Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ОНА ТИЛИМ ЎЛМАЙДИ!

30 апрель куни vesti.uz сайтида «Русский язык нам не чужой» сарлавҳаси остида бир гуруҳ шахслар Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш, бунинг учун мамлакат қонунчилигига зарур ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқди.

ОНА ТИЛИМ ЎЛМАЙДИ!

Муаллифлар охирги йилларда Ўзбекистонда рус тилининг фақат хорижий тиллардан биттаси сифатида ўқитилиши қанчалик тўғри эканини савол остига олишган. Уларга кўра, рус тилига ўзбек ва қорақалпоқ тиллари билан бир қаторда расмий мақом беришни «ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда». Энг қизиғи, бу ташаббус муаллифлари ҳозиргача мамлакатимиз зиёли қатламида бўлиб келган ўзбеклар эканидир.

Бу таклиф кўплаб оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Биз ушбу масалага расмийлар, олимлар, зиёлиларнинг ЎзА ва турли ОАВда билдирган фикр-мулоҳазаларидан айримларини қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Йўл қўйиб  бўлмайдиган хато

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори

— Минг афсус, бугунги кунда она тили тақдири учун қайғуриш туйғуси миллатимизнинг ҳар бир фарзандида қалб амри даражасига кўтарилган, дея олмаймиз. Акс ҳолда, Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи илгари сурилмаган бўлар эди.

Мурожаат ниҳоятда пухта ўйланган режа асосида тайёрланганлиги кўриниб турибди. Бизнинг «оғриқли» нуқталаримизга урғу бериш орқали ночор қилиб кўрсатишдан тап тортмаслик ҳануз орамизда ўзини «фидойи ватанпарвар» кўрсатган миллий ғоямиз душманлари кўплигини кўрсатади. Мен бу ўринда уларнинг ҳар бир мулоҳазаси кетида нима анқиб турганини яхши тасаввур қилиб турибман.

Конституция ва қонунлар орқали ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилган она тилимизни ҳимоя қилиш ўрнига бизнинг рус халқи ва унинг тилига бўлган чуқур ҳурматимиздан фойдаланиб ўзларининг хуфия мақсадларини амалга оширишга киришганлигидан уларнинг миллати ўзбек эканлигига шубҳа қилиб қолдим. Бу жирканч мақсад остида жамиятни пароканда қилиш, юртимизда тинч-тотув яшаб келаётган миллат ва элатлар ўртасига нифоқ солиш, онги тўлиқ шаклланмаган ёшларни хаёлини бузиш режалари йўқ дейсизми? Рус тилини иккинчи расмий тил сифатида киритиш таклифи бир баҳона, холос!..

 

Мақсад —  сувни лойқалатишми?

Абдулҳай СОБИРОВ,  профессор

— Ошкоралик, демократия ниқоби остида халқ қалбидаги энг теран риштани «чертиш», у билан ҳазиллашиш эмасми бу?!

Шундоқ ҳам рус тили ва унинг ривожланишига ҳеч ким тўсқинлик қилаётгани йўқ. «Давлат тили» ҳақидаги қонуннинг тегишли жойларида рус тилининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни кўрсатиб қўйилган. Л.Толcтой, А.Пушкин, М.Лермонтов асарларини ҳамма жойда тарғиб қилиб юрибмиз. Шу кунгача рус миллатига мансуб биронта шахс ўз она тилига нисбатан ўзбекларнинг менсимай мурожаатда бўлаётгани ҳақида шикоят қилгани ҳам йўқ. Яна ўзимиз... Бугун бизга битта рус тили эмас, улуғ маърифатпарвар адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек «тўртта тилни ўрганиш» ҳам камлик қилиб қолди... Ўзбекистон дунё мамлакатлари билан бўйлашаётган, жаҳонда ўз ўрнини топишга астойдил уринаётган бир пайтда бундай субъектив ёндашиш фойда келтириш ўрнига зарарга ишлайди. Рус халқи билан ўртадаги муносабатларимизни лойқалатишга олиб келади.

«Индамаслик — розилик аломати»

Шерзод ШЕРМАТОВ,  халқ таълими вазири

— Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига бу йил 30 йил тўлади. Биз бу санани яхшилаб нишонлашга тайёргарлик қилиш ўрнига, қайсидир «зиёлилар» томонидан рус тилини ҳам расмий тил этиб белгилаш керак деган таклифига индамай ўтирибмиз. «Индамаслик — розилик аломати» деб қабул қиладиганлар ҳам топилиб, бу қайсидир «зиёлилар» позицияси эмас, айнан Давлат томонидан олдинга сурилган таклиф деб ҳам талқин қилаётганларни кўриб, ўз фикримни билдиришим зарурлигини тушуниб етдим.

Чет тилларини имкон борича ўрганавериш керак, лекин бу дегани ўз она тилини эсдан чиқариш дегани эмас. Ўз тилимиздан ва миллатимиздан ғурурланиш ҳиссига эга бўлсаккина мамлакатимиз ривожланишига эриша оламиз.

Она тилига соя солиши мумкин

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати

«Давлат тили ҳамда замонавий Ўзбекистон ҳудудида кенг тарқалган ва ҳуқуқий мақомига ўзгартиришлар киритилган рус тили билан бир қаторда ҳудудларда бошқа тиллардан ҳам фойдаланиб келинади. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тили ҳам расмий тил ҳисобланади. Фарғона вилоятининг Сўх туманида эса аҳолининг аксар қисми этник тожиклар бўлиб, у ерда тожик тилида таълим олиб борилувчи 24 та мактаб, 2 та лицей ва 2 та касб-ҳунар коллежи мавжуд. Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва бошқа ҳудудларда тожик тилидаги ОАВ, мактаблар, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Тошкент ва Навоий вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида қозоқ тилида ўқитиладиган мактаблар ва олий таълим муассасаларининг бўлимлари мавжуд. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида туркман тилида таълим берилувчи мактаблар фаолият кўрсатмоқда.

Юқорида келтирилган ҳақиқатларни ҳисобга олган ҳолда, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати маълум бир тилга Ўзбекистон ҳудудида махсус мақом берилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисобламайди. Четдан кириб келаётган ҳар қандай хорижий тил таъсири она тили ва миллий маданиятга соя солиши мумкин.

Мурожаатга алоқаси борлигини рад этди

Юқоридаги мурожаат эълон қилинганида муаллифлар орасида  «Демократия ва инсон ҳуқуқлари» институти директори Сайёра Ходжаеванинг ҳам исм-шарифи келтирилган эди. Кўп ўтмай Сайёра Ходжаева бу ташаббусга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

«Шу кунларда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган тил масаласидаги мурожаатномага оид баҳс-мунозарарларга менинг алоқам йўқлиги тўғрисида, ойдинлик киритишни лозим деб ҳисоблайман.

30 апрель куни «Vesti.uz» сайтида чиққан мурожаатномани қўриб, мен дарҳол ушбу сайт раҳбари кимлигини ва телефонларини қидиришга тушдим ва А.В.Березовский эканлигини аниқлаб, улардан, мен бу ҳужжатни ёзмаганлигимни, тайёрлашда иштирок этмаганимни ва қўл қўймаганлигим сабабли, мурожаатчилар сафидан, менинг фамилиямни олиб ташлашни талаб қилдим.

Бундан 3 ойча олдин журналист А.М.Ходжаев, рус тилини аҳамияти ҳакида фикр сўраган эди. Тилни билиш инсонни ўзи учун, дунёқарашни кенгайтириш ва ўз ҳуқуқларини қаерга борганда ҳам, ҳимоя қилиш учун, муҳим восита деган фикримни доимо айтиб келганман. Бу гапимдан тонмайман, чунки, бу фикрим фақат рус тилигагина тааллуқли эмас. Менинг  фикримни бошқача талқин қилиб, ўз мулоҳазаларини билдирган инсон учун, мен жавоб бермайман...».

Сайёра Ходжаеванинг фикрларидан ўринли савол пайдо бўлади. Нега нотўғри ахборот тарқатган оммавий ахборот воситаси, яъни vesti.uz сайти ўқувчилардан, қолаверса, Сайёра Ходжаевадан расман узр сўрамади? Нега сайт жавобгарликдан осонгина қутулди?

«Ташаббусни фитна, иғво, деб биламан»

Одилхон қори  ЮНУСХОН ўғли

— Шуни баралла айта оламан: Биз қайсидир тилга боғлиқ эмасмиз, рус тили бўлмаса, миллат сифатида дунё харитасидан ўчиб кетадиган даражада кичик миллат эмасмиз. Рус тилисиз ҳам ўз қаддимизни тик тутиб, обрўйимизни сақлаб тура оламиз. Чунки, бизнинг илдизимиз чуқур, асосимиз мустаҳкам. Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий каби минг йиллар аввал туркий тилда ижод қилган боболаримиз бор. Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Машраб, Огаҳий, Фурқат, Завқий, Муқимий, Абдулла Қодирий каби туркий-ўзбек тилининг ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимиз бор. Биз ҳеч қачон ўзга тилларга қарам бўлмаганмиз.

Хуллас, мен бу ташаббусни фитна, иғво, деб биламан, илм-маърифат эгалари,  юртини яхши кўрган ҳар бир инсон бундай ғайрли ҳаракатларга тиш-тирноғи билан қарши туриши керак.

Баҳс-мунозаралар қизғин давом этмоқда. Тил ҳақида гап кетганда, уни «онага менгзаш одат тусига кирган. Бундай ёндашув жаҳон тилларининг ҳаммасида деярли бир хил: ОНА ТИЛИ. Ватан, ота-она битта бўлганидек, она тили ҳам ягонадир. Миллий тилимиз меҳрини икки бўлиб бўлмайди.




Ўхшаш мақолалар

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

🕔23:00, 18.07.2019 ✔11

Адашаётган ота-оналар қанча? «Тарбияси оғир»лар­нинг ҳаммаси ҳам жиноятчими?

Батафсил
Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

🕔22:59, 18.07.2019 ✔16

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди.

Батафсил
БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

🕔22:57, 18.07.2019 ✔15

У кимнингдир онаси,  кимнингдир синглиси. Бироқ айбдори ким?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар