Халқ виждони      Бош саҳифа

Дунёдаги учинчи энг бузрук маскан шу ерда

Самарқанд шаҳридаги Шарқ маҳалласи ўтмиш ва келажакни акс эттираётган кўзгуга ўхшайди.

Дунёдаги учинчи энг бузрук маскан шу ерда

Бир кўча афсонавий Регистон ансамблига олиб чиқса, яна бири муборак қадамжо — Шоҳи Зиндага элтади. Йўл бўйлаб қад ростлаган замонавий бинолар кетидан асрий тарихга гувоҳ уйларни кўриб, тарих зарварақлари чалкаштириб қўйилгандек туюлади.

Туғишгандан ҳам яқин

Ҳар гал «Сен етим эмассан» фильмини томоша қилганимда, бир ўзбек оиласининг ўн беш нафар турли миллатга мансуб болани қарамоғига олиб, барини баробар ардоқлаб, бор бисотини бирга баҳам кўриб, энг оғир дамда кўрсатган жасоратига қойил қоламан. Бир куни оиламиз билан ўша фильмни такрор кўрар эканмиз, серсавол укам сўради: «Буви, Шоаҳмад ота шунча болани асраб олгани ростми?» Бувим эса ёшлик чоғларидаги яқин дугонасидан бири — Ленанинг украин қизи экани, уларнинг оиласи Ўзбекистонга қандай келиб қолгани, кейинчалик кетишга имкон туғилган бўлишига қарамай, ватанига қайтмагани ҳақида айтиб бердилар. Сўнг девор-дармиён қўшнилар Михаил ва Марат акаларнинг ҳавас қилгудек муносабатини мисол келтириб, бизга ҳам ана шундай иноқ бўлишимизни уқтирдилар. Ўшанда ўзимча ўйлаганим ёдимда: дунёдаги жами инсонларни ягона ип — одамийлик риштаси чамбарчас боғлаб турса керак. Ана шу ришта бегона инсонларни ҳам жигардек яқин қилиб қўяди.

Шарқ маҳалласида ҳам узоқ йиллар бирга яшаб, қариндош тутиниб кетган ўнга яқин турли миллат вакиллари истиқомат қилади.

«Ўзбек тилида бийрон-бийрон гапиради...»

— Маҳалламизда уч мингдан зиёд аҳоли, 610 та хонадон бор, — дейди маҳалла раиси Аслиддин ­ШАРОФИДДИНОВ. — Ўзбек, тожик, корейс, татар, рус, озарбайжон, қозоқ ва яҳудий каби миллат вакиллари кўпдан бери яшайди. Шу кунга қадар улар ўртасида ҳеч қандай низо ва тушунмовчилик бўлмаган. Аксинча, бир жойда яшаб, ўзаро ака-ука, опа-сингилдек бўлиб кетишган. Миллий байраму йиғинларда биринчилардан бўлиб таклиф ва мулоҳаза билан қатнашади. Урф-одат ва анъаналаримизга бўлакча ҳурмат билан қарайди. Кўплари ўзбек тилида бемалол сўзлаша олади. Наврўз тантаналарида, халқ сайилларида ўзбекча лапар ва қўшиқлар айтиб, бизни лол қолдирган вақтлар ҳам бўлган.

Кези келганда оиладаги арзимас нарсага тортишаётган ўз болаларини муросага чақириб, яраштириб қўйиш ота-онага қийинлик қилади. Бундай пайтда на унисига, на бунисига ён босиб, адолат ўлчовида адашиб қоладиганлар ҳам топилади. Ажрашиш ёқасидаги оилани сақлаб қолиш, тўй-маъракаларни тартибга солиш, қайнона ва келинни инсофга чақириш — буларнинг ҳаммасига ечим топишни бўйнига олиб, уддасидан чиқиш эса жўн иш эмас. Маҳалла оқсоқоли суҳбат чоғида ишсиз фуқароларнинг 95 фоизи меҳнатга жалб этилиб, 55 нафар хотин-қиз «Самарқанд — Сингапур» қўшма корхонасига доимий ишга жойлашгани бу йилги энг улкан ишлардан бири бўлганини алоҳида айтди.

Буюк аждодлар зиёратгоҳи

Маҳалла ҳудудидан ўтувчи Ғиждувон кўчасида Чокардиза қабристони бор. Чокардиза мавзеси IX аср охири X аср бошларида яшаган машҳур фиқҳшунос олим Абу Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Самосий ал-Мутаваъиннинг боғи бўлган. Олим вафот этгач, шу мавзега дафн этилган. Шундан сўнг, боғ аллома Имом Абу Лайс Самарқандийнинг қўлига ўтиб, кейинчалик вафот этгач, у киши ҳам шу ерга дафн этилган. Шунингдек, ислом оламидаги кўпгина улуғ зотлар, жумладан, Имом Абу Мансур Мотуридий ҳамда илми ҳикмат асосчиси Имом Абул Қосим Самарқандийларнинг мақбараси ҳам Чокардиза қабристонида жойлашган. Тарихий манбалардан бирида келтирилган маълумотлар ҳам бу ернинг қанчалар муқаддас эканидан дарак беради: «Мадинаи мунавварадаги Боқия қабристонидан ва Макка мукаррамадаги Муалла қабристонидан бошқа Самарқанддаги Чокардиза қабристонидан бузрукроқ қабристон йўқдир...» Истиқлолдан кейин бу  манзиллар қайтадан обод этилди.

Ҳам раҳмат, ҳам даромад

Ободлик кўча-кўй, қишлоқ ва маҳалла қиёфасида кўринади. Айни пайтда маҳаллада жами 9 та меҳмонхонанинг 4 таси ишга тушган бўлса, қолганларида таъмирлаш ва пардозлаш ишлари якунига етай деб турибди. Қолаверса, 150 кишилик ресторан, сартарошхона, новвойхонани ўз ичига олган маиший хизмат кўрсатиш комплекси фаолият юритиши билан бирга, элаксозлик, сомсапазлик, тикувчилик каби касб эгаларининг меҳнати ҳам раҳмат, ҳам даромад келтираётгани айни ҳақиқат. Шу ўринда оилавий тадбиркор хонадонларни эътироф этиш жоиз.

— Ҳунармандлик — бизнинг ота касбимиз, — дейди эл корига яраётган уста-дурадгор Баҳром ҲАБИБЖОНОВ. — Шу йилнинг ўзида тўртта иш ўрни яратиб, бежирим эшик, ром ва ҳар хил мебеллар ясаяпмиз. Уйимизнинг ертўла қисмидан жой ажратиб, 15 дона ускуна ёрдамида ёғочга ишлов берамиз. Буюртмалар кундан-кунга ортиб боряпти. Шунинг учун ҳам иш тобора қизғин кетяпти. Келгусида яна 6 та иш ўрни яратишни ният қилганмиз.

«Ҳамкорликка тайёрмиз...»

Маҳалла фаоллари яна бир таклифни ўртага ташлади. Маҳалланинг ўзида мактабгача таълим муассасаси йўқ экан. «Фойдаланиш мумкин бўлган бино мавжуд, сармоя тикиб, бинони қайта таъмирлаб, болалар боғчасини ишга туширадиган тадбиркор билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», деб изоҳлади маҳалла раиси.

Шунингдек, маҳаллада иккита умумтаълим мактаб кутубхонасидан ташқари яна битта 25 мингга яқин китоб мавжуд кутубхона бор. Бу китоблар орасида тарихий нодир асарлар талайгина. Бироқ кутубхона биноси таъмирталаб ҳолга келгани учун маҳалла марказида мутолаа учун алоҳида хона ҳозирлаб қўйилган. Эндиликдаги қилиниши лозим бўлган асосий вазифалардан бири — кутубхонани фуқаролар, айниқса, ёшларнинг севимли масканига айлатиришдан иборат.

 

Наргиза ЮНУСОВА




Ўхшаш мақолалар

Муаммолар маҳаллада ечим топиши керак

Муаммолар маҳаллада ечим топиши керак

🕔12:48, 12.04.2019 ✔87

Раис ва масъул котиб ойлиги шунинг учун оширилмоқда

Уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини аниқлаш, одамлар оғирини енгил қилиш давлат идоралари олдидаги асосий мақсад экани бот-бот айтилмоқда. Бу жараёнда аҳоли учун энг яқин ва уларнинг бор ташвишидан хабардор бўлиб турадиган маскан — бу албатта маҳалла идораси. Хўш, маҳаллалар одамлар ҳаётида бугун қанчалик ўрин тутмоқда? Уларнинг аҳоли билан иш олиб боришдаги фаолияти ўзгарадими?

Батафсил
Қоғозда «бўлди-бўлди», амалда…

Қоғозда «бўлди-бўлди», амалда…

🕔11:15, 31.01.2019 ✔207

Бу мавзу маҳалла мутасаддисини қизиқтирадими ёки фақат юқори ташкилотларнинг ташвишими?

Батафсил
Тўйдан қолмас, жанозага бормас оқсоқоллар

Тўйдан қолмас, жанозага бормас оқсоқоллар

🕔17:36, 24.01.2019 ✔255

Вақти-соати келиб, яқин кишимиз ёки маҳалладошимиз бандаликни бажо келтирса, ич-ичимиздан қайғурамиз. Марҳумнинг оила аъзоларига  ҳамдардлик билдириб, уни сўнгги манзилига иззат-икром билан кузатиб борамиз. Сўнг, давраларда эл-юрт равнақи учун қилган эзгу амалларини ҳурмат ила ёд этиб, ёшларимизга хотиралар сўзлаймиз. Хайрли ишларини давом эттиришга даъват этамиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Муаммолар маҳаллада ечим топиши керак

    Муаммолар маҳаллада ечим топиши керак

    Раис ва масъул котиб ойлиги шунинг учун оширилмоқда

    Уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини аниқлаш, одамлар оғирини енгил қилиш давлат идоралари олдидаги асосий мақсад экани бот-бот айтилмоқда. Бу жараёнда аҳоли учун энг яқин ва уларнинг бор ташвишидан хабардор бўлиб турадиган маскан — бу албатта маҳалла идораси. Хўш, маҳаллалар одамлар ҳаётида бугун қанчалик ўрин тутмоқда? Уларнинг аҳоли билан иш олиб боришдаги фаолияти ўзгарадими?

    ✔ 87    🕔 12:48, 12.04.2019
  • Қоғозда «бўлди-бўлди», амалда…

    Қоғозда «бўлди-бўлди», амалда…

    Бу мавзу маҳалла мутасаддисини қизиқтирадими ёки фақат юқори ташкилотларнинг ташвишими?

    ✔ 207    🕔 11:15, 31.01.2019
  • Тўйдан қолмас, жанозага бормас оқсоқоллар

    Тўйдан қолмас, жанозага бормас оқсоқоллар

    Вақти-соати келиб, яқин кишимиз ёки маҳалладошимиз бандаликни бажо келтирса, ич-ичимиздан қайғурамиз. Марҳумнинг оила аъзоларига  ҳамдардлик билдириб, уни сўнгги манзилига иззат-икром билан кузатиб борамиз. Сўнг, давраларда эл-юрт равнақи учун қилган эзгу амалларини ҳурмат ила ёд этиб, ёшларимизга хотиралар сўзлаймиз. Хайрли ишларини давом эттиришга даъват этамиз.

    ✔ 255    🕔 17:36, 24.01.2019
  • Дунёдаги учинчи энг бузрук маскан шу ерда

    Дунёдаги учинчи энг бузрук маскан шу ерда

    Самарқанд шаҳридаги Шарқ маҳалласи ўтмиш ва келажакни акс эттираётган кўзгуга ўхшайди.

    ✔ 278    🕔 17:16, 27.12.2018
  • Юртободни обод қилаётганлар

    Юртободни обод қилаётганлар

    Маҳалланинг равнақ топиши раиснинг билими ва тажрибасига боғлиқ.

    ✔ 276    🕔 17:32, 13.12.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар