Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Оталикка номуносиб «ота»лар

Улар еткизаётган озорларга даво борми?

Соатлар ортидан кунлар, ойлар кетидан йиллар ўтаверади. Ўйламай қилинган биргина иш орқасида тузатиб бўлмас хатолар, ўйламай айтилган сўз ортида эса оғриқли қалблар борлигига аҳамият бермаймиз. 

Оталикка номуносиб «ота»лар

Йилларга қўшилиб умримиз ҳам манзили томон ошиқади. Аммо гоҳ-гоҳида ортимизга қараб қўйиш лозимлигини, ўзимизни тафтиш қилиш кераклигини унутиб қўямиз… 

«Қизларимни эҳтиёт қиламан...»

Бир аёлни тез-тез кўриб тураман. Доимо икки қизини ёнида олиб юради.  Онаси ишдан қайтгунича ҳамма жойни саранжом-саришталаб, мазали овқатларни тайёрлаб турадиган ёшдаги қизлар мактабдан чиқиб тўғри онасининг ишхонасига келади. Кечқурун иш соати тугаганидан сўнггина уйга бирга кетишади. Бир куни йўлакда шу аёл кўзида ёш билан келаётганини кўриб қолдим. «Тинчликми, опа?!» дейишим билан ўзиям роса тўлиб турган эканми, дардини тўкиб солди:
— Охирги пайтда ҳамкасбларимнинг «Бу ер боғча, мактаб бўлиб кетди», деган таъна-дашномлари, кесатиқ сўзларини тез-тез эшитадиган бўлдим. Лекин на илож. Ўрни келганда кўзим кўр, қулоғим кар бўламан. Ишхонада қизларим билан ўтириш менгаям ноқулай. Мактабдан келиб қорни очқайди, дарс қилиши, китоб ўқиши керак. Ўсмир ёшида бўлгани учунми ўқишдан сўнг толиқади, уйқуси келади. Афсуски, ишхонада уларга дам олиши учун имкон бўлмайди...
— Нега унда қизларингизни ҳар куни ишга олиб келасиз? — деб  сўрадим. Аёл эса бошини эгганича узоқ турди. Кейин:
— Қизларимнинг бўйи етиб қолди. Отасидан эҳтиёт қиламан… — деди.  
— Эҳтиёт қиласиз? Нима, отаси ўгайми? — дедим ҳайронлигимни яшира олмай.
— Йўқ, ҳақиқий отаси. Лекин ахлоқи... Ота-онам боши эгилмаслиги учун шу одамга беришга мажбур бўлишган. Йиллар давомида нималарни кўрмадим, дейсиз. Лекин эримни ҳечам тўғри йўлга сола олмадим. Ажрашай, десам, «Ҳаммангни ўлдираман», деб қўрқитади. Афсуски, бу гаплари шунчаки чўчитиш эмас, эримда, ҳаттоки юрак борлигига ҳам ишонмайман. У шундай шафқатсиз одам, — деди.
Ўз отасидан қизларини эҳтиёт қилаётган бу аёлнинг аҳволини, қандай яшаётганини тасаввур қиляпсизми? Жамиятимизнинг бундай оғриқли дардларига қандай даво топишимиз, ҳаттоки Худонинг борлигига ҳам ишонмайдиган тубан кимсаларни қай йўл билан тарбия қилишимиз  мумкин?!

Синган қалб  изтироблари

Ҳамшира қўлимга томчи дорини улаб қўйиши билан қўл телефони жиринглаб қолди. Гапираётган одамнинг овози баландлигиданми, нариги томондан асабийлашаётган эркакнинг гаплари аниқ эшитиларди:
«Нега ҳадеб телефон қилаверасан, нима керак ўзи сенга?..»
Ҳамширанинг юз-кўзидан босиқлик билан жавоб қайтаришга уринаётгани кўриниб турарди:
— Олти йил давомида сизни бирор марта безовта қилмадим. Алимент тўламаслик баҳонасида ажрашишни ҳам чўзиб келяпсиз. Қизингиз эртага ўн иккига киради. Мучал ёши. У ҳар куни сизга хат ёзади, хатларининг кўплигини кўрсангиз ҳайрон қоласиз. Укаси йиртиб қўймаслиги учун асраб-авайлайди. Ўғлингиз яқинда олти ёшга киради. Сизни танимайди ҳам. Қизингиз туғилган кунимга ҳеч нарса керакмас, фақат дадамни кўришни хоҳлайман, деяпти. Ҳеч бўлмаса қизингизни кўнгли учун келиб кетинг...»
Эркакнинг истеҳзоли кулгани, сўнг ғўлдираниб:
«Яхши, унда юз доллар берсанг бораман», — деган ёқимсиз овози эшитилди.
Ҳамшира кутилмаган гапдан қотиб қолди. «Нималар деяпсиз? Ахир...» деб гапини тугатмасидан эри: «Бўлмаса, бормайман», деганича телефонни ўчириб қўйди.
Бу қандай ота ўзи? Соғинчдан ўксиб ўсаётган ўз фарзандига дийдорини кўрсатиш учун пул талаб қиляпти! 
Шу пайт аксига олиб игна ҳам томиримдан чиқиб кетди. Ҳамшира томирга қайта тушишга уринди. Қўллари асабдан титрар, кўзлари жиққа ёш. Гўёки, энди томиримга дори эмас, синган аёл қалбининг изтироб, алам, ўкинч аралаш кўз ёшлари томчилаб, сизиб кираётгандек эди...

Ота қаҳри

Муаттар опа яна бошига рўмолини қаттиқ боғлаб олганича кўчамиздан шошиб ўтиб кетяпти. Кўзларининг қизарганидан билиш мумкинки, йиғлаган ёки қон босими кўтарилган. Лекин шу аҳволдаям кўчага чиқибди. Бу опанинг уч қизи бор. Ҳаммаси уйли-жойли, яхши хонадонларга турмушга чиқишган. Аммо отанинг асоссиз зуғум ва қийноқлари остида ўсган қизлар туғилиб, катта бўлган уйига келишни исташмайди. Шу боис онаси билан кўчада, бирор ерда ўтириб кўришишади. Муаттар опага: «Қизларингиз ҳам сизни аяшса бўларди. Бу аҳволда кўчада йиқилиб қоласиз-ку, опа», деган эдим менга: «Қизларим ўз оиласида, ўз уйида эзилиб ўсди. Отаси қизларимга ҳеч кун бермасди. Бўйи етиб қолганда ҳам аямай урар, қизларим қўрқувдан дағ-дағ титраганича кўчага қочишарди. 
Кап-катта қизларни отаси кўчада қувиб, уришини кўрган, билган маҳалладаги болалар, синфдошлари қизларимга киноя аралаш қараб, масхара қилишарди. 
Шунча ҳаракат қилдим, лекин бўлмади. Эримнинг кўнглидаги қаҳрни, қизларимнинг юрагидаги отага бўлган нафратни сўндиролмадим. Улар ҳақиқий ота қандай бўлишини ўз турмуш ўртоқлари, қайноталари тимсолида кўришди. Кенжа қизим бир куни мени қучоқлаганича, «Онажон, фарзандларим болалик нима эканини ҳис қилиб ўсишяпти. Биз чеккан изтиробларни кўрмаяпти, мен бахтлиман», деди. Майли, уйга келмаса-келмас. Муҳими, тинч ва хотиржам бўлгани. Мен шуларнинг бахтидан куч олиб яшаяпман», — деди.
Оилалардаги бундай парокандаликни кўриб куюниб кетасан киши. Оиласини бир дастурхон атрофида жамлашни орзу ҳам қилолмаётган Муаттар опа кичик кўксида қанчалар улкан сабр-тоқат, бардошни жойлаб яшаётган экан-а?!.
Чексиз муҳаббатнинг жавоби
Кўча муюлишида маҳалламиздаги Назира опага дуч келиб қолдим. Кўп йиллар аввал бошқа туманга кўчиб кетган қўшнимиз Роҳила опанинг турмуш ўртоғи вафот этганини, ҳозир таъзияга кетаётганини айтди. Роҳила опани яхши таниганим учун маҳалламиздаги аёлга шерик бўлдим. Собиқ қўшнимнинг уйига яқинлашар эканман, хаёлимдан, «Йўли анча узоқ бўлса-да, кўп қаватли уйдан кенг, шинамгина ҳовлига кўчиб ўтишган экан», деган ўй ўтди.
Ҳовли бурчагидаги аёллар билан тўла хонага кириб анча ўтирдик. Аммо Роҳила опа кўринмас, кўнгил сўраб келганларнинг олдига чиқай демасди. Ахийри кетиш учун тараддудланиб ҳовли томонга чиққан ҳам эдикки,  бурчакдаги хонадан бир аёл отилиб чиқди. Дарвоза ёнида ўтирган икки йигит аёл томон югурди. Негадир мен танимаган аёл, бир йиғлаб, бир кулиб тушунарсиз ҳаракатлар қилар, ақли идрок этгандек кўринарди-ю, кутилмаганда мувозанатни йўқотар, фикрини жамлолмасди. Ёнидаги йигитлар «Ойи, илтимос ичкарига киринг», дея тортқилар, титраётган аёлга ортиқча куч ишлата олмай қийналишарди.
Назира опа, «Роҳилахон-ку», демаганида қўшнимни умуман танимас эдим. Роҳила опанинг ёнига бориб ҳайратдан қотиб қолдим. Одам беш йилда шунчалик ҳам қариб кетиши мумкинми? Юзимизга бироз тикилиб турган Роҳила опа жим бўлиб қолди, сўнг ҳовли ўртасига бориб ўтирди-да, бошини эгиб бир кулиб, бир йиғлай бошлади. Катта ўғли онаси томон интилган эди укаси қўлидан ушлади: «Ака, қўйинг энди. Қачонгача беркитамиз», — деди. Укасининг гапидан хўрлиги келган Жасур қотиб қолди, сўнг чўкка тушганича, ерни муштлаб-муштлаб узоқ йиғлади...
Кутилмаган ҳолатдаги аҳволимни тушунтириб беролмайман. Бу хонадонга аза сабаб келган эдим. Аммо мен бу ердан марҳум учун эмас, абгор бўлган оила бахтидан куйиниб йиғлаб чиқдим.
Йўл-йўлакай хаёлимдан фақат «Нега, ахир Роҳила опа соппа-соғ эди-ку, нима бўлган ўзи?» деган саволлар ўта бошлади. Назира опа ҳолатимни тушунди шекилли, сўзлай бошлади: «Роҳилахоннинг раҳматли эри жуда инжиқ эди. Ҳеч нарсадан кўнгли тўлмасди. Ҳар куни бир баҳона билан жанжал қилар, ичиб олган пайтлари хотинини калтаклаб, ҳовлининг ўртасига ўтқазиб қўярди. Ҳаво совуқми, иссиқми, қатъи назар, агар жойидан жилса, қаттиқ хафа қилишини айтиб, дўқ урарди. Роҳилахон ҳовлида соатлаб қолиб кетарди. Шовқинлардан хабардор қўшнилар, маҳалла фаоллари эрига насиҳат қилишди, натижа бўлмагач, Роҳилахонга ажрашишни маслаҳат беришди. 
У бўлса, ҳар сафар эрининг ёнини олар, унинг яхши одамлигини, жаҳли чиқса, кўзига ҳеч нима кўринмаслигини, нима бўлгандаям эрини яхши кўришини айтиб, кўнмасди. 
Шўрликнинг миясидаги ўзгаришлар қуёшнинг тиғида, жазирама иссиқда соатлаб қолиб кетганидан. Энди шу аҳволга тушиб ўтирибди...»
Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Гўёки, дунёни қўлида кўтариб тургандек гердайиб юрадиган Роҳила опанинг турмуш ўртоғи автоҳалокатдан вафот этибди. Аёлини тинимсиз калтаклаб, қуёшнинг иссиқ тиғида ўтиришига мажбур қилишдан мақсади, кўнглидаги ёвуз нияти нима экани ёлғиз Худогагина аён. Яшашдан маъни нима эканини англолмаган бу одам барча азобу ситамларга бардош бериб чидаган аёлининг чексиз меҳру муҳаббатига жавобан келажакда ўз наслини давом эттирувчи фарзандларига ақлдан озган онани «туҳфа» этиб кетди...

Кучук боласига оқибат

Назира опа билан хайрлашгач, бекатда хаёл сурганча узоқ ўтирдим.  Кўзим бекат ёнида илинган бир-биридан чиройли кучук болаларининг расмига тушди. Ундаги сўзлар эътиборимни тортди. «Инсон бўлинг! Жониворларга меҳр-оқибатли бўлинг». Бўғзимда нимадир тиқилди. Кўз олдимда чўккалаб йиғлаётган Жасур, дадасига тинмай мактуб ёзаётган қизалоқ, онасининг ишхонасида қисиниб-қимтиниб кун ўтказаётган қизлар намоён бўлди. Хаёлимдан «Одамлар ўз оиласига — боласига меҳр-оқибатли бўлолмаяпти-ку, кучук боласига шафқат қилармиди?! Ундан кўра болангга бир чимдим меҳр улаш, деб ёзиб қўй!» деган ўйлар ўтди. Елкамни оғир юк босгандек зўрға ўрнимдан турдим, яна бир бор суратга яхшилаб қарадим.  Тавба, хаёл билан бўлиб аҳамият бермабман. Кучукчаларнинг кўзлари тўла ёш эди...

Нилуфар ЖАББОРОВА,
журналист




Ўхшаш мақолалар

БОБО, НАБИРА... ВА КОНСТИТУЦИЯ

БОБО, НАБИРА... ВА КОНСТИТУЦИЯ

🕔11:20, 10.12.2019 ✔85

ўтмишдан сабоқ, бугундан шукрона

Давлат ўз фаолиятини 
инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оши­ради.

(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 14-модда)

Батафсил
ИККИ  ФАРЗАНДИ  БИЛАН КЎЧАДА ҚОЛАЁТГАН  ХАСТА  АЁЛ

ИККИ ФАРЗАНДИ БИЛАН КЎЧАДА ҚОЛАЁТГАН ХАСТА АЁЛ

🕔16:15, 29.11.2019 ✔296

Пропискасиз уй олди, яшади ва... энди икки боласи билан 
кўчага ҳайдаляпти, суднинг наздида эса ҳаммаси қонуний...

Батафсил
ДИЛ РОЗИ

ДИЛ РОЗИ

🕔10:50, 19.11.2019 ✔502

– Сен менга яна сариқ рангли гул олиб келдинг, – қовоқ осди Лола.
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • БОБО, НАБИРА... ВА КОНСТИТУЦИЯ

    БОБО, НАБИРА... ВА КОНСТИТУЦИЯ

    ўтмишдан сабоқ, бугундан шукрона

    Давлат ўз фаолиятини 
    инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оши­ради.

    (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 14-модда)

    ✔ 85    🕔 11:20, 10.12.2019
  • ИККИ  ФАРЗАНДИ  БИЛАН КЎЧАДА ҚОЛАЁТГАН  ХАСТА  АЁЛ

    ИККИ ФАРЗАНДИ БИЛАН КЎЧАДА ҚОЛАЁТГАН ХАСТА АЁЛ

    Пропискасиз уй олди, яшади ва... энди икки боласи билан 
    кўчага ҳайдаляпти, суднинг наздида эса ҳаммаси қонуний...

    ✔ 296    🕔 16:15, 29.11.2019
  • ДИЛ РОЗИ

    ДИЛ РОЗИ

    – Сен менга яна сариқ рангли гул олиб келдинг, – қовоқ осди Лола.
     

    ✔ 502    🕔 10:50, 19.11.2019
  • ИНСОН БЎЛ, ОЗОР БЕРМА!

    ИНСОН БЎЛ, ОЗОР БЕРМА!

    Болалигимда Қоплон лақабли итим бор эди. У қаҳратон қиш фаслида болалади. Совуқ юзни чимчилар, кучукчалар эса онасининг пинжига суқулиб, дағ-дағ қалтирарди. Мен бу ҳолатга эътиборсизлик қилибман. Эрта тонг­да қарасам, тўрттала кучукча ҳам совуқдан қотиб қолган экан...
     

    ✔ 873    🕔 13:52, 01.11.2019
  • «НЕГАТИВ»МИ ЁКИ «ПОЗИТИВ»...  ХУЛЛАС «ТАВСИЮ»

    «НЕГАТИВ»МИ ЁКИ «ПОЗИТИВ»... ХУЛЛАС «ТАВСИЮ»

    Ижтимоий тармоқ оламига энди кирган пайтларим дастлаб эътибор берган нарсам мен учун ўзбек тилига аралаштириб қўлланилган, баъзиларини илк марта эшитиб турганим рус ва инглиз тилидаги сўзлар бўлганди. Ҳамкасбларим, филолог, блогерларнинг қўйган постлари, ёзган изоҳларида «элита», «адеквать», «гламурный», «сарказм», «позитив», «негатив» каби сўзларни бот-бот учратардим.

    ✔ 1156    🕔 19:47, 24.10.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар