Ўзлик      Бош саҳифа

Қора шим

Алишон Капакликая

(Бўлган воқеа)

Қора шим

Болалигимизда бор-йўқ, йўқлар кўп эди. Нима истасак «йўқ», дейиларди. Ота-онамиз қийинчилик даврларда катта бўлишган. Бизлар ҳам уларнинг кўрган қийинчиликлари таъсир этадиган даврга тўғри келдик (мен ўзим 1962 йили туғилганман). Нима истасак «йўқ», нима хоҳласак «йўқ». Масалан, «шим олиб беринг», десам, «йўқ» дейишади, «ўйинчоқ олиб беринг», дейман, «ўзинг яса». Мен ўйинчоқларимни лойдан ясаганман. Баъзан отамнинг чўнтакларини кесиб, ичига юнг солиб тўп қилиб ўйнардим. Синглим қўғирчоқларини ўзи тикарди. Шунинг учун оддий нарсанинг қадрини ҳам жуда яхши биламиз.
Бир куни дадам, «сизларга янги шим олиб келаман», дедилар. Биз жуда хурсанд эдик. «Йўқ»ларга ўрганган қулоқларимизга жуда ёқимли эшитилди бу. Уч ака-сингил қишлоқ ташқарисига чиқдик. Қўлларимизни иягимизга қўйиб хаёл сура бошладик: «Ҳокимнинг ўғлига ўхшаб бизлар ҳам янги шим киямиз...»
Мен учинчи синфга борардим. Синглим биринчи синф, укам Рафет олти ёшда. Бизлар у пайтда гулли иштонлар кияр эдик.
Укам менга:
— Шимингизни қайси рангда бўлишини хоҳлайсиз, акажон, — деди.
Жуда содда бўлганмиз, бутун қишлоқда электр, телевизор йўқ, дунёдан бехабар эдик.
— Қора рангли бўлсин, — дедим.
— Қанийди меники кўк бўлса...
— Шаҳар оёқ кийимини ҳам сотиб оладиларми, — деб яна сўради. 
Мен «йўқ», дедим.
— Қора резинка калиш бор-ку, ўшандан олиб келадилар.
Ўша пайтда узоқдан автобус кўринди. Орқасидан чанг тўзитиб келяпти. Бор умидимиз шу, узоқ кутганимиз — шим келяпти. Дадам пакетларни очдилар. Менга қора шим, оқ ёқалик қора кийим ва қора калиш. Синглимга ҳам ҳудди шу кийимлар. Лекин ҳавас билан кутган, бизларга савол бериб ҳаяжонлантирган Рафет укам ҳайрон. Пакетларни роса титди, ўзиникини топа олмагандан кейин дадамга қараб, умид билан «менга йўқми?» деди.
— Сенга кейинги сафар албатта олиб келаман, — дедилар.
— Лекин мен роса кутаётган эдим, — деди укам ва йиғлаб бошқа хонага кириб кетди. Дадамнинг кўзлари ёшинқиради. Кечки овқат дастурхонида ҳаммамиз жим ўтирибмиз. Фақатгина укамнинг йиғисираган овози эшитиларди, хўрсиниб-хўрсиниб қўяр эди.
Мен эрталаб мактабга кетдим. Келганимда укам менга қараб: 
— Акажон, сизга қора шим роса ярашибди, мен ҳам бир кийиб кўрсам бўладими?
— Йўқ, кир қилиб қўясан, — дедим. Иккинчи кун ҳам роса ялинди, бермадим. Учинчи кун ҳам бермадим. Мен уларни ётоғим ёнига қўйиб асрар эдим. Роса хоҳлаб зўрға эришганман ахир.
Тўртинчи кун ҳам олдимга келиб:
— Акажон, бу янги шим сизни жуда чиройли қилиб турибди, оёқ кийимингиз ҳам ярашибди, менга ҳам ярашса керак-а, — деди.
Бермаслик учун баҳона қила бошладим, — сенга тўғри келмайди, узун бу.
— Пойчасини шимариб кияман, — деди.
— Йўқ, кир қилиб қўясан, — десам:
— Гилам устида кияман, — деб жавоб қайтарди. — Илтимос, беш дақиқа холос...
— Бўпти эртага жума куни мактабдан келиб бераман, фақат беш дақиқага, кир қилмайсан, бирон нарса бўлса, ёмон қиламан, — дедим. Кечқурун бирга ётибмиз, укам секингина мени туртиб:
— Сўзингиздан қайтиб қолмайсиз-а, ҳақиқатда берасиз-а, — дея кўзларида қувонч билан сўрар эди.
— Ҳа бераман, — дедим.
— Мен эрталабгача ухламайман, тезроқ тонг отсин, тезроқ шимни кияй, — деди.
Эрталаб мактабга кетиш учун турганимда укам ҳам турди.
— Акажон, бугун вақтлироқ келинг, хўпми, мен сизни шу эшик олдида кутаман, — деди.
Мактабга кетяпман, орқага қарасам, укам ҳовли эшиги олдида турибди...
Учинчи дарсда синфимиз эшиги очилди, директоримиз кириб келди. Ўқитувчимиз қулоғига бир нарса деди ва менга қараб, «Алишон, болам, уйингга борақол, отанг сени кутяпти», деди. Хаёлимга келган биринчи нарса, укам отамга айттириб мени чақиртиряпти, тезроқ шимни киймоқчи, деб ўйладим. Мактабдан чиқдим, қарасам, қишлоқдагилар ҳам бизникига қараб кетишяпти. Мен ҳеч нарсани тушунмаяпман, тўққиз ёшдаман. Дарров эшик теварагига қарадим, укам кутиб туриши керак эди, лекин йўқ. Ҳовлига кирдим, бутун қишлоқ бизникида. Онам дод, деб бақиряптилар... «Рафетимни беринг менга, болажоним, қўзичоғим...»
Чол амаки янги олган трактори билан эшигимиз олдидан ўтади, болачани кўрмайди, укам трактор тагида жон берган эди...
Мен укажонимга шимимни кийдирмоқчи бўлган куним... укам...
Отам муҳаббатни кўрмагани учун, у муҳаббатни бизларга ҳам беришни билмади. Бизларни яхши кўрарди, лекин муҳаббатини кўрсатолмасди. Бизларни қучоқламасди, бағрига босолмасди. Эй дўстлар, муҳаббати­нгизни кўрсатинг, севганингизни билдиринг. Ўша куни укам ювилганидан кейин кафанланди, дадам илк маротаба, мен оламан дедилар ва укамни бағирларига босдилар. Фарёд қилиб: «Рафет, мен сени мозорга эмас, бозорга обориб, шим олиб бермоқчи эдим, ўғлим... тур ўғлим, илтимос, юр бозорга борамиз...» ва йиғлаб-йиғлаб мозорга кетдилар.
Мен ҳозир ўйлаяпман, қанийди ҳаётлик пайтида айтсалар эди. Биз у сўзларни эшитиш учун кўп кутдик, лекин эшитмадик. Энди отам укам эшитолмайдиган пайтда бақириб фарёд қиляптилар.
Ҳозирги болалар бизларда топа олмаган муҳаббатни қўл телефонларидан қидиряптилар. Нега болалар бошқа нарсаларга талпин­япти. Болаларни ўғрилаш учун хилватларда кутаётган инсонлар ота-онаси кўрсатмаган табассум билан уларни алдаяптилар.
Юртимни, оиламни, болаларимни севаман. Олдин кўпинча банд бўлар эдим, турли йиғилишларга, конференцияларга борардим. Аммо бу йил бормаяпман. Чунки менинг қизим саратон касаллигига чалинган. Энди у даволаняпти, мен эса доим фарзандим олдида бўлишга ҳаракат қиляпман. Ҳозир қизим яшаяпти ва шу ҳаётлик пайтида, мен уни роса яхши кўришимни кўзларига қараб  очиқ айтяпман. Мен қизимни яхши кўраман ва буни яширмаяпман...

Файзуллахон ОТАХОНОВ таржимаси
Манба: Azon.uz




Ўхшаш мақолалар

Қафасдаги қуш

Қафасдаги қуш

🕔11:01, 17.05.2019 ✔4

Болалар кўчада ўйнаётиб бир қушни топиб олишди. Жонивор касалмиди ёки бошига бир кулфат тушганмиди — ҳарқалай ёнига яқинлашган шарпани сезса ҳам қочишга интилмади. 

Батафсил
Фарзандингиз исмидан мамнунми?

Фарзандингиз исмидан мамнунми?

🕔11:48, 05.04.2019 ✔96

Фарзанд Аллоҳ таолонинг энг буюк неъматларидан биридир. У дунёга келиши билан ҳамма бир нарсага шошади: нима исм қўйсак экан? Кимлардир ўғил бўлса, мана бу исмни, қиз бўлса, мана бунисини қўямиз дея олдиндан маслаҳатни пиширишади. Хўш, аслида фарзандга исм қўйишда биринчи галда нималарга эътибор бериш керак, бу масалада муқаддас манабаларда нима дейилган? 

Батафсил
Онанинг тийнати гўдак ҳаётида акс этади

Онанинг тийнати гўдак ҳаётида акс этади

🕔11:48, 05.04.2019 ✔85

Ривоят қилишларича, бир подшоҳ асирлардан бирини ўлимга ҳукм қилибди. Шунда асир: «Подшоҳим, мени ўлдиришдан фойда йўқ? Ундан кўра менинг ҳунарларимдан фойдаланганингиз маъқул эмасми?.. Дейлик, саройингиздаги отларни менинг қаршимдан бир-бир ўтказсангиз, улардаги фазилат ва камчиликларни бир-бир санаб бераман», дебди.
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Қафасдаги қуш

    Қафасдаги қуш

    Болалар кўчада ўйнаётиб бир қушни топиб олишди. Жонивор касалмиди ёки бошига бир кулфат тушганмиди — ҳарқалай ёнига яқинлашган шарпани сезса ҳам қочишга интилмади. 

    ✔ 4    🕔 11:01, 17.05.2019
  • Фарзандингиз исмидан мамнунми?

    Фарзандингиз исмидан мамнунми?

    Фарзанд Аллоҳ таолонинг энг буюк неъматларидан биридир. У дунёга келиши билан ҳамма бир нарсага шошади: нима исм қўйсак экан? Кимлардир ўғил бўлса, мана бу исмни, қиз бўлса, мана бунисини қўямиз дея олдиндан маслаҳатни пиширишади. Хўш, аслида фарзандга исм қўйишда биринчи галда нималарга эътибор бериш керак, бу масалада муқаддас манабаларда нима дейилган? 

    ✔ 96    🕔 11:48, 05.04.2019
  • Онанинг тийнати гўдак ҳаётида акс этади

    Онанинг тийнати гўдак ҳаётида акс этади

    Ривоят қилишларича, бир подшоҳ асирлардан бирини ўлимга ҳукм қилибди. Шунда асир: «Подшоҳим, мени ўлдиришдан фойда йўқ? Ундан кўра менинг ҳунарларимдан фойдаланганингиз маъқул эмасми?.. Дейлик, саройингиздаги отларни менинг қаршимдан бир-бир ўтказсангиз, улардаги фазилат ва камчиликларни бир-бир санаб бераман», дебди.
     

    ✔ 85    🕔 11:48, 05.04.2019
  • Қора шим

    Қора шим

    Алишон Капакликая

    (Бўлган воқеа)

    ✔ 194    🕔 21:22, 13.02.2019
  • Буюк қаҳрамон экранга чиқади

    Буюк қаҳрамон экранга чиқади

    «Жалолиддин Мангуберди» фильмида бош қаҳрамонни ким ўйнайди?

    ✔ 422    🕔 09:36, 26.10.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар