Долзарб мавзу      Бош саҳифа

КРЕДИТ КЎЧАДА ЁТМАЙДИ

ёхуд тадбиркорлик шаштини сўндиришга «установка» қилинганлар

Халқни тадбиркорликка ўргатиш, шубҳасиз, элни ҳам, мамлакатни ҳам боқади. Бу аҳоли ўртасидаги ишсизлик, жиноятчилик, коррупция, боқимандалик каби ўнлаб иллатлар ўз-ўзидан барҳам топишига шароит яратади. Айниқса, оилавий тадбиркорлик аҳоли сони кўпайиб бораётган мамлакатда иқтисодий барқарорликни сақлашнинг муҳим ечими саналади. Хитой тажрибаси ҳам бутун дунёга бу борада яққол ўрнакдир.

КРЕДИТ КЎЧАДА ЁТМАЙДИ

Янги имконият ва  қўшимча чоралар

Мамлакатимизда кичик бизнесни, оилавий тадбиркорликни изчил ривожлантиришга киришилган. Бу ҳақда қанча-қанча қонун ҳужжатлари, фармону қарорлар, низому тартиблар ишлаб чиқилмаган дейсиз. Ҳатто давлат раҳбари ҳар бир тадбиркор шахсан ўзининг ҳимоясида экани, унга қарши чиқиш Президент сиёсатига қарши чиқиш билан баробар эканини баралла айтди. Тадбиркорларни имтиёзли кредитлар билан таъминлаш учун банклар масъулияти тобора оширилмоқда. Шунча имконият, шунча шароит... Унда нега тадбиркорлик, айниқса, бирор фаолият билан оилавий шуғулланиб, рўзғорга қўшимча даромад киритиш барқарор ривожланиб кетмаяпти?
Жорий йил 7 март куни Президентнинг яна бир қарори қабул қилинди: «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида». Ҳужжат номидан ҳам кўриниб турибдики, бу соҳада имтиёз ва имкониятлар янада кенгайтирилган. Булар ҳақида қуйида тўхталамиз ҳали. Ҳозир эса кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликка шу кунга қадар тўсиқ бўлиб келаётган айрим муаммолар, хусусан, тадбиркорлик учун ажратилаётган кредитлар атрофидаги «ўйин»лар хусусида бироз мулоҳаза юритсак.

Кредит сизга, пул ўзганинг «чўнтаги»га

Банкларнинг катта-катта кредитлари эвазига намунали тарзда қурилаётган улкан иссиқхоналар, паррандачилик, чорвачилик фермаларини қўя турайлик. Улар ўз йўлига. Келинг, уйида, ана борингки, ҳовлисида 100-200 та товуқ ёки 2-3 та қорамол боқиш, кичик ишлаб чиқариш, мини цех ёки хизмат кўрсатиш шохобчаси очиш учун кредит олмоқчи бўлганлар дуч келаётган муаммоларга мутасаддилар эътиборини қаратсак.
Кўпчиликнинг эсида бўлса керак. Банк ходимлари уйма-уй юриб кредит керакми, дея сўраб чиқишганди. Аввалига наҳотки шундай замонга етиб келган бўлсак, дея чинакамига ҳайрон бўлдим. Аммо кейин аниқ бўлдики, бу қоғозбозликдан бошқа нарса эмас экан. Кўпчилик банк ходимларига раҳми келгани учун ҳам «Менга кредит керак эмас» дея имзо чекиб берди. Бунга ишониб, анча осон бўлибди шекилли, деган умидда банкка борганлар эса илгаригидан-да кўпроқ югур-югур ҳамда қоғозбозликка учраб, шашти қайтгани ҳам рост.
Ўтган йили газетамизда товуқ боқиш учун банкдан кредит олиб, товуқлар ўлиб, охир-оқибатда бир қария пенсиясидан кредитни ёпаётгани ҳақида танқидий мақола эълон қилинган эди. Афсуски, бундай ҳолат деярли ҳар бир ҳудудда ҳали-ҳамон учрайди.
Мисол учун, қорамол боқиш ёки ҳўкиз семиртириш мақсади­нгиз бўлса биринчи нима қиласиз? Аввало, бозорга бориб зоти аъло, соғлиғи яхши бўлган ёш қорамолни обдан танлаб, нархию баҳосини суриштириб, келиштириб харид қиласиз. Тўғри-да, эртага ўша қорамолдан фойда кўриш учун биринчи қадам шу. Агар маблағингиз бўлмаса-чи? Марҳамат, банклар имтиёзли кредит беради бунинг учун. Фақат... кичкинагина «шарт»лари бор. Аввало, бизнес режа, ем-хашак таъминоти учун шартномалар, махсус қурилган молхона ва унинг фотосуратлари, маҳалладан маълумотнома, тавсиянома, яна бир қанча ...номалар. Ва кредит қайтишига кафолат, суғурта... Буларнинг ҳаммасини тўплашга муваффақ бўлдингиз ҳам дейлик. Аммо молбозорга ошиқишга шошилманг. Энди банк тавсия қилган фермадан шартнома опкеласиз. Тартиб шунақа, ҳеч ким кредитни қўли­нгизга олинг, дея нақд тутқазмайди. Пул ўша ферманинг ҳисоб рақамига ўтказилади. Оббо...
Энди ўйлаб кўринг. Пул ўтказиш йўли билан зотдор, сифатли мол олиш мумкинлигига ишонасизми? Ўша ферма раҳбари ҳам анойи эмас, яхши молни биринчи галда бозорга чиқариб сотади. Тўғри-да, у ҳам ем-хашакдан тортиб, молнинг ипигача нақд пулда сотиб олади, «перечисление» у учун ҳам анча «невыгодно» ва бошоғриқ.
Ниҳоят, бу оворагарчиликларнинг барчаси йиғилиб келиб, яхши ниятда кредит олган бўлғуси тадбиркорнинг бошида синади. Кредит эвазига олган бир аҳволдаги қорамолдан фойда қилиш у ёқда турсин, яхшигина зарар кўради. Бу ёқда ойма-ой кредит тўлаши керак. Кредитни ўз вақтида ундиришга қийналиб кетган банк ходими эса иккинчи марта бунақа одамга кредит бермасликка қасам ичади.
Хўш, мана шу ҳолатда муаммонинг илдизи қаерда? Бундай самарасиз кредитдан ким манфаатдору, айбдор ким?

Имтиёздан «имтиёзли» фойдаланиш йўли

Кредит олишдаги асосий муаммо бу — шу суммадан ортиқ бўлган мол-мулкни гаровга қўйиш ёки кредит қайтарилишига кафолат берадиган бирор ташкилотнинг кафиллиги. Тайёр мол-мулк бўлса, уни гаровга қўйсангиз муаммо йўқ, банклар учун энг осони ҳам шу: қайтарилмаса, тайёр мол-мулкни мусодара қилиб олиб қўяверади. 
Агар кредит олувчининг шунча мол-мулки бўлмаса-чи? Бу табиий, чунки аксарият кичик тадбиркор ёки оилавий корхона янги иш бошлаётган бўлади. Қолаверса, шунча мол-мулки бўлса, уни гаровга қўйиб, фоиз тўлаб ўтирмасдан уларни сотиб ҳам иш бошлаши мумкин-ку.
Тадбиркорликни бошламоқчи бўлган танишларимдан бири яқинда шу масалани айтиб қолди. Қарийб уч йилдан бери банкма-банк, ташкилотма-ташкилот югуриб юрибди. Ҳатто халқ қабулхонасининг республика идорасига ҳам бир неча марта шу масалада мурожаат қилганини айтди. Унинг муаммоси шундаки, сўраган кредити гаровига етарли мол-мулки йўқ. Лекин кредит қайтарилишига суғурта компанияси кафиллик хати берган. Афсуски, бирорта банк бу кафиллик хатини қабул қилмайди. Аслида кредит бериш шартларида кафиллик хати асосида кредит ажратиш мумкинлиги айтилган. Банклар эса турли баҳона билан буни инобатга олмайди. Нима эмиш, ажратилган кредит қайтарилмай қолса, банклар суғурта компаниялари билан судлашиб юришни истамас эмиш.
Тадбиркор оилавий корхона сифатида ўзининг эгалигида бўлган ер майдонида ўша ҳудуднинг эҳтиёжи учун аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари барпо этмоқчи. «Қурилаётган шу объектнинг ўзини кредит учун гаровга қўяйин унда» деса, банклар бу томонига ҳам кўнмаётган экан. Энди ўйлаб кўрайлик, иш ўринлари яратаман, қишлоққа инфраструктура олиб кираман, деган бир тадбиркор шундай пайтда нима қилсин?
Банклар аслида кредит оладиган мижоз учун рақобат қилиши керак эмасми? Афсуски, ҳудудлардаги банк филиалларининг аксариятида бунинг тескариси. Улар кредит сўраб борган тадбиркорни нима бўлса ҳам қайтариш, кредит бермаслик йўлларини қидиришга «установка» қилингандек гўё.
«Бунга сабаб — имтиёзли кредитларни фақат «имтиёзли» одамларга бериш. Буёғи таниш-билишчилик...», 
дейди ўша танишим нимагадир шаъма қилиб. Майли, далил устида ушламасдан кимнидир айблаш фикридан йироқмиз. Бироқ яқинда ургутлик кекса бир деҳқон айтиб берган воқеани эшитиб, танишимнинг гапида жон бордек туюлди менга.
Гап шундаки, ўша отахон ҳовлисидаги қарийб уч сотих ерни ковлаб, табиий исийдиган мўъжазгина иссиқхона қурди. Ҳаммасини ўз кучи ва маблағи эвазига бунёд қилганига гувоҳман. На бировдан, на банкдан бир сўм сўради. Ўтган йили кузда ўша отахоннинг олдига банкда ишлайдиган ҳамқишлоғи келиб илтимос қилди. «Шу иссиқхонангизга кредит расмийлаштирсак...». «И-е, ахир менга кредит керак эмас. Иссиқхонани қуриб бўлган бўлсам. Лимонларим аллақачон ҳосилга кирган». «Йўқ, сизга бермаймиз, кредитни ўзимиз оламиз. Сиз фақат ҳар замонда текширув келганда индамасангиз бўлди», деди банк ходими қувлик билан... Хуллас, қурилган, ишга тушган ўша иссиқхона учун кредитни банк ходимининг ўзи келиб осонгина расмийлаштириб кетди. Фақат у кредитдан ким, нима мақсадда фойдаланганини иссиқхона қурган отахоннинг ўзи ҳам билмайди.

«Униси аввал бер дейди, буниси аввал қур дейди»

— Ўзимга тегишли бўлган томорқада кичик иссиқхона қуриш учун 2018 йилда Миллий банкнинг Ургут туман филиалига мурожаат қилган эдим, — дейди Ғ.Асатуллаев. — Аввалига ерни ўз маблағим эвазига ковлатиб, иссиқхона жойини тайёрладим. Кейин банк ходимлари келиб кўриб, икки-уч кунда кредит ажратилишини айтишди. Аммо мана ярим йилдан зиёд вақт ўтди ҳамки кредитдан дарак йўқ. Мен банкка бир неча бор мурожаат қилдим. Лекин фойдаси бўлмади.
Хўш, бу ерда муаммо нимада? Муаммо шундаки, банк кредит суммасини ўтказиб бериш учун муайян бир қурилиш фирмаларини тавсия этади. Иссиқхона қурмоқчи бўлган тадбиркор фақатгина ўша ташкилотлар орқали иссиқхона қуриши мумкин. Улар эса, биринчидан, дарров қуриб беришни пайсалга солади, иккинчидан, кўрсатадиган хизматлари ва маҳсулотларини бозор нархидан анчагина қиммат ҳисоблайди. Мисол учун, мен ўзим қураётган иссиқхона учун 15 миллион сўм атрофида маблағ кетади. Буни усталар ҳам ҳисоблаб беришган. Банк кредити ўтказиладиган қурилиш фирмалари эса ўша иссиқхона қурилиши 20-22 миллионга тушишини айтишяпти.
Майли, бунга ҳам рози бўламиз дейлик. Лекин кейин яна бир катта муаммо юзага келади. 
Ўша қурилиш фирмаси билан келишиб, майли, ишни бошлайлик, десангиз банк пулни ҳисоб рақамимга ўтказсин дейди. Банкка бориб буни айтсангиз, олдин қуриб берсин, кейин кредитни ўтказиб берамиз, ҳозирча фақат кафолат хати берамиз дейди. Хуллас, бу ёғи охири йўқ саволлар: олдин товуқ пайдо бўлганми ёки тухум?..

Мақсад — тадбиркорларни кўпайтириш (ми?)

Тадбиркорлик билан шуғулланаман, уч-тўрт одамни, ҳеч бўлмаса фарзандларимни иш билан банд қилиб, рўзғорга ҳам, жамиятга ҳам бирор наф келтираман, дея эзгу ишни бошламоқчи бўлган одамлар учраётган айрим муаммолар булар. Агар жойларда ҳокимлик, банк, молия мутасаддилари ҳақиқатдан ҳам кичик бизнесни, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ниятида бўлишса, бу муаммолар ечимини жиддийроқ ўйлаб кўришлари керак.
Энди Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қарори тўғрисида икки оғиз. Ҳужжатда биз юқорида мулоҳаза қилган айрим муаммолар ечими ҳам айтиб ўтилган. Хусусан, дастлаб шартнома асосида лойиҳа эгаси (кредит олувчи)га маҳсулотлар (масалан, қорамол) етказиб берилиши, лойиҳа эгаси (кредит олувчи) етказиб берилган маҳсулотдан қаноатланиш ҳосил қилгандан сўнг тегишли маблағ банк томонидан маҳсулот етказиб берувчининг ҳисоб рақамига ўтказилиши белгилаб қўйилган.
Марказий банк ҳамда лойиҳада иштирок этаётган тижорат банкларига хонадонма-хонадон юриб имтиёзли кредитлардан фойдаланиш самараси, натижадорлиги ва белгиланган муддатларда қайтарилишини мунтазам равишда назорат қилиб бориш вазифаси юклатилди. Бу билан улар кредитни ортиқча оворагарчиликсиз, тадбиркор учун қулай шартларда, энг асосийси, мақсадли тарзда ажратишга, шундай тадбиркорлар сафини кенгайтиришга ҳам масъул эканликларини англасалар нур устига нур бўлади.

Камолиддин ШАМС
 




Ўхшаш мақолалар

Вазирлик мақолага муносабат билдирди

Вазирлик мақолага муносабат билдирди

🕔11:41, 19.04.2019 ✔28

«Танқидий-таҳлилий материаллар хатоларимизни тўғрилашда муҳим ўрин тутади...»

Батафсил
Йўл  қоидаларида  ўзгаришлар: Кундузги чироқ, «стоп полоса», айланадаги устунлик...

Йўл  қоидаларида  ўзгаришлар: Кундузги чироқ, «стоп полоса», айланадаги устунлик...

🕔11:40, 19.04.2019 ✔33

Мамлакатимизда автомототранспорт воситалари куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши мажбурийлиги жорий этилди. Бунга риоя этмаганга қандай чора (ёки жарима) кўрилади? Янги йўл белгиларидан хабарингиз борми?

Батафсил
Миллатни уйғотувчи нидо

Миллатни уйғотувчи нидо

🕔12:44, 12.04.2019 ✔65

Нима учун ҳар бир ўзбек хонадонига «Ўткан кунлар» кириб бориши ва ўқилиши шарт?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар