Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Маънавий жиноят ёхуд ким кимнинг кўзини шамғалат қиляпти?

Харидор дўконга кириб, шакар олмоқчи. Дўкондор тарозининг бир палласига маълум вазнли кесак қўйиб, иккинчи палласига шакар сола бошлабди. Харидор гилвата-кесак ейишни хуш кўрадиганлардан экан.

Маънавий жиноят ёхуд ким кимнинг кўзини шамғалат қиляпти?

Дўкондорнинг кўзини шамғалат қилиб, тарози палласига қўйилган кесакдан ушатиб-ушатиб еб бошлабди. Дўкондор унинг бу қилиғини пайқаган бўлса ҳам сир бой бермабди...

Бугун баъзи бир кимсаларнинг матбуотга, айниқса, босма нашрларга  муносабати ана шу харидорнинг ҳолатини ёдга солади. Ҳатто айримлар тараққиётнинг ҳозирги суръати босма нашрларга эҳтиёж қолдирмади, деган космополитик хаёлга ҳам боряпти.

Нондай зарур

Иккинчи жаҳон урушидан энг кўп талафот кўрган давлат Япония бўлса, ажаб эмас. Шундан кейин япон халқи ўз олдига аниқ, тўғри ва барқарор мақсад қўйди. Шу мақсадни амалга ошириш учун бутун халқ бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилди. Халққа давлатнинг мақсадини тушунтириш, унинг фаол ва уюшқоқлигини таъминлашда жуда кўп омиллар билан бир қаторда япон матбуотининг ҳам беқиёс ҳиссаси борлиги, шубҳасиз. 1879 йилда ташкил қилинган ва ҳозирда ҳар куни ўн минг нусхада (эрталаб 6 минг, кечқурун 4 минг) чоп этилаётган «Асахи симбун», 1874 йилдан нашр этила бошлаган ҳозирда кунига 14 миллиондан зиёд нусхада чоп этилаётган «Ёмиури симбун» каби босма нашрлар чинакам маънода бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари каби халқнинг кундалик эҳтиёжига айланиб улгурган. Бугунга келиб, дунёга «япон мўъжизаси» сифатида танилиб, бу атама давлатнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланишида, халқнинг билим ва тафаккурини кун сайин бойитиб боришга эришишда матбуотнинг кучи катта бўлганини тан олмай иложимиз йўқ.

Ҳаётни «Ҳуррият»сиз давом эттирамизми?

Шу кунларда қадрдон нашримиз «Ҳуррият» газетасининг ҳанузгача чоп этилмаётгани матбуот аҳлини жиддий ташвишга соляпти. Аслида ҳар бир газетанинг жамиятда ўз ўрни бор. Агар ҳаётимиздан шу каби нашрларга ўрин бермасак, маънавий қиёфамизда албатта бир бўшлиқ ҳосил бўлади. Бу бўшлиқ фақат биргина газета боисидан пайдо бўлган ҳодиса эмас. Энг муҳими, одамларда «матбуотсиз ҳам кунимиз ўтаверади», қабилидаги ўта зарарли ва охири ҳалокатга олиб борувчи иммунитет юзага келади. Бу хавфли иммунитет куни келиб, барча яхшиликларни издан чиқариши ҳеч гап эмас.

«Мен фикрлаяпман, демак, тирикман», деган экан файласуфлардан бири. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, матбуот кундалик мутолаанинг энг қулай воситасидир. Инсон кундалик мутолаадан узилиб қолса, фикрлай оладимикан? Электрон нашрлар кундалик ахборотга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун хизмат қиляпти-ку, дейишингиз мумкин. Аммо матбуотнинг ОАВнинг бошқа турлари билан қиёслаб бўлмас афзалликлари борлигини ҳам инкор эта олмайсиз. Акс ҳолда, юқорида тилга олганимиз Япония каби техника энг юксак даражада тараққий этган давлатда кундалик газеталарнинг умумий адади киши бошига ҳисоблаганда ҳар минг кишига 592 тадан тўғри келмаган ва аллачақон тўла электрон шаклга ўтиб олган бўларди.

Виждон амри

Жорий йилнинг биринчи ҳафтаси кўпроқ байрам кунларидан иборат бўлгани сабабли «Оила даврасида» газетамизнинг бу йилдаги илк сони 10 январь куни чоп этилди. Шу муддат ичида таҳририятимизга анча мурожаатлар бўлди. Газетамизни кўп йиллардан бери кузатиб бораётган инсонлар нашрнинг эндиги тақдири нима бўлади, деган саволлар беришди. Газетанинг биргина сонини ўқий олмай қолган чинакам мухлисларнинг самимий қайғуришларини эшитиб, тўғриси, қувондик.

«Мен шу газетага обуна бўлмоқчиман, — дейди 11 январь куни таҳририятимизга келган  Қибрай тумани, Баҳор маҳалласи, Нурафшон кўчаси, 28-уйда истиқомат қилувчи 78 ёшли отахон Ҳикмат Махсумов. — Ҳозир ўзимга манзур бўлган яна бир нашрга обуна бўлиб келяпман. Ҳар ҳафта уйга келиб турадиган севимли газетамизни йил давомида мароқ билан ўқиб боришга нима етсин!»

Ҳикмат ота тенги авлод дунёда мажбурий обуна деган гап борлигини билмаса керак. Уларни обуна бўлишга фақат қалб даъвати, виждон амри ундайди холос. Эҳтимол, улар бутун умр инсоннинг асл инсонийлик моҳиятини таъминлаб турадиган виждон амрига қулоқ тутиб яшаш, ундан узоқлашиб кетмаслик учун ҳам шу йўлни танлашгандир. Улар турли даврларда яшаб, матбуотнинг нақадар катта куч эканига шоҳид бўлган, бошдан кечирган авлод. Улар одил ва элпарвар жамиятни бунёд этишда матбуот энг тўғри танлов эканига амин бўлишган. Улар газета ўқимасликни ҳаётдан, жамиятдан, қолаверса, ўзидан ортда қолиш, деб билади. Газета ўқимасликни маънавий жиноят деб қабул қилишади.

Бугун ёшларни мутолаага ўргатиш учун катта саъй-ҳаракатлар қилиняпти. Энг олис йўл ҳам кичик бир қадамдан бошлангани каби китобхонликка ошно бўлишга даврий нашрлар орқали кириб борилади. Ҳозирдаги катта-катта зиёли инсонлар билан суҳбатлашсангиз, болалиги албатта қайсидир матбуот нашри билан ҳамоҳанг кечганини сўзлаб беради. Матбуотдаги шапалоқдай матнни ўқишга қунт қилмайдиган бола эрта-индин бир думалаб, «Уфқ», «Жиноят ва жазо», «Икки эшик ораси» каби салмоқли асарларнинг мухлисига айланиб қолишига ишониш қийин.

Муҳими — ҳафсала

Одамлар орасида обуна нархлари жуда ошиб кетаётгани ҳақидаги хавотирлар бор гап. Ўзимизда қоғоз ва бошқа босма ускуналар ишлаб чиқарилмагач, бу борада бошқаларнинг иқтисодий етовида бўлганимиздан кейин айни пайтда бу масалани ижобий ҳал қилиш имконсизлигича қолаверади. Жамиятда автомобиль нархи ошди, лекин унга бўлган талаб камаймади. Тўйхоналарда бир мартагина тўй ё зиёфат ўтказиш ёки бир кунгина кийиладиган келинкўйлак, тўй куни миниладиган машиналар нархи ҳеч кимни жиддий ташвишга солаётгани йўқ.

Ҳатто, кўпчилик ота-оналар байрам баҳона фарзандларига бир мартагина қўлланиладиган зарарли пиротехник воситалар ҳам (давлатнинг огоҳлантиришига қарамасдан) совға қилишди. Агар ҳафсала жиддий бўлса, ўша пулларга бемалол йил бўйи матбуотни фаол кузатиб бориш имконини қўлга киритиш мумкин. Ҳамма гап воқеликка қайси нуқтаи назар билан қарашда, аслида.

«Оила даврасида» газетасини ўзига қадрдон суҳбатдош билиб, унинг ҳар бир сонини ўзгача хурсандчилик билан кутиб оладиган самимий ўқувчилар бор экан, таҳририятимиз ижодкорлари бундай самимиятни қадрлашни ўзининг муносиб бурчи, деб билади. Бошланаётган йилда ҳам мухлисларнинг бундай ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Зеро, ҳар бир мухлис дилидаги умид таҳририятни янги-янги ғайрат-шижоатга ундаб туради.

 

Таҳририят




Ўхшаш мақолалар

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

🕔23:00, 18.07.2019 ✔28

Адашаётган ота-оналар қанча? «Тарбияси оғир»лар­нинг ҳаммаси ҳам жиноятчими?

Батафсил
Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

🕔22:59, 18.07.2019 ✔34

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди.

Батафсил
БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

🕔22:57, 18.07.2019 ✔32

У кимнингдир онаси,  кимнингдир синглиси. Бироқ айбдори ким?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар