Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

Минг биринчи ниқоб

 «Мен нима учун яшаяпман? Ҳаётнинг мазмуни нима?»

Минг биринчи ниқоб

Нега баъзи адабий асарларни ўқиганда бир умр унинг таъсирига тушиб қоламиз-у, бошқасини бугун ўқисак эртасига унутамиз? Мазмунан бой асар яшовчанми ёки шаклан гўзалми? Гоҳо шаклан гўзал асар ўқилган заҳотиёқ унутилгандек, баъзи ўта мазмунли асарларнинг-да қисмати бундан ортиқ бўлмайди? Нега? Оламда фикрлайдиган одамлар қанчалик кўп бўлса, бундай саволларга жавоблар ҳам шунчалик хилма-хил. Қуйидагилар эса менинг шахсий мулоҳазаларим.
Менимча, мавсумий асарларда энг аввал чин иқрор етишмайди. Бунинг учун инсон юзида тинимсиз ўрин алмашиб турувчи ниқоблар халал беради. Токи ёзувчи оқ қоғоз қаршисида сўнгги — минг биринчи ниқобини ечиб ташламас экан, боқий асар дунёга келишидан умид йўқ. Буюк мутафаккир Лев Толстой минг биринчи ниқобни еча билган шахс ва ёзувчи эди. У қолдирган адабий мероснинг асрори абадияти ҳам шунда бўлса не ажаб.
Зукко мунаққид Озод Шарафиддинов Толстой асарларидан бирини «Иқрорнома» деб таржима этибдики, ушбу сарлавҳа узукка қўйилган биллур кўздек асар руҳига мос тушган. Ўқияжагингиз фикрлар «Иқрорнома» хусусида.

 

«Иқрорнома» муаллифи «Мен нима учун яшаяпман? Ҳаётнинг мазмуни нима?» деган мураккаб саволларга рўбарў келади ва ушбу асарида мазкур муаммонинг ечимини топишга уринмайди, йўқ! Балки ўзининг бошқалар билмайдиган, билиши-да мумкин бўлмаган ички қиёфасини бешафқат очиб ташлайди, таҳлил этади. Муаммо эса табиий ечим топади.
Умуман, инсонлар онгида бундай фавқулодда эврилишлар бир жиҳати билан чақалоқнинг туғилишига ўхшайди. Чақалоқ ой-куни тўлгач, муқаррар туғилганидек, Толстой дуч келган саволлар ҳам инсон умрининг маълум бир палласида дафъатан учқунланиб қолади. Далил тариқасида бугунги кунимиз билан боғлиқ иккита мисол келтираман. Биринчиси, «Иқрорнома»нинг қўлимдаги нашридаги таржимон сўнгсўзидан. Таржимоннинг ёзишича, Қашқадарё вилояти ҳокими Нуриддин Зайниев тасодифий бир суҳбатда Толстой «Иқрорнома»сидан гап очади. Адибнинг ушбу асари ички дунёсини «ағдар-тўнтар қилиб юборгани»ни айтади. Бу билан асарнинг таржима этилишига сабабчи ҳам бўлади. Иккинчи мисол шуки, бир куни амалдор, ўзига тўқ акахонлардан бири менга «Калила ва Димна»даги (Толстой «Иқрорнома»да келтирган шарқ ривояти) «Бурзо ҳаким ҳақидаги боб»ни бошдан-охир ўқиб берди. Шуни ўқигандан бери ҳаёти маъносини йўқотаёзгани, турли зиддиятли ўйлар миясини ғовлатиб юборганини чексиз алам билан баён этди. Унда мен ҳали «Иқрорнома»дан бехабар эдим. Таржиманинг матбуот вариантини илк бор ўқиганимда туйқус кўнглимдан «Толстой сюжетни шарқдан ўзлаштирган экан», деган гап кечди. Анча вақтлар бундан фахрланиб, шу фикримни ошна-оғайниларга уқтиришга уриниб юрдим. Бироқ асар таржимасининг китоб вариантини қайта-қайта ўқигач, фикрим ўзгарди. Англадимки, «Калила ва Димна»даги боб Толстой учун бир восита бўлган экан, холос. Майли бунинг ўзи алоҳида мавзу. Ҳозирча юқоридаги мисолларга қайтайлик.
Кўринадики, далил келтирганимиз кишиларнинг ҳар иккиси ҳам ўрта ёшдаги, иқтисоди, мавқе-мартабаси жойида, орзуларининг кўпига эришган, ақлли, мустақил фикрли одамлар. Уларнинг саволларига муносабатлари ҳам анчайин яқин. Шу маънода, ўзим билган, кузатиб юрган одамларни тўрт тоифага ажратган бўлардим:
а) шундай саволга дуч келиб, унинг ечимини топишга уринган, бироқ топа олмаганидан бу ҳақда ўйламай яшашни афзал билганлар;
б) саволга дуч келган илк дақиқадан бошлаб, ундан юзини тескари ўгириб яшашга ўрганганлар;
в) умуман бундай саволга етиб келмасдан ўтиб кетадиганлар;
г) саволнинг оддий ечимини топган ва хотиржам яшаб ўтаётганлар.
Албатта, бу менинг жўн бир кузатишларим натижаси холос. Бироқ «Иқрорнома»да сизга маълум муаммолар башарий фикратнинг олий чўққисидан туриб таҳлил этилади. Зеро, «Иқрорнома» муаллифи кўпчиликнинг тушига-да кирмаган ҳаёт мактабини ўтаган, бойлиги, мартабаси ҳавас қилгулик, диний ва дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган, истеъдодда, тафаккурда гений даражасидаги бир шахс эди.
Адиб ўз ички дунёсининг астар-аврасини ағдариб энг қоронғу пучмоқларига довур кириб борар экан, мавжуду вужудга келаётган фикрларга таянишга, токи ўзини изтиробга солиб қўйган сўроқларга ишонарли бир жавоб топишга бел боғлайди. Аммо ҳар сафар бу жумбоқ қаршисида ожизу нотавон эканини ҳис этади. Ҳис этгани сайин ҳаётидаги маъносизлик юз карра ошади. Мана шундай руҳий изтироблар алал-оқибат уни «... ҳаётдан мосуво бўлишга», шу йўл билан барча бемаъниликларга чек қўйишга ундайди. «... ўшанда ҳар куни оқшомларда ўзим ёлғиз ўтирадиган хонадан тизимчани олиб чиқиб ташлардим — ечинаётиб, бехосдан икки жавон ўртасидаги тўсинга ўзимни осиб қўймай дедим-да. Овга ҳам милтиқ кўтариб бормай қўйдим, чунки тепкини босиш билан одам ҳаётдан осонгина маҳрум бўлади-қўяди — шунга лаққа учмай дердим», дея ифодалайди ўз ҳолатини муаллиф.
Инсон табиатининг қизиқлигини кўрингки, бир вақтнинг ўзида бир одам ҳам ҳукм этгувчи, ҳам маҳкум, ҳам ижрочи, ҳам халоскор. Бу пайт бешинчи «мен» савол сўрайди: «Қандай яшашим лозим?!»
«Ҳаёт ҳақида менинг ўйларим, — деб ёзади муаллиф — инсониятнинг энг бақувват ақл эгалари хулосаларига тўғри келди». Хўш, ушбу хулосалар нимадан иборат эди? «Боши берк кўчадан чиқишнинг биринчи чораси билмаслик экан. Унинг маъноси шундан иборатки, ҳаёт ёвуз нарса экани ва яшашнинг маъносизлигини билмаслик, англамаслик керак... Иккинчи чора — эпикурона чора. Яъни ҳаётдан умидвор бўлмоқнинг имкони йўқлигини билатуриб, ҳозирча мавжуд неъматларнинг ҳаммасидан истеъфода этилади... Учинчи чора куч ва қудрат чорасидир. У шундан иборатки, ҳаёт ёвуз нарса эканини ва унинг маъносизлигини англагач, ҳаётни маҳв этадилар... Тўртинчи чора ожизлик чорасидир. У шундан иборатки, ҳаётнинг ёвуз нарса экани ва маънисизлигини англаб, одам яшашдан ҳеч нарса чиқмаслигини олдиндан билса-да, яшашда давом этади...»
Аммо жавобларнинг барчасида «ҳаёт ёвузликдан иборат, яшашдан ҳеч қандай маъно йўқ», деган ақида ҳукмрон. Унда «Инсоният яшамай қўя қолса ҳам бўлаверадиган бир ҳолда нима учун яшайди?» Наҳот, донолар келган хулосалар бу зил-замбил саволларнинг бошқа шаклигина бўлса?!
Толстойнинг буюклиги шундаки, у мазкур тўрт чора исканжасида қолиб кетмайди. Муросасиз равишда бешинчи чорани ахтара бошлайди. Унинг дастлабки англаб етган ҳақиқати шу пайтгача мавжуд хулосаларининг хатолиги бўлади. «Хато шунда эдики, — ёзади муаллиф — менинг фикрларим ўзим қўйган масалага мувофиқ эмас экан... «Мен адашганимни ва қандай қилиб адашганимни англадим. Мен нотўғри фикр юритганим учун эмас, балки гуноҳкорона ҳаёт кечирганим учун адашган эканман. Яна англадимки, «Менинг ҳаётим нима» деган саволим «ёвузлик» деб берган жавобим мутлақо тўғри бўлган экан. Хато шунда бўлган эканки, фақат менгагина тааллуқли жавобни бутун ҳаётга нисбатан қўллабман».
Муаллифга кўра, бунинг сабаби оддий — оқни оққа, қорани қорага қиёслаш натижасида айниятнинг келиб чиқишидир.
Кўпчилигимиз ақлимиз «қуйилиб», мустақил фикрлай бошлаган кезларимизда беғубор болаликни соғинамиз. Улғайганимиз сайин ҳаётнинг қабоҳатга тўлалигидан қайғурамиз. Ўзимизни юксак орзулари барбод бўлган жабрдийда ҳисоблаймиз. Бироқ ўзимиз аллақачонлар қочмоқчи бўлганимиз катталар дунёсининг бир мурватчасига айланиб қолганимизни англамаймиз ёки иқрор этгимиз келмайди. Айният фалсафасига тобе бўлиб яшайверамиз. Жиндек уқувимиз бўлса, бу ҳақда қиссалар, романлар ёзамиз. Толстойни эса ёлчитиб ўқимаймиз ҳам.
Лев Толстой айтадики, ақлий илм билан ҳаёт маъносини, ўзлик дунёсини англаб бўлмас. Бу сенинг имконингдаги иш эмас. Чирансанг, нажжор ишига бурнини тиққан маймун ҳолига тушасан. Англамоқ йўли «...но­оқилона ёхуд ғайришуурий билим», яъни иймондир. Ҳаёт иймон устига қурилган ва шунинг учун ҳам абадийдир. Агар ҳаёт мазмунини ақл белгилаганда, инсоният аллақачон маҳв бўлган бўлар эди. Мен шуни англадим. Сен-да англашга урин.
Толстой шундай фикрлари билан ҳадиси шарифдаги «Чуқурлашманг адашасиз» деган буюк ҳақиқатга етиб келадики, биз билган кўплаб «даҳо»лар ушбу жайдари фалсафа моҳиятини англамасдан ўтиб кетдилар.
Адиб «Иқрорнома»да «Иймонсиз яшаб бўлмайди... Мен фақат худога ишонган кезларимдагина яшадим... Ундан кейин келадиган «Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳга сиғинайлик» деган иборани тушириб қолдирдим, негадир уларни тушуна олмас эдим...» деб ёзади. Шу сабабмикан, баъзи ғарб олимлари уни гоҳо эътиқоди чекланганликда, гоҳо чалкаш фикрлашда, гоҳо динсизликда айблайдилар. Ҳатто уларни қўллаб-қувватловчи замондошларимиз ҳам топилади.
Зеро, кимдир худони шериксиз танишдан бебаҳра экан, бунда Толстойнинг айби нима? Одам ўзи бормаган манзилнинг мавжудлигини инкор этолмайди-ку?!
Алқисса, Толстойни англамоқ учун унинг асарларини қайта-қайта ўқиган маъқул. Ундаги маъноларнинг чеки йўқ. Зеро, бу неъмат барчамизга татигулик.
Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари доктори, профессор




Ўхшаш мақолалар

Кутубхона туманларда ҳам бўлади

Кутубхона туманларда ҳам бўлади

🕔11:27, 14.06.2019 ✔14

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхона қошида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилади. Бу «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Қарорида белгилинган.

Батафсил
Мактуб

Мактуб

🕔15:41, 07.06.2019 ✔36

Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» романидаги Қора аммага

Батафсил
Энг  холи кўзгу

Энг холи кўзгу

🕔15:40, 07.06.2019 ✔35

Матназар АБДУЛҲАКИМ

Кулгу хоналари деб аталувчи томошагоҳлар бор. Шуларга кириб кўрганмисиз? Мазкур хоналардаги шаклни бузиб кўрсатадиган кўзгулар сизни шундай бир аҳволда намоён қиладики, беихтиёр ўзингизни кулгудан тиёлмай қоласиз. 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Кутубхона туманларда ҳам бўлади

    Кутубхона туманларда ҳам бўлади

    Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхона қошида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилади. Бу «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Қарорида белгилинган.

    ✔ 14    🕔 11:27, 14.06.2019
  • Мактуб

    Мактуб

    Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» романидаги Қора аммага

    ✔ 36    🕔 15:41, 07.06.2019
  • Энг  холи кўзгу

    Энг холи кўзгу

    Матназар АБДУЛҲАКИМ

    Кулгу хоналари деб аталувчи томошагоҳлар бор. Шуларга кириб кўрганмисиз? Мазкур хоналардаги шаклни бузиб кўрсатадиган кўзгулар сизни шундай бир аҳволда намоён қиладики, беихтиёр ўзингизни кулгудан тиёлмай қоласиз. 

    ✔ 35    🕔 15:40, 07.06.2019
  • Эл одамлари

    Эл одамлари

    Ёзувчи Анвар Суюн навбатдаги китобини китобхонлар ҳукмига ҳавола қилди. Муаллифнинг «Тафаккур» нашриётида чоп этилган «Эшмонбек» китобидан бир қисса ва тўрт ҳикоя ўрин олган.

    ✔ 50    🕔 11:13, 31.05.2019
  • Минг биринчи ниқоб

    Минг биринчи ниқоб

     «Мен нима учун яшаяпман? Ҳаётнинг мазмуни нима?»

    ✔ 68    🕔 15:43, 24.05.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар