Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Аросатда қолган  Болалар

Уларнинг тақдирига ҳар биримиз жавобгармиз, аммо бу кимни ўйлантиряпти?

Аросатда  қолган  Болалар

Бугун хорижга бориб ишлаш ҳақида гап кетса «ҳеч ким хорижга ҳавасга кетмайди» ёки «мусофирчиликнинг азобини тотганлар билади», деган баҳс-мунозараларга дуч келамиз. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси бўйича миграция масаласида энг олди мамлакатлардан бири эканлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Кўпчилик «борига қаноат қилиб яшаш керак, мана биз ойликка яшаб оч қолаётганимиз йўқ-ку», деган фикрларни ҳам билдиришади. Хуллас, ҳамма ўзидан ўтганини ўзи биладиган замон ҳозир. Биз у ёққа кетиб ишлаётганларни ёки озгина ойликка қаноат қилиб яшаётганларни муҳокама қилишдан йироқмиз. Аммо ҳамон бир масала очиқлиги ва ўз ечимини топмаётгани бизни кўпроқ ташвишлантирмоқда. Яъни, миграция туфайли пароканда бўлаётган ёки номи бору ўзи йўқ оилаларда тарбия топаётган болаларнинг кейинги ҳаёти барчани бу масалада жиддийроқ фикр юритиб кўришга ундамоқда. Бу жамиятнинг оғриқли нуқталаридан бирига айланаётир.

«Тузалишни истамайман...»

Болам, айт нима ейсан, нима ичасан, ҳозир истаган нарсангни қаердан бўлса ҳам топиб келаман, — башанг кийинган ёш жувон қўллари тахтакачланган боланинг бармоқчаларини силайди. — Балки уйдан севимли ўйинчоғингни олиб келиб берарман.

Ойижон, сиз энди кетиб қолмайсизми? — болакай бинт билан ўралган бошини қимирлатди, оғриқдан юзлари тиришди. — Тузалганимдан кейин кетиб қолмайсизми, — деди хазин товушда.

Нимага ундай деяпсан, — деди аёл саволга савол билан, — ахир мен кўў-ўп пул топяпман, сенинг яхши кийинишинг, ўртоқларинг олдида ҳеч нарсадан кам бўлмаслигинг учун ишлашим керак.

— Ҳамманинг ойиси олдида, сиз эса узоқдасиз. Мен тузалишни истамайман...

— Ундай дема, тузалишинг учун ҳамма нарсага тайёрман.

— Мен қанча тез тузалсам, сиз олдимдан шунча тез кетиб қоласиз...

Боши билан йиқилиб шифохонада ётган жиянимдан хабар олишга борганимда кўрган ўша воқеа ҳануз ёдимда. Онаси олдидан жилмаслиги учун касалликдан соғайишни истамаган болакай ҳамон кўз ўнгимда.

Отасиз нишонланаётган байрамлар

— Ойижон дадам бу гал туғилган кунимга келадими?

Назокат ўғлининг бундай саволларидан безиб қолган. Шунинг учун ҳар доимгидай кўзларини олиб қочганча жавоб беради:

— Даданг туғилган кунингга жуда кўп совғалар жўнатади.

— Менга дадамнинг совғаси эмас, ўзи керак. Ҳамманинг дадаси бор. Менинг ҳам дадам ёнимда бўлишини хоҳлайман...

Танишим Назокатнинг уйида гувоҳи бўлганим ушбу воқеани ҳам ҳеч унутолмайман. Кўзлари мунгли, тўққиз йил давомида отасини бор-йўғи икки марта кўрган, ота меҳри нелигини билмай мучал ёшини нишонлаётган Анвар ҳали ҳамон отасини кутади, ҳар туғилган кунини онаси ва укаси билан нишонлайди.

Дарҳақиқат, отаси ёки онаси баъзи ҳолларда ҳар иккаласи ҳам пул топиш илинжида хорижда юраркан, фарзандларининг бугун тирик етимлардан қаери кам? Хўш, ундайларнинг оиласини тўлиқ оила деб бўладими?

Яқинда Анварнинг дадаси ҳақида яқинларимиз орасида миш-миш тарқалди — бошқа аёлга уйланиб олганмиш. Энди юртига қайтмасмиш.

Хўш, у эркакдан яна нимани кутиш мумкин? Оиласига садоқатними ёки вафодорликни? Аллақачон дастурхон бошида ўзининг оила бошлиқлигини унутган, хотинининг ўн йиллаб кўзига термулмаган, боласини бир бор бошини силаб эркалатмаган отадан нимани кутиш мумкин?

Хориж киноларида жуда кўп кузатганмиз эр-хотин асосан давлат иши деб болаларга вақт ажратмаётгани учун жанжаллашганини. Хотин турмуш ўртоғига болаларнинг тарбияси билан шуғулланмаётгани ёки уларнинг тўгараклари, қатнашаётган танловларига бормагани учун ҳатто ажрашишгача боришади. Ва кино охирида ота ҳамма ишини ташлаб фарзандлари, оила давраси учун кўп вақтини ажратишга қарор қилади. Тасаввур қилаяпсизми, отанинг мусофир юртларда юргани эмас, бирга яшаб туриб вақт ажратмаётгани катта муаммо ҳисобланади. Ҳа энди уларнинг иқтисодий аҳволи яхши-да, деб ўйлаётгандирсиз, аммо таассуфки чет элда юрган оталар майли, иқтисоди яхши бўлган оиланинг бошлиқлари ҳам чойхонаю гап-гаштакдан ортмаслигидан кўз юмиб бўлмайди-ку ҳозир. Яъни бизда фарзанд тарбияси доимо энг охирги ўринларда қолиб кетмоқда.

***

Бир пайтлар болалар колониясига борганимда ҳар хил тақдирли болалар билан кўришгандим. Онаси Россияда, отаси ҳам қайсидир чет давлатда ишлаётган К. исмли ўсмир бор эди. Кечаси болалар билан жанжаллашиб тан жароҳати етказган. Суд иши кўрилаётганда ҳам онаси келолмабди. «Депорт» қилиб юборишса қайтиб боролмасмиш, яъни ишидан ажралиб қолармиш. Энг ачинарлиси, ўша бола муддатини ўтаб чиқаётганда олиб кетишга ҳеч ким бўлмагани учун маҳалласидан одам чақиртирилган. Бундай ўсмирларни деярли пул қизиқтирмайди. Ота-онасининг меҳри керак. Ана шу меҳрни тополмагач аламзада бўлиб қолади. Айнан ота-онасининг хорижда ишлаб топаётган пуллари — тўқлик туфайли жиноятга қўл уриб қўйишади. Пули бўлгач атрофида безори «дўст»лари ичкиликка, саёқ юришга ўргатишади. Афсуски, бу ерда ана шундай тақдирли болалар кўпчиликни ташкил қилади.

Танганинг иккинчи томони

Ойликка ҳам сабр қилиб яшаш мумкин, деган фикрларни инкор қилмоқчи эмасман. Аммо айтайлик ўқимаган ёлғиз она ишлаётган корхона ёки цехда 600 мингдан ошмаган ойлик билан яшаб бўладими? Бугунги замонда, талаб ва эҳтиёжлар кучайган даврда арзимаган маошга қайси эҳтиёжни қондириш мумкин? Баъзида Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи каби турли ташкилотларнинг иш ўринлари яратаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни иш билан банд қилинаётгани ҳақидаги ҳисоботларга кўзимиз тушади. Аммо уларнинг меҳнат жараёнидаги ҳаёти-чи? Яратилган шарт-шароити, оладиган маоши-чи? Булар бирор масъул раҳбарларни қизиқтирганми? Ва ўзларига савол бериб кўришганми «мана шу ойликка мен оиламни боқа оламанми», деб. Юртимиз билан ўзаро ҳамкорлик қилаётган ишлаб чиқариш корхоналари ҳамюртларимизга бераётган озгина маош меҳнат вазирлиги қошидаги меҳнат инспекцияси, касаба уюшма қўмиталари, Адлия вазирлигининг инсон ҳуқуқлари бошқармаси томонидан ўрганиб кўрилганми? Ишга жойлаштирдик, иш топиб бердик, деган билан кам таъминланган оилаларнинг барча муаммолари барҳам топадими? Муаммолар барҳам топмагач сўнгги чора сифатида хорижга «сурвораётган»ларни қоралашга ҳаққимиз борми? Тўғри, хориждан пул топиб келиб бир кунлик тўйга, дабдаба учун совуриб юбораётганлар ҳам бор, лекин бу алоҳида мавзу.

Сўнг сўз эмас...

...Яқинда Анваржоннинг яна туғилган куни бўлди. У 14 ёшга қадам қўйди. Аммо бу гал туғилган кунини нафақат отасисиз, балки онасисиз нишонлади. Онаси ҳар олти ойда энг яхши сиҳатгоҳларда дам олишга боради. Ва энг таассуфланарлиси ўзидан анча ёш йигитга турмушга чиқиб кетди.

Тарбия колониясидан қайтган ўсмир йигитча эса ҳозирча кекса бувиси билан яшайди. Ўзининг айтишича келажаги нурсиз, қоронғу...

Аламзадалик ортидаги жанжал

Г. НОРЧАЕВА,  журналист:

— Маълумотларга қараганда чет элга ишлашга кетган эркакларнинг эллик фоизи оиласи бағрига қайтмайди. Яъни ўша томонларда иккинчи оиласи билан яшаб қолиб кетаркан. Демак, бу дегани юз оиладан элликтаси пароканда бўлди дегани...

Менимча, бу ерда, аввало аёлларнинг ўзи айбдор. Пул ва бойлик учун улар оиласини, эрини қурбон қилганлар тоифасига киради. Эр-хотин йиллаб бир-биридан айро яшашини тасаввурга сиғдириб бўладими?

Қариндошимиз икки ўғлини аммасига ташлаб чет элда ишлашади. Ота-онаси беш ёшда кетган болакайлар бугун бири ўн беш, бири ўн икки ёшда. Хўжайиним бу болаларни ўз васийлигига олган. Айни кунларда каттаси ўзининг синфдоши билан муштлашиб қолган. Унинг ҳам ота-онаси вақтли вафот этган экан. Хуллас, меҳрга зорлик, аламзадаликдан келиб чиққан жанжал туфайли хўжайинимни ҳали маҳалла чақирган, ҳали мактаб директори. Ота-онаси ҳали-вери келиш нияти йўқ. Халлас, улар тарбиясида ота-онасининг таъсири йўқлиги кундай равшан.

«Акамда иккита уй, мен эса бошпанасизман...»

Н.АСАДОВА,  уй хизматчиси:

— Туркияда бир оиланинг уй хизматчисиман. Эримдан ажрашганимдан кейин онамникига қайтиб келдим. Уч акам топармон-тутармон. Ҳатто келинойиларим ҳам машина минишади. Менинг оилам билан ажрашганим акаларимга ёқмайди. Аммо мен ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Ажрашиш қарорига осонликча келмаганман. Акамлар эса шуни рўкач қилиб менга на уй олишимга, на иш топишимга ёрдам беради. Акаларимнинг оқибатсизлиги сабаб аччиқ устида шу ерларда юрибман. Қизим онам билан. Аммо мен кимга суянишим керак? Бу ерда кўпчилик опа-сингилларимнинг келиб қолишига сабаб атрофидаги яқинларининг оқибатсизлиги, деб ўйлайман. Агар акаларим бир ёқадан бош чиқариб менга уй олишимга ёрдам берганида мен ҳозир бу ерларда юрмасдим...

Кўздан нари —   кўнгилдан йироқ

С. АЗИМОВА,  тадбиркор:

— Икки овсинни биламан. Бири эрини ишлашга Россияга жўнатди. Иккинчиси «агар кетсангиз сиз билан яшамайман, болаларимнинг тирик етим бўлишини истамайман», дея эрини акасининг ортидан боришга қўймади. Орадан йиллар ўтди. Россияга ишлашга кетган эркак ҳар замонда оиласидан бир хабар олиб, охири умуман келмай қўйди. Иккинчи овсиннинг оиласига эса ҳавас қиласиз. Ўзим гувоҳи бўлганман, кичик овсин эрини чет элга жўнатмаслик учун ҳатто маҳалла фаолларини ҳам маслаҳатга чақирган. «Кўздан нари — кўнгилдан йироқ» дейишади. Оиланинг фақат моддий таъминотини ўйлаб, унинг мустаҳкамлигига путур етказиб қўйиш керак эмас.

Л.ЭГАМҚУЛОВА, психолог:

— Ана шундай отаси ёки онаси хорижга кетган болаларнинг кўпчилиги билан суҳбатлашганман. Ҳаммадан яхши кийинади, қиммат телефонлар кўтаради. Аммо давоматлари паст, баъзида сабабсиз дарс қолдиришади. Отаси ҳам, онаси ҳам чет элда яшайдиган бош фарзанднинг ҳолигаку маймунлар йиғлайди. Укаларининг кир-чири, ош-овқатига қарайман деб бола шўрлик ўқишни ҳам йиғиштириб қўяди. Ота-онанинг фарзандлардан йироқда бўлиши руҳиятига жуда қаттиқ таъсир қилади. Отанинг онага, онанинг отага меҳр-муҳаббатини ҳис қилмаган болаларда оила тушунчаси жуда тор бўлади. Ва улар ҳам келгусида оила қурадиган бўлса жуфти ҳалолига юзаки қарайди.

Оилада хиёнат юз беришига келсак, аввало, эр-хотиннинг бир-бирига бўлган бефарқлиги сабаб бўлади. Бир-биридан узоқда яшаётган эр-хотинни бир-бирига қизиғи бор, деб бўлмайди. Шунинг учун хиёнат оралайди. Оиласидан йиллаб узоқда бўлган аёл ёки эркакнинг хиёнат қилмаслигига кафолат йўқ? Агар ҳар икки томоннинг бири жуфтининг хиёнатига қўл силтаса, демак унга ҳақиқий эр ёки хотин эмас, шунчаки таъминотчи кераклиги маълум бўлади. Демак, улар ўртасидаги муҳаббат ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Хўш, ўртада муҳаббат бўлмаган оилани мустаҳкам дейиш мумкинми? Ўз муҳаббати, ўз оиласининг бахти учун курашмаган, моддий бойликдан кечолмаган аёлни садоқатли жуфти ҳалол дейиш мумкинми? Яна бир гап. Ҳамюртларимизнинг чет элда сарсон бўлиб юришига ака-укаларнинг оқибатсизлиги, имконияти бўла туриб ёрдам қўлини чўзмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Барно СУЛТОНОВА




Ўхшаш мақолалар

МИЛЛАТ НОМУСИ

МИЛЛАТ НОМУСИ

🕔22:39, 10.10.2019 ✔136

Унинг қисмати мамлакатнинг ҳам, миллатнинг ҳам тақдирига дахлдордир

Батафсил
ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ  нималарга боғлиқ?

ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ нималарга боғлиқ?

🕔18:03, 03.10.2019 ✔239

Гўштнинг нархи тобора ошиб бормоқда. Бунинг сабабини ҳар ким турлича изоҳламоқда. Кимдир аҳоли меъёрдагидан кўпроқ гўшт истеъмол қилаётганини таъкидласа, яна кимдир бошқа сабабларини рўкач қиляпти. Аммо ҳеч ким гўшт етиштиришдаги жиддий муаммолар ҳақида ғинг демайди.

Батафсил
МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

🕔18:01, 03.10.2019 ✔158

«Ё уларнинг шунча пули кўп ёки такси сувтекин?»

«Ҳазорасп-Бўстон» йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилмагани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • МИЛЛАТ НОМУСИ

    МИЛЛАТ НОМУСИ

    Унинг қисмати мамлакатнинг ҳам, миллатнинг ҳам тақдирига дахлдордир

    ✔ 136    🕔 22:39, 10.10.2019
  • ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ  нималарга боғлиқ?

    ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ нималарга боғлиқ?

    Гўштнинг нархи тобора ошиб бормоқда. Бунинг сабабини ҳар ким турлича изоҳламоқда. Кимдир аҳоли меъёрдагидан кўпроқ гўшт истеъмол қилаётганини таъкидласа, яна кимдир бошқа сабабларини рўкач қиляпти. Аммо ҳеч ким гўшт етиштиришдаги жиддий муаммолар ҳақида ғинг демайди.

    ✔ 239    🕔 18:03, 03.10.2019
  • МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

    МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

    «Ё уларнинг шунча пули кўп ёки такси сувтекин?»

    «Ҳазорасп-Бўстон» йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилмагани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

    ✔ 158    🕔 18:01, 03.10.2019
  • КРЕДИТ ДЕСАЛАР,  ЎРТАДА САРСОН ТАДБИРКОР

    КРЕДИТ ДЕСАЛАР, ЎРТАДА САРСОН ТАДБИРКОР

    ёхуд қурилиши бошланган болалар боғчаси учун ресурсни яна қанча кутиш керак?

    ✔ 304    🕔 10:15, 27.09.2019
  • ПОРАНИ «ҲАЛОЛ»ЛАБ ОЛАЁТГАНЛАР КИМ?

    ПОРАНИ «ҲАЛОЛ»ЛАБ ОЛАЁТГАНЛАР КИМ?

    Порахўрлик – жамият ривожига жиддий тўсиқ. 
    Порахўрлик – ноқонуний, нопок йўл билан моддий бойлик орттириш...

    ✔ 240    🕔 10:14, 27.09.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар