Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Ўзи бир танга, тўни қирқ танга

Коммунал хизматлар нархи даромадимизга мутаносибми?

Халқимизда ҳаётий бир ибора бор: қарс икки қўлдан чиқади. Айниқса сўнгги вақтларда коммунал хизматларга тўловлар масаласида тез-тез шу ибора ишлатилмоқда. Фойдаландингми, тўлаб қўй!

Ўзи бир танга, тўни қирқ танга

Ҳақиқатда шундай, уйимизнинг доим чароғон бўлиши, жўмрагидан узлуксиз сув тушиб туриши учун уларнинг ҳақини ўз вақтида тўлаб қўйиш керак-да! Аммо танганинг иккинчи томони ҳам борки, буни ҳисобга олмаслик — ғирт адолатсизлик бўлади.

Бугун одамлар тўлов интизомига анча-мунча ўрганди. Коммунал тўловлар нархи қанча ошиб бормасин, одамлар тўлаяпти. Тўламаса ундириб олинмоқда. Бироқ, шунга яраша кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифати одамлар талабига, тўғрироғи, бугунги кун талабига жавоб беряптими? Ошиб бораётган нархлар аҳоли даромадларига мутаносибми? Танганинг иккинчи томони — ана шу!

Мана, яқинда ҳукумат қарори билан 2030 йилгача бўлган даврда республикамизда электр энергия тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари тасдиқланди. Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабарида маълум қилинишича, ҳужжатда 2023 йилгача тарифларни шакллантириш методикасига босқичма-босқич ўтилиши ҳамда 2023 йилдан бошлаб электр энергияси учун тарифлар камида 3 йил муддатга амал қилиши белгиланган. Қарор билан ўзаро мақбул тарифларни белгилаш орқали истеъмолчилар ва электр энергетика тармоғи ташкилотларининг манфаатлари мувозанатга келтирилади.

Бундан англаш мумкинки, 2023 йилгача электр энергияси тарифлари босқичма-босқич оширилиб, экспертларнинг фикрича жаҳон бозори нархига яқинлаштирилади. Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат — нарх миқдори «асосланган» тарифлар билан яратилишидир. Асосланган — яъни нарх 1 кВт электр энергияси ишлаб чиқаришга кетган реал сарф-харажатдан келиб чиқилади.

Буларнинг барчаси яхши. Аммо бизни бошқа савол ўйлантиради: асосли тарифларга босқичма-босқич ўтиш жараёнида аҳолининг электр энергияси учун тўлов қобилияти ҳам «асосланганми»?

От билан туя бўлармиди

«Коммунал тўловларни ҳар ойда тўлаб боришга харакат қиламан. Мабодо, болаларга кийим-кечак олишга тўғри келиб ёки бири бетоб бўлиб бир-икки ой тўлов кечикса, қарзни узишга қийналиб қоламан. Баъзан ўз уйимда ижарада яшагандек ҳис қиламан...», дейди ўз фикрини билдирган пойтахтлик фуқаролардан бири.

Дарҳақиқат, бугун бир оила учун ойлик коммунал тўловлар умумий қиймати қанча бўлади? Келинг, кичик бир рўзғор — эр-хотин ва уч нафар ёш фарзанди билан уч хонали уйда истиқомат қилувчи оила харажатларини ҳисоблаб кўрайлик:

Электр энергияси. Ушбу хонадонда (кам сарфли LED чироқлари, музлатгич, телевизор ва дазмолдан фойдаланилганда) ўртача электр сарфи бир ойга — 150 кВт ташкил этди. Бу киловаттига 250 сўмдан 35 500 сўмни ташкил этади. Агар бунга кондиционер ёки ҳовлиларда электр билан ишловчи сув иситгич қўшилса 250-350 кВтгача (62 500 – 87 500 сўм) етади.

Ичимлик сув сарфи фаслга қараб ойига ва 7-9 м3 ни ташкил этди. Бу ўртача (850 сўмдан) ойига 7 минг сўм бўлади.

Тажриба хонадонимизда иссиқ сув қишда ўртача 9-10 м3 ни ташкил этди. Соҳа мутахассислари ҳам яшовчилар сонига нисбатан бу кўрсаткични тасдиқлашди. Бу ойига 10х4765,20 = 47 652 сўм.

Маказий иситиш тизими 1 метр квадрат — 1610.99 сўм. «Хрушевка» уйда бу 74 мингни ташкил этади. Маълумки, иситиш тизими учун тўлов йил давомида амалга оширилади.

Табиий газ ёзда 35-40 м3, қиш ойларида эса 130 м3 гача фойдаланилган. Унинг нархи (1 м3 – 350 сўм) 14 мингдан 50 минггача бўлади. Ҳовлида яшовчилар қишда газ учун тўловда анча қийналишади: ойига 1000-1200 м3 гача (350 – 420 минг сўм) сарфлайди.

Маиший чиқинди. Жон бошига 4500 сўм. Оиланинг беш аъзосига жами 22 500 сўм.

Кўп қаватли уйларда уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш учун уй-жой мулкдорлари ширкатларига хонадон умумий майдонига нисбатан тариф бўйича тўланади. Бизнинг мисолимизда бу 82 000 сўмни ташкил этади.

Солиқлар. Мол-мулк солиғи 2019 йил учун 180 мингдан ошди (бу ойига — 15 минг сўм).

Коммунал хизматларга кабел телевидениесини ҳам қўшмасдан иложимиз йўқ. Ахир, одамлар газета ўқимаганидан кейин ҳеч бўлмаса ТВ кўриши керак-ку. Бугун кунда пойтахтда кабель ТВ хизмати 25 мингга кўтарилган.

Буларни қўшсак, 323 минг сўмдан 385 минг сўмгача етади. Демак, бир оила учун коммунал харажатлар миқдори ойига ўртача 350 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Бу камми ёки кўп?

Статистикага кўра, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига реал даромадлари миқдори 1 млн. 719 минг сўмни ташкил этган. Албатта, бу рақам ўртача нисбатда.  Ойлик даромадга нисбатан коммунал тўловлар ҳиссаси қанчага тўғри келади? Агар бу рақамни юқоридаги маълумотга нисбатан оладиган бўлсак, бу 20,3 фоизни ташкил этади. Амалдаги энг кам иш ҳақига (202 730 сўм) нисбатан олинса, 172 фоизга кўп.

Ҳа, бу рақамлар таҳлилга муҳтож эмас.  Коммунал тўловларнинг умумий миқдорини даромадимизга мутаносиб деб бўлмайди. Ахир, коммунал тўловлардан ташқари бу оила яшаши ҳам керак эмасми?!

Тўғри, алоҳида олинса, электр ёки иссиқ сув нархи қиммат эмасдек гўё... Аммо тўловларнинг барчаси йиғилса, анчагина пул бўлишига гувоҳ бўлдик. Бежиз эмас, шифохонага тушибми ёки бошқа объектив сабаб билан тўлов бир ой кечикса қарздорлик 700 минг, учинчи ойга ўтса миллиондан ошмоқда. Эшигингизда МИБ турибди-да.

Нарх қандай белгиланади?

Коммунал хизматлар нархи йилига камида икки марта ошяпти. Баъзан иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифи уч марта ҳам ошган пайтлар бўлди. Мисол учун, электр нархи ўтган йилиёқ 16 ноябрдан 250 сўм, жорий йил 1 июнидан 280 сўм қилиб олдиндан белгиланган. Бу қиймат қаердан келиб чиққан, қандай омил эътиборга олинган? Ёки июнга келиб кўмир нархи ошадими?

Ҳа, бизда коммунал туловлар учун ўрнатилган нархлар қаердан келиб чиққани доимо номаълум бўлиб келган.

Тариф ошиши борасида аҳоли бир ой олдин огоҳлантирилади. Аслида огоҳлантириш хабарида нарх ошиш сабаблари аниқ ва асосли тарзда кўрсатилиши керак эмасми?!

Қачонгача кўмир ёки газ ёқиб электр оламиз?

Яна бир гап. Коммунал тўловлар нархини белгиловчи асосий омил бу электр ва газ. Агар ҳаётий ресурсларимизни шу иккаласи ўрнини босувчи табиий манбаларга боғламас эканмиз, нарх ўсишини тўхтатиб бўлмайди.

Сўнгги йилларда ОАВларида республикамизнинг ҳали у вилояти, ҳали бу ҳудудида қуёш электр станцияси барпо этилиши, йилига фалон қувватда электр энергияси ишлаб чиқарилиши борасида бот-бот хабарлар эълон қилинди. Аммо, йиллар ўтса ҳамки бу лойиҳалар сувга тушган тошдек жим-жит бўлиб кетмоқда. Эътибор берсангиз, республикамизда қуёш энергиясидан фойдаланиш борасида ислоҳотлар негадир олға силжимайди... ёки амалдаги монополиядан воз кечишни исташмайди...

Табиий ва арзон электр энергиясидан фойдаланишни йўлга қўймас эканмиз нафақат нарх мутаносиблиги, балки ривожланиш ҳам бўлмайди.

Одамлар розими?

Бугунги иқтисодий шароитимиз ва имкониятимизни ҳисобга олсак нарх ўсиши табиий. Биз ҳам кўр-кўрона тарзда нархни пасайтириш керак, демоқчи эмасмиз. Масалага бошқача ёндашайлик. Аҳоли коммунал тўловларни бола-чақаси ризқини қийиб бўлса ҳам, кечикиб бўлса ҳам тўлаяпти. Аммо коммунал ташкилотлар хизматидан одамлар розими?

Комуннал хизматлар сифати ва муаммолар борасида юзлаб, минглаб мисоллар келтириш мумкин. Узоққа бормайлик, бу йил баҳор серёғин ва анча салқин бўлди. «Дом»лар захлаб кетди. Иссиқлик тизими эса доимгидек 26 мартданоқ узиб қўйилди. Мана бир ойдан ошдики, аксарият хонадонини электр печлар ёрдамида иситса, кўпчилик ошхона газ плитасини ёқиб қўйган. Бу иситиш учун қўшимча харажат эмасми? Ёки кимдир фарзандлари шамоллаб, иссиқлик таъминоти учун йил давомида тўлайдиган пулидан ҳам кўп чиқимга тушиб ўтирибди-ку? Кузда ҳам аҳвол шу. Уйи яхши исимайдиганлар «Тошиссиққувати» билан уй-жой мулкдорлари ширкати орасида сарсон. Нима учун «асосли нарх» ўрнатилиши адолат тарозисига солинмайди?

Иситиш мавсуми бошланиши ва тугашини қайта кўриб чиқиш, исситиш таъминотида ҳароратни об-ҳавога қараб баланслаштирувчи тизимни жорий этиш вақти етмадимикан? Марказлашган иситиш тизимидан «якка кўпқаватли уй» ёки «якка хонадон» иситиш таъминоти тизимига ўтадиган пайт ҳам етиб келди.

Одамларнинг мана шундай ҳақли эътирозлари эътиборга олинса, кўпчиликни аслида мавжуд бўлмаган катта қарздорлик учун судга бериш тўғрисидаги «Тошиссиққувати»нинг дағдағали хатлари тўхтармиди...

Ёки 40 °С дан паст бўлганда иссиқ сув учун тўлов совуқ сув тарифи бўйича амалга оширилиши керак, деган қоида амалда ишлаган бўлар эди. Ахир, жўмракни очиб, иссиқ сув исиши учун қанча сув оқизишингизни ўзингиз бир ҳисоблаб кўринг!

Сувсоз ташкилотининг кўп қаватли уйлар атрофидаги дарахтлар ва гулларни суғоришга мўлжалланган сув тарновларини ёппасига кестириб, ёпиб ташлаганини қандай изоҳлаш мумкин?

Бутун дунёда маиший чиқиндиларни олиб кетиш нархи одам сонига эмас, чиқариладиган чиқинди массасига қараб белгиланган. Бизда-чи, прописка бўйича.. «мусор» чиқарасизми йўқми, барча бир хил. Чиқиндилар эса ҳафталаб «дом» атрофига нохуш ис таратиб тураверади.

Уй-жой ширкатлари хизмати (сифати ҳақида гапириш эрта) билан боғлиқ муаммолари энди бу алоҳида мавзу. Сўнгги бир йилда уй-жой мулкдорлари ширкатларига тўлов нархи қарийб икки баробарга ошиб кетишида шикатларнинг бажарилмаган ишга пул ёзиши, арзимас ишга осмон нарх қўйиши ҳам сабаб эмасмикан?

* * *

Хулоса сифатида айтиш жоизки, коммунал соҳа раҳбарлари фақат қарздорликни ундириш билан эмас, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш борасида ҳам ўйлаб кўришса яхши бўлар эди. Майли, нархлар босқичма-босқич ошиб борсин. Аммо пулига яраша сифат ҳам ошсин-да.

Бахтиёр ҲАМИДОВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

МИЛЛАТ НОМУСИ

МИЛЛАТ НОМУСИ

🕔22:39, 10.10.2019 ✔135

Унинг қисмати мамлакатнинг ҳам, миллатнинг ҳам тақдирига дахлдордир

Батафсил
ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ  нималарга боғлиқ?

ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ нималарга боғлиқ?

🕔18:03, 03.10.2019 ✔239

Гўштнинг нархи тобора ошиб бормоқда. Бунинг сабабини ҳар ким турлича изоҳламоқда. Кимдир аҳоли меъёрдагидан кўпроқ гўшт истеъмол қилаётганини таъкидласа, яна кимдир бошқа сабабларини рўкач қиляпти. Аммо ҳеч ким гўшт етиштиришдаги жиддий муаммолар ҳақида ғинг демайди.

Батафсил
МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

🕔18:01, 03.10.2019 ✔157

«Ё уларнинг шунча пули кўп ёки такси сувтекин?»

«Ҳазорасп-Бўстон» йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилмагани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • МИЛЛАТ НОМУСИ

    МИЛЛАТ НОМУСИ

    Унинг қисмати мамлакатнинг ҳам, миллатнинг ҳам тақдирига дахлдордир

    ✔ 135    🕔 22:39, 10.10.2019
  • ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ  нималарга боғлиқ?

    ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ нималарга боғлиқ?

    Гўштнинг нархи тобора ошиб бормоқда. Бунинг сабабини ҳар ким турлича изоҳламоқда. Кимдир аҳоли меъёрдагидан кўпроқ гўшт истеъмол қилаётганини таъкидласа, яна кимдир бошқа сабабларини рўкач қиляпти. Аммо ҳеч ким гўшт етиштиришдаги жиддий муаммолар ҳақида ғинг демайди.

    ✔ 239    🕔 18:03, 03.10.2019
  • МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

    МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

    «Ё уларнинг шунча пули кўп ёки такси сувтекин?»

    «Ҳазорасп-Бўстон» йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилмагани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

    ✔ 157    🕔 18:01, 03.10.2019
  • КРЕДИТ ДЕСАЛАР,  ЎРТАДА САРСОН ТАДБИРКОР

    КРЕДИТ ДЕСАЛАР, ЎРТАДА САРСОН ТАДБИРКОР

    ёхуд қурилиши бошланган болалар боғчаси учун ресурсни яна қанча кутиш керак?

    ✔ 304    🕔 10:15, 27.09.2019
  • ПОРАНИ «ҲАЛОЛ»ЛАБ ОЛАЁТГАНЛАР КИМ?

    ПОРАНИ «ҲАЛОЛ»ЛАБ ОЛАЁТГАНЛАР КИМ?

    Порахўрлик – жамият ривожига жиддий тўсиқ. 
    Порахўрлик – ноқонуний, нопок йўл билан моддий бойлик орттириш...

    ✔ 239    🕔 10:14, 27.09.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар