Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Санъат қорабозорга айланмаслиги керак

Доим бироз ҳордиқ чиқариш мақсадида телевизор ёқар эканман, ичимдан қандайдир иккиланиш ўтади. 

Санъат қорабозорга айланмаслиги керак

Ҳозир қайси телеканалда қайси хориж сериали кетаётган экан, қай бирида кимнинг клипи намойиш этиляпти, деган ҳадик билан бошқарув пультини қўлимга оламан. Бу изтироб бекорга қалбимни тирнамайди. Эфирга узатилаётган беҳаё саҳналар, миллий маънавиятимизга зид кўринишлар фарзандларим онгига салбий таъсир кўрсатишидан жуда ҳайиқаман.

Инсоннинг етук шахс бўлиб камолга етишига жуда кўп омиллар таъсир қилади. Илму маърифат, адабиёт ва санъат ҳаётга қарашларимизни шакллантириб, чуқурроқ ўйлашга, пухтароқ мулоҳаза қилишга чорлайди. Бу соҳаларни тўғри англаб, таҳлил қила олган киши ўзи учун янгидан-янги сирларни кашф қилиб бораверади. Умрини мазмунли ўтказади. Аммо масаланинг яна бир жиҳати борки, уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Яъни, инсонларнинг маънавий оламини бойитиш учун яратилаётган янги санъат намуналари ҳақиқатан ҳам шу вазифаларни бажара оляптими? 
Бугун халқни ўз ортидан эргаштиришда санъаткорларнинг олдига тушадигани йўқ. Улар ижро этган қўшиқ, ўзини тутиши, ҳатто кийиниши ҳам ёшларга жуда катта таъсир кўрсатмоқда. Шундай экан, бу борада жиловни бироз қўлга олиш, санъатнинг нони қаттиқ бўлишини уларнинг ёдига солиб қўйиш вақти келмадимикан? 
«Жигар» жигардек бўлсин
Шу мақсадда 2017 йил 15 февралдан бошлаб «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Муассаса директори Одил Абдуқаҳҳоровнинг таъбири билан айтганда, у санъатнинг жигари вазифасини ўтаб, турли ёт ғоялар, «оммавий маданият» белгиларидан тозалаш масъулиятини ўз зиммасига олган. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Демак, бугунги санъатимизга, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, қўшиқчилик ва концерт дастурларига ҳеч қандай эътироз йўқ экан-да? Нақадар яхши, хоҳлаган вақтимизда телевизорни қўйиб, фарзандларимиз билан бирга маъно-мазмунга тўла клипларни роҳат билан томоша қилсак. Ёки концерт дастурларида ёдимиздан ҳам чиқариб юборган миллий қадриятларимизнинг қайсидир шингилидан баҳра олсак. Қизиқ, ўзи шундай дастурлар борми? Оғизни кўпиртириб мақтангудек клипларимизни санасак, бармоқларимиз ортиб қоляпти-ку. Айниқса, хусусий телеканаллар орқали намойиш этилаётган ўзбек ва хориж «санъаткор»ларининг эҳтиросга тўла қўшиқлари билан фарзандларимизга нимани ўргатмоқчимиз? Йўқ, бу турдаги ижроларни санъат деб аташга тил бормайди. Энг тўғри таъриф бу — бизнес. Уларнинг кўпчилиги ўз номини элга бироз танитиб, кейин отарчилик билан пул топиш илинжида. Энг ачинарлиси ҳам инсон шон-шуҳрат ва моддий бойлик тўплаш ортидан қувиб бораётгани. Шундай пайтда «Ўзбекконцерт» бу муаммога қандай ёндашмоқда? Бизни хавотирга солаётган клиплар, қўшиқлар уларнинг элагидан қандай қилиб ўтиб кетаётгани жуда қизиқ...    
Ошни курмак     бузмасин
...Минг ҳадик билан телевизорни ёқдим. Фарзандларим ҳам ёнимга келиб ўтирди. Бир яхши қўшиқ эшитиш илинжи билан каналларни кўздан кечира бошладим. Тароналарнинг кўп қисмида севги-муҳаббат тараннуми. Йигит ва қизнинг бир-бирига эҳтиросли қарашлари. Очиқ-сочиқ кийинган актрисаларнинг ноўрин ҳаракатлари. Наҳотки, санъатни шу йўл билан тарғиб этишгача етиб келдик?.. Айниқса, хусусий телеканалларда намойиш этилаётган клиплардан маъно қидириб чарчайди киши. Шу кунларда жуда кўп эфирга узатилаётган хорижий санъаткорларнинг Ғарб менталитетига суғорилган қўшиқлари билан халқимизга нима бермоқчи бўл­япмиз? «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг бу масалага ёндашуви билан қизиққанимизда, хусусий телеканалларга фақат тавсия бериш мақомига эга эканини айтишдан нарига ўтмади. Жуда қизиқ ҳолат. Халқ учун ош дамласагу, курмагини теришга ҳаддимиз сиғмаса. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Ҳаттоки, давлат томонидан тузилган махсус муассаса қошида фаолият юритаётган эксперт комиссиясининг ҳомийлик асосида ўтадиган концертларга аралашиш ҳуқуқининг йўқлиги ишнинг фақат бир томонлама олиб борилаётганидан дарак эмасми? Ҳаттоки, хонандага саҳнада ноўрин хатти-ҳаракат қилгани учун бирор чора кўришга ваколатнинг йўқлигини нима билан изоҳлаш мумкин? 
— Шу кунга қадар клиплар бўйича жуда кўп эътирозлар бўлган, — дейди «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори Одил АБДУҚАҲҲОРОВ. — Буни бартараф этиш мақсадида 2018 йил 1 февралдан бошлаб қўшиқлар ва уларга ишланган бадиий клиплар ижодий кенгаши фаолият юрита бошлади. Жамоатчилик фикридан келиб чиқиб шунга мажбур бўлдик. 
Жаҳонгир Отажоновнинг «Қадди баланд» клипини оила даврасида кўриб бўлмайдиган айрим саҳналарини тўғрилаш учун бир маротаба қайтарилди. 
Мана, яқинда Шаҳло Аҳмедованинг лицензияси ҳам тугатилди. Шу кунга қадар бир неча марта мурожаат қилса-да, қайтариб берилмади. Айрим  хонандаларнинг лицензиялари айбига иқрор бўлгандан кейин босқичма-босқич қайтариб бериляпти. Бу борада тақиқни кучайтириш билан «оммавий маданият»ни тарғиб қиладиганларга йўл очиб берган бўламиз. Кейинги авлодга санъатимизни етказа олмаймиз. 
Эътибор марказида
Санъат жуда катта куч. Таъсир кўрсатиш нуқтаи назаридан унинг имкониятлари сиёсат ва илмдан анча юқори. Шунинг учун ҳам қайсидир санъаткорнинг охирги концерт дастури, қайсидир қўшиқчининг сўнгги таронаси анчагача муҳокамаларга сабаб бўлади. Кўпчиликнинг эътибор марказида туради. Бу ҳолат ўз-ўзидан инсонлар дунёқарашига, фикрлаши ва ўй-хаёлларига таъсир кўрсатмай қолмайди. Мисол тариқасида, «Браво» жамоасининг концерт дастурини олайлик. Ҳаваскорларнинг беҳаё хатти-ҳаракатлари, ортига андишасизлик яширинган гап-сўзларини эшитмаган, кўрмаганлар қолмади, назаримизда. «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси уларнинг бу дастурига қайси нуқтаи назар билан рухсат берган?..      
— «Браво» жамоасини бугунги кунда кўпчилик танқид қиляпти, — дейди Одил ­Абдуқаҳҳоров. — Уларнинг концертида ҳақиқатан ҳам оила даврасида кўриб бўлмайдиган гаплар айтилган. Бизга топширган сценарийда бу қисмлар йўқ эди. Маънавият маркази билан ҳамкорликдаги кенгаш вакилларимиз концерт дастурини кўрганда, айрим саҳналарга эътироз билдириб, олиб ташлашган. Концертнинг биринчи кунидан кейин жамоа бу қилиғи учун расман огоҳлантирилган. Қолган кунлари ноўрин саҳналар ишлатилмаган бўлса ҳам биринчи кунги дастур дисклари тарқалиб кетди. Биз навбатдаги кенгаш  йиғилишида «Браво»нинг лицензиясини тугатиш ёки давом эттириш масаласини кўрмоқчимиз. Кенгаш февраль ойининг охирларида бўлиб ўтади. 
Кези келганда шуни айтиш керакки, энг зўр эстрада хонандаси, халқ артистлари ҳам билетларини сотиш учун қайсидир ташкилотларга беришга мажбур бўлади. Лекин «Миллион», «Браво» ва «Дизайн» каби гуруҳларнинг бирорта ҳам билети қолмайди. Биз улардан яхши мақсадларда фойдаланишимиз керак. Улар ҳеч қандай ёмон иллатлар учун тарғиб қилмаяпти. Ёшлар уларга эргашаётган экан, ижтимоий масалаларни ҳал қилишда ҳам фойдаланишимиз керак. 
Жонли ижрога қачон тайёр бўламиз?
Агар чуқурроқ мулоҳаза юритадиган бўлсак, кўриниб турибдики, ўзида салоҳиятнинг учқунини сезган ёки чўнтаги қаппайиб, қаерга сарф-харажат қилишни билмаётганларнинг кўпчилиги ўзини санъатга уришга, омадини синаб кўришга ҳаракат қилмоқда. Модомики, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ваколатлари чегараланган экан, қўшиқчиларимизга инсоф сўрашдан бошқа имконимиз қолмаяпти. Шундай шароитда уларнинг орасидан ҳақиқий истеъдод эгаларини танлаб олишнинг қандайдир тизими мавжудми?  
Эътибор берган бўлсангиз, Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган байрам дастури жонли ижрода бўлиб ўтди. Бундан буён барча давлат тадбирлари жонли ижрода ўтказилиши белгилаб қўйилди. Қолаверса, жорий йилдан бошлаб барча яккахон концертларда қўшиқларни мажбурий 30 фоизини жонли ижро этиш талаби қўйилмоқда. Бу талабни босқичма-босқич уч йил ичида 100 фоизга кўтариш режалаштирилган. Агар кимдир уч йил давомида шу талабга жавоб бермаса, ўз-ўзидан тақдирга тан беришга мажбур бўлади.  
Маълум бўлишича, давлат тадбирларига тайёргарлик кўриш даврида республикада хизмат кўрсатган артистлар  ҳам жонли ижро талабини эшитиб, иштирок этишдан бош тортишибди. Янги лойиҳадан қалбимизда ғалвир аста сувдан кўтарилганда санъатнинг ҳақиқий фидойиларини кўриш умиди уйғонмоқда. Фақатгина бу масалага ҳам таниш-билишчилик, кимнидир қўллаб юбориш каби иллатлар аралашмасагина, халқ чин истеъдод эгаларини, албатта, топади. 
...Бироз ҳордиқ чиқариш умидим ҳам пучга чиқди. Телевизор экранига тикилиб ўтирган фарзандларимнинг намойиш этилаётган кўпгина қўшиқлар матнидаги маъно-мантиқсиз сўзларни тинглашини, клиплардаги беҳаё саҳналарни кўришини истамадим. Бугун ўғил-қизининг камолига умид боғлаётган ота-она борки, уларни бундай хавф-хатардан асрашга ҳаракат қилади. Хаёлимга телевизордан бутунлай воз кечиш фикри келди. Агар тегишли муассасалар биз учун фойдали санъат намуналарини саралаб бера олмаётган экан, улардан ўзимиз саралаб баҳраманд бўлишдан бошқа чорамиз қолмаганга ўхшайди...
 
Шаҳноза ШОЖАЛИЛОВА




Ўхшаш мақолалар

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

🕔23:00, 18.07.2019 ✔28

Адашаётган ота-оналар қанча? «Тарбияси оғир»лар­нинг ҳаммаси ҳам жиноятчими?

Батафсил
Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

🕔22:59, 18.07.2019 ✔34

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди.

Батафсил
БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

🕔22:57, 18.07.2019 ✔32

У кимнингдир онаси,  кимнингдир синглиси. Бироқ айбдори ким?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар