Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

ҚАЛБНИ БЎЛИБ БЎЛМАЙДИ

«Қўйнимда бир ёру кўнглимда бир ёр...»  ашуласи алангасида  ёнаётганлар дардини ким тинглайди?

ҚАЛБНИ БЎЛИБ БЎЛМАЙДИ

Ижтимоий тармоқларда қўшхотинлик мавзуси бот-бот муҳокама қилинади. Ҳар кимдан ҳар хил фикр чиқади — биров савоб ҳам керак, дейди, биров от айланиб қозиғини топади, дея ақл бўлади. Яна биров аждодларимиз тутган йўлларни мисол келтиришади. 
Хўш, аслида-чи? Бунинг «плюс» ва «минус» томонларини бирор бир ташкилот ёки марказ ўрганганми? Бундан жамият ютадими ёки ютқизади?.. Хуллас, жавобсиз саволлар кўп. Аслида биз ҳам уларга жавоб изламоқчи эмасмиз. Биз Инсон, Муҳаббат, Қалб амри каби инжа тўйғуларнинг айримлар томонидан топталиши ва бунинг аччиқ оқибатлари хусусида икки оғиз сўз юритмоқчимиз, холос.

Қўшхотинлик ортидан қанчадан-қанча оилалар пароканда бўлади, фарзандлар тирик етимга айланади ёки кўнгли ўксиб катта бўлади. Қўшхотинлик туфайли ажрашаётган оилалар, ўз жонига қасд қилаётган, бир-бирининг ҳаётига зомин бўлаётган кундошлар... буларнинг барчасининг статистикаси бор. Аммо қўшхотинлик масаласида инсон қалби, туйғуларнинг топталиши эсдан чиқиб қоляпти.
Оилаларнинг аксарият бахтсизлигига, нотўлиқлигига аслида мана шу — бири билан расман, иккинчиси билан шаръан никоҳдан ўтиб яшаш асосий сабаб назаримда. Севгини ­оёқости қилиш, олдингдан оққан сувнинг қадрига етмаслик, сева олмаслик ва маънавиятсизлик сабаб. Оила муҳаббат асосига қурилади. Эр-хотинлик фақатгина моддий таъминотга бориб тақалмайди. Уларнинг истаклари, ўйлари, орзулари муштарак бўлгани учун ҳам йиллар давомида бир-бирига кўникади. Бир-бирига бўлган меҳру муҳаббати кучаяди. Тўғри, орадан йиллар ўтгач, ёшликдагидек муҳаббат кузатилмаслиги мумкин. Аммо муҳаббат ҳам ёшга мослашиб ўзгаради. Бу ҳаёт қонуни.
Йиллар давомида хотинига «сени яхши кўраман», «сен кўз очиб кўрганимсан», «сенсиз яшолмайман», деган гапларни айтган эрга хотин йиллар давомида ишонади. Чунки бу гаплар ишонтириб айтилган. Хотин устига хотин олгандан кейин бу гапларнинг қиймати қоладими? Энди худди шу гаплар бошқа аёлга айтилади. Қани субут, қани лафз? Тўғри, баъзи эркаклар «хотинимни севмай қўйганман», деб бу қилиғини хаспўшлаши мумкин. Аммо бундай севгини қадрламайдиган, осонгина севмай қўядиган эрнинг иккинчи хотинга севгиси, муҳаббати ҳақиқиймикан? Аксарият ҳолларда яширинча никоҳ ўқитиб яшаётган эркаклар икки томонга ҳам севги изҳорини бирдай қилиб юраверади. Тўғри, эрнинг бу қилиғини биринчи хотини билмаслиги мумкин. Аммо иккинчи хотин-чи? Ҳар доим биринчи хотиннинг ёнидан қайтган эрни қабул қилишга қандай кўнгли бўлади?
Эркакларнинг қўшхотин олишига баъзида аёлларнинг ўзлари сабабчи. Баъзида биринчи хотин фарзандларини ўйлаб ажрашолмайди, эрга энди эр эмас, фақат таъминотчи ва ота деб қараши мумкин... Менимча, ўз қадр-қимматини билган аёл худди шундай қилади. Аммо эрнинг ўз оиласига фақат моддий томондан таъминотчи бўлибгина қолиши фожиа эмасми?
Мен қўшхотинли эркакларни эр, ёр дейишдан йироқман. Улар шунчаки таъминотчи бўлиши мумкин. Бу ерда муҳаббат, эрлик шаъни, ғурур ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. 
Дунёқараши кенг, маънавияти юксак одам аслида муҳаббатни қадрлайди, сева олади.
Эркакнинг қурби етса, бир нечта беванинг бошини силаши мумкин, дейишади. Бу нотўғри қараш назаримда. Иккинчи бир одамнинг туйғуларини топтаб, қалбини яралаб, ғурурини поймол қилиб қандай савобга эришиш мумкин ахир? Бир кўнгилни вайрон қилиш Каъбани вайрон қилиш билан баробар эмасми?
Яқинда бир кинофильм кўрдим. Бир йигитнинг яхши кўрган қизи саратон касаллигидан вафот этади. Ва ундан мерос қолган кучукни отиб кетишади. Йигит яхши кўрган қизининг хотираси учун кучугини ўлдирган одамлардан ўч олади. Уни ўйнаган актёр ҳаётда энг мунгли актёр экан. Унинг на дўстлари, на оиласи бор. Сабаби — яхши кўрган қизи вафот этгани туфайли уйланмаган. Ана, ҳақиқий муҳаббат!
Баъзан туппа-тузук, ҳар томонлама ҳавас қиларли хотини бор эркаклар ўз хотинидан айб қидиришга тушади. Бу ишнинг охири бошқа бировга уйланиш билан тугайди. Бундайлар ўз тутумининг тўғрилигига далил келтириш учун кўпинча ота-боболаримизнинг тутган йўлларидан мисоллар келтиришади. «Бобомнинг тўртта хотини бўлган экан», «Бувим иккинчи хотин бўлган, аммо ҳамма кундошларга ҳавас қилган», деган гапларни эшитиб қоламиз. У замондаги шарт-шароит, одамлар онги билан бугуннинг ўртасида катта фарқ бор. Яна билмаймиз-ку, уларнинг дилидан нима ўтганини, қандай қалб оғриқларини ҳис қилганини. Масалан, бизнинг қишлоқда ҳалигача бир ҳовлида яшаган икки кундош ҳақида оғзиларининг таноби қочиб гапиришади. Катта кундошнинг онамга қариндошлик томони бор эди. Бефарзандлиги учун эри иккинчи марта уйланганди. Сиртдан қараганда, уларга ҳамма ҳавас қиларди. Ўша пайтлари бола онгим билан ­эътибор бермаганман. Аммо энди ҳар замонда ўша холанинг гапи эсимга тушиб кетади. Уларнинг тоғда боғи бор эди. Кунлар исиши билан хола эшак миниб ўша тоққа чиқиб кетарди. Токи совуқ тушгунча. Онамга айтган бир гапи қулоғимга сингиб кетган: «Мен учун тоғда — капада яшаш жаннат, зулматдан қутулгандай бўламан», деганди. Кўрдингизми, кундошининг болалари бувисига айланган, четдан қараганда ҳамма ҳавас қиладиган, бир ҳовлида опа-сингилдай бўлиб яшаган аёлнинг кўнглидаги гапларни тингладингизми? 
Мажбурлигидан, борадиган бошқа жойи бўлмаганидан, ота уйига қайтиб боришни ор билганидан тақдирга кўниб, аммо бир умр қалбан мажруҳ ва ўзини таҳқирланган сезиб яшаётган аёл нидоси бу. Бахтни ҳис қилмай «бахтли» яшаётган аёллар улар.
Ёки бўлмаса, кўпчилик «кундошлар опа-сингилдай бўлиб яшаши мумкин», «биз ­опа-сингилдай бўлиб кетганмиз», деган гапларни эшитиб қоламиз. Энди опа-сингилнинг бир эр билан яшашини тасаввур қилиб кўринг-а. Тасаввур қилишингиз билан ҳаво етишмай бўғилиб кетасиз. Бугун бир оилада ҳар бирининг бошида ўз эри бўлган овсинлар келишолмай турган бир пайтда кундошнинг кўнгилдош бўлиши ақлга сиғадими? Адолатли бўлиш керак деймиз. Эр адолатли бўлар, яна бир хотин адолатли бўлар, учинчи кишининг ҳам адолатли бўлиши мантиққа тўғри келмайди. Чунки қарашлар ҳар хил, тушунчалар айро.
Эр бермоқ — жон бермоқ, деган мақолни жуда кўп ишлатамиз. Буни баъзида киноя тарзида қўллашади. Аммо бўлинган бахт азобини тортаётган аёл фақат эринигина қизғанадими? Аввало, у учун оиласининг шаъни муҳим. Эл-улус олдида боши хам бўлишини хоҳламайди, ахир айтишади-ку, эринг суйди — элинг суйди, деб. Эри туфайли элнинг назаридан қолишни ҳеч ким хоҳламайди. Болаларининг кўнгли ўксиб яшашини истамайди. У буюм талашмайди, у инсон талашади, у туйғулари учун курашади, минг изтироблар, азоблар оғушида қолади. Яна у ўзини камситилгандек, ҳақоратлангандек ҳис қилади.
Яқинда бир газетада шу мавзуга оид аянчли воқеани кўпчилик ўқиган бўлса керак. Унда ёзилишича, кундошиникига эри томонидан совчиликка боришга мажбурланган аёл ўз жонига қасд қилган. Икки боланинг онаси калтакларга ҳам чидаган. Аммо унинг кундошиникига совчиликка боришга мажбурланиши шаънини ерга урган. Ўз ҳаётига нуқта қўйишига ерга урилган қадр-қиммати, синган кўнгли сабаб эди. Мана шу воқеанинг ўзи биз сўз юритаётган дард нақадар аянчли ва оғир эканини айтиб турибди-ку!
Иккинчисини топди ҳам дейлик. Бу орада аёли неча тунларни кўз ёшлари билан тонгга айлантиради. Фарзандлари кўнгли ярим бўлиб одамларга ишончи йўқолган бўлади. Иккинчи хотини билан яхши яшаётган бўлса, хўп-хўп, аммо ундан рўшнолик кўрмай, кўз очиб кўргани ташлаб кетаётганда кўзини юмгани яна ўша биринчи хотинининг олдига қайси юз билан бориши мумкин?
Баъзида бева, турмушга чиқмаган ёки ажрашган аёллар ҳам бахтли бўлишга ҳаққи бор дейишади. Бева аёлни тушунаман. Изласа, унга бева эркак чиқиши аниқ. Агар болаларини ўзимнинг боламдай кўраман, хотинидан ажраган эркакнинг иши ҳам юришмас экан, унга тиргак бўламан, деса, бева эркаклар ҳам бахтли бўлиб кетаверади. 
Аммо келган совчиларни вақтида менсимаган, энг ачинарлиси, йигитнинг топиш-тутиши яхши эмас, кўримсиз экан ва ҳоказолар билан эр танлаб вақтини ўтказган ёки арзимаган қийинчиликлар билан оиласини бузган қизлар ва аёлларнинг иккинчи хотин бўлишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. 
Чунки улар қийинчиликдан қочган, бахтли бўлиш учун бадал тўлашни истамаган аёллар.
Бир аёлни биламан. Жуда чиройли эди. Талабалигида уч йил ортидан юрган йигитга рози бўлмади. Менинг дидимдаги йигит эмас, кўримсиз, деб дилини оғритди. Йиллар ўтиб йигит бошқага уйланди, қиз бошқага турмушга чиқди. Аёл икки нафар фарзандли бўлганида эри билан ажрашиб, Тошкентга келди. Ижарада қийналиб яшади. Ва курсдошининг яхши лавозимда ишлаётганини эшитиб, иш сўраб борди. Аввалига курсдоши оиласини ўйлаб у аёлни яқинига йўлатмади. Аммо курсдошининг ҳийла-найранглари барибир устунлик қилди. Ўзи ишлаётган ташкилотга ишга олди. Аёл тезда уйли, машинали бўлди. Эрининг қинғир қадамини пайқаган аёли жанжал қилиб ҳеч қандай натижага эришолмагач, ажрашди. Уч нафар фарзанд отасиз қолди. Энди жабрдийда аёл ҳам кундошининг ишини қиладиган бўлса, яна бир оила пароканда.
Г. исмли имконияти чекланган дугонам бор. Синфдоши унга соғлом пайтида кўнгил қўйган ва турмуш қуришган. Орадан йиллар ўтиб дугонам касаллик туфайли аравачага михланди. Аммо жуда фаол. Қўли гул. Тадбирларда тинмай иштирок этади. Биласизми, турмуш ўртоғи тунги сменада ишлайди. Кундузи хотинини аравачада тадбирларга олиб бориш, уйида меҳмон кутиш, овқат қилиш учун тунги сменада ишлайди. Уларнинг бир-бирига муомаласини кўриб ҳавасингиз келади. Ахир, унинг хиёнат қилишига баҳоналари кўп эмасми?
Ёки йигирма йилдан бери фарзандсиз яшаётган бир оилани биламан. Яқинда фарзанд асраб олишди. Хотини неча марта эрига бошқага уйланинг, деган гапни ҳам айтди. Аммо ҳар гал эри уришиб ташлайди. Хўш, ён-атрофимиздаги шу одамларни кўриб-билиб туриб фарзандлари, ҳавас қиладиган аёли бўла туриб хиёнат қилаётганларни, қўшхотинликни айб санамаётганларни, орзу қилаётганларни ким деб аташ мумкин? Мен савоб қиляпман, дея гуноҳини хаспўшлаётган бундай эркаклар аслида шунчаки нафс бандалари эмасми?..
Дунёда ҳамма нарсани бўлиш, тақсимлаш мумкин: мол-давлат — уй, машинани, аммо биргина нарсани бўлиб бўлмайди — кўнгилни, фақатгина қалбни тақсимлаб бўлмайди.

Барно СУЛТОНОВА




Ўхшаш мақолалар

«Ассалом»нинг ҳикмати

«Ассалом»нинг ҳикмати

🕔10:56, 17.05.2019 ✔136

Эрталаб ишга кеч қолмаслик учун Муҳаммадалини боғчасига шошилтириб олиб борадиган отасининг ҳам, онасининг ҳам зарур юмуши чиқиб қолиб, барчалари тез-тез нонушта қилиб кетиб қолишди.

Батафсил
Оилани  сақлаш  устунлари

Оилани сақлаш устунлари

🕔10:55, 17.05.2019 ✔142

ёхуд ажрашишлар олдини олишда Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар мақтовга лойиқми?

Батафсил
219 Оила ажрашиш аризасини қайтариб олди

219 Оила ажрашиш аризасини қайтариб олди

🕔11:36, 26.04.2019 ✔182

Қорақалпоғистонда оилалар  мустаҳкамлиги  қай даражада?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Ассалом»нинг ҳикмати

    «Ассалом»нинг ҳикмати

    Эрталаб ишга кеч қолмаслик учун Муҳаммадалини боғчасига шошилтириб олиб борадиган отасининг ҳам, онасининг ҳам зарур юмуши чиқиб қолиб, барчалари тез-тез нонушта қилиб кетиб қолишди.

    ✔ 136    🕔 10:56, 17.05.2019
  • Оилани  сақлаш  устунлари

    Оилани сақлаш устунлари

    ёхуд ажрашишлар олдини олишда Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар мақтовга лойиқми?

    ✔ 142    🕔 10:55, 17.05.2019
  • 219 Оила ажрашиш аризасини қайтариб олди

    219 Оила ажрашиш аризасини қайтариб олди

    Қорақалпоғистонда оилалар  мустаҳкамлиги  қай даражада?

    ✔ 182    🕔 11:36, 26.04.2019
  • Ёмон  КЕЛИН аслида кимнинг фарзанди?

    Ёмон КЕЛИН аслида кимнинг фарзанди?

    Кўп гапириш билан 
           кўп фикр айтиш — 
                      бошқа-бошқа нарса.
    Софокл

    ✔ 229    🕔 11:35, 26.04.2019
  • «Келин олганман,  чўри эмас...»

    «Келин олганман, чўри эмас...»

    Озода опа кўчадан кираверишга сув сепиб қўйиб, у селгигач, эшик олдининг у ер, бу ерини супуриб-сидира бошлади.

    ✔ 201    🕔 11:38, 19.04.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар