Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ШИФО излаб «ДАРД»ГА ЙЎЛИҚИБ...

Бир бемор ҳамроҳлигида ўтказилган журналистик кузатув натижалари

ШИФО излаб «ДАРД»ГА ЙЎЛИҚИБ...

Шифохонага ҳамма шифо излаб боради. Умид билан эшикдан кирган борки, жони азобда бўлади, бир оғиз ширин сўз гадоси. Аммо... шифохоналардаги турнақатор навбат, олдин кириш учун таниш-билишчилик, оворагарчиликлар, бунинг оқибатидан келиб чиқадиган асаббузарликлар касални янада оғирлаштиради, холос. Бугун шифохоналаримиз беморларни қаршилашга қанчалик тайёр? Шифо истаб борган бемор яна бир касалликни орттириб, асаби бузилиб, барчасига қўл силтаб қайтмайдими? Биз ушбу масалани айрим шифохоналар мисолида батафсилроқ ўрганишга қарор қилдик.

Йўлланма бўлмаса, кирмайсан! 
Биринчи манзил — Тошкент Педиатрия тиббиёт институтининг консультатив-диагностика поликлиникаси.
Бу ерга шифо излаб бутун республикадан келишади. Буни беморларнинг кўплигидан ҳам кўриш мумкин. Кириб боришимиз билан қўлига чақалоғини тутган ёш келинчакнинг телефонда иккинчи томонга бу ерда боласини қабул қилмаганини айтиб ёзғираётганига дуч келдик. Ёнида қўлида катта сумка билан турган онахонни суҳбатга тортдик.
— Оҳангарондан келгандик. Ўзимиздагилар айтишича, саккиз ойлик неварамнинг буйраги яхши ишламаяпти. Поликлиникамиздан олган йўлланма бу ерга ўтмас экан... 
Ўзини Малика опа деб таништирган онахон дардини сўраганимиз учунми, биздан ёрдам илинжида турарди.
— Чақалоқни ҳам йўлланмасиз кўришмасмикан?
— Қабул қилмас экан. 
Ўзимизнинг врач йўлланмада «текширувга» деб ёзиб берибди. Бу ердагилар айнан «уролог текширувига» деб ёздириб келсаларинг қабул қиламиз, дейишяпти. Ўлсин, шу бир парча қоғози... 
Очиғи, бу талабнинг маъносига тушунмадик...
Дарҳақиқат, шифохона кириш эшиги ойнасига катта қилиб «Рўйхатдан ўтиш учун қуйидаги ҳужжатлар бўлиши шарт: 
1.Йўлланма (турар жойдаги поликлиникадан)....» деб ёзилган эълонга кўзимиз тушди.
— Агар вилоятдан келсангиз қишлоқ поликлинкаси (турар-жой бўйича) йўлланмаси ўтмас экан, — дейди суҳбатга қўшилган Жиззах вилоятидан келган аёл. Поликлиникамиз йўлланма учун туманга юборди. У ерда эса «облбольница»дан олишимиз мумкинлигини айтишди. Мана, Жиззахдан олиб келдик йўлланмани. Яна қўшиб қўйди: ана, Қашқадарёдан келишган экан, боласини қўлида кўтариб олган ёш йигит ва икки аёлни кўрсатиб, бечораларни шифокорлар қабулига қўйишмади...
Уларни суҳбатга тортдим. Ўғлини туман, ундан кейин вилоят шифохонасига кўрсатишибди. Аммо тўлиқ соғайиб кетмаяпти экан. Яқинларининг маслаҳати билан пойтахтга олиб келишганини, йўлланма ҳақида шу ерга келгачгина билишганини айтишди. Фарзандининг касалини сўрашга тортиндик. Энди нима қиласизлар, деган саволимизга «Кутиб турайлик-чи, одамлар сал камайгандан сўнг, шифокорнинг ўзига илтимос қилиб кўрамиз» дейишди умидсизлик билан.
Ичкарига кирамиз. Гавжум рўйхатхонадан асосий бинога киришдаёқ тўсиққа дуч келасиз: ходим беморларни фақат бир киши кузатувида киритишини баланд овозда такрорлайди. Шунга қарамасдан ўрта ёшли аёл бемор ва унинг онаси билан бирга киритишларини талаб қилиб, бақир-чақир қилмоқда. Бир фурсат уларнинг суҳбатини тингладик. Аёл бемор унинг узоқ вилоятдан келган жияни экани, шифокор кўригида шахсан қатнашиши зарурлигини айтди. Ходим «унда болани онаси эмас, ўзингиз олиб киринг» дейди. Аёл касаллик бўйича берилган саволларга онасидек тўлиқ жавоб бера олмаслигини таъкидлашдан чарчамайди. Ходим ҳам бўш келмайди: поликлиникада одам кўплигини, нафас олиш қийинлиги, бемор болалар қийналишини, шу сабабли фақат бир кузатувчинигина киргизишга рухсат беришини айтди.
Ҳа, икки томоннинг ҳам гапида жон бордек. Аммо шифохона мақсади малакали даволаш экан, беморлар учун қулай шароит ва имконият яратиб бериш керак эмасми? Чунки туман ёки қишлоқдан келган айрим ёш оналар шифокорнинг даволаш борасида айтганларини англаб олиш тугул, тузук-қуруқ муомала қилолмаслиги ҳам бор гап. Қолаверса, ёш оналарнинг тиббий билим савияси ҳам ҳаминқадар. Шундай экан, беморни нафақат онаси, балки отаси ёки қайнонаси, зарур бўлса, қайнотаси иштирокида кўрикдан ўтказиш шарт деб ўйлаймиз.
«Анализ» учун —    хусусий клиникага
Ниҳоят, поликлиникага кириб олдик. Бугун болалар ўртасида касалга чалиниш ёки касаллик даражаси юқори. Бунга расмий статистика ҳам шарт эмас. Болаларимизни парваришлаш занжирида қандайдир тугун узуқ: ё бўлғуси онани ҳомиладорлигидаёқ тўғри парваришламаяпмиз ёки болаларнинг ейиш-ичиши яхши эмас. Акс ҳолда, ушбу поликлиникада шунча кўп бемор бўладими? Невропатолог шифокорлар қабулида турганларнинг эса охири кўринмайди. Кутишдан, айниқса, ёш чақалоқларнинг қийналишини кўриб, очиғи, ичингиз ачийди.
Журналистик кузатувимиз аниқ фактларга асосланиши учун бу ерга 10 ёшли ўғлига шифо излаб келган Бобомуродовлар оиласи билан бирга юришга  уларни кўндирдик. Кардиоревматолог қабулига 8:30 да келишган экан. Соат ўнларда навбат тегди. Шифокор касаллик шикоятини эшитди ва дастлабки текширувдан сўнг, уни поли­клиника биқинидаги хусусий клиникага қон таҳлили учун юборди. Вилоят шифохонаси ўтказган икки кун олдинги худди шу каби қон таҳлилига ишонмаслигини билдирди. Биз яширин реклама бўлиб қолмаслиги учун хусусий шифохона номини келтирмадик. Клиникада қон таҳлили жавоби тахминан бир соатда чиқди. Соат 11:30 да яна кардиоревматолог қабулига бордик. Навбатда турганларга, қон таҳлилини олиб келганимизни тушунтиришимизга қарамасдан, ҳеч ким навбатсиз киришимизга рухсат бермади. Улар ҳам эрталаб шифокорга учрашгани ва ҳаммаси ҳам «анализ» жавоблари билан иккинчи марта навбатда туришганини айтишди. Ноилож кутдик. 12:20 атрофида навбат етиб келди. Шифокор қон таҳлилини кўриб, янада иккиланиб қолди. Сабаби, вилоят ва хусусий клиника қон таҳлиллари бир-биридан деярли тубдан фарқ қиларди. Шифокор беморни яхшилаб текшириш заруриятини тушунтириб, энди  Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида умумий қон таҳлилини ўтказиб келишни айтди. Поликлиниканинг соат 14:00 гача ишлашини эслатиб, эртага педиатр ва невропатолог кўригидан ҳам ўтиш лозимлигини билдирди.
Беморни олиб Чилонзорга йўл олдик. Гематология институтида врач қабулига киргунимизча соат 13:30 бўлди. Бу ерда беморнинг ота-онаси ҳафсаласи яна пир бўлди. Сабаби, бу ерда қон текширув учун эртага эрталаб келиш, жавоби эса уч кундан сўнг тайёр бўлишини маълум қилишди. Ана холос! Уларга ёрдам бериш мақсадида мансаб вазифамизни «суиистеъмол» қилиб, журналист эканимиз, беморлар пойтахтда қоладиган жойи йўқлигини илтимос қилиб, эртага тушликдан сўнг жавобини тезлаштириб олишга кўндирдик. Албатта, бунда бемор отасининг чўнтагини титкилаб қолиши (қон таҳлили тўловидан ташқари) ҳам иш берди. Хуллас, биринчи кун текширув шу билан тугади. Иккинчи куни қон таҳлили ваъда қилинганидан кечикиб, соат 13:00 дан ўтиб тайёр бўлди. Қоғозни олиб тиббиёт институти поликлиникасига келиб, кардиоревматологга киргунча иш вақти тамом бўлди. Ниҳоят, учинчи куни педиатр ва невропатологдан ташхис қўйдириб, тегишли даволаш йўриқномаси олинди. 
Албатта, бунда яна барча қўшимча текширувлар хусусий клиникаларда амалга оширилганини эслатиб ўтиш жоиз. Бу анча-мунча пул дегани. 
Хуллас, пойтахтга шифо излаб келганнинг дардини фақат унинг ўзи билади. Боласининг соғлиғи учун  жонини ҳар ерга урган қанча, ахир.

Вазирликка саволлар
Биз Тошкент Педиатрия тиббиёт институтининг консультатив-диагностика поликлиникаси шифокорларининг меҳнати ва малакасини қадрлаймиз. Улар кун давомида юзлаб беморларни қабул қилиб, дардини эшитишади. 
Аммо журналистик кузатувимиздан сўнг бизда бир қанча саволлар ва мулоҳазалар пайдо бўлди. 
Биринчи ўринда айтиб ўтиш жоизки,  Республикамиздаги улкан тиббий илмий-текшириш институтлари, уларнинг поликлиникаларида қачон беморлар навбати учун қулай шароит яратилади? Қачон электрон навбат тизими жорий этилади? Узоққа бормайлик, оддий мисол, банкларга борсангиз, хизмат турига қараб электрон навбат оласиз. Кутиб ўтириш учун қулай шароит яратилган. Ўриндиқлар етарли. Ҳатто баъзиларида болалар ўйнаши учун ҳам майдончалар бор. Шу ишларни наҳотки Тошкент Педиатрия тиббиёт институтида йўлга қўйишнинг имкони бўлмаса? Ахир, институт ташкил этилганига яқинда салкам 50 йил бўлади.
Нима учун узоқ вилоятдан фалон сўм харажат қилиб, шифо излаб, умид билан келган бемордан йўлланма талаб қилиш керак? Ахир, улар пойтахтга  музқаймоқ ялаш учун эмас, вилоят-туманда даво топмагани учун келишган. Бу талабнинг биз билмаган балки бирор-бир объектив сабаби бордир. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам шифокор беморни кўриши шарт деб биламиз. Яна бемор — бола бўлса!
Узундан-узун навбатларга чек қўйиш, беморларнинг пойтахтда сарсон бўлиб юришининг олдини олиш учун нега шифкорлар сонини ошириш мумкин эмас? 
Агар поликлиника штати бўлмаса ёки бюджети кўтармаса, бу масалани юқори дават органларига асослаб кўтариб чиқиш мумкин-ку! Ахир, давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига кам пул ажратилаётгани йўқ. Жумладан, 2019 йилда давлат бюджетидан соғлиқни сақлашни молиялаштиришга 12,1 трлн. сўм йўналтириш кўзда тутилган. Бу аввалги йилга нисбатан 30,5 фоизга кўпдир.
Текширувлар масаласи. МРТ ёки компьютер томография текширувини қўятурайлик, нега оддий қон таҳлили учун аксарият ҳолларда хусусий клиникаларга юборилади? Бутун бошли давлат шифохонасида қон таҳлили лабораториясига ишонч йўқми? Ёки бунинг замирида бошқа сабаблар борми?  Нима учун икки кун аввал вилоятда олинган қон таҳлили тан олинмаслиги керак? Умуман, бу масалалар соҳадаги оғриқли муаммолар бўлиб қолмоқда. Жабрини қайта-қайта харажатга тушаётган беморлар тортмоқда. 
Кузатувимиз давомида бемор текшируви учун ота-она уч кун овора бўлди. Аммо имконияти, пойтахтда яшаш жойи, маблағи бўлмаганлар-чи? Уларнинг аҳволи нима кечади? Балки поли­клинкалар ишлаш вақтини соат 18:00 гача узайтириш керакдир.
Ҳозирча ушбу саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан жавоб кутиб қоламиз. Кейин эса бу мавзуга яна қайтамиз...
Ҳумоюн ФАЙЗУЛЛО




Ўхшаш мақолалар

«БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

«БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

🕔23:18, 15.08.2019 ✔35

Жорий йилда етти мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак Ҳаж амалларини бажаришга муваффақ бўлишди. 

Батафсил
Тадбиркорларга яна эркинлик,  ҳокимларга эса тақиқ

Тадбиркорларга яна эркинлик, ҳокимларга эса тақиқ

🕔23:15, 15.08.2019 ✔29

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

Батафсил
ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

🕔20:36, 08.08.2019 ✔73

Куз ва қиш ойлари тўй-тўлқинлар, ҳар хил тадбирлар мавсуми ҳисобланади. Айниқса куз – пишиқчилик ва серобчилик палласи бундай саъй-харакатлар авжга чиқади. Топганинг тўйларга буюрсин, дея яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлади. 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

    «БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

    Жорий йилда етти мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак Ҳаж амалларини бажаришга муваффақ бўлишди. 

    ✔ 35    🕔 23:18, 15.08.2019
  • Тадбиркорларга яна эркинлик,  ҳокимларга эса тақиқ

    Тадбиркорларга яна эркинлик, ҳокимларга эса тақиқ

    Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

    ✔ 29    🕔 23:15, 15.08.2019
  • ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

    ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

    Куз ва қиш ойлари тўй-тўлқинлар, ҳар хил тадбирлар мавсуми ҳисобланади. Айниқса куз – пишиқчилик ва серобчилик палласи бундай саъй-харакатлар авжга чиқади. Топганинг тўйларга буюрсин, дея яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлади. 

    ✔ 73    🕔 20:36, 08.08.2019
  • СИРДАРЁда ЯШИРИН УЧ СИР

    СИРДАРЁда ЯШИРИН УЧ СИР

    ёхуд Ўзбекистондаги Америка

    «Илгари одамлар бу ерларда фақат ишлагани учунгина яшар эди, бугун эса мана шу жойлар билан фахрланмоқда»
     

    ✔ 573    🕔 20:33, 08.08.2019
  • ҲЕЧ ЗОТ  ҚОНУНДАН УСТУН ЭМАС,  ҲАТТО ҲОКИМ ҲАМ

    ҲЕЧ ЗОТ ҚОНУНДАН УСТУН ЭМАС, ҲАТТО ҲОКИМ ҲАМ

    Ҳоким ва вазир: манфаатлар тўқнашувими ёки даҳанаки жанг?

    ✔ 118    🕔 12:48, 02.08.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар