Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Умр йўлларингиздаги захира етарлими?

Одамзотнинг феъл-атвори, хатти-ҳаракатлари ёши сингари вақт мезонлари таъсирида ўзгариб боради. Гўдаклигида эмаклайди, тили расида бўлмагани боис ғудранади, болалик чоғида ажабтовур ўйинларни ўйнайди.

Умр йўлларингиздаги  захира етарлими?

Вояга етгач ёшлик шавқи билан тўлиб-тошади. Умри улуғлик ёшига етгач эса табиатида вазминлик, донишмандлик ва салобат намоён бўлади.

Кекса одам нега кўпроқ тафаккур соҳиби сифатида кўзга ташланишини биласизми? Инсон умрнинг ҳар бир фаслига хос равишда ўзини тутишга одатланиб боради. Улуғлик ёшида ҳеч қачон болаларга хос одатларни қилмайди. Бундай қилишни истамайди ҳам. Кекса одам норғул йигитлар кийимини кийиб, тўй-базмларда ҳакалак отиб ўйин тушиб қолса борми, нақ кулгига қолади. Ёхуд чувак кампир лабларини қирмизига бўяб, ажин босган юзларига упа-эликлар суриб, оқарган сочларини ёйиб, калта юбкалар билан кўчага муқом билан чиқишини тасаввур қила оласизми? Албатта, йўқ, бу қип-қизил бачканалик! Буни шунчаки хаёлга келтиришнинг ўзидан киши уялиб кетади.

Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳазратлари томонидан кекса бўла туриб ёш болалар одатини қиладиган кишилар қаттиқ қоралангани ривоят қилинади. Алишер Навоийнинг

Юз сеҳр қилса кимгаки

элликдин ўтди ёш,

 Атфол суҳраси қилур

атфолдек маош,

матласи билан бошланувчи ғазали ана шу ҳадиси шариф маъносини ташийди.

Матланинг маъноси: «Юз сеҳр қилса ҳам ёши элликдан ўтди, лекин у атфол, яъни боладек қилиқ қилади».

Нафси саркашлик қилган киши кексалик билан муроса қилишни хушламайди. Ўзини ёшлардек ўктам ва норғул кўрсатишга тиришади. Бироқ табиатнинг қонун-қоидаси уни зимдан ўз измига солаётганини англаб етмайди.

Улким соқол бўяр

ҳавас тушти бошиға,

Бўямоқ соқол қаро не осиғ,

чун оқарди бош,

деб ёзади Навоий ўша ғазали давомида.

Соқол оқини қорага бўяб кексаликни яширган билан бошидаги сочлар унинг қарилигини фош қилиб қўяди. Бу эса янада масхараомуз. Соқол ва сочни бўяб қариялар йигитлардек кўриниши мумкин. Лекин уларнинг фаҳм-фаросати комилликка етмаса — баттар уят.

Киши ёши улуғликка етгач, унинг нафси ҳам сокинлашмоғи авло. Кексайган чоғда очкўзлик боис мол талашиш обрўдан мосуво қилади. Баъзи бир тоифа одамлар ўзини мол-дунё ва жоннинг мутлақ ўзгармайдиган, абадий соҳиби деб билади. Ҳолбуки, англаб етмайдики, унга «жон талашиш» вақти етган. Ҳазрат Алишер Навоий буни қуйидаги байтда шундай қаламга олади:

Гўёки молу жон чин эрур

негаким қари,

Чун етти жон талашқоли

ул мол этар талош.

Одатда парда бирор нарсани яшириш ёки бирор нарсадан тўсиб туриш учун истифода қилинади. Эшик ва деразаларга эса бу матоҳ кучли ёруғликни тўсиш учун илинади. Кўзидан нури кета бошлаган қария учун парда не даркор? Дунёга — атроф-жавонибга ҳирс ила боқишдан тўсиб тургувчи ягона омил бу — унинг кўзи ожизлигидир. Ахир унинг қароқлари  «мунзавий», яъни хилватга чекинган. Қолаверса, салқиган қабоқлари, ўскин қошлари осилиб қоляпти. Қабоқларини кўтариб атрофга суқланиб қарашга соҳибининг мажоли етмайди. Қарилик чарчоғи қабоқларга ҳам етган. Осилган қабоқлар, ўскин қошлар ҳам бир ҳожиб, яъни парда мисоли. Буни ҳазрат Навоий шундай тасвирлайди:

 Ҳожиб нетар бировки

кўзи бўлди мунзавий,

Эв гўшасида доғи

анга ҳожиб ўлди қош.

Нафақат мунзавий, яъни хилватга кетган каби чўкиб қолган кўзидан, балки бурнидан ҳам сув оқаётган қарияни ҳеч кўрганмисиз? Устига-устак унинг силласи қуриганидан оғзидан шўлакай, яъни сўлаги ҳам тинимсиз оқади. Йигитлик ҳавасини дилида зўрма-зўраки ушлаб, соқолини қорага бўяган чолнинг бу аҳволини зимдан кузатган Навоий унга ачиниб, ушбу байтни иншо қилади:

Юздин тўкар сув улки кўзи,

оғзи, бурнидин,

Эл оллида оқар шўлакай

бирла суву ёш.

Ёшлик чоғида инсоннинг юзи офтобдай нур таратиб туради. Шайблиғ, яъни кексалик даврида эса юзи заъфарон тусга кириб, сарғаяди. Умр қуёши сўниб борар экан, гўё у ҳолсизликдан сариқ тусга киради. Инсон умри қарилик билан поёнига етиши гўё қуёшнинг ботиш арафасидаги сарғайишига менгзайди. Қуёшнинг сарғайиши — унинг уйқуга кетишидан белги. Одамзот ҳам қариб-қартайгач,  абадий уйқуга чўмади. Бу мазкур байтда шундай талқин қилинган:

Эйким, юзунг қуёш эрди,

сарғарди шайбдин,

Билгилки, сарғарур уёқур

чоғида қуёш.

Қарилик — умрнинг машаққатли йўли. Уни равонлаштириш иложи йўқ. Агар шоҳ ва гадо, қайсару юввош бўлсанг ҳам бу изтиробли йўлдан юриб ўтишга мажбурсан. Чунки табиат расм-қоидаси шу. Навоий буни теран англатишга ҳаракат қилади:

Оллингда бас қотиғ

йўлу қатъиға йўқ гузир,

Гар шоҳ, гар гадо бўлу гар тунду,

гар ёвош.

Кексаликнинг уқубатли йўлларида на мансаб, на мол-дунё, на қариндош-уруғ эминлик беролади! Бу йўлда кишининг ҳаёти давомида қилган хайрли ва эзгу амалларигина яхши зод, яъни озиқа бўла олади:

Билким, бу йўлда зод эрур

аъмоли хайру бас

Йўқ илму фазлу мансабу молу

уруғ-қаёш.

Агар одам яшаб ўтаётган умри давомида хайрли ва эзгу амаллардан самарали озиқа тўплолмаган бўлса — таассуфланарлидир. Бундай ҳолда қарилик йўли хавф-хатарларга тўлиб-тошади. Ундай кишининг дунёга келмагани ёки туғилибоқ ўлгани афзал саналади.

Халқимизда «Охири бахайр бўлсин!» деган эзгу тилак бор. Умр интиҳоси расвогарчилик билан тугаши одам учун фожиа саналади.

Жуз бийм  оқибат иши

 маълум эмас, киши

Туғмаса эрди ё туғубон

ўлса эрди кош,

деб ғазални поёнига етказади Навоий ҳазратлари.

Шоир ушбу ғазалнинг сўнгги байтида одатга зид ўлароқ ўз тахаллусини қўлламаган. Ғазал кишиларни ҳаёт чашмасидан унумли фойдаланиш, эзгу ва хайрли амаллар озиқасидан захира — савоб тўплашга даъват этади. Ғазал бошдан-охиригача умр йўлларидан одимлаётган инсонни ҳушёрлик ва сергакликка чорлайди.

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

🕔23:00, 18.07.2019 ✔11

Адашаётган ота-оналар қанча? «Тарбияси оғир»лар­нинг ҳаммаси ҳам жиноятчими?

Батафсил
Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

🕔22:59, 18.07.2019 ✔16

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди.

Батафсил
БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

🕔22:57, 18.07.2019 ✔15

У кимнингдир онаси,  кимнингдир синглиси. Бироқ айбдори ким?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар