Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Миллатни уйғотувчи нидо

Нима учун ҳар бир ўзбек хонадонига «Ўткан кунлар» кириб бориши ва ўқилиши шарт?

Миллатни уйғотувчи нидо

Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигига

Бадиий асар инсон бекорчиликда шунчаки вақт ўтказиш учун варақлаб чиқадиган эрмак эмас. Унда муаллифнинг инсон, ҳаёт ва жамият ҳақидаги мақсад ва ғоялари акс этади. Кечанинг сабоқлари, бугуннинг аҳволи ва эртанги кундан кўзланган мақсад ва умид бадиий тарзда ифода этилади. Шу сабаб баъзи асарларни фақат воқеалар мазмунини билиш учунгина бир бор ўқиш кифоя қилмайди. Бундай асарлар қайта-қайта қўлма-қўл ўқилаверади ва ўқилгани сари ҳар бир ўқувчи ҳаётида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораверади.
Буюк ёзувчи Абдулла Қодирийнинг бундан роппа-роса юз йил илгари яратган «Ўткан кунлар» романи айни шундай асардир. Бу асар, мана бир асрки, энг катта ­эътирофларга сазовор бўлиб келяпти. Романни ўқиб чиққан бир гуруҳ озарбайжонлик китобхонлар Абдулла Қодирийни «ёзувчиларнинг энг сараси» сифатида эътироф этгани ҳам бежиз эмас.

Қуёшсиз кунлар қайғуси

«1264-инчи ҳижрий, далв ойининг ўн еттинчиси, қиш кунларининг бири, қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир…»
«Ўткан кунлар» романи одатий нурли ва қуёшли куннинг бадиий ифодаси билан эмас, айнан қуёш ботгандан кейинги пайтнинг тасвири билан бошланган. Қиш ва куннинг ботиши бир-бирини тўлдирувчи ўзига хос мувофиқликка эга. Лекин теваракдан эшитилаётган азон садоси юқоридаги тасвирдан айрича ҳолатни ўқувчи хаёлига жойлаштиради. Гўё қуюқ бир зулмат қаъридан кичик бир ёруғлик изланаётгандай, умид қилинаётгандай таассурот қолдиради. Муаллифнинг бутун мақсади ана шу биринчи жумлада мужассам бўлган гўё.
Бу китоб ҳар бир инсон, оила, жамият ва умумбашарият учун нима беради? Бугунги шиддаткор, бошқача айтганда, глобаллашув замонида бу савол атрофида мушоҳада юритилса, муаллиф мақсади ҳамда асардан ўқувчи нима олиши мумкинлиги ҳақидаги масалага узил-кесил жавоб топиш мумкин.
Асарда аввало чин инсон қандай бўлиши зарурлиги бадиий акс эттирилган. Чинакам инсон бор экан, демак, у қайсидир муҳташам бир оиланинг фарзанди. Оила, ота-она ва фарзанд, қайнота-қайнона ва келин (куёв), эр ва хотин ўртасидаги муносабатлар, қўйингки, асл инсон ўзини қаерда қандай тутиши зарурлиги ҳақидаги батафсил кўрсатмалар баён қилинганки, асарни ўқиш асносида ҳар бир ўқувчи асар қаҳрамонларига муқояса қилароқ ўзини ва ўзлигини таниш сари йўлга чиқади.

Безавол инсонийлик

Бир қарашда асар икки ёшнинг оташин муҳаббатидан ҳикоя қилаётгандек таассурот қолдиради. Даставвал Отабекнинг, кейинчалик Ҳасанали, Ўзбек ойим, Юсуфбек ҳожи каби (Зайнабдан бошқа) оиланинг барча аъзоларини ўзига мафтун этган Кумушбиби тимсолида нафақат ўзбек қизларининг бор миллийлиги, одоб-ахлоқи, хулқий гўзаллиги, нафосати рамзи, балки башарият нуқтаи назарида чинакам инсон қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги муаллифнинг юксак идеали ҳам акс этган. Аввало, шуни айтиш муҳимки, Кумуш ўзига яраша хат-саводли, илм-маърифатли аёл. Унинг одоб-икроми, бошқаларга муносабати ҳам шунга мувофиқ. У турмушга узатилаётганда (гарчи ўзининг фикри бошқа бўлса-да) ота-она раъйига тўла-тўкис бўйсунади. Ҳатто кўз очиб кўргани бир кун келиб ота-она орзусининг қурбони сифатида бошига кундашлик балосини солганда ҳам ўзининг барча алам-изтиробларини яширин равишда кўзёшларида ифода этади. Отабек олдига келганида бу масалага ўз муносабатини «мен рози, мен кўндим...» сўзлари билан изҳор этади. Бу аёл киши табиатида топилиши мушкул бўлган энг нодир ва тансиқ ҳолат. Яна тўғрироғи, муаллифнинг ижодий идеалидир. Ҳаётда эса арзимаган бир баҳонаи сабаб билан, кўпинча асоссиз рашк ва шубҳа-гумонлар билан сан-манга бориб, эрининг ёқасидан оладиган, турмуш ўртоғига кун бермайдиган, охир-оқибатда ажрашиб ҳам қутулиб бўлмайдиган аёллар қанча?! Ҳар қандай аёл биринчи навбатда ўз нафсининг ҳузури ёки истак-хоҳиши эмас, умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши олдидаги аёллик вазифаси, итоати, хокисорлиги ва одобу ҳурмати билан қадрли эканини муаллиф Кумушбиби тимсолида акс эттирган. Аёлнинг аёл ҳамда рафиқа сифатидаги асл мавқеи сабабли миллатимиз оилани ҳамиша муқаддас санаши, тотувлик биринчи галда аёлнинг эрга, оилабошига итоати билан мустаҳкам бўлишига эътибор қаратган. Кумушбибининг ҳатто ўлим талвасасида ётганида ҳам қайнотасини кўриб, ҳурмат юзасидан ўрнидан турмоқчи бўлгани воқеаси халқимиз орасида зарбулмасалга айланиб кетган. Унинг ўз ота-онасига, эрига, қайнона-қайнотасига нисбатан муомаласи ҳар бир кишининг ҳавасини келтиради. 
Асарни ўқиётган қизлар ўзини Кумуш сифатида тасаввур қилади. Ота-оналар фарзандининг Кумушдай бўлишини орзулайди. Кумуш миллатнинг асл қизи тимсолини ўзида тўла-тўкис мужассам этган қаҳрамон. 
Унинг Зайнаб билан тинимсиз олишувлари ҳам хом сут эмган бир бандаи ожизнинг реал инсоний қусурлари тарзида тасвирланади. Агар муаллиф бу қаҳрамонини ўша қусурлардан холи тарзда қаламга олганида бу сунъийлик асар бадииятига соя ташлаган бўлар эди. Шу жиҳатларни инобатга олиб, адиб ўз идеалидаги қаҳрамонини Олтинбиби эмас, Кумушбиби сифатида ўқувчига тақдим этди.
Кумушбибининг ҳалокати маиший турмушдаги майда худбинликлар дастида қилинган жаҳолат оғуси туфайли бўлди.

Ўзини енгган тимсол

Асар марказида туриб, муаллифнинг энг катта ғоя ва мақсадларини акс эттирувчи тимсол бу —  Отабек. Отабек чинакам ўзбекона ва миллий бир оилада тарбия топган. Ўз даврининг илғор илм масканларидан бирида таълим олган. Ўз фикрига эга, назари ўткир, ўзи, оиласи ва миллати келажаги учун ҳаракат қила оладиган ёшлардан бири. У савдо ишига эндигина кирган, ёш ва тажрибасиз бўлишига қарамай, Марғилондаги катта-катта савдогарларнинг ҳурмати, эҳтироми ва эътирофига сабаб бўлади. Отабекнинг Зиё шоҳичи, Акрам ҳожи ва Мирзакарим қутидор каби акобир тижоратчиларни лол қолдирган бир неча жиҳатлари бор эди. Аввало, одоб ва билимда бошқаларга ўрнак бўладиган йигит экани бўлса, ўзи яшаб турган жамият ҳақида мустақил ва холис фикр эгаси экани мезбонларни қойил қолдирувчи яна бир масала эди. Лекин Отабекнинг савдо билан чет шаҳарларга боргандаги ишлари тажрибали ва устамон тижоратчиларни буткул ажаблантириб қўяди. Сабаби, савдо аҳли бошқа шаҳарга тижорат мақсадида борганда биринчи галда ишлари ўнгидан келиб, кўпроқ даромад-фойда билан қайтишни кўзлайди. Бутун ўй-хаёли шунга қаратилади. Отабек эса, тужжорларнинг бу аъмолидан фарқли равишда борган шаҳридаги давлат бошқариш, идора усулларини-да синчиклаб кузатади. Ўз миллатининг бугунги залолати сабабларини қидиради, эртанги саодати учун қайғуради. Ўзининг чўнтагини тўлдирадиган уч-тўрт сўмдан кўра, Отабек учун ана шу иккинчи жиҳат кўпроқ ­эътиборли эди. 
Ўз миллатида ҳеч қандай масъул лавозимни эгалламаган фикри очиқ бир йигитнинг юрт ва миллат ғамини еб, шундай ишлар билан қизиқиши ўша давр учун ноёб бир фазилат бўлгани каби орадан яна бир асрдан кўпроқ вақт ўтган бугунги кунимиз учун ҳам ҳамон нодир ва камёб хусусиятдир.
Юрт манфаатини ўз фойда-зиёнидан устун қўйиш, ҳар қандай ҳолатда юрт дарди билан яшаш, миллат келажаги учун виждоний масъуллик кишини комиллик сифатларидан экани маълум. Эндигина йигирма тўртга қадам қўйган Отабекда эса бу каби фазилатлар унинг ҳаёт тарзига айланиб бўлган. Унинг учун тижорат орқасидан катта фойда топиб, шу билан тирикчилик ўтказиб кун кўриш муносиб иш эмас. У инсон сифатида яшаши учун қорин ва тирикчилик қайғусидан ҳам улканроқ ва муҳимроқ масала бор. Бу — миллатнинг келажаги қайғуси. Отабек ўзини миллат келажаги учун ҳамиша масъул деб ҳисоблайди. Миллатнинг эртанги куни учун қўлидан келганича ҳаракат қилади. Адолатсизлик, маҳаллийчилик, мансаб-мартаба илинжидаги олишувлар, фақат нафс тузоғида бўлиш ва ўзаро майда-чуйда кин-иғволарга қарши давомли курашади. Ҳатто ўз отасидан ҳам қаттиққўллик билан шуни талаб қилади. Отабек шу хусусияти билан тузимнинг бошида турган (Худоёрхон, Мусулмонқул, Азизбек каби) раҳнамолардан ҳам афзал туришини кўпчилик эътироф этади. Шу жиҳатдан Акрам ҳожининг «Агар хон кўтариш маним қўлимда бўлса эди, хон қилиб Отабекни кўтарар эдим...» дейиши ҳеч бир муболаға эмас. Бу қаҳрамоннинг номидан ҳам аён кўриниб турибдики, муаллиф нуқтаи назарида Отабек юртнинг ҳақиқий эгаси. Шунинг учун ҳам юртнинг бошига тушажак қайғули кунлар ҳавотири уни юрт остонаси — Олмаотагача олиб борди. У юрт мустақиллиги йўлида биринчилардан бўлиб курашди ва шаҳид бўлди. Аслида уни ўлдирган беҳиммат юртоғаларининг жаҳолати эди.

Миллат оталиғи

Отабекдай йигитни тарбиялаб вояга етказган хонадон муаллиф идеалини ҳам ўзига мужассам кўрсатади. Отабекни миллатпарвар бир қаҳрамон қилиб тарбиялаган Юсуфбек ҳожи аслида бундай тарбияни жамиятнинг ҳар бир кишисига илинган эди. Афсуски, босар-тусарини билмаган бек ва бекзодалар, амалдор ва зодагонлар унинг сўзини қулоққа олишмади. Ҳатто бунинг учун ҳожини дор тагига равона қилишмоқчи бўлишди. Юсуфбек ҳожи эса оилада ҳам, жамиятда ҳам оғир-босиқлик билан ҳукм чиқариб, тинч-тотув ҳамда адолатли ҳаёт кечириш тарафдори бўлди. Оилада унинг гапини олмаган Ўзбек ойим «нафаси ўткир домла» ахтариб, эшикма-эшик сарсон бўлганлари ҳеч бир наф бермади. Ўз ҳолидан отасига хабар бермаган ўғил Тошкент ва Марғилон ўртасида йилларча бесамар қатнаб юра берди. Қайнотаси пандига илтифот қилмаган келинлар қисмати аянчли якун топди. Бири ҳалок бўлди, иккинчи бири ўлимдан ҳам оғирроқ кўйга тушди.
Асар бошланишидаги қуёшнинг ботиши тасвири жаҳолат ботқоғида қолган миллат ифодаси эди. Қоронғуликда йўлини йўқотган миллат ўзининг асл вазифаси қолиб, беҳуда ҳой-ҳаваслар йўлида илгарилаб кетди. Миллат ва келажак ғамини унутиб, оғайнилар бир-бирига қилич қайрайдиган бўлди. Асл душман ким эканлиги мулоҳаза қилинмади. Бу ҳолатдан унумли фойдаланиб қолганлар бу буюк ва қудратли миллатни жаҳон саҳнасидан маҳв эта бошлади. Миллат бор бўйича таназзулга юз тутди.
Муаллиф бош қаҳрамони Отабек тилидан «мозористонда «ҳаййа алалфалаҳ» хитобини ким эшитар эди...» жумласини келтиради. «Ҳаййа алал фалаҳ» — азон калималари таркибидаги одамларни нажотга даъват қилувчи нидо. Бундай нидони марҳумларга ҳеч бир фойдаси йўқ. Агар миллатда Отабек, Юсуфбек ҳожи сингари қалби тирик кишилар бўлса, улар албатта нажодга шошиши зарур. Асар бошланишида келтирилган азон овози халқни жаҳолат уйғусидан уйғотувчи ҳамда нажодга ундовчи улкан бир чорлов ҳам эди. Афсус, муаллифнинг бу чорловини эшитадиган ва тушунадиган киши бўлмаганидан унга 1938 йил 4 октябрь куни ҳукм ўқилишидан бир кун олдин марҳумлар сафидан жой берилди. Лекин яхшиликнинг умрига биргина ўқ билан нуқта қўйиб бўлмайди. Абдулла Қодирий бошлаб берган ҳар бир инсонни миллат келажагига дахлдоригини англатиб турувчи буюк даъват адиб қолдириб келган улкан асарлар сифатида янграб тураверади.

Абдукарим АВАЗБЕКОВ 




Ўхшаш мақолалар

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

🕔23:00, 18.07.2019 ✔29

Адашаётган ота-оналар қанча? «Тарбияси оғир»лар­нинг ҳаммаси ҳам жиноятчими?

Батафсил
Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

🕔22:59, 18.07.2019 ✔34

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди.

Батафсил
БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

🕔22:57, 18.07.2019 ✔32

У кимнингдир онаси,  кимнингдир синглиси. Бироқ айбдори ким?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар