Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Муаммонинг ечими манфаатга айланмасин

Марҳамат, қонун-қоидани бузишга шароит етарли!

Сезяпсизми, сўнгги вақтларда фикрлар, қарашлар, муносабатлар ўзгаряпти. Буни фақат олқишлаш керак. Ахир фикрлаган одам ўзлигини танийди. Ўзлигини таниган одамлар жамиятида қонун устувор, адолат доим сарбаланд бўлаверади.

Муаммонинг ечими  манфаатга айланмасин

Ана шунда ислоҳотлар фақат инсон учун хизмат қилади. Жамиятдаги муаммоларнинг очиқ ва ошкора айтилаётгани, уларнинг ечими изланаётгани, энг муҳими, хоҳ шахсий, хоҳ ижтимоий масалада бўлсин, ҳар кимга мурожаат қилиш кафолатлангани бу ўзгаришларнинг дастлабки кўринишларидир.
Аммо мана шу жараёнда бир тенденция пайдо бўлмоқдаки, бунинг оқибати ҳақида бироз бош қотириш, мулоҳаза юритиш ўринли назаримизда. Яъни, бир-икки кунлик эмас, йиллар давомида тўпланган айрим муаммоларни таҳлил қилиш ва ечим топишда бирёқлама ёндашув сезилмоқда.
Жамиятдаги бирор муаммонинг ечими аввало одамлар манфаатига хизмат қилиши, кимнингдир ҳаётини яхши томонга ўзгартириши керак. Бироқ, бу ечим бошқа бир бошоғриққа замин ҳозирламаслиги, одамлар дарду ташвишини кўпайтирмаслиги шарт. Сўнгги вақтларда халқ қабулхоналарида, сайёр қабуллар давомида, қолаверса ижтимоий тармоқларда «тренд»га айланаётган айрим муаммоларга шунақанги ечимлар топиляптики, охир-оқибат кўпчилик «аввалги ҳолида тургани ҳам маъқул эди», дейишгача бормоқда. Бошқача айтганда «қичимаган жойни қашлаб» пушаймон бўлмоқда. Келинг, айрим мисолларни келтирайлик.

Оғзи ёпиқ              ариқлар 
Баҳорги серёғин кунлар анча-мунча ҳудудларимизни танг аҳволга солиб қўйди. Жумладан, Тошкент шаҳри кўчалари, турли объектлар сувга тўлди. Аслида бу янгилик эмас. Мана, неча йилдан бери бироз кўпроқ ёмғир ҳам пойтахт кўчаларини кўлга айлантириб қўймоқда. Фақат совет замонида қурилган масканлар эмас, ҳатто замонавий дея мақталган, тантанали топширилган йўллар, йўл ўтказгичлар, уй-жойлар ҳам бундан четда қолмаяпти. Бир эмас, ҳар серёғин мавсумда такрорланадиган бу ҳодиса юзасидан илк бор шаҳар ҳокимлиги баёнот берар экан, «шаҳардаги ирригация ва дренаж тармоқлари капитал таъмирга муҳтожлиги, буни капитал таъмирлаш учун, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 500 млрд. сўмдан ортиқ маблағ талаб этилиши...»ни қайд этди. 
Шу ерда бир тўхтаб, мантиққа мурожаат қилиб кўрайлик. Юқорида айтганимиздек, ирригация ва дренаж муаммолари яқин-яқинларда топширилган йирик объектларда, янги шаҳарчаларда (мисол учун Сергелида) ҳам кузатилди. 
Нима, улар қурилаётганда ирригация ва дренаж масалалари кўзда тутилмаганми? Агар кўзда тутилмаган бўлса ҳар йўлу йўлак четига бетон ариқчалар нега қўйилган? Агар кўзда тутилган бўлсаю улар сифатсиз ва ишламайдиган бўлса, унинг таъмирига яна нима учун миллиардлаб пул керак? 
Сув йўлларини сифатсиз қурганлар, бир объектни лойиҳалашда сувнинг кетишини ҳисобга олмаган лойиҳачилару қурувчиларни нега ҳеч ким эсламаяпти? 
Эътибор қилганмисиз, янги қурилаётган ёки таъмирланаётган йўллар, йўлаклар четида бетон ариқлар ўрнатилади, таъмирланаётганлари янгисига алмаштирилади. Буларнинг барчаси катта харажат.  Аммо бу ариқларга озгина сув тушса ҳеч қаерга оқмай жойида туриб қолади. Бундай кўзбўямачилик нима учун керак?  
Мана шу оддий эътиборсизликлар йиғилиб катта муаммога айланган экан, аввало бунга йўл қўйганлар жавоб бермасдан, уни бартараф этиш учун катта пулга кўз тикиш қанчалик адолатдан бўлади?
Пули йўққа йўлнинг абгорими?
«Ўзбекистонда пулли йўллар пайдо бўлади...» Бу хабар ҳам сўнгги «тренд»лардан бири. Одамларнинг қулоғини ўргатиш учун бўлса керак, бот-бот айлантирилмоқда. Албатта, сўнгги йилларда ҳамма энг зада бўлиб кетган муаммо бу — носоз йўллар. Пулли йўллар пайдо бўлишини эшитиб, кўпчилик «Хайрият, яхши йўл қурса пул тўлаб бўлса ҳам юраман», деяпти. Ана, холос! Ҳозир ҳам йўл фондига ҳар куни қанча маблағ тўлаётганини балки улар билишмас. Билса ҳам уни тўламасликнинг иложи йўқ, машинангизга ёнилғи қуяр экансиз, унинг ичида йўл жамғармасига ҳам тўлайсиз. Фақат мамлакат бўйича ҳар йили йўл қуриш учун йиғиладиган миллиардлаб пуллар тақдири сизу бизга қоронғу. Ўттиз йилдан бери бирор марта ҳам таъмир кўрмаган йўлларни биламиз холос. Мутахассислар маҳаллий аҳамиятга эга бўлган энг кичик йўлларга ҳам янги қурилгандан кейин камида ўн икки йил кафолат берилиши керак, дейишади. Аммо сўнгги ўн йилда қурилган янги йўлларни эсланг, қанчаси таъмирланди, яна қанчаси аллақачон абгор аҳволда? Пулли йўллар мана шундай йўл муаммоларини ҳал қилиб бера оладими?
Бу билан пулли йўллар керак эмас, деган фикрдан бутунлай йироқмиз. Аммо унутмаслик керакки, пулли йўл оддий йўлдан текислиги билан эмас, биринчи навбатда катта тезлик учун хавфсизлик чоралари кўрилгани, ҳайдовчилар учун муайян кафолатлар берилгани билангина фарқланиши керак.
Юқорида айтдик, нега йўлсозлар, мутахассислар қурган йўлининг сифатига, стандартига кафолат бермайди? Нега олдин йўлни қуриб олиб, кейин унинг остидан бошқа тармоқларни ўтказиш учун ковлай бошлашади? Ўтказишга ўтказиб, йўлни нега яна созлаб қўймайди? Йўл қуришдаги мана шу масъулиятсизликларга озгина бўлса-да барҳам бериб, кейин пулли йўл ҳақида гап бошласак ярашади, назаримда. Чунки пулли йўл одамларнинг чўнтагига қўшимча юк, буни кўтарадиган ва кўтара олмайдиганлар бор. Аммо бу ана шу чўнтаги кўтармайдиганлар носоз йўлдан юришга мажбур дегани эмас зинҳор. Юқорида таъкидладик, пулли йўл фақат қўшимча қулайлик ва кафолатлар учун.
Хато қилишингни пойларлар...
Автомашина чироқларини ёқиб юриш масаласи бугуннинг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуларидан бирига айланди. Агар бизда йўлларда тартиб ўз ўрнида бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномаси олаётганларнинг ҳаммаси билимли, йўл қоидаларига қатъий риоя этадиган бўлса янги қоидага деярли эътирозлар бўлмас эди назаримда. Бугун содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг қанча қисми нўноқ ва билимсиз ҳайдовчилар ҳисобига тўғри келади? Сифатсиз ва ноаниқ йўл белгилари қанча жиддий оқибатларга сабаб бўлаётгани-чи, булар ҳеч ўрганиляптими? Мана шу жиҳатлари атрофлича таҳлил этиляптими? Жарима талаб қилиш билан бирга, ўша қоидабузарликка олиб келмаслик учун ҳайдовчига қандай қулай шарт-шароит яратиляпти?
Бугун юртимиздаги мавжуд автомашиналарнинг қанча фоизи юрганда автомат равишда чироғи ёниб, тўхтаганда ўчади? Бундай транспорт воситалари бир фоиз ҳам чиқмаса керак. Қолганлар эса ҳали ўрганиб улгурмасдан жаримага тортила бошлагани бу янги қоидадан фақат йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш кўзланяпти, деган эзгу мақсадни шубҳа остига қўяди. Йўқса, буни аввалига тавсиявий тарзда йўлга қўйиш, техник кўрик давомида автомобиль чироғини автомат тарзда ёниб-ўчадиган қилиб созлаш мумкин эди. Ҳозир кўпчилик фақат жарималар биттага кўпайганини билади холос.
Бундай ҳаракатлар одамлар ва уларнинг хавфсизлиги учун қилинаётган экан, нега йўл-ҳаракати хавфсизлиги ходимлари доим ҳайдовчилар қоида бузишга ўзлари хоҳламаган ҳолда мажбур бўлаётган жойларга тўсатдан бостириб келиб (ёки пойлаб) аёвсиз жаримага тортиши анъанага айланган? Дейлик, бир чорраҳада муайян қоидабузарлик қайта ва қайта содир бўлаётган экан, нега унинг олдини олиш борасида бирор чора кўрилмайди? Нега одамлар бирровга бўлса ҳам тўхташга мажбур бўладиган (бошқа тўхташ жойи бўлмаган) жойларда «тўхташ тақиқланган» йўл белгиси қўйилиб, ЙПХ ходимлари узоқдан пойлаб, кимнингдир қоида бузишини кутади?
Айтишингиз мумкин, бу саволга жавоб оддий: қоидани бузманг! Тўғри, қоидани бузмасангиз, олам гулистон гўё. 
Лекин кимнингдир қоидани бузишини пойлаш ва ундан жарима ундириш билан жамиятдаги бу муаммони ҳал этиб бўлмайди-да. Аввало қоидалар одамлар ҳаётини енгиллатишга хизмат қилса, қоидани бузишга эмас, бузмасликка кўпроқ шарт-шароит яратилсагина нимагадир эришиш мумкин.
Ҳа, бир кишининг ҳам, минг кишининг ҳам муаммоси жамият ривожига тушов бўлиши тайин. Бугун ҳар бир одамнинг дардига қулоқ тутиб, унинг ечимига астойдил киришилаётган экан, бу йўлда иккинчи бир оғир юкни халқнинг гарданига юклаб қўймайлик. Зотан, ҳамма нарсада фақат одамларни айблаб бўлмайди. Жамият қандай бўлса, қандай мезонлар устига қурилса, одамлар ҳам шундай бўлади, шундай яшайди.

Ҳусниддин БЕРДИЕВ




Ўхшаш мақолалар

Қиз бола тарбиясидаги  бир хато Бутун жамиятни катта хатарга қўйиши мумкин

Қиз бола тарбиясидаги бир хато Бутун жамиятни катта хатарга қўйиши мумкин

🕔14:15, 11.11.2019 ✔189

Йиллар давомида тарбиядаги услуб ва воситалар ўзгаргани, ривожлангани сайин, бунинг ижобий томонлари билан бирга, салбий жиҳатлари ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Айниқса бу қиз болалар тарбиясида жуда хавфли ва аянчли кечиши ҳеч гап эмас.

Батафсил
Алгебра бежиз Хоразмдан чиқмаган

Алгебра бежиз Хоразмдан чиқмаган

🕔14:14, 11.11.2019 ✔191

ёхуд шоли далаларининг математикага қандай алоқаси бор?

Батафсил
Одам савдосининг оғир оқибатлари

Одам савдосининг оғир оқибатлари

🕔14:09, 11.11.2019 ✔186

Одам савдоси – инсон ҳаётига хавф соладиган оғир жиноят, энг аянчли иллатлардан бири. Унинг салбий оқбатларидан ҳар куни қанча-қанча инсон жабр кўрмоқда. Дунё бўйлаб тарқалган бу хавфли иллат таъсири, минг афсуски, юртимиз фуқароларини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Қиз бола тарбиясидаги  бир хато Бутун жамиятни катта хатарга қўйиши мумкин

    Қиз бола тарбиясидаги бир хато Бутун жамиятни катта хатарга қўйиши мумкин

    Йиллар давомида тарбиядаги услуб ва воситалар ўзгаргани, ривожлангани сайин, бунинг ижобий томонлари билан бирга, салбий жиҳатлари ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Айниқса бу қиз болалар тарбиясида жуда хавфли ва аянчли кечиши ҳеч гап эмас.

    ✔ 189    🕔 14:15, 11.11.2019
  • Алгебра бежиз Хоразмдан чиқмаган

    Алгебра бежиз Хоразмдан чиқмаган

    ёхуд шоли далаларининг математикага қандай алоқаси бор?

    ✔ 191    🕔 14:14, 11.11.2019
  • Одам савдосининг оғир оқибатлари

    Одам савдосининг оғир оқибатлари

    Одам савдоси – инсон ҳаётига хавф соладиган оғир жиноят, энг аянчли иллатлардан бири. Унинг салбий оқбатларидан ҳар куни қанча-қанча инсон жабр кўрмоқда. Дунё бўйлаб тарқалган бу хавфли иллат таъсири, минг афсуски, юртимиз фуқароларини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.

    ✔ 186    🕔 14:09, 11.11.2019
  • ЮРТНИ РАМЗЛАР БИЛАН СЕВИШ... БУНИ ҚАЧОН  БАС ҚИЛАМИЗ?

    ЮРТНИ РАМЗЛАР БИЛАН СЕВИШ... БУНИ ҚАЧОН БАС ҚИЛАМИЗ?

    «Бешта ўринбосаримнинг ҳар бирига «I love … » ёзувини ўрнатишни топшириқ бердим!..»

    Бугун қайси нашрга, интернет саҳифаларига қараманг, она тилига эътибор, давлат тилининг аҳамияти ҳақидаги мақолалар билан тўлиб-тошган. Аммо ана шундай жонкуярлик афсуски ҳаётимизда, ён-атрофимизда, амалий ишларимизда сезилаётгани йўқ. Тилга эътиборсизлик борасидаги нафақат кеча ёки ўтган кунидаги, балки бир неча йиллардан бери қилинаётган чиқишлар ҳеч кимни безовта ҳам қилмаяпти.

    ✔ 654    🕔 13:55, 01.11.2019
  • Савобнинг бутуни яхши

    Савобнинг бутуни яхши

    Кутилмаганда юмушим кўпайиб ишга кечикиб отландим. Бекатда жонсарак турсам, ёнимга «Матиз» келиб тўхтади. Собиқ ўқувчим Жамол экан. Қувониб кетдим.
     

    ✔ 217    🕔 13:54, 01.11.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар