Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

«Болани мажбурлаш керак!»

Яқинда шундай бир янги латифани эшитдим:
— Янги романим чиқди, ўқидингми?
— Қаҳрамони  ким эди?
— Ким охиригача ўқиб  чиқса, ўша қаҳрамон-да...

«Болани мажбурлаш керак!»

Дарҳақиқат, айрим тоифа одамлар ўртасида онгу шуур билан эмас, ошқозон билан фикрлаш биринчи ўринга чиқаётган, каломдан кўра таом қайғуси устунлик қилаётганда бир китобни бошдан-оёқ ўқиб чиқиш ростдан ҳам салкам қаҳрамонликка ўхшаб қолмоқда. «Адабиёт ўладими?» деган баҳс-мунозаралар бўлиб ўтгани ҳали эсимизда.
Ҳамма нарса болаликдан бошланади деймиз. Ҳақ гап. Китобга, мутолаага ҳавас-иштиёқ ҳам болаликдан, мактабдан  шаклланади.
Камина — болалиги турғунлик йилларининг «гуллаб-яшнаган» даврига тўғри келган кимса, отам олис сафарга отланганда хўрозқанд эмас, китоб олиб келишини илтимос қилардим. Бўш вақтимни, асосан, китоб ўқиш билан ўтказардим. Ҳеч ким китоб ўқигин деб даъват ҳам қилмасди. Эҳтимол, ўша болалик ва ўсмирлик йилларида қўлимга тушган ажойиб китоблар (ўз вақтида ўқилган китоблар) менинг келажагимни, тақдиримни ҳал қилгандир... Ажабо, ўша олис ёшликда ҳис-ҳаяжон билан, суйиб ўқилган китоблардан олинган таассуротлар нимаси биландир беғубор илк севгига ўхшайди. Ҳар гал эслаганингда юрагинг орзиқиб кетади. Ана шундай нашъу намодан бебаҳра ўтиб кетаётган авлодга ачинаман. Мана энди ўзим ота, бобо бўлгач, фарзандлар ва набираларда китоб ўқишга ҳавас-иштиёқ уйғотолмай хунобман. Йўқ, улар озми кўпми китоб ўқишади, аммо қизиқиш билан эмас, камроқ, тинимсиз даъватларнинг таъсирида ўқишади. Бу эса мени қаноатлантирмайди.
Педагоглар болани китоб ўқишга мажбурлаш керак эмас, дейишади. Мундоқ қараганда бу гапда жон борга ўхшайди. Тўғри-да, ихтиёрий, қизиқиш, иштиёқ билан қилинган саъй-ҳаракатларгина кутилган самарани беради. Узоқ вақтгача шу масалани ўйлаб юрдим. Бир куни телевизорда таниқли адабиётшунос олим Омонулла Мадаевнинг айни шу масала ҳақидаги чиқишини кўриб қолдим. Домла сира иккиланмай «Бола ўз ихтиёри билан ўқишни истамаса, уни мажбурлаш керак, ахир болани даволаш учун у ичкиси келмаган аччиқ дорини ичирамиз-ку!» деди. Домла ўзи ҳам болалигида китоб ўқишни унчалик ёқтирмаган, тоғаси, таниқли адабиётшунос олим Анвар Хўжааҳмедов уни китоб ўқишга мажбурлаган экан. Устознинг асосли мулоҳазалари иккиланишимга чек қўйди.
Тезкор замонимизда мутолаадан чалғитадиган нарсалар жуда кўп. Хўш, катталарнинг ташвиши етарли деймиз, ёшларни мутолаадан нималар чалғитади? Мундоқ дўппини ёнга қўйиб, ўйлаб кўрсак, бу муаммонинг ҳам ўзига яраша сабаблари бисёр экан. Боланинг ўзидан нега китоб ўқимаслигини сўрасангиз, «Улгурмаяпман», «Дарсим кўп», «Китоб қизиқ эмас экан», «Киносини кўрганман-ку, яна ўқиб нима қиламан», дея жавоб қилишади.
Бу баҳоналарнинг ҳар бири таълим-тарбиянинг муҳим муаммолари билан боғлиқдир. Олдинги ҳукмрон мафкура таъсирида шаклланган, ҳақиқий қадриятларимиз ҳақида нотўғри, бирёқлама, саёз тасаввур берувчи таълим тизимининг мутлақо яроқсиз экани билиниб қолди. Ана шундай шароитда ёш қалбларга нафосат, бадиият туйғусини сингдириш, хусусан, адабиётни тўғри ўқитиш-ўргатиш, демак, мутолаага ихлос уйғотиш жуда муҳим вазифадир.
Энди очиғини айтаверсак бўлади, аксарият мактабларда, ҳатто олий таълим даргоҳларида ҳам «нафис адабиёт» (Абдулла Қаҳҳор ибораси) муаллимларининг ўзлари адабиётдан ниҳоятда йироқ кимсалардир. Улар адабиёт санъатнинг бир тури эканини мутлақо ҳис қилишмайди. Дарсликдаги матндан четга чиқишолмайди. Адабиёт оламида янгиликларни кузатиб боришмайди. Шундай муаллимларнинг қўлида таълим олувчиларга ачинмай илож йўқ.
Катта ва кичик экранлар, турли видеосалонлар, интернет ва мобиль телефон деб аталувчи матоҳлар мутолаа йўлидаги катта ғовлардан (оқилона фойдаланилса, уларнинг фойдали жиҳатлари ҳам кўп) бўлиб қолгани сир эмас. Чинакам мутолаа кишидан маълум бир тайёргарликни, ақлий меҳнатни талаб қилади. Аммо бундай заҳматга ҳамманинг ҳам тоқати етавермайди. Тафаккур, мушоҳада, маънавий-фикрий қашшоқлик кучайганда андак заҳмат чекиб, китоб ўқиш ўрнига диванда чалқанча ётганча экранга тикилиб «вақтни ўлдириш» осон-да. Шунинг учун ҳам болакай китобни ўқишдан кўра киносини кўриб қўя қолишни афзал билади. Шунинг учун ҳам у «Уруш ва тинчлик» фильмида Наташа Ростованинг Андрей Болконский билан зиёфатда рақс тушаётганини кўриб, беихтиёр «Ана, Штирлиц («Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси» фильмидаги совет разведкачиси) рақсга тушяпти», деб юборади (Ҳар икки ролни Н.Тихонов ўйнаган –Ш.О.).
Эҳтимол, болада китоб ўқишга ҳавас уйғотишнинг ўзи ҳам тарбиячидан алоҳида бир иқтидор, маҳорат талаб қилар. 
Хўш, сизнинг болангиз китоб ўқийдими?
Ўзингиз-чи, дейсизми? Балли, жумбоққа жавобни балки шу саволдан бошлаган маъқулдир. Биз катталар шахсий ўрнакнинг таъсир-қудратига етарли аҳамият бермаймиз. Қуш уясида кўрганини қилади. Мутолаада ҳам ўз илмимизга ўзимиз амал қилмасак, тарғиб-ташвиқотларимиздан наф йўқ.
Мутолаа маданияти маданий ҳаётга холис баҳо берадиган муҳим мезонлардан бири. Кузатишимча, эндиликда оддий китобхонларни қўя турайлик, ҳатто ёзувчилар ўз ҳамкасбининг китобини деярли ўқимас экан. Дастхат билан совға қилинган китоблар бир четга ташлаб қўйилганча чанг босиб ётаверади. 
Яқин ва узоқ ўтмишда яшаб ўтган буюкларнинг ҳаёти, китобга муносабати ҳамиша ёшларга ўрнакдир. Ахборот технологиялари ҳар қанча ривожланмасин, ҳеч нарса, ҳеч қачон китобнинг ўрнини боса олмайди. Барча китобхонларга мутолаа қувончи, мутолаа завқи ҳамиша ҳамроҳ бўлишини истайман.

Шодмон ОТАБЕК,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими




Ўхшаш мақолалар

Бахт учун кураш

Бахт учун кураш

🕔18:43, 11.07.2019 ✔46

Халқимиз орасида «Кундошлик уйда кунда жанжал», – деган ибора юради. Бу ниҳоятда ўйлаб топилган гап. Чунки кундошлар бир уйда яшаса, кунора бўлмаса ҳам, ҳафтада, ойда оилада жанжал чиқиши табиий.

Батафсил
Кутубхона туманларда ҳам бўлади

Кутубхона туманларда ҳам бўлади

🕔11:27, 14.06.2019 ✔89

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхона қошида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилади. Бу «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Қарорида белгилинган.

Батафсил
Мактуб

Мактуб

🕔15:41, 07.06.2019 ✔125

Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» романидаги Қора аммага

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Бахт учун кураш

    Бахт учун кураш

    Халқимиз орасида «Кундошлик уйда кунда жанжал», – деган ибора юради. Бу ниҳоятда ўйлаб топилган гап. Чунки кундошлар бир уйда яшаса, кунора бўлмаса ҳам, ҳафтада, ойда оилада жанжал чиқиши табиий.

    ✔ 46    🕔 18:43, 11.07.2019
  • Кутубхона туманларда ҳам бўлади

    Кутубхона туманларда ҳам бўлади

    Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхона қошида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилади. Бу «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Қарорида белгилинган.

    ✔ 89    🕔 11:27, 14.06.2019
  • Мактуб

    Мактуб

    Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» романидаги Қора аммага

    ✔ 125    🕔 15:41, 07.06.2019
  • Энг  холи кўзгу

    Энг холи кўзгу

    Матназар АБДУЛҲАКИМ

    Кулгу хоналари деб аталувчи томошагоҳлар бор. Шуларга кириб кўрганмисиз? Мазкур хоналардаги шаклни бузиб кўрсатадиган кўзгулар сизни шундай бир аҳволда намоён қиладики, беихтиёр ўзингизни кулгудан тиёлмай қоласиз. 

    ✔ 110    🕔 15:40, 07.06.2019
  • Эл одамлари

    Эл одамлари

    Ёзувчи Анвар Суюн навбатдаги китобини китобхонлар ҳукмига ҳавола қилди. Муаллифнинг «Тафаккур» нашриётида чоп этилган «Эшмонбек» китобидан бир қисса ва тўрт ҳикоя ўрин олган.

    ✔ 120    🕔 11:13, 31.05.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар