Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ОЛИЙ ТАЪЛИМДАГИ ТЎЛОВ-КОНТРАКТ МИҚДОРИ

ёхуд сиртқида ўқиётган талабалар нимадан норози?

«Mening fikrim» жамоавий мурожаатлар порталида яқинда талабаларнинг тўлов-контракт суммалари миқдори билан боғлиқ таклиф ўртага ташланди.

ОЛИЙ ТАЪЛИМДАГИ ТЎЛОВ-КОНТРАКТ МИҚДОРИ

Жумладан, мурожаатда шундай дейилади: «Олий таълим муассасаларида сиртқи таълим шаклида таҳсил олувчи талабалар доимий тарзда таълим муассасасида ўқишмайди, стипендия олишмайди. Аммо уларнинг контракт тўловлари кундузги таълим шаклида ўқийдиган талабалар билан бир хил.
Таклифим, сиртқи таълим шаклида ўқувчи талабаларнинг контракт тўловлари суммасини камайтириш лозим. Шунда талабалар учун таълим олиш янада осонлашади».
Ушбу ташаббус бугунги кунда қанчалик ўринли ва адолатли? Шу борада мулоҳаза юритиб, талабалар, мутахассислар фикрини ўрганиб, таҳлил қилиб, эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

Воқеалар ривожи  

Юртимизда сўнгги икки йилда абитуриентлар учун таълимнинг турли хил кўринишлари жорий этилди, тўғрироғи қайтадан тикланди. Жумладан, бакалавриат босқичида сиртқи ва кечки таълим тизими очилди. Иккинчи мутахассислик учун яна сиртқи таълим шакли тикланди.
Тўлов-контракт миқдорига келадиган бўлсак, бу борада жиддий ўзгариш — 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларида тўлов-контракт нархлари энг кам ойлик иш ҳақига (ЭКИҲ) боғлаб қўйилди.  Яъни ЭКИҲ ошган сари тўлов-контракт нархи ҳам ошиб боради.
Тўлов-контракт миқдори таълим йўналишларига қараб 5 тоифага ажратилган. Хуллас, бугунги кунда энг кўп сонли бакалавриат мисолида олиб қарасак, контракт миқдорлари ЭКИҲга нисбатан қуйидагича белгиланган:
1-тоифа: 45 баробар – 9 млн. 122 минг 850 сўм;
2-тоифа: 46 баробар – 9 млн. 325 минг 580 сўм;
3-тоифа: 50 баробар – 10 млн. 136 минг 500 сўм;
4-тоифа: 55 баробар – 11 млн. 150 минг 150 сўм;
5-тоифа: 60 баробар – 12 млн. 163 минг 800 сўм.
Тўлов-контракт миқдори бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакли учун бир хил қилиб белгиланган. Ҳақиқатдан ажабланарли... Ташаббусчиларнинг жон куйдирганича бор экан. Солиштириб бизда ҳам табиийки «нега...», «нима учун...» деган саволлар пайдо бўлди.

Вазирлик баёноти?

Аслида тўлов-контракт миқдори ёки сметаси қандай яртилади. Айтайлик бакалавриатда нима учун ЭКИҲнинг энг кам миқдори 45 баробар, энг юқориси 60 баробар қилиб белгиланган? Икки тоифа ҳам бир хил — 4 йил ўқийди-ку?  Ёки гуманитар/аниқ фанлар учун кам ҳаражат, иқтисод ва ҳуқуқшунослар тайёрлаш учун кўпроқ маблағ сарф қилинадими? Бакалавр сиртқи ЭКИҲнинг 45 баробари бўла туриб, иккинчи мутахассислик 25 баробар белгиланишини қандай изоҳлаш мумкин? Иккаласи деярли бир хил тизим эмасми?
Ёдингизда бўлса, 2018-2019 ўқув йили бошланиши олдидан контракт пули нархлари ошганида, Олий таълим вазирлиги бу ҳолатга вазирлик веб сайтида баёнот берганди. Унда айтилишича, ҳозирда (2018 йилда, таҳр.) Ўзбекистонда бир талабани ўқитишнинг ўртача харажати 10,5 миллион сўм, шундан 45-80 фоизи (5,6 -7,5 миллион сўм) талабанинг ўзига стипендия сифатида қайтариб берилади...
Вазирликнинг изоҳидан кўриниб турибдики, тўлов пулининг 20-65 фоизи стипендиядан ташқари бўлган харажатлар ташкил этади. Буларга — дарс соатлари учун ўқитувчиларга иш ҳақи, моддий-техника базаси, коммунал тўловлар, ўқув қўлланмалари, солиқлар ҳамда бошқа харажатлар ташкил қилади.
 Демак, бундан кўриниб турибдики, сиртқи ва кечки таълим тизими талабаларининг биргина стипендия олмаслиги эътиборга олинса ҳам уларнинг тўлов-контракт миқдорини мос равишда 20 дан 65 фоизгача қисқартириш мумкин экан. 

Депутатлар нима дейди? 

Олий таълим муассасаларида тўлов-контракт нархларини пасайтириш борасида аввал ҳам турли таклифлар бўлган. Шу жумладан, депутатлар томонидан ҳам.
Жумладан, ўтган йили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаев олий таълим муассасаларида ўқиш учун контракт тўлови миқдорини пасайтириш бўйича таклифлар билан  чиқиш қилгани ОАВда маълум қилинган эди. Бунда депутатлар Ўзбекистонда табақалаштирилган тўлов-контракт жорий этишни таклиф қилишди, яъни баланд балл билан кирганлар камроқ, паст балл билан кирганлар кўпроқ контракт тўлайди. Аммо, бу таклифлар ҳали ҳам кучдами ёки рад этилдими, буниси ҳозирча номаълум.

Қизғин баҳс

Мазкур таклиф жамоатчилик эътиборига ҳавола қилингандан сўнг, «Mening fikrim» порталида, қолаверса ижтимоий тармоқларда ушбу мавзу атрофида жуда кўп ва хўб муҳокамалар бўлди, ҳозир ҳам давом этмоқда. Уларнинг айримларини қисқартириш билан бердик.

Зафаржон Атабоев:
«Сиртқи таълим ўқиш муддати махсус сиртқидан икки йилга кўп (мос равишда 5 ва 3 йил). Бироқ тўлов-контрактларидаги фарқ эса 3 баробарга қиммат (мос равишда 45/15  ЭКИҲ).
Бакалавр йўналишида сиртқи таълимда 5 йил, кундузги таълимда 4 йил таҳсил олинади, аммо тўлов-контракт миқдори бир хил. Кундузги талабалар ҳар ой стипендия олиб, тўлаган пулининг маълум қисми ўзларига қайтади. Нима учун сиртқилар йилда икки  марталик таълим даври учун стипендия олмаслиги керак?
Фикримча, мутасаддилар ўқиш пулини белгилашда сиртдан ўқийдиган талабаларни иш билан банд бўлганлар тоифасига киритган бўлиши мумкин. Аммо... айтайлик педагогика йўналиши бўйича сиртқи таълимда таҳсил олаётганларга мактабларда дарс бериш ҳуқуқи мавжуд эмас, шу сабабли улар ишга жойлаша олмайди. Бу чекловни ҳам олиб ташлаш керак...»

Жамшид Тўраев:
«2018 йил сиртқи бўлимга ўқишга кирдим. Курсдошларим аксарияти мен каби оилали ва албатта маълумоти ўрта махсус бўлгани учун оддий ишчи бўлиб ишлашади. Агар таққосланса, ойлик маошимиз билан ўқув пули миқдори мутаносиб эмас. Қолаверса, йилига 2 ой ўқисак. Мисол учун, Россия федерациясида сиртқи бўлимлар контракт суммаси бизникидан ҳатто 30 фоиз арзон, иш  ҳақи эса бизникидан анча юқори. Шу асосларни ҳам инобатга олиш лозим...»

Алишер Маллаев:
«Кўп йиллар таълимнинг сиртқи шакли ёпилгани учун кўпчилик ёши катталарда олий таълим олиш имконияти бўлмади. Олий таълим — бу фақат бир энлик қоғоз эмас, келажак орзулар учун эшиклар очилишидир, ўзини кўрсатиш, мансаб, яхши ойлик ҳамдир. Улар ҳам ўқишга ҳақли. Энди бу хатони тўғрилаш вақти келди. Ёши катталарга олий таълим олиш учун имконият яратиш учун маълум бир вақт, масалан, 10 йил тўловларда имтиёзлар бериш керак...»

Нодир Норов:
«ОТМларда масофавий таълимни йўлга қўйиб, уни яна арзонроқ қилинса ўз-ўзидан таълим муассасалари моддий базаси янада кучаяди. Сиртқи ва масофавий таълимга эҳтиёж катта ва бу дастурлар чет элларда ҳам кенг қўлланилади...»

Шамсиддин Абдураҳимов:
«Менга жуда қизиқ: нима учун иккинчи мутахассислик сиртқи бўлимга 2017 йил ўқишга кирганлар ЭКИҲ 31 баробарида, 2018 йилда кирганлар учун эса 61 баробар қилиб белгиланган?..»

Баҳодир Эргашев:
«Cиртқига ўқишга кирган талабанинг асосий мақсади олий маълумотли дипломга эга бўлиш. Талаба оддий ишчи, мутахассис, борингки бўлим бошлиғи бўлсин, лекин ойлик маоши амалдаги контракт миқдорини тўлашга, ўз оилавий эхтиёжларини қондиришга мутаносиб эмас, деб ўйлайман. Ҳар бир оилада эр-хотин ишлайди, деб ҳам бўлмайди. Талабанинг ўртача олганда 1 млн. 200 минг сўмлик ойлиги, йиллик 14 млн. 400 минг сўм бўлади. Бундан 9 млн. 600 минг сўмини контрактга сарфласа, бир йилга 4 млн. 800 сўм ёки ойига 400 минг сўм етмайди-ку...»

Кўриниб турибдики, фикрлар турли-туман. Улар билан танишар эканмиз, кўпчилик ташаббусни қўллаб-қувватлаётганига гувоҳ бўлдик. Зеро, муаммо шу каби баҳс-мунозараларда ечилади. Шу баҳона сиртқи ва кундузги таълим тизимидаги қатор муаммолар ҳам тилга олинган.

Имкон бор, аммо..

ОТМларда тўлов-контракт тизимини халқчил қилиш борасида қатор таҳлиллар олиб борган ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев «Стипендияни бекор қилиб контракт нархларини арзонлаштириш керакми?» мақоласида бу борада ўзининг бир неча таклифларини берган. Жумладан, у талабаларнинг турли қатламини эътиборга олиб, контракт пулини бўлиб-бўлиб тўлаш тизимини таклиф қилган:
Талабанинг контракт пулини ота-оналар ойлик иш ҳақидан ўтказишини яхши биламиз. Бунда солиқ имтиёзи ҳам мавжуд. Аммо биздаги контракт тўлаш тартиби шундайки, семестрнинг бошида жами сумманинг камида ярмини бирданига тўлашингиз шарт. Бу ойлик иш ҳақидан тўловчи ота-оналар учун қийинчилик туғдиради. Сабаби ҳамма корхона ва ташкилотлар ҳам ходимларига аванс тариқасида ойлигини олдиндан беришга рози бўлмайди. Ойига ўртача 1 млн. сўм иш ҳақи оладиган ходим фарзандининг 9 млн. сўмлик контрактини бирданига тўлай олмаслиги, лекин ҳар ойда бўлиб-бўлиб иш ҳақидан бемалол ўтказиши мумкин.
Шу сабабли контрактга иш ҳақидан ўтказмоқчи бўлганларга бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш керак. Бунда ОТМ, ташкилот ва ходим ўртасида уч томонлама шартнома тузиш кифоя.
Қўшнида нима гаплар? 
Хорижда олий таълим учун тўлов-контракт миқдори қанча? 
Ён қўшнимиз Қозоғистон ОТМларидаги нархларни ўргандик.  Tengrinews.kz рейтингига кўра, 2017 йилда Қозоқ халқаро алоқалар ва чет тиллари университетида йиллик таълим ўртача 450 минг (1186 $) тенгени, жумладан журналистика мутахассислиги 400 минг (1054$ ) тенгени ташкил этган. Бу кўрсаткич Қозоқ хотин-қизлар педагогика университетида — 440  минг (1159 $), Қозоқ аграр-техника университетида эса 370 минг (975 $) тенгега тенг. 
Orken-media.kz нашри маълумотига кўра, 2018 йилда мамлакат ОТМларида тўлов-контракт суммалари пасайган. Жумладан Кўкшетау таълим муассасаларида — 200 минг (527 $), Актобеда — 300 минг (790 $), Карагандеда  — 400 минг (1054 $) тенгени ташкил этади. Пойтахт ОТМларида эса нарх 350 минг тенгедан бошланади. 
Кўриниб турибдики, Қозоғистонда олий таълим учун тўлов-контракт миқдори бизникидан унчалик катта фарқ қилмайди. Аммо унинг соясида муҳим савол туради. Даромадимиз-чи?
Аслида янада қиммат бўлиши керакми?
Аслида сифатли олий таълим учун бугунги контракт нархлари арзонми ёки қиммат?
Бу борада баҳс тугамайди. Кўпчилик ўртача тўлов-контракт миқдоридан ўртача стипендия миқдорини айириб ташлаб, қолган суммани хусусий ўқув марказларидаги битта фанга ўртача тўлов миқдори билан солиштиради. 
Биз бу фикрга қўшилмадик. Таълим — бу давлатнинг стратегик сиёсати. Ривожланаётган давлат борки фуқароларининг олий маълумотли бўлишидан манфаатдор. Қолаверса, энг асосий омил ҳар бир давлатда таълим нархи аҳолисининг ўртача даромадидан келиб чиқиб белгиланиши зарур.
 «Mening fikrim» жамоавий мурожаатлар порталидаги таклифга қайтсак. Бугунгача ушбу таклиф 3607 та овоз тўплаган. Унинг амалиётга жорий этилиши учун эса ўн минг овоз йиғилиши керак.


Ҳумоюнмирзо ФАЙЗУЛЛАЕВ




Ўхшаш мақолалар

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

🕔23:00, 18.07.2019 ✔28

Адашаётган ота-оналар қанча? «Тарбияси оғир»лар­нинг ҳаммаси ҳам жиноятчими?

Батафсил
Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

🕔22:59, 18.07.2019 ✔34

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди.

Батафсил
БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

🕔22:57, 18.07.2019 ✔32

У кимнингдир онаси,  кимнингдир синглиси. Бироқ айбдори ким?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар