Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Дарахтни кесмасдан ёшини аниқлаб бўлмайди

Умр — оқар дарё, дейишади. Ҳамма нарса шитоб билан ўзгариб-янгиланаётган бугунги кунимизда бу ҳикмат ҳам анча қариб қолгандай гўё.

Дарахтни кесмасдан ёшини аниқлаб бўлмайди

Вақтнинг бугунги шиддати олдида дарёнинг оқиши ҳеч нарса бўлмай қолди. Энди вақт нур тезлигида ўтиб кетяпти. Унинг ўтиб кетганини илғаб-илғамай ҳам қоляпмиз.

Кечагина янги 2018 йилни катта орзу-умидлар билан кутиб олган эдик. Бугун эса унинг ҳам охири кўриниб қолди. Одатда, охири кўриниб қолди, иборасини унча хуш кўрмай тилга оламиз. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор...

Кутилмаган сюрприз

Байрамни асли болаларга чиқарган. Бундай кунларда улар катталардан ўн чандон кўпроқ хурсанд бўлишади. Катталарнинг асосий иши — биринчи навбатда, болаларни, оиласидагиларни хушнуд қилиш. Байрам совғаси, кутилмаган сюрприз, ғаройиб саргузашт, эсда қоларли воқеа кабиларни болаларга муҳайё қилиб қўйиш учун катталар икки оёқни бир этикка тиқиб бўлса-да ҳаракат қилишади. Муҳими, байрам байрамдай ўтсин! 

Айниқса, ҳар гал Янги йил киришида болакайларнинг шодликдан бошлари осмонга етиши бежиз эмас. Бола кўнгли бундай қувончнинг боисини аниқ билмаса ҳам, ҳар ҳолда ҳис қилади. Йилларнинг бир-бирини қувиб-қувлашиб ўтиши болаларга жуда катта фойда. Шу йўсинда улар улғайиб, «катта одам»га айлана боради. «Катта одам» бўлиш эса ҳар бир бола учун мислсиз орзулар рўёби дегани. Йилларнинг ўтиши болани орзулар рўёбига етказадиган сирли-сеҳрли пиллапоялардир.

Хўш, бундай кезларда нега катталар болаларчалик хурсанд бўла олмайди? Бу саволга ҳазил аралаш катталар ҳамма нарсани орзу қилиб бўлишган, деб жавоб берадиганлар ҳам бор. Лекин муҳими бу эмас. Йилларнинг алмашиниши болаларни ҳаётнинг энг қайноқ жабҳаларига яқинлаштирса, катталарни худди шу жабҳадан секин-аста узоқлаштириб бораверади. 

Болаларда нимагадир улгуриб қолиш фурсати, катталарда эса улгурилмай қолган ишлар сарҳисоби бор...

Яхшиликнинг умри

Синчков боболаримиз баъзи жонзотларнинг ёшини уларнинг тишига қараб таъбир қилишган. Ҳайвоннинг тиши унинг умри ҳақида хулоса чиқаришга қайсидир маънода асос бўлган. Оддийгина уй бекаси бўлган доно момоларимиз ҳатто тоғларнинг ҳам ёшини бехато айтиб бера олганига қойил қолмасдан илож йўқ.

Дарахтнинг ёшини аниқлашда эса бундан ҳам ажойиброқ йўл тутилган. Дарахт танасининг кўндаланг кесилган қисмидаги ҳалқалар сони унинг қанча умр кўрганини аниқлашда антиқа бир ахборот бўлган.

Демак, танасини кесмасдан туриб, дарахтнинг ёшини билиб бўлмас экан-да?!.

Инсоннинг ёшини у яшаб ўтган йиллар миқдори билан белгилаймиз. Лекин умрнинг салмоғи айнан нима билан белгиланиши, қандай ўлчаниши ҳақида ҳар ким ўзича тусмол қилади. Фалончи юз йил яшади, умри баракали бўлди, деган гаплар қулоққа чалинади. Аммо бор-йўғи қирқ йилгина яшаб, қолган умрини минг-минглаб кишилар қалбида давом эттираётганлар ҳам йўқ эмас-да. Уларнинг умр салмоғи ҳақида иштибоҳ билдира оламизми?

Янгиланиш орзуси

Инсон табиатан янгиликка ўч. Ҳар куни нимадир янгилик бўлишини интиқиб, кутиб яшайди. Иттифоқо, таниш-билишлар учрашиб қолса, салом-аликдан кейинги асосий гап «нима янгиликлар бор?» дейиш бўлади. Янгилик биз учун жуда катта нарса — беҳисоб орзу-умид, улкан имкониятлар учун эшик очиб берадигандай. Балки шунинг учунмикан, психологлар «кундалик бир хилликдан зерикмаслик учун ҳаётингизда баъзан янгилик яратиб туринг. Ҳеч бўлмаганда, хонангиздаги мебеллар ўрнини ўзгартиринг. Бу сизнинг кайфиятингиз кўтарилишига сабаб бўлади», деб маслаҳат беришади.

Тўғри, кимнингдир кичкина хонасидаги бир стулнинг ўрни ўзгариши бошқалар учун аҳамиятли эмас. Лекин самовий вақт ўлчовининг янги қатламига кириш — йилнинг янгиланиши инсоният учун ўзига хос жўшқин ва ҳаяжонли экани, шубҳасиз.

Ҳозир айни шундай ҳаяжонли кунларда турибмиз. Халқимиз бундай пайтда хуш умид, эзгу ниятлар қилади. Бир-бирига яхши тилаклар изҳор этади. Эртанги кунига ҳамиша умидбахшлик билан қараш дунёдаги ҳамма халқларнинг муштарак аъмоли бўлса, ажаб эмас.

Аммо кўнгилнинг бир пучмоғида вақтнинг ҳали номаълум сарҳадлари ҳақида жиндай беқарорлик ҳам йўқ эмас. Эртанги кунимиз бугунимиз билан солиштирганда қанақа бўлади? Чикками-пукка?.. Бу саволни ҳар бир инсон, ҳар бир касб эгаси ўз ҳаёти ва фаолияти билан боғлаб таҳлил этади. Сабаби, деҳқоннинг ҳам, ишбилармоннинг ҳам, чўпоннинг ҳам, косибнинг ҳам  ўз тош-тарозиси бор. Тер тўкиб, меҳнат қилаётган киши борки, барининг мақсади бир: халққа хизмат қилиб, нафим тегсаю шунинг орқасидан рўзғоримни ҳам бутлаб олсам, дейди. Шу мақсаднинг амалга ошиши учун биров гул экади, биров янтоқ. Полизлар янгиланади, майдонлар ўзгаради. Ҳамма нарса ўтаётган вақтга мувозий равишда кўз олдимизда бир-бир ўтиб бораверади. Олдин кунлар, сўнг ҳафталар, ойлар, йиллар ўтаверади. Инсон деган мардумдан қоладигани эса фақатгина яхшиликдир. Шунинг учун умрнинг ўтиши, йилларнинг алмашиниши ана шу яхшилик деган катта ва улкан буюкликнинг олдида ўз шиддатини йўқотади.    

Оташқалб шоир Ибройим Юсуповнинг         

Умр қисқа, манзил узоқ,

Йиллар биздан кетар йироқ.

Мангу қўшиқ каби янгроқ

Эсар Жайҳун шамоллари...

сатрларида вақт ва мақсад ҳақидаги мушоҳадаларини бежиз шамолга менгзамайди. Йиллар ҳам худди шамол каби бир лаҳзада ўтиб бораётганига зимдан ишора бор...

Қорбобонинг халтасида йўқ

Дарвоқе, юқорида Янги йил олдидан болажонларга байрам совғаси ҳақида фикр юритдик. Бундай кунларда кутилмаган совғага фақат болалар иштиёқманд бўлади, десак, унчалик тўғри эмасдай. Аслида совға ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Самимий, беғараз қилинган совғани ҳеч ким рад этмайди. Шу билан бирга, рад этиб бўлмайдиган совғалар ҳам бор. Кимдир буни мулоҳаза қилиб, кимдир қилмай яшайди. Шу кунларга омон-эсон етиб келганимиз, танимиз бут, жонимиз соғ яшаётганимиз, атрофимизда бизни яхши кўрадиган ва биз яхши кўрадиган энг яқин инсонлар — оила аҳлимизнинг борлиги, яқинларимиз билан бир сафда, бир дастурхон атрофида ўтириб, яна бир янги йил кириб келишини қувонч билан байрам қилаётганимиз бизга берилган энг катта совға эмасми?

 

Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

ОТ ИЗИНИ БОС(м)АЁТГАН ТОЙЧОҚЛАР

ОТ ИЗИНИ БОС(м)АЁТГАН ТОЙЧОҚЛАР

🕔18:34, 12.09.2019 ✔210

ёхуд «Сен одам бўмайсан...»  тарбия усулидан кимларни яратяпмиз?

Батафсил
ОСМОНГА ОТИЛГАН ТОШ КИМНИНГ БОШИНИ КЎЗЛАМОҚДА?

ОСМОНГА ОТИЛГАН ТОШ КИМНИНГ БОШИНИ КЎЗЛАМОҚДА?

🕔23:16, 29.08.2019 ✔597

ёхуд виртуал майдонлардаги ўйинларнинг асл қиёфаси

Батафсил
ҚАЙНОНА-КУЁВ ҲАЖВЛАРИ ЎЗБЕККА ХОСМИ?

ҚАЙНОНА-КУЁВ ҲАЖВЛАРИ ЎЗБЕККА ХОСМИ?

🕔23:11, 29.08.2019 ✔274

ёхуд қош қўяман деб кўз чиқариб қўйманг

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар