Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«Бугун хавфли бир бало бор...»

Томошабин кўз ўнгида ҳам жиддий, ҳам комик қиёфада намоён бўлиш осон эмас. Бунинг учун фақатгина ҳаракат ва интилишнинг ўзи камлик қилади.

«Бугун хавфли бир бало бор...»

Мана шундай қобилиятни тинимсиз меҳнат, ўқиб-ўрганишлар эвазига ривожлантириб, ном қозонган санъаткорларимиз бармоқ билан санарли.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб МАТЧОНОВ ана шундай кам сонли санъаткорлардан. Узоқ йиллардан буён ўзига хос образлари билан халқимиз қалбидан чуқур ўрин эгаллаб келаётган актёр ҳозирги кунда Ўзбекистон киноарбоблар ижодий уюшмасига ҳам раҳбарлик қилмоқда. Актёрнинг машаққатли ижодий фаолиятини-ку, унча-мунча биламиз, хўш, мансабдорликни қандай уддалаяпти?

— 1997 йилга келиб «Ўзбеккино» миллий агентлиги таркибига қўшилган,  2017 йил 7 августдан қайта фаолиятини бошлаган бу ижодий уюшма олдига қўйилган энг катта мақсад ўзбек киносини янада ривожлантириш ва янги босқичларга кўтаришдир, — дейди Матёқуб Матчонов. — Зиммамизда халқимизга яхши ва сифатли фильмларни тақдим этишдек юки залворли масъулиятни ҳис этиб ишлаяпмиз. Аввало, устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Чунки олийгоҳни тамомлаб келган ёшларимизнинг барчаси ҳам мутахассис даражасида бўлмайди. Келажагимиз эгаларининг билимини бойитиш, кўникмасини шакллантириш, умуман, профессионал даражага кўтариш бурчимиздир.

— Биласиз, хусусий киностудиялар олган фильмларнинг аксарияти доим танқид остида қолади. Қизиғи, уларнинг кўпида сизни ҳам кўрамиз. Бевосита жараённинг иштирокчиси сифатида нодавлат студиялар суратга олган кинолар ҳақидаги танқидларга қандай қарайсиз?

— Биласизми, 2000 йилга қадар ўзбек киносининг ўрни сусайиб, ҳинд фильмлари экранларни эгаллаганди. Қайси каналга қараманг, ҳиндча қўшиқ, сериал ёки кино... Шундан сўнг аста-секинлик билан хусусий студиялар катта майдонга чиқа бошлади. Қайсидир маънода, улар улоқни олиб ҳам кетди. Танқидларга учраётган ўша хусусий кинолар экранларимиздан хорижнинг енгил-елпи киноларини бирмунча сиқиб чиқаришга ҳам эришди. Ҳолбуки, кино ҳақида гап кетганда нодавлат студиялар ишлаган фильмларни, ҳақ-ноҳақ «савалайверишди». Назаримда, ундан кўра, кино олишда хато кетган бўлса, унга ечим топишга ҳаракат қилиш керак эди. Биринчи қадамдаёқ фақат танқидга учраган ёш режиссёр, иккинчи қадамни босишга қўрқади, журъати етмайди. Чўчиб қолади. Бу эса, кўп ҳолларда кино санъати учун катта йўқотиш саналади.

Савияси пастлигини танқид қилиш баробарида унинг ечимини ҳам кўрсатиш зарур. Сохта обрў орттириш, халқ ичида шов-шув кўтариб, номини машҳур қилиш учун қанча одамнинг меҳнати сингган бутун бошли фильмни ёппасига ерга уриш яхши эмас, деб ўйлайман.

— Танқид ёки билдирилган салбий фикрлар томошабин фикрини ўзгартира оладими?

— Халқимиз жуда содда. Телевизорда ёмон деяпти, демак, ёмон экан, деган фикрга борадиганлар ҳам кўп. Шу жиҳатдан, саволингизга «ҳа» деб жавоб бериш мумкин.

Президентимизнинг тегишли қарорига биноан, бир йилда одатдагидек икки-уч эмас, нақд йигирмата кино яратиш учун маблағ ажратилди. Бу ҳали кино тарихида кузатилмаган янгилик. Мана шу фильмларнинг ярмидан кўпини эса, ёш режиссёрлар суратга олишмоқда. Улар ижод қозонида қайнаётган, ўз қараш ва фикрига эга. Келажакда кино санъатимизни бутун дунёга машҳур қиладиганлар ҳам шулар, деб ўйлайман. Яқинда намойиши кўпчиликка манзур бўлган «Исломхўжа» фильмини бунга яққол мисол келтириш мумкин. Бу фильм тақдимоти АҚШда ҳам бўлиб ўтди. Жуда яхши фикрлар билдирилди. Билсангиз, ушбу фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов ҳам ўз ишини хусусий кино студияларда бошлаган...

— Мухлис ҳам актёрни тарбиялайди, деган фикр қай даражада тўғри? Унинг ўз устида ишлаши, маҳорати ортиб боришида томошабиннинг ҳам ҳиссаси борми? 

— Албатта шундай. Актёр фақат мухлис учун ижод қилади. Ёзувчи ўқувчи учун ёзади. Демак, мухлис бор экан, санъат ва ижод бардавом. Қолаверса, энг холис баҳони айнан мухлис бера олади. Оилангиз, дўст-биродарлар мулоҳазасида бир чимдим мақтов, озгина бўрттириш доим бўлиши табиийлигини биласиз-ку. Томошабиннинг эса, таассуротида ҳам, танқидида, фикрида ҳам кўп ҳолда ҳақиқатни, самимиятни сезасиз. Уларда сохталик йўқ. Шу боис ижодкор мухлис назаридан қолишдан, ундан ёмон фикр эшитишдан қўрқади.

— «Актёрлик даҳшатли касб. Чунки кутиш улар учундир», дейди шоир ва драматург Усмон Азим. Бу фикрга қандай муносабат билдирасиз?

— Усмон ака театр актёрлари фаолиятини жуда яхши билади. Унинг фикри мутлақо тўғри. Актёр яхши ролни кутиб яшайди. Бошқача айтганда, у кимгадир боғланган. Режиссёрга, операторга... Бу касб тақозоси, ундан қочиб бўлмайди. Агар хоҳламаса, ўзи режиссёр бўлсин, оператор бўлсин, сценарий ёзсин. Бу қўлидан келмадими, демак, чидашга, кутишда давом этишга мажбур. Касбимизнинг роҳати билан бирга, мана шундай машаққатли, даҳшатли жиҳатлари ҳам бор. Бир яхши ролни кутиб умрингиз ўтиб кетиши ҳам мумкин-а...

— Томошабин сиздан катта-катта, характерли ролларни кутади. Ҳозиргача яратган образларингиз билан уларни қониқтира оляпман, деб ўйлайсизми?

— Менинг ҳам ўз мухлисларим бор. Улар ижодимдан қониқаётгандирки, ижодимга мухлис. Катта ролларга келсак, ўзим ҳам шундай ролларни кутаман... Очиғи, роль учун курашадиган одам эмасман. Аслида кичкина эпизодни ҳам катта ролга айлантира олиш, биргина кўриниш бериш билан ҳам томошабин қалбини забт этиш мумкин. Атоқли актёримиз Раҳим Пирмуҳамедов умри давомида фақат эпизод ролларни ўйнаганига қарамасдан, чинакам халқ артисти эди. Бу ўринда мен унвон билан бирга, халқимизнинг у кишига бўлган қайноқ меҳрини ҳам назарда тутяпман. Шунинг учун, катта роллар ижро қилса-да, унутилгандан кўра, кичик роль билан бўлса-да, одамлар ёдида қолган маъқул, деб биламан.

— Ижобий ва салбий образли ролларингиз кўп. Бир-бирига зид йўналишларда ижод қилиш қийин эмасми?

— Нима қилай, касбим шу! Инсон бир соҳада фаолият юритиб, шунинг ортидан оиласини боқяптими, демак, ҳаммасини уддалаши керак. Лекин комедияни роса яхши кўраман. Танлов имкони бўлса, иккиланмай комедияни танлайман. Томошабинни мириқиб кулдириб, ташвишини аритишдан ортиқ бахт йўқ.

— Кўпчилик машҳурлар мухлис ва санъаткор ўртасида чегара бўлиши керак, йўқса, қадри қолмайди, дейди. Сиз-чи, томошабин билан орада «Хитой девори»ни қуриб олишга қандай қарайсиз?

— Гап санъаткор мавқеига путур етишида эмас. Санъаткорни яхши кўриш, ижодини севиб томоша қилиш керак. Унинг шахсиятига қизиқавериш эса тўғри эмас, деб ўйлайман. Ўртада чегара бўлгани маъқул. Худди раҳбар билан ходим, ота билан бола ўртасида бўлганидек. Айримлар, мен ўғлим билан дўстдай гаплашаман, деб қолади. Қанақасига ахир? Ўғил билан дўст бўлиш мумкинми? Оилавий муносабатлар ўз аҳамиятини йўқотади-ку. Ота ва ўғил, она ва қиз ўртасида, албатта, чегара бўлиши керак. Бизнинг менталитетимиз шуни тақозо қилади.

Баъзи санъаткорларимизга ҳайрон қоламан, овқат есаям, оёқ кийим тозаласаям суратга олади... Нима қиласан буни дея сўрасам, мухлисларим билиши керак нима қилаётганимни, дейди. Мухлис сени ролингдан, куйлаган қўшиғингдан танисин, билсин-да, дегим келади...

— Сизнингча, бугун экранлардаги қайси фильмлар келажакда «Маҳаллада дув-дув гап», «Ўтган кунлар», «Суюнчи» каби давр синовидан ўтиб, севиб томоша қилинаверади?

— Буни замон кўрсатади. Мен учун ҳаммаси қадрли. Озми-кўпми, уларга менинг ҳам меҳнатим сингган. Сиз айтган кинолар ҳам ўз даврида бундай севимли бўлмаган. «Суюнчи»ни ҳатто комиссия қабул қилмаган... Бугун эса,  классикага айланди... Ҳаммаси вақт ҳукмида.

— Бугун ўзбекона тарбия йўриғу йўсинлари шаклан-мазмунан ўзгаришга юз тутяпти. Сизнингча, бу ўзгаришлар бизга нима беради? 

— Бугун хавфли бир бало бор — телефон. Ўғил бир четда, бола бир бурчакда — қўлида шу матоҳ. Савол берсанг, эшитмайди. Фикру хаёли ўшанда. Мен бунга бутунлай қаршиман. Бугун ўзининг, дўстининг жонига қасд қилаётган ёшлар нега кўпаймоқда? Ҳаммаси мана шу телефон ва интернет кабиларнинг «каромат»и. Ёшларимиз хорижлик тенгқурлари билан, билим олиш, янгилик яратиш, соғлом яшаш бобидан ташқари, бирорта масалада, айниқса тарбия борасида ўзини тўла таққослаши керак эмас. Улар бошқа миллат вакиллари.

Биз — ўзбекмиз! Меҳр бу — кўздан, дилдан ўтадиган нарса. Дастурхон атрофида жам бўлиб, ўзаро суҳбатлашиб, фарзандларга тарбия бериш билан меҳр ҳам қалбларга сингади. Ўзбек халқи азалдан оилапарвар. Бугун ота-боболаримизнинг ана шу аъмолига муносибмизми? Тўғри, мен ҳам кам сонли юртдошларимиз қаторида оилада ота-боболаримиздан қолган анъаналарни сақлаб қолишга ҳаракат қиламан. Оила жуда муқаддас. Халқимиз шуни унутмаслигини хоҳлардим. Ҳамма нарса йўқолиши ва топилиши мумкин. Аммо оила ягона бўлади, уни бошқа ердан излаш бефойда. Меҳр йўқолмаслиги учун фарзандлар билан кўпроқ мулоқот қилиш лозим.

Китоб ўқишни ҳамма ўз оиласида тарғиб қилиши керак. Интернет учун мегабайт сотиб олишга кетган пулни битта китоб учун сарф қилиш яхшироқ, деб биламан.

 

Озода ВАЛИЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Муножот ЙЎЛЧИЕВА: «Улардан хафа бўлмайман,  раҳмим келади холос»

Муножот ЙЎЛЧИЕВА: «Улардан хафа бўлмайман, раҳмим келади холос»

🕔11:12, 31.05.2019 ✔80

Газетамизнинг навбатдаги меҳмони ноёб овози, туйғуларга бой ижроси, юракдан куйлаш услуби билан нафақат ўзбекистонлик, балки хорижликларнинг ҳам эътиборини қозонган. Унинг Европадаги концерт дастурларида билетлар ҳамиша талаш бўлади, мухлислари ҳам бисёр. Дурдона қўшиқларнинг умрбоқийлигини таъминлаётган ўзбек миллий мусиқа санъатининг етук намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева билан суҳбатимиз самимий кечди. Санъаткор дил тубидаги гапларни, кўнглидан ўтказиб юрган анча-мунча фикрларни очиқ-ойдин айтди.

Батафсил
«Бугун хавфли бир бало бор...»

«Бугун хавфли бир бало бор...»

🕔12:21, 17.01.2019 ✔329

Томошабин кўз ўнгида ҳам жиддий, ҳам комик қиёфада намоён бўлиш осон эмас. Бунинг учун фақатгина ҳаракат ва интилишнинг ўзи камлик қилади.

Батафсил
Гулчеҳра Иброҳимбекова:  «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

Гулчеҳра Иброҳимбекова: «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

🕔16:57, 18.10.2018 ✔551

Саҳнага чиқиб, ўйнаётган роли — қаҳрамонига нисбатан томошабин қалбида меҳр ё нафрат уйғота олиш санъаткор истеъдодидан дарак беради.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Муножот ЙЎЛЧИЕВА: «Улардан хафа бўлмайман,  раҳмим келади холос»

    Муножот ЙЎЛЧИЕВА: «Улардан хафа бўлмайман, раҳмим келади холос»

    Газетамизнинг навбатдаги меҳмони ноёб овози, туйғуларга бой ижроси, юракдан куйлаш услуби билан нафақат ўзбекистонлик, балки хорижликларнинг ҳам эътиборини қозонган. Унинг Европадаги концерт дастурларида билетлар ҳамиша талаш бўлади, мухлислари ҳам бисёр. Дурдона қўшиқларнинг умрбоқийлигини таъминлаётган ўзбек миллий мусиқа санъатининг етук намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева билан суҳбатимиз самимий кечди. Санъаткор дил тубидаги гапларни, кўнглидан ўтказиб юрган анча-мунча фикрларни очиқ-ойдин айтди.

    ✔ 80    🕔 11:12, 31.05.2019
  • «Бугун хавфли бир бало бор...»

    «Бугун хавфли бир бало бор...»

    Томошабин кўз ўнгида ҳам жиддий, ҳам комик қиёфада намоён бўлиш осон эмас. Бунинг учун фақатгина ҳаракат ва интилишнинг ўзи камлик қилади.

    ✔ 329    🕔 12:21, 17.01.2019
  • Гулчеҳра Иброҳимбекова:  «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

    Гулчеҳра Иброҳимбекова: «Бегона баҳор»ни бошимдан ўтказганман»

    Саҳнага чиқиб, ўйнаётган роли — қаҳрамонига нисбатан томошабин қалбида меҳр ё нафрат уйғота олиш санъаткор истеъдодидан дарак беради.

    ✔ 551    🕔 16:57, 18.10.2018
  • Маънавият — мавҳум тушунча эмас

    Маънавият — мавҳум тушунча эмас

    Одам бўлиш ва одамдек яшашнинг оддий қоидаларини тушуниш шунчалик мураккабми ёки ўзимиз мураккаблаштиряпмизми?..

    ✔ 604    🕔 11:51, 30.08.2018
  • «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    «Қўрқоқлик – буюк куч!»

    Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг қаҳрамонлари жилмайиб туриб, ўз фожиаси ҳақида сўзлайди. Камчиликлари, қусурларини яшира олмайдиган содда-гўл персонажлари тақдирига кулиб эмас, ачиниб қараймиз.

    ✔ 641    🕔 11:37, 09.08.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар