Ёшлар      Бош саҳифа

Ўсмирни ўртаган дард нима?

Кимлар ўз фарзандини ташвишга қўймоқда?

Ўсмирни ўртаган дард нима?

Дугонам тез-тез шифохонага қатнайдиган бўлиб қолди. Аввалига ўзи кўринишга боргандир-да, деб ўйладим. Кейин билсам, қизи билан бирга бораётган экан. Бир куни уларни йўлда учратиб қолиб, ҳол-аҳвол сўрадим. Шунда у 6-синфда ўқийдиган қизини дарсларингни тайёрлагин, деб уйига жўнатди-да, мени бир четга тортди. Кўзларидаги ҳорғинликдан қандайдир кўнгилсизлик сезилиб турарди.

— Ўртоқжон биласанми, мана бир ойки уйимизда тинчлик йўқ. Эрим ҳар куни ичиб келади. Бу ҳам етмагандек, ҳамма ёқни бошига кўтариб жанжал қилади. Авваллари ҳеч бундай қилмасди. Ишдан бўшади-ю, бекорчи ошна-оғайнисига қўшилиб, яримкечагача чойхонада ўтирадиган одат чиқарди. Майли, деб бунга ҳам кўникиб қолгандим. Энг ёмони, уйдаги асаббузарликлардан кейин қизимнинг тоби қочадиган бўлиб қолди. Мана, ўн кундан буён шифохонага қатнаб, муолажа оляпмиз.

Бу суҳбатни анчагача ёдимдан чиқаролмай юрдим.

Чиндан ҳам оиладаги нотинчлик фарзанд соғлиғига таъсир кўрсатиши жуда аянчли ҳолат, шундай эмасми? Ўсмир қиз қалбидан қанчадан-қанча изтироблар ўтказганини ҳис қилиш мушкул эмас. Ота ёки онанинг ўйламай қилган биргина хатоси фарзандлар онгида бир умрга қора доғ бўлиб, муҳрланиб қолса-я? Бу уларнинг руҳини синдирмайдими? Тенгдошлари орасида бошини эгмайдими? Ўзини тўлиқ бахтли ҳис қилиб яшашига халал бермайдими?        

— Ўсмирлик жуда нозик давр. Шунинг учун ҳам кўп ота-оналар ёнимизга маслаҳат сўраб келишади, — дейди Яккасарой туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, психолог Дилфуза ­СУЛТОНОВА. — Айниқса, оилаларда юзага келаётган келишмовчиликлар ўсмир ёшдаги болага кучли салбий таъсир кўрсатади. Бу болаларнинг дарди ичида бўлиб қолади. Барчаси йиғилиб-йиғилиб, ҳар хил аянчли оқибатларга олиб келиши ҳам ҳеч гап эмас.

Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар ишида эксперт бўлиб иштирок этганимизда, доим хаёлимда бир фикр чарх уради: энди ўртадаги болалар тақдири нима бўлади? Афсуски, ҳар қанча мулоҳаза қилмайлик, дурустроқ жавоб топиш қийин. Бола ҳали ёшдир, лекин у ўсяпти-ку. Тўғри, оч-яланғоч қолиб кетмайди. Лекин нимани ўйлаб катта бўляпти, дилида нима тугиб улғайяпти? Ота-оналарга, эртага сизга қараб, нима қилиб қўйдингиз, нега отамдан ёки онамдан маҳрум қилдингиз деб сўраса, қандай жавоб берасиз, дейман.

Бу оила тақдирига ҳам айрилиқ битилган экан. Она икки норасида гўдагини турмуш ўртоғига қолдириб, ажрашишни истади. Ўша вақтда болаларнинг бири тўрт, бири икки ёшда эди. Ота қайта уйланди. Фарзандлар ҳам аёлга меҳр қўйиб, вояга етишди. Ҳозир улар лицей ўқувчилари. Айни ўсмир ёшда. Буни қарангки, бундан бир неча йил аввал бўлган ишлар энди фарзандларнинг ташвишига айланди. Ўз онасининг ташлаб кетгани, уларнинг қалбини қаттиқ изтиробга солмоқда. Психолог қабулига ёрдам сўраб келган отаси ўғилларининг арзимас нарсага ҳам асабийлашиши, ўз хонасига қамалиб олиб, бошқалар билан гаплашишни истамаслиги, серзарда бўлиб қолганидан ташвишда эканини айтди. Мутахассис болалар билан суҳбатлашганда эса ҳаммаси кундек равшан бўлди. Болалар ўз онасининг қилган ишини ўйлаб сиқилар, ўзларига дардкаш қидириб қийналишарди. Гарчи ёнида ювиб-тараб, катта қилган аёл бўлса-да, ўз онасининг ўрнини боса олмаётганди. Шундай вақтда ҳатто ота ҳам улар билан дилдан суҳбатлашмагани қаттиқ панд берганди.

Бундай вазиятларда ўғил болаларга кўпроқ оталар яқин бўлгани яхши. Психологларнинг таъкидлашича, болага ўн ёшдан бошлаб, дўстдек муомала қилган маъқул. Шунда у қалбидаги кечинмаларини ўз яқинлари билан ўртоқлашиб, муаммоларига ҳам бирга ечим топишга ўрганади.

Юқоридаги қаҳрамонларимиз эндигина балоғат ёшига етган. Лекин уларни ўйлантираётган, қийнаётган муаммолар юки анчагина оғир. Алам қиладигани эса болаларни бегоналар эмас, ўз яқинлари ташвишга қўяётгани. Эртага бу ўсмирлар ҳам оила қуришади, фарзандли бўлишади. Шунда улар ўз яқинларини бахтли қила олармикан? Болаларига ота ёки она меҳрини беролармикан? Биз қуш уясида кўрганини қилади, деган иборани кўп қўллаймиз. Бундан хулоса қилишимиз мумкинки, бугун бир оилада бошланган салбий иллат худди занжир каби бошқасига уланиб кетаверади.

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Ўсмирни ўртаган дард нима?

Ўсмирни ўртаган дард нима?

🕔17:17, 27.12.2018 ✔281

Кимлар ўз фарзандини ташвишга қўймоқда?

Батафсил
Ҳар куни керак бўлган  «юқумли касаллик»

Ҳар куни керак бўлган «юқумли касаллик»

🕔17:17, 27.12.2018 ✔287

«У жуда арзон, лекин кўп нарса беради. Ким олса, уни бой қилади, ҳадя этганлар эса камбағал бўлиб қолмайди.

Батафсил
Бир нафар ёшни қўллаб-қувватлаш  ўнлаб муаммоларни ҳал этади

Бир нафар ёшни қўллаб-қувватлаш ўнлаб муаммоларни ҳал этади

🕔09:14, 21.12.2018 ✔262

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришда банк билан боғлиқ мураккабликларни бартараф этиш керак.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар