Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Меҳнат стажи сотиб олинади…ми?

Пенсия таъминоти тизими ҳақида гап кетганда, бугунги кунда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу — пенсия ёшининг узайтирилиши билан боғлиқ мунозаралар, фаразлар... 

Меҳнат стажи сотиб олинади…ми?

Хўш, нафақага чиқиш ёши ҳақиқатдан ҳам ошадими? Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Ёрқин ТУРСУНОВ шу ва бошқа саволларга атрофлича жавоб берди.

«Стаж қисқармоқда, пенсия олиш эса…»
— Бу ҳақда ҳали ҳеч қандай қарор қабул қилингани йўқ, — дейди Ё.Турсунов. Биринчидан, ҳозир жаҳон тажрибасини ўрганяпмиз. Аслида бутун дунё бу тизимни ўзгартирган. Энг паст ёш бизда. Эркакларда 60, аёлларда 55 ёш. Иккинчидан, солидар пенсия тизими деган тушунча бор. Яъни, бугун ишлаб турган фуқароларнинг тўлаётган бадали ҳисобига ҳозирги пенсионерлар пенсияси тўланади. Келажакда ҳам худди шундай: кейинги авлоднинг бадали эвазига сизу биз пенсия оламиз. Ҳозир ҳар хил вариантлар кўрилмоқда. Айтайлик, пенсия ёшини қўшни давлатларга ўхшаб мос равишда 63 ва 58 ёш этиб белгилаш ёки бошқача тартиб жорий этилиши эҳтимолдан холи эмас. Бу пухта ва чуқур ўйланади. Бугун қабул қилинадиган қарор эртага пенсия тизимига қандай таъсир кўрсатади, энг муҳими шу. 
Дейлик, амалдаги ёш қолди. Прогнозларга қараганда, 2050 йилга бориб аҳолининг ўртача умр кўриши 80 ёшдан ошади. Балки бунга 2040 йилда эришилади. Бироқ кейинги пайтларда нафақага чиқаётган фуқароларимизнинг иш стажи йилдан-йилга камайиб бормоқда. Масалан, 2011 йилда тайинланган пенсияларда ўртача стаж 26,8 йил бўлса, 2014 йилда 21,6 га тушди. 2018 йилда эса 21 йилни ташкил этди. 
Ўтган йили бу кўрсаткич эркакларда 24,4 йил, аёлларда 18,2 йилни кўрсатди. 2018 йилда 330,5 минг нафар фуқарога пенсия ва ижтимоий нафақа тайинланган бўлиб, 226 минг нафари бевосита ёшга доир пенсия ҳиссасига тўғри келади. Шулардан 68 фоизи тўлиқсиз иш стажи билан тайинланган пенсиядир. 
Кўриб турганингиздек, ҳозирги стаж қонунчиликда белгиланган талабдан кам. Албатта, бунинг ўзига яраша объектив ва субъектив сабаблари бор. Одамлар пенсияга чиққандан кейин эса пенсия олиш даври кўпайиб бормоқда. Айниқса, аёлларда бу кўрсаткич 21 йил. Бу яхши албатта. Аҳолининг турмуш фаровонлиги, умр кўриш даражаси ошмоқда. Шундай бўлиши ҳам керак.  
Бироқ фуқаронинг пенсиягача бўлган иш стажи камайиб кетаверса ёки нафақага чиққандан кейинги пенсия олиш даври узайиб бораверса, маълум йилларга бориб пенсия жамғармасининг даромадлари харажатларни умуман қопламай қолади. Шу маънода мақсадимиз — пенсия ёшини ошириб, харажатни камайтириш эмас, балки одамларни кўпроқ ишлашга қизиқтириб, пенсия жамғармаси барқарорлигига ҳисса қўшишини таъминлашдан иборат. 
Кўпроқ ишлаб,       эртароқ чиқинг
— Шундай экан, жамғармада айни пайтда бирор таклиф борми?  
— Пенсия ёшини тўғридан-тўғри ошириб қўймасдан, уни фуқаронинг иш стажига боғлаш масаласи ўрганилмоқда. Дейлик, эркак киши 35 йил ишлаган бўлса, унга 59 ёшида пенсияга чиқиш ҳуқуқини бериш кўзда тутилган. Агар 30 йил меҳнат қилган тақдирда 60 ёшда, 25 йил стаж учун 61 ёшда, 20 йил учун 62 ёшда, 15 йил учун 63 ёшда, 10 йил учун 64 ёшда ва умуман стаж бўлмаса, 65 ёш этиб белгиланган. Хуллас, қанча кўп ишлаган бўлса, шунча эрта пенсияга чиқиш имкони берилади. 
Энди аёлларга тўхталсак. Агар 25 йил ишлаган бўлса, 54 ёшда, 20 йил стаж учун ҳозиргидек 55 ёшда, 15 йиллик меҳнати учун 56 ёшда, 13 йил учун 57 ёш, 10 йил фаолият учун эса 58 ёш. Умуман ишламаган бўлса, 60 ёш. 
— Шу ўринда савол туғилади. Юқорида келтирган мисолингизда эркак кишининг иш стажи 32 йилни ташкил этса, у ҳолда нима бўлади? 
— Тўғри, ўртада уч йил етмай қолади. Аммо фуқаро 59 ёшда пенсияга чиқмоқчи. Бундай ҳолатда унга қолган муддат учун бадал тўлаб, стажни сотиб олиш имконини тақдим этмоқчимиз. Назаримда, бу адолатли. Аммо одамлар умуман ишламасдан стажни қўлга киритишга қизиқиб кетмаслиги учун фақат 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатни сотиб олишга рухсат берилади. 
Алоҳида таъкидлайман, бу шунчаки таклиф. Унинг тақдири муҳокама жараёнида маълум бўлади. Бу кенг жамоатчиликка тақдим қилинади.
Акси бўлса, яна бошқа вариантлар кўрилади. Иккинчи томондан, амалдаги 55 ва 60 ёшда  қололмаймиз. Мазкур қоида 1956 йилда ўрнатилган ва бугунги замон талабларига жавоб бермайди.
Якка тартибда ишловчиларни ўйлаб…  
— Норасмий секторда фаолият юритадиган, ўзини ўзи банд қилган фуқароларимиз кўп. Бундай тоифадаги кишилар пенсия жамғармасига суғурта бадали тўласа, у меҳнат стажига киритилиши белгиланган. Айни пайтда бу борада бирор натижа борми?
— Ҳақиқатан ҳам олдимизда турган асосий вазифалардан бири бундай кишиларни пенсия жамғармасига бадал тўлаб, стажга эга бўлишини таъминлашдир. Негаки, бугунги кунда республикамизда 14,5 миллион меҳнатга лаёқатли аҳолининг фақат 5 миллиони расмий тарзда ишлаб, жамғармага ўзининг улушини қўшмоқда. Қолган 9,5 миллионига ҳам келажакда пенсия олиш имкониятини яратиб бериш керак. 
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 апрелдаги қарорига асосан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб, деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўласа, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади. 
Юртбошимизнинг 2018 йил 7 июлдаги яна бир қарорига мувофиқ эса, 2018 йил 1 августдан бошлаб хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларимиз жамғармамизга энг кам иш ҳақининг 4,5 (тўрт ярим) баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилди. Ушбу тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда давлат пенсияларини тайинлаш учун меҳнат стажига қўшилади.
Боқимандаликсиз     тизим 
— Президентимиз 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга  Мурожаатномасида пенсия ва нафақаларни тайинлаш ҳамда тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, ушбу тизимни тубдан ислоҳ қилиш зарурлиги таъкидланган эди. Шу муносабат билан, бугунгача нима ишлар қилинди? 
— Дарҳақиқат, Президентимизнинг Мурожаатномасидан келиб чиқиб, 2019 йил 1 октябрга қадар  «Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш» Концепциясини ишлаб чиқишимиз керак. Энди ушбу ҳужжат қандай бўлади, деган савол туғилиши табиий. Концепция энг муҳими, адолатли, одамларда боқимандалик кайфиятини келтириб чиқармайдиган, уларни кўпроқ ишлаб катта миқдордаги пенсия олишга ундайдиган тизим бўлади.
Концепция доирасида 1993 йилда қабул қилинган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун ҳам қайта кўриб чиқилади. Балки у бутунлай янги таҳрирда бўлиши ҳам мумкин. Тўғридан-тўғри амал қиладиган нормалар киритилади. Унинг моддалари кетидан бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш зарурати қолмайди. Қонуности ҳужжатлар сони минимумга келтирилади. Шунда у ҳар хил талқинлар бўлмайди, бир-бирига зид ҳолатлар учрамайди. 
Айни пайтда Концепциянинг дастлабки варианти тайёр. У аввал келишиш учун вазирлик-идораларга юборилади. Сўнг ҳужжат умумхалқ муҳокамасига қўйилади. Аҳоли қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим деб топса, бу ҳам албатта, инобатга олинади. 
Хайр, «трудовой»!  
— Пенсия тизимида одамларга фойдаси тегадиган яна қандай янгиликлар кутилмоқда?
— Энг асосийлари ҳақида гапирсам. Биринчидан, пенсия ва ижтимоий нафақаларни Давлат хизматлари маркази орқали тайинлаш давлат хизматини йўлга қўйиш. Бунинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжати Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда шу йил 1 июлгача ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, меҳнат дафтарчасидан воз кечиб, ўрнига ID карта жорий этиш масаласи кун тартибида турибди.      
Шу билан бирга, пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан гувоҳнома бериш механизмини бекор қилиш кўзда тутилган. Бу ортиқча қоғозбозликнинг олдини олади.
Ва ниҳоят, архив билан элек­трон маълумот алмашишни йўлга қўйиш. Бугунги кундаги энг катта муаммо шу. Ўйлашимча, бу масала бир-икки йилда ҳал бўлади. Шундан кейин фуқароларимизда «справка» учун югур-югур бўлмайди. Фақат ариза беради, ҳужжатларни тутқазади, тамом.

Шаҳобиддин РАСУЛОВ
«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Вазирлик мақолага муносабат билдирди

Вазирлик мақолага муносабат билдирди

🕔11:41, 19.04.2019 ✔28

«Танқидий-таҳлилий материаллар хатоларимизни тўғрилашда муҳим ўрин тутади...»

Батафсил
Йўл  қоидаларида  ўзгаришлар: Кундузги чироқ, «стоп полоса», айланадаги устунлик...

Йўл  қоидаларида  ўзгаришлар: Кундузги чироқ, «стоп полоса», айланадаги устунлик...

🕔11:40, 19.04.2019 ✔33

Мамлакатимизда автомототранспорт воситалари куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши мажбурийлиги жорий этилди. Бунга риоя этмаганга қандай чора (ёки жарима) кўрилади? Янги йўл белгиларидан хабарингиз борми?

Батафсил
Миллатни уйғотувчи нидо

Миллатни уйғотувчи нидо

🕔12:44, 12.04.2019 ✔65

Нима учун ҳар бир ўзбек хонадонига «Ўткан кунлар» кириб бориши ва ўқилиши шарт?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар