Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

Остонада қолган бахт

Яқинда она бўлар эканман. Бу хабарни эшитиб бир муддат тошдек қотиб қолдим. 

Остонада қолган бахт

На хурсанд бўлишни, на хафа бўлишни биламан. Юрагимни эзаётган кучли оғриқлар аламини бироз унутай, деб анҳор бўйлаб ўзим ҳам билмайдиган манзил томон одимлаб борар эканман, барча бўлиб ўтган воқеалар кўз ўнгимда кино тасмасидек гавдалана бошлади. Хатоларим эса худди ой юзидаги доғ каби ажралиб турарди...

Менинг ҳам барча қизлар каби орзу-умидларим бир жаҳон эди. Бир хонадоннинг суюкли келини, бир инсоннинг севимли рафиқаси бўлишни истардим. Лекин бу йўл осон эмаслиги, қийинчиликлар бўлиши, уларни енгиб ўтишда сабр ва бардош кераклиги ҳақида сира ўйлаб кўрмаган эканман. Ёшим йигирмадан ошиб, қўшни маҳалланинг намунали хонадонларидан бирига келин бўлдим. Турмуш ўртоғим ўқиган, ҳамма нарсани тушунадиган инсон эди. Оиланинг ёлғиз келини бўлганим учун қайнота-қайнонам еру кўкка ишонишмасди. Мен ўзим орзу қилган бахтга эришдим, деб ўйлагандим. Эрталаб уйғонсам, қайнонам мендан аввал туриб нонушта тайёрлаб қўярди. Кун бўйи қиладиган ишим овқат пишириш, уй тозалаш эди, холос. Аммо ҳаёт бир текис давом этмас экан. Келин бўлиб тушганимдан уч ойлар ўтиб қайнопамнинг турмуш ўртоғи оғир хасталикдан вафот этди. Шундан кейин улар икки боласи билан бизникида яшай бошлашди. Аввал раҳмим келиб ҳаммасига чидадим, ғашим келса ҳам ичимга ютишга ҳаракат қилдим. Бора-бора сабр косам тўлди. Болаларининг уйларни тўзитиши, эримнинг уларга тинимсиз совға-салом кўтариб келишидан асабим бузилар, жаҳлимни зарда билан кўрсатиб бироз енгил тортардим. Қайнопамнинг ҳадеб ишимга аралашаверишини-ку айтмаса ҳам бўлади. Бир хўп дедим, икки хўп дедим, бўлмади. Тез-тез гап қайтарадиган, жеркиб ташлайдиган бўлдим. Энди билсам, ўшанда опам билмаганларимни ўргатишга ҳаракат қилган экан. Майли, мен ғўрлик қилибман, аммо нега ойим йўл кўрсатмади, деган савол ичимни тирнай бошлади. Ойимга кунда-кунора қўнғироқ қилиб, бўлиб ўтган воқеаларни гапириб берардим. Улар ҳам тўғри қилибсан, индамай ўтирсанг бошингга чиқиб олишади, деб мени қўлларди. Агар ўшанда хато қилаётганимни айтиб, йўлга солганда, ҳозир фарзандимни отасиз қандай вояга етказаман, деган ўй мени қийнамаётган бўлармиди. Бу аламнинг олдида бошқа ташвишлар бир зумда аҳамиятини йўқотди гўё. Эҳтимол, ўшанда оғирроқ бўлганимда, ҳозир ширингина оилам даврасида бу қувончли хабарни нишонлаётган бўлармидик. 
Ўша куни ҳовли супураётгандим, қайнопамнинг кичик ўғли ортимдан қоғоз йиртиб, тўзитаётганини кўриб қолдим. Асабларим таранглигиданми, ўзимни тўхтатиб туролмай, «ҳой етимча, бу нима қилганинг», деб юзига тарсаки туширдим. Айни шу маҳал турмуш ўртоғим ҳам ишдан келиб қолди. Нима бўлаётганини тушунмай, бир болага, бир менга қарарди. Орадан бир дақиқа ҳам ўтмай, юзимга урилган тарсаки зарбидан нафасим бўғзимга тиқилиб қолди. Кутилмаган бу ҳолатдан ўзимни йўқотиб қўйдим. Нима қиларимни билмай, дарвозадан кўчага отилиб чиқдим. Ортимдан ҳеч ким эргашмади. Қандайдир куч мени уйимгача етаклаб келди. Бир аҳволда, сочларим тўзиб уйга кириб борганимни кўрган онам дод-вой солиб бағрига босди. Қани энди ўшанда койиб, ортимга қайтариб юборганда. Лекин менга ғамхўрлик қилди, боламга яхши бўлсин, деб хато қилаётганини англамади. Орадан бир кун ўтиб, мени олиб кетишга келган қайнонамнинг олдига йўлатмади ҳам. «Мен қизимни калтаклашингиз учун узатганим йўқ. Бемалол ўғлингизни бошқасига уйлантириб қўяверинг», деб устидан бир челак сув қуйгандек қилиб чиқариб юборди.     
Мен ҳам турмушнинг бунчалар нозик эканини англаб етмай, ота уйимда эркалигимни қилиб яшаб юравердим. Дадам ҳам биттагина қизи бўлганим учун кимнингдир қўл кўтаришини сира кўтара олмади. Майли, ота-онам болам деб мени авайлаган экан, нега ўшанда ўзим аввал қўл кўтарганимни тан олиб улардан узр сўрамадим. Энди нима қиламан? Қайнопамнинг ўғлига «етимча», деб қўл кўтариб, ўзимнинг фарзандимни тирик етим қилиб қўйган бўлсам-а? Йўқ, мен бахтимдан воз кечмаслигим керак. Кўзим очилди, кеч бўлса ҳам кўзим очилди. Хаёлимга келган бу фикрлардан танамга куч йўрғалаб, мени тезроқ қадам ташлашга ундади. Худди бир жойга шошаётган кишидек, уй томон йўл олдим. Олисдан эшигимиз олдида турган юк машинаси эътиборимни тортди. Юрагимга ғулғула ўрмалади. Ўйлаганим хато чиқишини шунчалар истардимки, аммо... 
Юк машина тўла менинг келинлик сарполарим экан. Турмуш ўртоғим мендан кечибди. Опасининг дилини оғритганимни, жиянини «етимча» деб ҳақоратлаганимни сира унута олмаётган эмиш. Ҳайронман, ўзимни баланд жарликдан қулагандек чилпарчин сездим. Қанийди, ҳаммаси туш бўлса, юзимни ювиб ташлаб, яна ўша бахтли ҳаётимда яшашни давом эттирсам. Аммо назаримда, анча кеч бўлди. Совиган кўнгиллар энди исимайди. Энг алам қиладигани эса бу қайғулар фақат бир менга эмас бағримдаги боламга ҳам азоб бериши. Уни дунёга келмасидан аввалроқ ташвишга солдим, бахтидан мосуво қилдим...    

Нодиранинг кечинмаларини 
Шаҳноза ШОЖАЛИЛОВА 
оққа кўчирди.




Ўхшаш мақолалар

«Ассалом»нинг ҳикмати

«Ассалом»нинг ҳикмати

🕔10:56, 17.05.2019 ✔186

Эрталаб ишга кеч қолмаслик учун Муҳаммадалини боғчасига шошилтириб олиб борадиган отасининг ҳам, онасининг ҳам зарур юмуши чиқиб қолиб, барчалари тез-тез нонушта қилиб кетиб қолишди.

Батафсил
Оилани  сақлаш  устунлари

Оилани сақлаш устунлари

🕔10:55, 17.05.2019 ✔206

ёхуд ажрашишлар олдини олишда Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар мақтовга лойиқми?

Батафсил
219 Оила ажрашиш аризасини қайтариб олди

219 Оила ажрашиш аризасини қайтариб олди

🕔11:36, 26.04.2019 ✔238

Қорақалпоғистонда оилалар  мустаҳкамлиги  қай даражада?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Ассалом»нинг ҳикмати

    «Ассалом»нинг ҳикмати

    Эрталаб ишга кеч қолмаслик учун Муҳаммадалини боғчасига шошилтириб олиб борадиган отасининг ҳам, онасининг ҳам зарур юмуши чиқиб қолиб, барчалари тез-тез нонушта қилиб кетиб қолишди.

    ✔ 186    🕔 10:56, 17.05.2019
  • Оилани  сақлаш  устунлари

    Оилани сақлаш устунлари

    ёхуд ажрашишлар олдини олишда Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар мақтовга лойиқми?

    ✔ 206    🕔 10:55, 17.05.2019
  • 219 Оила ажрашиш аризасини қайтариб олди

    219 Оила ажрашиш аризасини қайтариб олди

    Қорақалпоғистонда оилалар  мустаҳкамлиги  қай даражада?

    ✔ 238    🕔 11:36, 26.04.2019
  • Ёмон  КЕЛИН аслида кимнинг фарзанди?

    Ёмон КЕЛИН аслида кимнинг фарзанди?

    Кўп гапириш билан 
           кўп фикр айтиш — 
                      бошқа-бошқа нарса.
    Софокл

    ✔ 287    🕔 11:35, 26.04.2019
  • «Келин олганман,  чўри эмас...»

    «Келин олганман, чўри эмас...»

    Озода опа кўчадан кираверишга сув сепиб қўйиб, у селгигач, эшик олдининг у ер, бу ерини супуриб-сидира бошлади.

    ✔ 253    🕔 11:38, 19.04.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар