота-онамни бирор жойга саёҳатга ё зиёратга олиб бормабман.

Тўғри, илгари иш кўплиги, бафуржа вақт топилмаслигидан нолир эдик. Энди-чи? Мана, имконият яратиб берилди-ку! Президент Фармони асосида муҳим байрамлар муносабати билан дам олиш кунлари 4-5 кунга узайтириляпти.

Ахир, мана шунинг таг-замирида аслида халқимиз муҳим сана — байрамларни муносиб кутиб олсин, дам олиш кунларида юртимизнинг диққатга сазовор жойларига оиласи билан саёҳат қилсин, зиёратга борсин, мароқли ҳордиқ чиқарсин, деган эзгу мақсад мужассам эмасми?!

Ишхонага келибоқ, дарров Тошкент темирйўл вокзалига қўнғироқ қилдим. «Менга 29 ёки 30 декабрь кунларга Самарқандга иккита биле...» «Умуман билет йўқ!!» Қойил-э, гапимни тугатишга улгурмадим ҳам...

Бундай ҳолатга мендан бошқа жуда кўпчилик тушгани, шубҳасиз. Байрам арафасида бирор жойга саёҳат қилиш у ёқда турсин, зарурат юзасидан бир қадам нарига чиқиш энг катта муаммога айланади. Яъни, йўл-транспорт муаммоси!

Табиийки, самолётга ҳамманинг ҳам қурби етмайди, айниқса, ойликка кун кўрадиган одамнинг. Темирйўл вокзалининг аҳволини юқорида айтдик. Автобус қатнови жуда чекланган, сабаби фақат кундузи ҳаракатлана олади. Хусусий таксилар эса, йил давомида айни шу «сезон»да ишлашни кутиб яшайди.

Энди озиб-ёзиб бир саёҳатга чиқмоқчи бўлган одамнинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Хўш, муаммо нимада? Келинг, шу ҳақда бироз мулоҳаза юритайлик.

Биласиз, бугун мамлакатимизда хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб этиш учун уларга ҳар томонлама шароит ва имконият яратишга ҳаракат қилинмоқда. Енгиллик ва афзалликлар берилмоқда. Албатта-да, туризм иқтисодиётни энг тез ривожлантирадиган соҳалардан биридир. Жумладан, ички туризмнинг ҳам халқимиз ҳаётида, оила даврасидаги тарбияда, хизмат кўрсатиш соҳасининг барқарор ривожида ўрни беқиёс.

Аммо ички туризмни ривожлантириш учун фақат тарғиботнинг ўзи кифоямикан? Меҳмонхона, транспорт кабиларда маҳаллий аҳоли — сизу биз учун қандай қулайлик ва чегирмалар бор?

Тўғри, ўзига тўқ, бой-бадавлат оилаларга истаган жойга саёҳатга бориш муаммо эмас: пул бўлса, чангалда шўрва! Аммо ўртаҳол, ойлик-маошга қараган оила вакиллари етти ўйлаб бир кесишга мажбур. Бундай юртдошларимиз рўзғоридан маблағ орттириб, хорижий давлатлар у ёқда турсин, ҳатто ўзимиздаги қадамжоларга бориши ҳам амримаҳол. Ҳарқалай, у вилоятдан бу вилоятга бориш учун ҳам анча-мунча пул жамғариш керак бўлади.

Аслида ички туризмни ривожлантириш учун маҳаллий аҳолига ҳам қулайлик яратиш, қандайдир чегирмалар жорий қилиш зарур. Шунда кўпчилик юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш имконига эга бўлади. Бундан давлатимиз ҳам, халқимиз ҳам бирдай наф кўради.

Тасаввур қилинг, бирор бир жойга зиёратга бормоқчи бўлсангиз, вилоятлараро, шаҳарлар­аро махсус саёҳат транспортлари қатнови йўлга қўйилса. Йўл ҳақи нисбатан арзон қилиб белгиланса. Чипта сотишда сунъий тўсиқлару маъмурий бюрократияга йўл қўйилмаса... Майли, булар ҳали орзу. Ҳозир борини кўриб турайлик.

Ахир, куни кеча «Ўзбекистон темир йўллари», деган катта компания чегирма эълон қилди-ку. Бунча ношукр бўлмайлик, дегим келади. Аммо дея олмайман. Сабаби...

«Кечикдингиз, чипталар тугаган»

Бундан бир неча кун илгари ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан жорий йил 30 декабрдан 2019 йил 3 январгача маҳаллий ва тезюрар «Afrosiyob» поездларининг қўшимча қатнови жорий қилиниши, чипталар чегирма асосида сотилиши хусусида хабарлар тарқалди.

Телефонга ҳам ишонмасдан, дарҳол вокзалга қараб йўл олдим.

Бироқ, аттангки, эрта қувонибман...

Жанубий вокзалга кириб, 30 декабрдан 3 январгача эълон қилинган чегирмалар бўйича Самарқандга икки кишилик чипта сўрадим. Чипталар нархи вагонига (эконом, бизнес, VIP) қараб, 105 минг сўмдан 204 минг сўмгача экан.

Буни қарангки, «Afrosiyob» поездида 20 декабардан то 5 январгача бирорта бўш жой йўқ. Ҳатто, «эконом» вагонда ҳам. Қойил-е, ҳали байрам келмасидан шунча жой тўлиб қолган бўлса-я? Ишониш қийин... Ахир, байрам баҳона қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилса-ю, шунда ҳам жой топилмаса? Ёки бу ерда биз билмаган бошқа гап бормикан?

Шу ўринда бир жиҳатга ­эътибор беринг. Маҳаллий ва тезюрар «Afrosiyob» поездлари чипталарига чегирмалар жорий қилингани ҳақидаги хабар «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ сайтида 12 декабрь куни эълон қилинди. Ўша куннинг ўзидаёқ, Тошкент марказий вокзал маълумотхонасига (10-05) қўнғироқ қилиб, 30 декабрь кунига оилавий  саёҳат учун Самарқанд ёки Бухоро шаҳрига чипта сўрадик. Афсуски, оператор шу кунга биронта чегирмали чипта қолмаганини маълум қилди...

...Мустақиллик байрами арафасида бир курсдошимизнинг уйига меҳмонга боришга тўғри келди. Ўшанда ҳам байрам арафаси эмасми, вокзалдан «Afrosiyob» поездига чипта тополмадик. Ҳаммаси сотиб бўлинган дейишди. Биз ҳам бўш келмадик. Таниш-билишни ўртага солган эдик, бир эмас, икки эмас — нақд ўнта чипта топдик! Буни қарангки, биз чиққан поездда биздан ташқари, атиги беш-олти киши бор эди, холос. Самарқандга боргунча вагон ўриндиқларининг деярли ярми бўм-бўш кетди...

Хўш, бу сафар — Янги йил байрами арафасида ҳам шундай бўлмаяптими? Кассаларда «тугаган» чипталар бировлар аралашса, қандай қилиб топил­япти? Кассада «йўқ» чипталар «қора бозор»га қаердан келиб қоляпти? Вокзал атрофида чипта керакми, деб турган даллоллар ўша чипталарни қандай олиб беряпти?

Байрам баҳона...

Хуллас, «Afrosiyob» поездига чипта тополмагач, енгил машиналарнинг нарх-навосини суриштириб кўрдим. Айни пайтда, дейлик, Самарқандга 70-80 минг сўмдан қатнаётган таксилар байрам кунлари 90-100 мингдан қатнашини яшириб ўтиришмади. Нарх, ҳатто, бундан ҳам кўтарилиши мумкин экан. Баъзи киракашларнинг айтишича, кўпчилик ҳозирданоқ жой банд қилмоқда. Шу боис, байрам арафасида такси топиш ҳам бир мунча қийин бўлиши мумкин экан.

Бу таксиларга эътироз билдиришнинг ўзи мантиқсиз. Машинаси шахсий бўлса, ўзи хоҳлаган нархни айтаверади-да. Унинг киракашлик қилиши учун ўтказиб қўйган жойимиз бўлмаса? Лицензия асосида ишлайдиган вилоятлараро таксини топишнинг-ку ўзи муаммо.

Автобусларни айтмаса ҳам бўлар экан. «Самарқанд, Самарқанд...» дея одам чақириб турган йигитнинг айтишича, байрам арафасида, хавфсизликни таъминлаш важидан, уларнинг қатнови қисқартирилармиш.

Тескари ҳаракат

Кўриб турганингиздек, бир томондан давлатимиз ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча дам олиш кунлари ­эълон қиляпти, аҳолига қулайлик яратиш учун қўшимча қатновлар ташкил этмоқда. Бошқа томондан баъзи бир кимсалар бундан унумли фойдаланиб қолишга интиляпти.

Аслида байрам баҳона чўнтагини қаппайтириб олиш пайида бўлаётганлар давлатимизнинг хайрли ғоя ва ташаббуслари мазмун-моҳиятини, аҳамиятини тушунармикан? Ҳеч бўлмаса, ойликка яшайдиган одамларнинг бирор жойни зиёрат қилиб келиши учун ўзидан, рўзғоридан зўр-базўр орттириб, фарзандлари ризқини қийиб, пул тўплаши нақадар қийинлигини ҳис қилишармикан?

...Дарвоқе, ота-онамни Самарқандга такси ёки автобусда юборишга кўзим қиймади. Кўп қатори йўл тутдим: таниш-билишни ишга солиб, «Afrosiyob» поездига Самарқандгача иккита чипта топдим. Поезд вагонлари ҳақиқатан ҳам тўла бўлган ёки бўлмаганини эса, ота-онам қайтгач, сўраб билиб оламан...

 

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Намунавий уйларнинг  «намунали» муаммолари

Намунавий уйларнинг «намунали» муаммолари

🕔14:25, 10.01.2019 ✔43

Навоий вилоятининг қишлоқ ҳудудларида аҳолига намунавий лойиҳалар асосида қуриб берилган уйларнинг нақд элликтасининг яроқсиз экани кундай равшан бўлиб қолди. Бир сўз билан айтганда, мазкур тураржойлар бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди.

Батафсил
МИБ доим ҳақми?

МИБ доим ҳақми?

🕔14:24, 10.01.2019 ✔41

Қарздорни дарров тармоқдан узиб қўйишдан олдин

Батафсил
Дарахтни кесмасдан ёшини аниқлаб бўлмайди

Дарахтни кесмасдан ёшини аниқлаб бўлмайди

🕔17:26, 27.12.2018 ✔68

Умр — оқар дарё, дейишади. Ҳамма нарса шитоб билан ўзгариб-янгиланаётган бугунги кунимизда бу ҳикмат ҳам анча қариб қолгандай гўё.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Намунавий уйларнинг  «намунали» муаммолари

    Намунавий уйларнинг «намунали» муаммолари

    Навоий вилоятининг қишлоқ ҳудудларида аҳолига намунавий лойиҳалар асосида қуриб берилган уйларнинг нақд элликтасининг яроқсиз экани кундай равшан бўлиб қолди. Бир сўз билан айтганда, мазкур тураржойлар бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди.

    ✔ 43    🕔 14:25, 10.01.2019
  • МИБ доим ҳақми?

    МИБ доим ҳақми?

    Қарздорни дарров тармоқдан узиб қўйишдан олдин

    ✔ 41    🕔 14:24, 10.01.2019
  • Дарахтни кесмасдан ёшини аниқлаб бўлмайди

    Дарахтни кесмасдан ёшини аниқлаб бўлмайди

    Умр — оқар дарё, дейишади. Ҳамма нарса шитоб билан ўзгариб-янгиланаётган бугунги кунимизда бу ҳикмат ҳам анча қариб қолгандай гўё.

    ✔ 68    🕔 17:26, 27.12.2018
  • «Биргина мақола ҳаётимизни ўзгартириб юборди»

    «Биргина мақола ҳаётимизни ўзгартириб юборди»

    «Бир неча йиллардан бери бизни қийнаб келаётган муаммо бир мақола билан ҳал этилишига очиғи, бошида кўзимиз етмаганди.

    ✔ 69    🕔 17:24, 27.12.2018
  • Чегирма бор, чипта эса «йўқ»

    Чегирма бор, чипта эса «йўқ»

    Ички туризм ривожига тушов бўлиб келаётган «майда» муаммолар қачон барҳам топади?

    ✔ 89    🕔 09:22, 21.12.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар