Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Вазир шифокор «дард»ини кўтариб чиқди

Беморлар дарди ҳақида ким қайғуради?

Ҳимояга муҳтож шифокор
Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан вазирлик расмий сайтида ва қатор интернет нашрларида «Cоғлиқни сақлаш вазири Бош прокурорга мурожаат қилди» сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда шундай дейилади:

Вазир шифокор «дард»ини кўтариб чиқди


«Бугун беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан халққа тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ўз вазифасини ўтаётган тиббиёт ходимларига нисбатан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши, уларга тан жароҳатлари етказилиши энг оғриқли масалалардан бирига айланиб бормоқда.
— Kun.uz сайтида эълон қилинган «Қўшработда «тез ёрдам» шифокори ва ҳайдовчисини маст «бемор» ва унинг яқини калтаклади» мақоласи бу иллатнинг жамиятимизда қанчалик илдиз отиб бораётганини яна бир бор кўрсатди. Бундай нохуш ҳолатларни бартараф этиш учун барча куч-имкониятларимиздан фойдаланишимиз ва тиббиёт ходимига нисбатан бу каби муносабатни бутунлай ўзгартиришимиз зарур, — дейди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер ШАДМАНОВ. — Шу сабабдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ­О.Муродов номига хат юборилиб, унда жорий йилнинг 7 март куни содир этилган ушбу нохуш ҳолат бўйича тегишли идоралар томонидан айни пайтга қадар қонуний тўхтамга келинмаганлиги кўрсатилиб, вазият назоратга олинишида амалий ёрдам сўралди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги маълумотларга кўра, 2017-2018 йиллар давомида 300 га яқин ҳолатда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига ноқонуний тажовуз қилиниши билан боғлиқ қонунбузарликлар содир этилган.
Биргина мисол, ўтган йили Олтиариқ туманида фуқаро М.М. тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун ўз вақтида (10 дақиқада) етиб келган шифокор Ш.С.га ўртача оғир даражадаги тан жароҳати етказган. Ваҳоланки, айни ҳолатда шифокор етиб борган пайтда бемор аллақачон вафот этган бўлган. Лекин мазкур ҳолатда шифокорнинг соғлиғига тиклаб бўлмас зарар етказган қонунбузар амалда ҳеч қандай жазо ўтамасдан қолиб кетди, яъни суд томонидан у шартли ҳукм қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамиятимизда фуқароларнинг шифокорларга тажовуз қилиш каби ҳолатларнинг кўпайиб кетаётганини ҳисобга олиб, ушбу иллатни олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди.
Шу сабабдан жорий йилнинг 29 январида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўз хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига бемор ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши ёки уларга тан жароҳати етказилиши каби қилмишларни Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси билан квалификация қилиш ҳамда ушбу ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси тайёрланиб, жамоатчилик муҳокамаси учун Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Шунингдек, жорий йил 5 февралдаги 19-01/19-сонли хат билан тегишли вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилди...»
Мақолада, шунингдек, ушбу ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқиш асоссиз чўзилиб келаётгани қайд этилган.

Танганинг иккинчи томони
Кимнингдир ҳаётига дахл қилиш, ғайриқонуний равишда бировга қўл кўтариш, шубҳасиз, жиноят. Ўзининг хизмат вазифасини бажараётган шифокорга қўл кўтариб, унинг ҳаётига, соғлиғига тажовуз қилиш ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган ачинарли ҳолат. Аммо баъзи бир мулоҳазалар ҳам борки, шулар ҳақида гапиришнинг айни мавриди бизнингча.
Ҳеч нарса инсон ҳаётидан устун эмас. Қолаверса, жамиятда ишлаб чиқилаётган ҳар қандай қонун-қоидалар инсон манфаати, ҳаёти ҳимояси, рисоладагидек яшаш ва ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлиши учундир. Шундай экан, ўз ҳуқуқимизни талаб қилар эканмиз, бурчимиз ва вазифамиз ҳам ёдимиздан кўтарилмаслиги зарур. Зотан, кимнингдир ўз бурчини бажармаслиги ҳам ўзга инсонларнинг ҳаётига, саломатлигига раҳна солиши мумкин. Зеро, Жиноят кодексида ҳаракатсизлик ҳам жиноят сифатида баҳоланади. 
«Дўхтирга ишинг тушмасин, болам»
...Бундан ўн йилча аввал қишлоқда тўсатдан бувимнинг тоби қочиб қолди. Қишлоқ врачлик пункти шифокорининг уйига югурдим. У томорқасида ер ҳайдатиб турган экан. Бувимнинг мазаси қочиб қолгани, тезроқ боришини айтдим. У эса бамайлихотир: «Ҳозир боролмайман, трактор кетиб қолиши мумкин, фалон дўхтирни чақирақолинглар...» деди. Нима қилишни билмай уйга қайтдим. Кейин туман марказига «тез ёрдам» бўлимига олиб бордик. Аммо бир дона сунъий нафас берадиган аппаратни вақтида беришмади ва бувимнинг жони узилди. Эртасига ўша ҚВП шифокори ҳам жанозага келди, бироқ нима дейсиз, қишлоқчилик... Бувимнинг «Дўхтирга ишинг тушмасин, болам» деган гаплари бежиз эмаслигига амин бўлдим.
Бу аввалроқ, узоқ бир қишлоқда содир бўлган-да, дерсиз. Бироқ катта шаҳарда, катта-катта шифохоналарда юз бераётган ҳодисалар-чи?
— Ҳали бир ёшга тўлмаган фарзандимнинг тоби қочиб, зудлик билан шифохонага олиб бордик, — дейди Сергели туманида яшовчи Умида Умарова. — Туманимизда болалар шифохонаси йўқ (шунча катта туманда-я!), шу боис шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига олиб бордик. Тўғри, одам кўп, лекин биров нега келдинг демайди. Навбат кутиб болалар шифокорига учрашганимизда, шифохонага ётқизиш кераклигини айтди. Унда ётамиз десам, бизда жой йўқ, Учтепага борасиз, деди. Хуллас, Учтепа туманидаги 3-сон болалар шифохонасига бордик. У ер эса ҳақиқий бозорнинг ўзи эди. Қарийб юз одам торгина коридорда навбатда турибди. Фақат биргина шифокор қабул ­қиляпти. У ерда қанча боланинг аҳволи оғирлашиб қолгани, қанча асаббузарлик бўлганини айтмай қўя қолайлик. Фақат тўрт соат деганда (!) навбатим келди ва унгача қўлимдаги гўдакнинг аҳволи жуда оғирлашди. Ниҳоят... боламни тўғри жонлантириш бўлимига олиб киришди. Мен эса икки кеча-кундуз жонлантириш бўлими эшиги олдида тик турдим. Ётишга-ку умуман жой йўқ, ҳатто ўтиришга бирорта стул қўйилмаган...
— Яқинда болам қайт қилиб, мазаси қочиб қолди, «тез ёрдам» чақирдик, — дейди Тошкентнинг чеккароқ мавзесида яшайдиган она. — Қирқ дақиқадан (!) ўтиб шифокор келди. Болани кўриб «инфекционный»га олиб бориш зарурлигини айтди. Аммо ҳозир соат саккиз бўлгани, иш вақти тугаганини айтиб, станцияга олиб бориб, ўша ердан сизларни бошқа «тез ёрдам»га ўтқизвораман, дейди. Боланинг аҳволи оғирлигини айтиб, бироз қаттиқ гапирганимиздан кейингина жуда норози оҳангда, катта иддао билан шифохонага олиб кетди...
Энди, марҳамат қилиб айтинг-чи, кимнинг ҳаётида ёки бирор яқини ҳаётида шунга ўхшаш ҳолатлар содир бўлмаяпти? Касалнинг аҳволи яхшиланиш ўрнига оғирлашаверса, дарров «Биз Худо эмасмиз», деган иддао пайдо бўлади. Аммо ўшандай вазиятда бурч, масъулият, ўз вазифасини сидқидилдан бажариш каби масалалар ҳақида ким ўйлаши керак? Ўз вазифасига совуққонлик билан қараётган шифокорга ким чора кўриши лозим?

Вазирга очиқ саволлар

Соғлиқни сақлаш вазири, ҳурматли Алишер Шодмонов!
Сиз шифокорларнинг хавфсизлигини ўйлаётганингиз таҳсинга сазовор. Баъзи-баъзида бўлса-да, шифокорга муштумзўрлик қилаётганларга жиддий чора кўриш керак. Шу билан бирга, вақтида кимгадир тиббий ёрдам кўрсатишдан бўйин товлаётган шифокорлар, шифохоналардаги узундан-узоқ навбатлару таниш-билишчиликлар кўринишидаги «айрим» муаммоларни ҳам сиз айтаётган масала билан биргаликда олиб чиқсангиз адолатдан бўлмайдими?
Сўнгги йилларда аҳолиси сезиларли кўпайган Сергели ва бошқа шунга ўхшаган туманларда битта ҳам болалар шифохонаси йўқлигидан сизнинг хабарингиз борми? Бунинг оқибатида қанча одамлар муаммоларга дуч келаётгани, ортиқча харажатларга тушаётганидан-чи? Мана шундай муаммоларни юқорига кўтариб чиқиш кўпроқ муҳим эмасми?
Бирор яқинини йўқотган одамга осон тутиб бўлмайди. Агар бу қайсидир шифокорнинг ҳаракатсизлиги, зиммасидаги вазифага совуққонлик билан қараши туфайли содир бўлган бўлса, ўша шифокорнинг хатти-ҳаракатини оқлаб бўладими?
2017-2018 йиллар давомида 300 га яқин ҳолатда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига ноқонуний тажовуз қилиниши билан боғлиқ қонунбузарликлар содир этилганини айтибсиз. Хўш, ўша вақт давомида вазифасига совуққонлик билан қараган қанча шифокорга қандай чора кўрилди? «Тез ёрдам» вақтида бормагани ёки шифохонада нотўғри ташхис билан даволаш туфайли қанча одам ҳаётдан бевақт кўз юмди? Мана шу маълумотларни ҳам келтирсангиз адолатлироқ бўларди бизнингча. Яқин орада вазифасини бажармаган шифокор ёки кечикиб келган «тез ёрдам»га фалон чора кўрилди, деган маълумотга бирор жойда кўзимиз тушмади.
Туғуруқхоналардаги суюнчи пули ниқобидаги «бер-берлар» ҳақида ёзмаган ­оммавий ахборот воситаси қолмади ҳисоб. Нима учун бирорта туғуруқхонада шунга қарши қандай курашилаётгани ёхуд кимларгадир чора кўрилгани тўғрисида икки сатр ҳам ахборот ўқимадик? Бундай ҳолатлар ҳалигача давом этаётганини ҳеч ким инкор этмайди, фақат қаергадир бу ҳақда шикоят қилишга андиша қилади, холос.
Ҳуқуқ билан бурч ҳамиша ёнма-ён туриши зарур. Шифокорларга тажовузлар кўпаймоқдами, демак, соҳада ҳал этилиши шарт бўлган талай муаммолар бор. Ҳозир Жиноят кодексига қўшимча киритиб қўйиш мумкин. Аммо ўша муаммолар шу билан барҳам топадими?..

Камолиддин ШАМС




Ўхшаш мақолалар

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

🕔23:00, 18.07.2019 ✔23

Адашаётган ота-оналар қанча? «Тарбияси оғир»лар­нинг ҳаммаси ҳам жиноятчими?

Батафсил
Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

🕔22:59, 18.07.2019 ✔28

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди.

Батафсил
БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

🕔22:57, 18.07.2019 ✔25

У кимнингдир онаси,  кимнингдир синглиси. Бироқ айбдори ким?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар