Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Маҳаллага боғча керак, боғча учун ақча керак

Шовот туманидаги Чиғатойқалъа қишлоғининг Гулистон маҳалласига борсангиз, 20-сон умумтаълим мактабининг ёнгинасида қаровсиз ётган бинога кўзингиз тушади. Ҳалиям шундай иншоотлар бор экан-да, деб ёқа ушлайсиз. Бу жойда бир вақтлар болалар қувончи жаранглаб турганига ишонгингиз келмайди.

Маҳаллага боғча керак,  боғча учун ақча керак

Вайрон бўлган «Орзу»... 

Бу ерда 1985 йилда катта орзу-умидлар билан боғча бунёд этилган эди. 2015 йилгача фаолият олиб борган мазкур боғча бугунги кунда абгор аҳволда. Тўғрисини айтсак, қаровсиз. Бир пайтлари 90 нафар болани ўз бағрига олиб улғайтирган маскан эндиликда ёшини яшаб, ошини ошаб бўлган ўз жигарбандлари ташлаб қўйган қариядек тўкилиб турибди.
«Орзу» деб номланувчи бу боғчани кўрганнинг ичи ачийди. Эсизгина… дейишдан бошқа иложингиз йўқ-да.
Бизнинг суратга олиб юрганимизни кўрган, ўзини Пошшажон опа Машарипова деб таништирган аёл гап бошлади.
— Бу боғча интернетда чиқди, телевидениеда чиқди. Порталга, халқ қабулхоналарига ёзилди, аммо натижа бўлмади. Суратга олишди, видеога олишди. Бутун республикага кўрсатишди. Аммо унинг тақдири ҳалигача ҳеч бир мутасаддини безовта қилаётгани йўқ.
Унинг гапларидан «Сиз кимсизу қилаётган ишингиз нима бўларди», деган маънони англаш қийин эмасди. Бу ҳам табиий ҳол. Сабаби, маҳалла аҳлининг ёзмаган жойи, учрашмаган раҳбари қолмаган экан.
Шовот туманидаги Чиғатойқалъа қишлоғининг Гулистон маҳалласи туман марказидан 7 километр узоқликда жойлашган. Унда 3 минг 420 нафар аҳоли 817 та хонадонда истиқомат қилади.
Маҳалла аҳлининг сўзларига кўра, сўнгги йигирма йил нари-берисида маҳаллада бирорта маданий, ижтимоий-иқтисодий объект қурилмаган. Аксинча, борларининг анча-мунчаси тугатилиб, мулки талон-торож қилиб юборилган.
1985 йилда «Меҳнатобод» жамоа хўжалиги маблағи ҳисобига маҳаллада «Орзу» мактабгача таълим муассасаси қурилган. Унда шу маҳалла болалари таълим-тарбия олган. Маҳалла аҳолисининг айтишича, 2015 йилда боғча капитал таъмирлаш баҳонасида ёпилган, аммо ҳозирги кунгача ҳеч қандай таъмирлаш ишлари бажарилмаган ва қаровсиз аҳволда, ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Уни тугатиб юбориш ҳақида бирор қарор мавжуд эмас, аммо боғча мулки (яъни, давлат мулки) талон-торож қилиб юборилган.

«Бизни эшитар киши борми?»

Шу маҳаллада яшовчи Жуманазар ака Матчонов узоқ йиллар мактабда директор бўлиб ишлаган. У мазкур боғча билан боғлиқ воқеаларни куйидагича изоҳлайди.
— Боғчанинг ёпилиб кетмаслиги учун у ерда ишлаётган тарбиячилар ва бошқа ходимлар жуда қаттиқ ҳаракат қилишди. Бу билан кам таъминланган оила болаларининг боғчадан қолиб кетмаслиги, муассасанинг эса ёпилиб, тугатиб юборилмаслигига умид қилишди. Ахийри, иложсиз қолишди. Ахир, қандай қилиб бундай ходимларни ишсиз қолдириш мумкин? — дейди Жуманазар ака.
Ҳа, оқибатда ўн нафардан зиёд ходим ишсиз қолиб кетаверган. Ҳозирги даврда битта бўлса ҳам ишчи ўрни яратиш учун қанчалик ҳаракат қилинаётганини кўзингиз олдига келтирсангиз, бу ҳолат жиноятдан бошқа нарса эмас.
Айни пайтда, маҳалла болалари бошқа ҳудуддаги тўрт-беш чақирим узоқликдаги боғчаларга қатнашга мажбур. Бу жуда узоқ ва ноқулай. Бундай харажатларни фақат шахсий транспорти бор ва ўзига тўқ оилаларгина кўтара олади. Улар эса табиийки кўп эмас.
1985 йилда барпо қилинган боғча кейинчалик бир неча марта шу маҳалла фуқароларининг ташаббуси ва ҳашари билан таъмирлаб берилган. У жуда пухта қурилган бўлса-да, 33 йилда эскириб, яроқсиз ҳолга келишига ишонгинг келмайди.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Каримбой ака Ёқубов билан бинонинг ён атрофларини айланамиз. Ҳақиқатда мустаҳкам қурилган. Аммо қаровсизлиги, талон-торож туфайли ачинарли аҳволга тушган.
Маҳалла фуқаралар йиғини раисидан бу ҳолга изоҳ сўрадик.
— Болалар боғчасининг ишламай турганига беш йил бўляпти. Эскирди шекилли, жорий йилда йиқиб, янгидан қуришмоқчи, — дейди у.
Ушбу ҳолатга янада аниқлик киритиш мақсадида тумандаги мазкур соҳа мутасаддилари билан телефон орқали боғландик. Бизнинг келганимизни эшитган раҳбарлар зум ўтмай боғча жойлашган маҳаллага етиб келишди.
— Бу бинони мутасадди ташкилотлар яроқсиз деб топишди. Тўғрироғи, бузилишга тушди. Бу бутунлай бузиб ташланиб, янгидан замонавий боғча қурилади, — дейди туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Муҳиддин Қурамбоев масалага ойдинлик киритиб. — Мазкур мактабгача таълим муассасаси дастурга киритилган бўлиб, шу йил қурилиши мўлжалланмоқда.
Бу гапларга биз ишондик, аммо маҳалла аҳли ишонмади. Нега дейсизми? Чунки мутасаддиларнинг бундай ваъдаларини эшитавериб уларнинг қулоқлари пишиб кетган-да.

Ўгай қишлоқ

Туманда болаларни боғчага қамраб олиш неча фоизни ташкил этади, деган саволимизга туман МТМ бўлими мудири ўринбосари Ирода Бобожонованинг жавоби қуйидагича бўлди:
— 29,6 фоиз. Жорий йилда туманда иккита боғча қуриляпти. Улардан ташқари хонадон боғчалари ташкил этиляпти. Шуларнинг ҳисобига бу йил қамровни 60-70 фоизга етказамиз. 
Гулистон маҳалласида боғча ёшидаги болалар 479 нафар экан. Ана шу болаларнинг 50 фоизга яқини қўшни ҳудуддаги боғчага қатнайди, десак, тенг ярми боғчага бормайди. Бу йил маҳаллада учта «хонадон-боғча» ташкил этиш мўлжалланган. Бу барибир камлик қилиши кундай равшан.
«Маҳаллада тадбиркорлик объектлари борми?», деган саволимизга пенсионер Жуманазар ака Матчонов қуйидагича жавоб берди:
— Оддий сартарошхонаям йўқ маҳаллада. Соч-соқол олдиришга туман марказига қатнаймиз. Бир пайтлари 40 минг китоб фондига эга кутубхонамиз бўларди. Уям ёпилиб кетди. Бир маҳалладошимиз маҳалла гузари қурмоқчи бўлди, унга ҳам рухсат тегмади. Тоза ичимлик сув таъминоти ҳам барбод бўлди. ҚВПмиз ҳам тугатилди. Қай бирини айтай сизга... — дейди куйиниб. — Бизнинг ҳолимиздан ким хабар олади? Нима «Гулистон» Шовотга ўгайми?
Бугун ҳудудларга бириктирилган сектор ва мутасадди раҳбарлар уйма-уй юриш орқали аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида ечим топишига қараб уларнинг фаолиятига баҳо берилмоқда. Демак, Шовот тумани раҳбарларининг биз юқорида тилга олиб ўтган ҳолатлар бўйича тезроқ ўзгаришлар бошлашини кутиб қоламиз. Халқ шундагина бундай раҳбарларни бошига кўтаради, ардоқлайди, раҳмат айтади. Акс ҳолда, масъулиятни унутган раҳбарлар халқнинг эътиборидан тушиб қолиши ҳеч гап эмас.

Болтабой МУҲАММАД ҚУРБОН




Ўхшаш мақолалар

Сергели  уйлари

Сергели уйлари

🕔11:49, 26.04.2019 ✔3

сифати ва нархи ўрганилмоқда

Миш-мишлар асоссиз эмас, 283 тасида камчилик аниқланди, нархлар тақдири эса ҳали номаълум

Батафсил
«Томорқачига ўргатманг, ёрдам беринг...»

«Томорқачига ўргатманг, ёрдам беринг...»

🕔11:45, 26.04.2019 ✔4

Энди ҳар бир ҳовли ўз ҳосилини  экспорт қила оладими?

Батафсил
Вазирлик мақолага муносабат билдирди

Вазирлик мақолага муносабат билдирди

🕔11:41, 19.04.2019 ✔37

«Танқидий-таҳлилий материаллар хатоларимизни тўғрилашда муҳим ўрин тутади...»

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар