Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Пенсионер нимадан норози?

Таҳририятимизга келган бир мактуб тафсилоти

Ҳартугул одамлар кўнглидан ўтказган нарсасини бир қадар тилига чиқарса бўладиган даврлар келди.

Пенсионер нимадан норози?

Буни баъзан матбуотда, телерадио ёки интернет саҳифаларида, ҳатто аҳолининг турли корхона ва ташкилотларга ошкора билдираётган мурожаатларида кўриб турибмиз. Энг муҳими, барча соҳаларда ечимини кутаётган муаммолар айтиляпти, уларни ҳал қилишга секин-асталик билан бўлса-да киришиляпти. Аммо қоғозда бошланган ислоҳотлар ҳаётда ҳам аниқ ва ҳаққоний ифодасини топиши учун ҳали анча ишлар қилиниши зарур.

Таҳририятимизга Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, Повулғон қишлоғи, Янгийўл кўчаси, 24-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Раҳимжон Ҳомидовдан мактуб келди. Мактуб «Хизмат хизматдек бўлса... ёхуд пенсия маблағини тарқатиш тизимига оид баъзи мулоҳазалар» деб номланган.

Фуқаро хатида бугун ҳаммамизнинг кўз олдимизда содир бўлаётган, лекин негадир мутасаддиларнинг ҳафсаласидан четда қолаётган ўткир бир муаммо ҳақида сўз очган. Келинг, бу хат билан биргаликда танишиб чиқамиз.

Қош қўяман деб...

«Президентнинг шахсан кўрсатмасига асосан пенсия пулларини нақд шаклда берилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида бу вазифа Халқ банки зиммасига юкланди. 2017 йилнинг июль ойидан бу тизимга эътибор қаратган банкнинг жойлардаги масъуллари тегишли чора-тадбирлар белгилашди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида пул тарқатиш кассалари, шунингдек, автоуловли сайёр кассалар ташкил этилиб, хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Мана, бу эзгу ишлар бошланганига бир ярим йил бўлди. Агарда бу вақт сарҳисоб қилиниб, «Сиз банк хизматидан мамнунмисиз?» деган савол қўйилгудек бўлса, мен албатта «йўқ» дея жавоб берган бўлардим. Нега? Боиси, бизда ҳанузгача жиддий тартиб ўрнатилгани йўқ. Банк раҳбариятининг тузган режа ва жадвали бўйича, аввало, ногирон, бемор, кексаларга сайёр тарзда хизмат кўрсатилиши, шундан сўнггина турғун кассада иш юритилиши керак. Афсуски, кўп ҳолларда бунинг аксини кузатяпмиз. Негадир ҳар ойда алмашиб турадиган ғазначи (кассир)лардан бу ҳолатга изоҳ сўрасангиз, «билмабмиз» ёки «пул оз эди» қабилидаги баҳона жавобни оласиз.

Лоқайд, масъулиятсиз ходимларнинг бир ҳудуддаги вазифани тўла якунламай, чала ҳолда бошқа манзилга ўтиб кетишлари ҳам, шунингдек, ҳар бир ҳудудга алоҳида хизмат кўрсатилиши лозим бўлса-да, ходимларнинг «ишбилги»ликлари боис икки ҳудуд бир жойга жамланиши натижасида юздан ортиқ кишиларнинг издиҳомга келгандек тўпланиб, бир дарча қаршисида соатлаб навбат кутишга мажбур бўлаётгани ҳам бор гап. Қолаверса, турли ёшдаги эркагу аёл аралаш бўлган бундай «маросим»ларда навбат талашиш, жанжал, асаббузарлик ҳолатлари ҳам рўй бераётганини яшириб бўлмайди. Албатта, қайд этилган нохуш манзараларни ўнглаш катта муаммо эмас».

Қорнимга эмас, қадримга...

«Шу ўринда мен мазкур тизимнинг маънавият билан боғлиқ жиҳати хусусида тўхталмоқчиман. Гап шундаки, пенсия маблағларини эгаларига етказиб бериш вазифаси почта тармоғи зиммасида бўлган даврларда хизмат кўрсатиш борасида юқорида тилга олинган номақбул кўринишларга дуч келмаган эдик. Почта ходимлари гарчанд замонавий автоуловларда эмас, балки велосипедда ёки пиёда юриб бўлса ҳам тартиб билан, ҳеч кимни овора-сарсон қилмай хонадонма-хонадон киришиб, ҳол-аҳвол сўраган ҳолда хизмат кўрсатишар эди. Ҳар бир қария учун улар гўё давлатнинг бир вакилидек туюларди. Бу беминнат дастёрларнинг хизматидан мамнун бўлган табаррук инсонлар албатта қўлларини дуога очишарди. Шундай хурсандчилик дамларда зиё-маърифатга ташна дуогўйлар дастёрларнинг сумкасида мавжуд бўлган ўзларига манзур газета-журналларни харид қилишар, лозим топишса, обуна ҳам бўлишарди. Албатта, бу газета ёки журналларда берилган долзарб мақолалар, ибратомуз ҳикоялар, аввало, оила даврасида, қолаверса, маҳалладаги катта-кичик йиғинларда тарбиявий суҳбатнинг бош мавзусига айланарди. Минг афсуски, хизмат кўрсатиш банк тасарруфига ўтгач, зиё-маърифатга ташна отахон-онахонлар газетхонликдан бутунлай мосуво бўлиб қолишди. Чунки қишлоқ жойларида бирор матбуот дўкони йўқ.

Баъзида «Ҳамма янгилик, хабарларни телевидение, радио, интернет орқали билиб оляпмиз, газетага эҳтиёж ҳам қолмаяпти», деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Тўғри, бу ахборот воситалари тезкорлик ва бошқа жиҳатлар билан ўзига хос ютуққа эга. Бироқ булар қанча кўп бўлмасин, матбуотнинг ўрнини боса олмаслиги аниқ. Чунки оқ қоғозга тушган ҳар бир сўз, гап ҳужжат, далилдек муҳрланади. Матнларни хотиржамлик билан исталган пайтда қайта-қайта ўқиш ва уқиш ҳамда мулоҳаза қилиш имкони мавжуд. Шу боис улуғ ёшлилар мамлакат янгиликларидан бохабар бўлишда газета-журналларни маъқул кўрадилар. Кези келганда таъкидлаш жоиз, юртимизда нашр этилаётган маърифий, ҳаммабоп ўқишли газета-журналлар, аввало, кенг қатламга эга бўлган пенсионерлар хонадонига кириб бормас экан, маънавият, миллий қадрият, китобхонлик каби ёшлар тарбияси билан боғлиқ долзарб масалаларнинг ечим топиши ўта мушкул».

Лотерия ўйнаяпмиз,  «ихтиёрий»

«Айни кунларда набирасини етаклаб, боғчага бораётган ҳам, мактабдаги ота-оналар йиғилишида қатнашаётган ҳам бобо-момолар эканига кўзимиз тушади. Бу ҳолат, яъни болаларга масъуллик табиий ҳолда айнан ёши улуғлар зиммасига юкланиб қолганидан дарак беради. Чунки ота-она иш, тирикчилик ташвиши билан банд бўлса, на чора. Модомики, набиралар тарбияси, қолаверса, ёш ота-онага панду ўгит бериш вазифалари оила устуни саналган нуронийлар чекига тушган экан, улар учун кундалик дастуриламал ҳам зарур бўлиши, шубҳасиз. Тарбияга оид йўл-йўриқ, маслаҳатлар эса, асосан, матбуот саҳифаларида бериб борилади. Бугунги кун талаби бўлган ёшларни китоб ўқишга ундаш, яъни китобхонлик тарғиботида ҳам босма нашрлар муҳим ўрин тутишини унутмаслигимиз керак.

Моддият ва маънавият баъзида бир-бирини тақозо этар экан, шу ўринда кичик бир манзарани «чизиб» ўтсак. Халқ банки томонидан чиқарилиб, пенсионерларга «ихтиёрий-мажбурий» тарзда ўтказилаётган турли-туман лотереялар (аслида бу қимор)га камина оиласининг йиллик сарфи юз минг сўмни ташкил этар экан. Агарда шу ҳавога учган маблағ газета-журналларга йўналганда эди, қанчалар беҳисоб маънавий озиқадан баҳраманд бўлардик, деган надомат кўнглимдан ўтади.

Беш қўл баробар бўлмаганидек, пенсионерлар орасида «потолог» таъминотга эга бўлса-да, ўқиш-уқишни хушламайдиган, фарзандлар тарбиясига лоқайд, ҳаётни фақат ейиш-ичиш, яхши яшашдан иборат деб, фақат ўз ҳузурини ўйлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундайлар хонадонига матбуот кириб борса, ҳар ҳолда уларнинг фарзандлари учун маънавий наф бўлармиди...»

Ғамхўрликнинг  бир томчиси

«Барчамизга аёнки, кексаларга давлатимиз ғамхўрлиги сабабли юрт аҳлининг турмуш шароитини яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида талай ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, пенсия таъминоти бўйича ҳам катта маблағ ажратиляпти. Эндиликда ишловчи пенсионерлар ҳам пенсиясини тўлиқ оладиган бўлди. Бундан ҳамма хурсанд. Энди ўйлаб кўрайлик, шу ғамхўрликлар сабабли ажратилаётган катта маблағнинг заррача бир томчисини зиё учун, фарзандларимиз саводли бўлиши учун берсак, ёмонми?!

Хуллас, юқори идора мутасаддилари каминанинг ожизона билдирган фикр-мулоҳазаларига жиддий ­эътибор қаратиб, калаванинг учи бўлган пенсия маблағларини тарқатиш тизимини қайта кўриб чиқишса, айни муддао бўларди...»

Бу ҳали ҳолваси

Хатда бундай ҳаётий воқеалар содир бўлаётган жой, маҳалла ёки шу ишга мутасадди кишиларнинг номлари келтирилмаган. Лекин бу муаммо биргина Олтиариқнинг Повулғон қишлоғига тегишли эмаслигини бундай машмаша жабрини чекаётган минглаб пенсионерлар тасдиқлайди. Улар орасида ҳатто «Биз тан-жонимиз соғ, куч-қувватимиз бор пайтда қаерга бориш керак бўлса, бориб ишладик. Керак бўлсак, ишинг олдимизга келсин, деганимиз йўқ. Энди белимиздан мадор кетиб, ўтирсак туролмайдиган, турсак юролмайдиган бўлиб қолганимизда пенсия олишга навбат кутиб, сарсон бўлиб юришимиз керакми?..» қабилида мулоҳаза билдирадиганлар ҳам йўқ эмас. Бу — масаланинг бир томони.

Иккинчи томондан, маҳалладаги пенсионерлар рўйхатини шакллантириш, улар ҳақидаги маълумотлар базасини яратиш, ҳар ойда улар билан боғланиш йўлларини қилиш (биласиз, ёши улуғ пенсионерларнинг кўпчилиги телефон ишлатмайди ёки ишлатолмайди), маҳалла идорасига чақириб тўплаш ишларига ким масъул? Банк ходимларими? Йўқ, албатта. Гарчи хизмат вазифасига кирмаса ҳам бу ишларнинг ҳаммасини маҳалла фуқаролар йиғинида хизмат қилаётган қайсидир ходим бажаришга мажбур. У ҳам майли, маҳалла ходими шунча қарияни йиғиб келгач, кассага навбати етгунча, қишнинг қорли-қировли кунларида, ёзнинг жазирама иссиғида уларни қаерга жойлаштиради? Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида пенсия олувчи қариялар учун юздан ортиқ киши сиғадиган махсус хоналар ташкил этилганми? Соатлаб кутгач, пул етмай қолгани учун ҳафсаласи пир бўлиб, қуруқ қўл билан қайтиб кетган ёши улуғ пенсионерни бошқа куни яна қайта чақириб келишнинг даҳмазасини ким кўтаради?

Бу гаплар ҳамма ҳудудларга тааллуқли эмас, албатта. Лекин биргина бемаза бузоқ бутун бир подани булғайди.

...иситмаси ошкор қилади

Хатда фуқаро Раҳимжон Ҳомидов айтмоқчи бўлган «беназир ҳикмат»дан мақсад эл-юртнинг розилиги бўлса, ажаб эмас. Сабаби, халқ давлатдан рози бўлсагина унга ишонади, суянади, қўллаб-қувватлайди, буйруқ-кўрсатмаларини чин кўнгилдан қабул қилади ва астойдил бажаради. Энг муҳими, ўртада ҳурмат мустаҳкамланади. Аввало, халқни рози қилмасдан туриб, давлат ва халқ муносабатларида бирон нарсага эришиш қийин.

Муаммоларнинг ечими фақат қоғоздагина эмас, фуқароларимизнинг кундалик ҳаётида ўз аксини топиши зарурлиги қайта-қайта таъкидланяпти. Барча масъулиятни зиммаларига олган айрим маҳаллий раҳбарлар, мутасаддилар эса, муаммонинг ечимини топиш ўрнига, уни хаспўшлаб, устини ёпишу юқорига «бажарилди», «қаноатлантирилди», «ҳал қилинди», деб ҳисобот топшириш билан овора. Лекин касални қанча кўп яширсак, иситмаси шунча кўп ошкор қилаверади...

Умид қиламизки, кўплаб пенсионерларни жиддий ташвишга қўяётган ушбу масалага мутасаддилар албатта муносабат билдиришади.

 

Озод БОБО




Ўхшаш мақолалар

Меҳнат стажи сотиб олинади…ми?

Меҳнат стажи сотиб олинади…ми?

🕔21:20, 13.02.2019 ✔34

Пенсия таъминоти тизими ҳақида гап кетганда, бугунги кунда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу — пенсия ёшининг узайтирилиши билан боғлиқ мунозаралар, фаразлар... 

Батафсил
Санъат қорабозорга айланмаслиги керак

Санъат қорабозорга айланмаслиги керак

🕔21:19, 13.02.2019 ✔32

Доим бироз ҳордиқ чиқариш мақсадида телевизор ёқар эканман, ичимдан қандайдир иккиланиш ўтади. 

Батафсил
ҲОЛВАНИ ҲОКИМ ЕЙДИ...(ми?)

ҲОЛВАНИ ҲОКИМ ЕЙДИ...(ми?)

🕔11:26, 31.01.2019 ✔114

Ҳоким буваларга очиқ хат
Охирги пайтларда айрим вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг «хурмача» қилиқлари оммага ошкор бўлиб, аҳолининг, қолаверса, миллионлаб юртдошларимизнинг норозилигини келтириб чиқармоқда. 

 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Меҳнат стажи сотиб олинади…ми?

    Меҳнат стажи сотиб олинади…ми?

    Пенсия таъминоти тизими ҳақида гап кетганда, бугунги кунда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу — пенсия ёшининг узайтирилиши билан боғлиқ мунозаралар, фаразлар... 

    ✔ 34    🕔 21:20, 13.02.2019
  • Санъат қорабозорга айланмаслиги керак

    Санъат қорабозорга айланмаслиги керак

    Доим бироз ҳордиқ чиқариш мақсадида телевизор ёқар эканман, ичимдан қандайдир иккиланиш ўтади. 

    ✔ 32    🕔 21:19, 13.02.2019
  • ҲОЛВАНИ ҲОКИМ ЕЙДИ...(ми?)

    ҲОЛВАНИ ҲОКИМ ЕЙДИ...(ми?)

    Ҳоким буваларга очиқ хат
    Охирги пайтларда айрим вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг «хурмача» қилиқлари оммага ошкор бўлиб, аҳолининг, қолаверса, миллионлаб юртдошларимизнинг норозилигини келтириб чиқармоқда. 

     

    ✔ 114    🕔 11:26, 31.01.2019
  • БОМБА

    БОМБА

    ёхуд ҳақиқатдан узоқ воқеа

    (Мутасаддилар ўқимай қўя қолсин. Барибир фойдаси йўқ-ку

    ✔ 125    🕔 17:34, 24.01.2019
  • Пенсионер нимадан норози?

    Пенсионер нимадан норози?

    Таҳририятимизга келган бир мактуб тафсилоти

    Ҳартугул одамлар кўнглидан ўтказган нарсасини бир қадар тилига чиқарса бўладиган даврлар келди.

    ✔ 147    🕔 12:23, 17.01.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар