Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«Боламни боғча олмаяпти,

ўзим эса ишлашга мажбурман...»

«Боламни боғча олмаяпти,

Аслида мақсад нима? Ишлашми ёки фарзандга меҳр бериб улғайтириш?

Мактабгача таълим вазирлиги эшиги олдида икки ёшлар чамаси болани етаклаб, кўзлари жиққа ёшга тўлиб турган аёл эътиборимни тортди. Аввалига индамай ўтиб кетмоқчи бўлдим, лекин бирор ёрдамим тегар деган мулоҳаза билан ҳол сўрадим. Тўлиб турган эканми, гапиришдан олдин бир йиғлаб олди. Унинг сўзларига кўра, икки ёшли фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштира олмаётган экан. Ижтимоий аҳволи оғирлиги учун ишлаши керак экан. Шу боис вазирликдан нажот кутиб келган, аммо бу ҳам натижа бермаган.

Бугун бу каби ҳолатлар тез-тез учраб турибди. Яъни, мактабгача таълим муассасасига болалар уч ёшдан қабул қилина бошлагач, кўп оналар учун бу катта ташвишга айланди. Ўқиётган, ижтимоий аҳволи оғирлиги сабаб ишлашга мажбур бўлаётган аёллар икки ёшли фарзандини кимга қолдиришни билмай боши қотган. Кимдир уларнинг арз-додини тинглаяпти, кимдир елка қисишдан нарига ўта олмаяпти. Аслида бу муаммонинг юзага чиқишига қандай омиллар сабаб бўлди? Болаларни боғчага уч ёшдан бошлаб қабул қилиш замирида қандай мақсадлар мужассам ўзи? Бир-бирига уланиб кетадиган бундай саволлар кўп. Уларнинг ечими бор ёки йўқлиги ҳақида мутахассислар мулоҳазалари билан қизиқдик.

Қабул қилинади,                фақат нодавлатга

— 2017 йил соҳада олиб борилган таҳлиллар натижасига кўра, битта гуруҳда икки ёшлилар икки ёки уч нафарни ташкил этган, — дейди мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Собитхон ТУРҒУНОВ. — Ҳозир икки ёшли болаларни мактабгача таълим муассасасига бериб бўлмайдими, деган савол кўндаланг қўйилмоқда. Бериб бўлади, фақат улар нодавлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилинади. Айримлар нодавлат боғчалар бадали қиммат, шароитимиз кўтармайди, дейиши мумкин. Президентимизнинг 2018 йил 30 сентябрда қабул қилинган қарорида бу борада жуда кенг имкониятлар яратиб берилган. Нодавлат шаклидаги оилавий боғчалардаги болалар сони 12 нафардан 25 нафарга кўпайтирилди. Нодавлат оилавий мактабгача таълим муассасаларининг ота-оналар бадали ҳам қиммат эмас.

Ҳақиқатан ҳам, оилавий мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиши кўпчилик учун қулай имкониятлар эшигини очди. Ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагидаги фуқаролар билан бирга чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган, ён-атрофида боғча бўлмаган аҳолига ҳам анча қулай бўлди.

— Ҳозирда давлат-хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат оилавий мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш мумкин,— дейди Давлат-хусусий шерикчилик асосидаги МТМлар фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Абдуғулом ­ҲАКИМОВ. — Ушбу гуруҳга қатнайдиган болаларнинг 70 фоизи ўша ҳудудда белгиланган давлат мактабгача таълим муассасаларидаги бадал қийматида тўловни амалга оширади. Айтайлик, бир гуруҳга 20 та бола қатнайди. Тошкент шаҳрида давлат мактабгача таълим муассасаларидаги ота-оналар бадали 155 мингни ташкил этадиган бўлса, 20 боладан 14 нафари шу нархни тўлайди. Қолган болаларга нисбатан нархни тадбиркор ўзи белгилаши мумкин.

Бундай боғчаларни очиш учун алоҳида хонадон ёки нотурур жой талаб этилмайди. Фақат Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ҳудудий бўлинмаси ва давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан рухсатнома берилиб, туман ёки шаҳар ҳокимлигининг рухсатномаси орқали амалга оширилади.

Нафақа пули уч ёшгача (ми?)

— Болани уч ёшгача мактабгача таълим муассасасига қабул қилинмаслиги аёл кишини ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди, — дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши масъул ходими Лазокат ­ТУРИКОВА. — Лекин бу аёлга, албатта, кўмак керак. Шу боис икки ёшгача фарзанди бўлган аёлларга нафақа тўлаш бўйича низом мавжуд. Буни уч ёшгача узайтириш мақсадида тегишли ташкилотларга мурожаат қилинган. Аммо ҳали бу масала ўз ечимини топгани йўқ.

Ташкилот ўз имкониятидан келиб чиқиб мана шундай ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларга моддий кўмак бериши зарур.

Тўғри, кўмакка муҳтож, ижтимоий аҳволи оғир ходимлар иш жойи томонидан қўллаб-қувватланиши масалага бироз ечим бўлиши мумкин. Лекин кўпинча бундай мурожаатлар жавобсиз қолиб кетаверади. Фарзанд тарбияси учун таътилга чиққан онанинг кейинги тақдири ҳеч кимни қизиқтирмайди. Шундай экан, бу борада ҳам ходимнинг мавжуд имкониятларини янада ойдинлаштириб олиш зарур эмасмикан?

Ечим топилар, аммо...

— Мана шу масалани охиригача етказиб, ҳеч бўлмаганда, кўтариб чиқилган мавзуга тегишли вазирлик ёки ҳукумат эътиборини қаратиш биринчи галда журналистлар вазифасидир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Абдурашид ­АБДУҚОДИРОВ. — Буни кун тартибидаги энг долзарб масалага айлантириш керак. Мана, ҳозир икки ёшли болаларни боғчага бериш ва хусусий секторда бунинг нархини камайтириш масаласи кўтарилди. Икки-уч ёш оралиғида фарзанди бор бўлиб, уларнинг ичида фақатгина боғчага бера олмай, ишга чиқа олмаётганлар сони қанча ўзи? Олий таълим муассасасида 337 мингга яқин талаба ўқийди. Ярмини қизлар ташкил этади дейдиган бўлсак, 170 минг бўлади. Уларнинг 10 фоизи турмушга чиққан десак, 17 минг бўлади. Уларнинг қанчасида икки-уч ёшли фарзандлари бор?

Ёшлар иттифоқи ўзининг имкониятларидан келиб чиқиб, ёшлар орасидан икки ёшли фарзандлари бўлиб, ишга жойлаша олмаётган, фарзандини боғчага берса, иши нақд бўлган ёки ўқиётганларнинг сонини аниқлаб бериши керак назаримда. Шунда бемалол масаланинг нечоғли долзарблигини исботлай оламиз.

Кўриниб турибдики, муаммо мавжуд. Масаланинг энг нозик жиҳатини эса тилга олмай иложимиз йўқ. Бугун фарзанд дунёга келтириб, уни кимгадир ташлаб ўз ҳаётини яхшилашга ҳаракат қилаётган онани тушунармиз. Аммо ўз волидасининг меҳрига ташна, фақат унинг қучоғидагина ўзини эркин ҳис қиладиган боланинг кечинмалари-чи? Психологларнинг таъкидлашича, бола уч ёшга қадар атроф-муҳитни ўрганади, инсонлар билан мулоқот кўникмаси шаклланади. Бу вақтда гўдакнинг онаси билан бирга бўлиши руҳан тетик бўлиб улғайишида катта аҳамият касб этади. У вояга етганда ҳам бу ўз таъсирини кўрсатади. Шундай экан, масалани ҳали атрофлича ўрганиб, кейин хулоса чиқарсак маъқул кўринади.

...Лекин афсуски, йиғи аралаш менга дардини гапираётган аёл бу фикрларимни эшитгиси ҳам келмади. Шундай вақтда оиланинг ёши улуғлари, ота-она ёки қайнота-қайнона келинларни йўлга солиши керакмикан? Бу масалада яна бир мулоҳаза юритиб кўринг...

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Калта ақл катта ҳақиқатларни илғамайди

Калта ақл катта ҳақиқатларни илғамайди

🕔23:29, 06.02.2019 ✔51

Ҳақиқатнинг табиати аччиқ, ёлғонники эса ширин бўларкан. Инсон вужудида пайдо бўладиган кўз илғамас айрим майда зараркунандалардан баданни тозалаш учун табиблар ўсимлик, ҳайвон ва бошқа моддалар заҳридан фойдаланиб келади. 

Батафсил
«Лотин алифбосининг келажаги йўқ...»

«Лотин алифбосининг келажаги йўқ...»

🕔11:19, 31.01.2019 ✔62

«Оила даврасида» газетасининг 2018 йилги 43-сонида «Алифбомиз яна ўзгармоқчи, буниси мукаммал бўладими?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Менинг жавобим: мукаммал бўлмайди!

Батафсил
«Боламни боғча олмаяпти,

«Боламни боғча олмаяпти,

🕔17:38, 24.01.2019 ✔80

ўзим эса ишлашга мажбурман...»

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Калта ақл катта ҳақиқатларни илғамайди

    Калта ақл катта ҳақиқатларни илғамайди

    Ҳақиқатнинг табиати аччиқ, ёлғонники эса ширин бўларкан. Инсон вужудида пайдо бўладиган кўз илғамас айрим майда зараркунандалардан баданни тозалаш учун табиблар ўсимлик, ҳайвон ва бошқа моддалар заҳридан фойдаланиб келади. 

    ✔ 51    🕔 23:29, 06.02.2019
  • «Лотин алифбосининг келажаги йўқ...»

    «Лотин алифбосининг келажаги йўқ...»

    «Оила даврасида» газетасининг 2018 йилги 43-сонида «Алифбомиз яна ўзгармоқчи, буниси мукаммал бўладими?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Менинг жавобим: мукаммал бўлмайди!

    ✔ 62    🕔 11:19, 31.01.2019
  • «Боламни боғча олмаяпти,

    «Боламни боғча олмаяпти,

    ўзим эса ишлашга мажбурман...»

    ✔ 80    🕔 17:38, 24.01.2019
  • Обиданинг аччиқ қисмати

    Обиданинг аччиқ қисмати

    Деновдаги Саид оталиқ мадрасасининг бугунги аҳволи чиндан ҳам, аянчли.

    ✔ 100    🕔 12:21, 17.01.2019
  • Диққат, акция:  шу мақолани ўқиганга совға бор!

    Диққат, акция: шу мақолани ўқиганга совға бор!

    Оила даврасида телевизор кўриб ўтиргандик энергетик ичимлик рекламаси бошланиб қолди.

    ✔ 123    🕔 12:20, 17.01.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар