Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ТИЛАНЧИНИНГ ТЕМИР ҚОЗОНИ

Қўрқитиш ёки жазолаш билан муаммога ечим топиладими?

Бу ишдан ҳамма ор қилади, жуда катта номус санайди. 
Лекин у билан шуғулланувчилар бутун дунёда бор. Негадир турли кўринишда ва шаклда давом этаверади. 
Бу — тиланчилик!

ТИЛАНЧИНИНГ  ТЕМИР  ҚОЗОНИ

Аслида эшитганданоқ бир бечора инсон, ночор ва абгор ҳолда қўлини чўзиб турган ғариб кўз олдингизга келиши табиий. Уч-тўрт сўм бериб кетасиз ва шу билан уни эсдан чиқарасиз. Бир нотавонга озгина бўлса ҳам ёрдам қилдим дея хотиржам бўласиз. Аммо ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, аслида ҳам унга ёрдам ­бердингизми ёки уни мана шу номус ботқоғига баттар ботирдингизми? Аслида тиланчига садақа ташлаб ўтиш жамиятда мана шундайларнинг камайишига хизмат қиладими ёки янада кўпайишига? Бу иш ҳамманинг наздида қаттиқ қораланганига қарамай, нега тобора кўпайиб боряпти? Тиланчилар кимлар ўзи, ҳақиқатда айни вақтда ўта ночор қолиб, шу бугун очдан ўлмаслик учунгина қўл чўзиб турганларми ёки бу ишни бутунлай касбга айлантириб олганларми?
Қонуний жазо қандай берилади?
2019 йил 9 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга кўра, Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Жумладан, кодекс 1271-моддаси билан тўлдирилди. Унга кўра, тиланчилик билан шуғулланиш, унга вояга етмаган ўғил-қизларни ва ногиронларни жалб қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилди.
Бу жаҳон амалиётида бор. Кўплаб давлатлар тиланчиларни маъмурий, жиноий жавобгарликка тортиш орқали бу иллатдан қутулиш йўлини тутган. Аслида ҳам тўғрида, тиланчилик — жамият учун хунук иллат. «Жуда унчалик эмас, тиланчилар кўчада қўл чўзиб туради, ҳеч кимни садақа беришга мажбурламайди, хоҳламасангиз берманг», дейишингиз мумкин. Ҳақиқатда шундай, бу одамларнинг ҳаётига бевосита таъсир кўрсатмаслиги мумкин. Аммо бу иллат одамларнинг тарбиясига, жамиятдаги ахлоқий меъёрларга аста-секинлик билан қатъий психологик таъсир кўрсатиши, шубҳасиз. Шунинг учун ҳам бутун дунёда бунга қарши курашилса-да, ҳали-ҳамон самарали механизми, тиланчиликка қарши муайян «вакцина» топилган эмас.
Энди қонуний чора ҳақида. Ишхонамизга яқинроқ йўлакда, чамаси 25 ёшлар атрофидаги бир йигитни тез-тез учратаман. У одамларнинг йўлини тўсиб, йўлкирага пул сўрайди. Ўзимга ҳам бир-неча маротаба рўбарў келган. Афт-ангори бинойидек, ақл-ҳуши жойида. Шунинг учун ҳам кўпчилик, асосан, биринчи бор унга дуч келганлар «Ҳа энди, иложсиз қолибди-да...» дея йўлкирага яраша пул бериб кетади. Яқинда яна йўлимни тўсганида дакки бердим. «Нега бу ишдан уялмайсиз, ундан кўра анави одамларга ўхшаб меҳнат қилсангиз, уч-тўрт сўм топасиз-ку», дея сариқ нимча кийиб, кўча супураётганларга ишора қилдим. Аммо у пинагини ҳам бузмади, мен сиздан қачон пул сўрадим, дея минғирлаб нари кетди. Назаримда, мана шунга ўхшаганларни қонуний жазога тортиб, меҳнатга мажбуран жалб этиб, маошини бериш керак. Бироқ тиланчиларнинг ҳаммасини ҳам жазога тортиб, муаммога ечим топиш мумкинми? Аввало, ўзи бир тиланчи бўлса, уни жаримага тортиб, ўша жаримани улардан ундириб олишнинг ўзи бўладими? Тиланчилар у ёқда турсин, рисоладагидек ҳаёт кечираётган одамлардан ишлатган электр энергияси тўловини ундириб олиш катта муаммо бўлиб турган бир пайтда-я. Йўқ, бизнингча буни амалга ошириш механизми ҳам, кутилаётган натижаси ҳам бутунлай самарасиз. Бу билан тиланчиликка барҳам бериш даргумон. Мисол учун...
«Ўзимдан уялиб кетаман»
Ҳар тонг ишга келарканман Буюк ипак йўли метро бекати атрофида бир отахонга дуч келаман. Етмиш ёшлар атрофидаги қария  йўлак четида ўтириб, ўтган-кетгандан нажот излайди. Ажабланарлиси, отахоннинг ёнида ҳамиша будильник соат бўлади. Ҳар сафар у билан суҳбатлашишга чоғланаман-у, лекин журъатим етмайди...
Охири бўлмади, бундан беш-олти ой илгари гаплашишга жазм қилдим.
— Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман, — дея гап бошлади қария. — Битта-ю битта қизим бор. Афсуски, унинг кўзи кўрмайди. Дориларини ўз вақтида беришим керак. Шу боис ташқарига чиқсам, ўзим билан будильник олиб юраман. Нафақа пулим рўзғорга, дори-дармонга баъзан етади, баъзан йўқ. Шу боис гоҳ-гоҳида кўчага чиқиб, тиланчилик қилишга тўғри келади. 
Қизим иккимизга етадиган бир кунлик егуликка пул ишласам кифоя. Очиғи, бу ишни қилишдан қаттиқ азобланаман. 
Шу аҳволга тушиб қоламан деб, ҳеч ўйламагандим. Ишонсангиз бировдан садақа сўрашдан ортиқ азоб йўқ мен учун. Раҳм қилиб, садақа бераётганларнинг кўзига тик қаролмайман, хатто. Қўлимдан бошқа иш келганда эди...
Шу тобда мажбурлигидан шу ишни қилаётган ва бу қилмишидан қаттиқ азоб чекаётган отахонга нима дейишни ҳам билмадим. Ортиқ хижолатга қўймаслик мақсадида ундан узоқлашарканман, хаёлга чўмдим.
Отахон-ку бу ишга мажбурлигидан қўл урган. Лекин тўрт мучаси соғ, айни тоғни толқон қиладиган ёшда тиланчилик билан шуғулланаётган «эркак»ларни (агар уларни шундай аташ тўғри бўлса) қандай тушуниш мумкин?
Ҳамма нарсаси бор тиланчи
Бир йигит моддий ёрдам сўраб қолди. Айтишича, ёнидаги пулларини ўғирлатиб қўйибди. Аксига олиб, телефонининг ҳам маблағи тугабди. Шу боис унга уйига етиб олиши учун ўн минг сўм пул бериб туришимни сўради. Кўринишидан алдаётганга ўхшамайди. Уст-бошидаги кийимлари меникидан анча қиммат турса керак. Қўлида қандайдир машинанинг пульти. Бироз иккиланиб турганимни фаҳмлаган йигит дарҳол қўл телефонидаги оиласи, фарзандининг суратини кўрсатди. Агар унга шу пулни бериб турсам, эртаси куни телефон рақамимга ташлаб юборишини айтгач, ноилож рози бўлдим ва сўраган пулни бердим. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмади ҳамки шундай ортимга қарасам, у бошқа бир йўловчига ҳам худди менга айтган гапларини қайтаряпти... 
Хўш, бу кабиларни бунга ким ёки нима мажбур қилмоқда? Наҳотки, ўзбек ўғлонларининг белидан белбоғи тушиб қолган бўлса? Тўрт мучаси соғлом бўла туриб, шу ишни қилиш учун йигит киши ҳеч қандай сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражада без бўлиши керак, назаримизда.
Шўхлик қилишга ҳаққи йўқ бола
Кўча изғирин совуқ. Бир танишимни кутиб турибман. Тўрт-беш ёшлар атрофидаги ўғилчасини етаклаб олган аёл ўтган-кетгандан фарзандининг ҳақига у-бу нарса беришини сўраб турибди. Фарзандига ачинганлар атаганини бериб кетяпти. Секин аёлни кузата бошладим. Орадан ярим соатлар ўтгач, ўғли хархаша қила бошлади. Аёл одамлар олдида хижолат бўлди шекилли, боласини етаклаб, кўздан панароқ жойга борди. Нима бўларкан деб кузатиб турсам, боягина фарзандини баҳона қилиб, ўтган-кетганга олазарак термилиб, нажот кутиб турган муштипар аёл ваҳшийларча боласини дўппослай кетди. Боланинг фарёдига чидай олмадим. Аёлнинг олдига бориб, нега бундай қилаётганини сўрадим. Агар шу боласи бўлмаса, ҳеч ким унга садақа бермаслигини айтиб, боланинг ёнини олдим. Бояги аёл ҳеч нарса бўлмагандек, менга қаради-да, бу ўзимнинг болам, хоҳласам ураман, хоҳласам йўқ, дея боласини судраганча кўздан ғойиб бўлди. Шу тобда аёлга эмас, болага ачиндим...
Моҳиятни аниқлаб, кейин ечим топсак...
Юқоридаги вазиятларнинг ҳаммаси турлича ва булар кўпчиликка таниш. Нима деб ўйлайсиз, буларнинг ҳаммасига бир хилда жарима қўллаш ёки вақтинчалик қамоққа тиқиб қўйиш билан муаммо ҳал бўладими? Бировнинг ҳисобига яшашга ўрганиб қолган айрим кимсаларнинг ўзи атайлаб қамоққа тушиб олади. У ёқда текинга боқишади-да... Ёки боягидек тиланчи чолни жазолаб, муаммони янада чигаллаштириб юбориш ҳеч гап эмас.

Рустам ЖЎРАЕВ,
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи:
— Албатта, қонун кучга кириши билан биз дарҳол ҳамма тиланчиларни қамашга ва жавобгарликка тортишга киришмаймиз. Аввало, тушунтириш ишларини олиб борамиз ва энг муҳими тиланчилик қилишга нима мажбур қилаётганини аниқлашга ҳаракат қиламиз.
Биз бу ижтимоий муаммо бўйича доимий кузатувлар олиб борамиз ва сизларга бир нарсани таъкидламоқчиман:
тиланчиларнинг 80-90 фоизи ўзига хос профессионаллар бўлиб, уларнинг ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ. Улар тиланчиликни енгил даромад манбаига айлантириб олишган бўлиб, топаётган пуллари кўпчиликнинг бир кунлик ўртача даромадидан кўпроқ.
Қонунчиликдаги бу ўзгаришларни танқид қилганлар ҳам, тиланчиларга ачинганлар ҳам бўлди. Лекин бундай жавобгарлик дунёнинг кўплаб давлатларида бор. Бизда эса фақат вояга етмаганларни тиланчиликка жалб этиш тўғрисида модда бор эди. Биз тиланчиларни бўлимларга олиб келганимиздан сўнг тушунтириш ишлари олиб бориб, чиқариб юборишга мажбур бўлардик. Улар эса ҳеч қандай жавобгарлик йўқлиги учун дарҳол яна ўз жойларига бориб тиланчиликка киришаверардилар.
Кўриниб турибди, қонунчиликка киритилган ўзгаришни амалга оширишнинг аниқ механизмлари ҳали йўқ. Қолаверса, улар жазосини олиб бўлгандан кейин-чи, ахир ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деб бежиз айтишмаган. Бу масала ҳам очиқ қолмоқда. Буни ўша ҳудуд ҳокимлигидан тортиб, депутатларию, бандлик маркази вакилларигача чуқурроқ ўйлаб кўришлари керак эмасми?
Қонун чиққандан кейин уни бажариш керак, тамойилига амал қилиндими, ҳарқалай яқинда Қўйлиқ деҳқон бозори атрофида «тиланчилар ови» бўлди. Бориб кўрдик, ички ишлар ходими кийимидагилар асосан тиланчилик қилиб турганларни ҳайдаш, бу ерда турмаслик ҳақида қаттиқ огоҳлантириш, ички ишлар бўлимига олиб кетиш, қўрқитиш билан шуғулланишяпти. Майли, бу уларнинг қонуний чорасидир, аммо ўша ерда туман хотин-қизлар қўмитаси вакиллари (тиланчиларнинг аксарияти аёллар ва вояга етмаган болалар), ҳар тадбирда кўплаб бўш иш ўринларини таклиф этаётган бандликка кўмаклашувчи марказ мутасаддилари ёки бирор ҳокимлик вакилларидан ҳеч кимни учратмадик.
Аввало, инсон деб қарайлик
Биз тиланчиларни оқлаш ёки уларга қарши қонуний чора кўрувчилар ишидан айб қидириш фикридан бутунлай йироқмиз. Тиланчилик жамият учун ўта хунук ва ёмон иллат экани, шубҳасиз. Тиланчилик инсонларни дангасаликка, маънавий қашшоқлик ботқоғига ботиради. Мамлакат қиёфаси ҳамда обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатади. Ички ва ташқи туризмнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Қолаверса, бу иш динимизда ҳам қаттиқ қораланган.

Маъмуржон ЭРКАЕВ,
исломшунос
— Ислом шариатида жорий қилинган барча тоат ва ибодатлар инсоннинг маънавий камолотини таъминлашга қаратилгандир. Боқувчиси бўлмаган, бошқа иш қўлидан келмайдиган ночор инсонлар тиланчилик қилиши мумкин, аммо унинг ҳам чегараси бор. Яъни, бу меъёр — бир кунлик ейиш-ичиш эҳтиёжини топгунга қадар бўлган вақт. Ундан ортиғи ҳаром саналади.
Ўзини майиб-мажруҳ ҳолда кўрсатиб, гадой, тиланчи қиёфасига солиш ҳам айни товламачиликнинг бир тури. Динимиз бундан қатъий қайтаради. 
Қуръони каримда Аллоҳ таоло садақа олишга ҳақли бўлган кишиларни баён қилган: «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошно қилувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз этилди. Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир» (Тавба сураси, 60-оят).
Шариатимизда тиланчи отда келса, ҳатто қўлида тилласи бўлса ҳам садақа беришга тарғиб қилинади. Бунинг учун саховатли инсон савоб олаверади. Аммо садақа сўраган кишининг фирибгарлиги, алдаб, одамларнинг пулини еяётгани аён бўлса, унга бермаслик керак. Сабаби, бу орқали у текинхўрлик, дангасаликка ўрганиб қолади.
Дангасалик, ишёқмаслик, текинхўрлик булар — мусулмон кишига ёт ҳолат. Динимиз ялқовлик, бировга қарам бўлишдан буткул қайтаради.
Демак, садақа беришдек савоб ишимиз ҳам кимнидир дангаса ва текинхўрга айлантириб қўйишидан эҳтиёт бўлишимиз керак экан. Садақани, аввало, шунга муҳтожларга бериш ёки бир инсонни ўз меҳнати билан ҳалол луқма топишга ўргатиш энг муҳим жиҳат саналади. Юқорида айтганимиз, тиланчиликка ҳам ёппасига жазолаш билан қарши курашмасдан, вазият чуқурроқ таҳлил қилинса, чиндан муаммоси бор инсонларга тегишли мутасаддилар иштирокида ёрдам кўрсатилса, муаммонинг ечим топиши ҳам осон кечади бизнингча.
...Оёқ кийимимни таъмирлатиш мақсадида пойабзал тузатиш устахонасига кирдим. Икки оёғи йўқ, қирқ ёшлардаги эркак ногиронлар аравачасида ўтириб кимнингдир туфлисини таъмирлаяпти. Бироз ишини кузатиб туриб, унга мақсадимни айтдим. Менга қараб, турибди-ю, лекин мени тушунмаяпти. Кейин билсам, Яратган уни нафақат, оёғидан, балки тил-забондан, эшитиш қобилиятидан ҳам маҳрум қилган экан. Муддаойимни бир амаллаб тушунтирдим. У кутиб туришга ишора қилди. Устанинг ишини анча кузатдим. Хаёлимдан ўша ҳамиша йўлимда учрайдиган тўрт мучаси соғ, тоғни урса, толқон қилгудек ҳайбати бор йигит, кўча-кўйда гўёки «пулини йўқотиб қўйганидан ночор аҳволга тушиб қолган»лар ўтди. Инсондаги ғурур ва андиша нақадар буюк хислат эканига амин бўлдим.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

«БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

🕔23:18, 15.08.2019 ✔35

Жорий йилда етти мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак Ҳаж амалларини бажаришга муваффақ бўлишди. 

Батафсил
Тадбиркорларга яна эркинлик,  ҳокимларга эса тақиқ

Тадбиркорларга яна эркинлик, ҳокимларга эса тақиқ

🕔23:15, 15.08.2019 ✔29

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

Батафсил
ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

🕔20:36, 08.08.2019 ✔73

Куз ва қиш ойлари тўй-тўлқинлар, ҳар хил тадбирлар мавсуми ҳисобланади. Айниқса куз – пишиқчилик ва серобчилик палласи бундай саъй-харакатлар авжга чиқади. Топганинг тўйларга буюрсин, дея яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлади. 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

    «БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

    Жорий йилда етти мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак Ҳаж амалларини бажаришга муваффақ бўлишди. 

    ✔ 35    🕔 23:18, 15.08.2019
  • Тадбиркорларга яна эркинлик,  ҳокимларга эса тақиқ

    Тадбиркорларга яна эркинлик, ҳокимларга эса тақиқ

    Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

    ✔ 29    🕔 23:15, 15.08.2019
  • ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

    ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

    Куз ва қиш ойлари тўй-тўлқинлар, ҳар хил тадбирлар мавсуми ҳисобланади. Айниқса куз – пишиқчилик ва серобчилик палласи бундай саъй-харакатлар авжга чиқади. Топганинг тўйларга буюрсин, дея яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлади. 

    ✔ 73    🕔 20:36, 08.08.2019
  • СИРДАРЁда ЯШИРИН УЧ СИР

    СИРДАРЁда ЯШИРИН УЧ СИР

    ёхуд Ўзбекистондаги Америка

    «Илгари одамлар бу ерларда фақат ишлагани учунгина яшар эди, бугун эса мана шу жойлар билан фахрланмоқда»
     

    ✔ 573    🕔 20:33, 08.08.2019
  • ҲЕЧ ЗОТ  ҚОНУНДАН УСТУН ЭМАС,  ҲАТТО ҲОКИМ ҲАМ

    ҲЕЧ ЗОТ ҚОНУНДАН УСТУН ЭМАС, ҲАТТО ҲОКИМ ҲАМ

    Ҳоким ва вазир: манфаатлар тўқнашувими ёки даҳанаки жанг?

    ✔ 118    🕔 12:48, 02.08.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар