Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Хасбобо

Бундан эллик йилча олдин Ғиждувон тумани қишлоқларидан бирида бир бобой бўларди. Ўша қишлоқда онамнинг холалари яшар ва шу қишлоққа биз онам билан тез-тез меҳмонга бориб турардик.

Хасбобо

Қишлоқ четидаги увадаси чиқиб кетган пахса чайлада ана шу бобой яшар эди. Ўшанда у чамаси олтмиш ёшларда бўлгандир. Бўйи ўрта бўйдан сал пастроқ, қирқ ямоқ чопон ёхуд ҳавога қараб бўз яктак кийиб юрар, қишин-ёзин салласини ташламасди. Оёғида калиш, кўкрагини очиб юрарди. Совқотмасди. Миқти, зуваласи пишиқ киши эди. 
Тонг отардан кун ботаргача ишлагани ишлаган, ишлаб бўлмайдиган ёғингарчилик кунлари чайласининг бир четига омонатгина ўрнатилган сандалга мук тушиб китоб ўқирди. Унинг китобларини ҳеч ким ўқий олмасди. Кейинчалик ақлимни олиб катталардан суриштирсам улар жуда улуғ китоблар бўлиб чиқди. Масалан, у ерда «Ҳафтияк», ҳадис илмининг дурдона асарлари, Қуръони карим ҳам бўлган экан. Чолга неча бор китобларини яшириб фойдаланиш ҳақида гапирганларида: «Нима, ҳаётим қамоқхонадагидан авлороқми?» деб кулар экан. Ўша пайтлар уйидан бир варақ шунақа адабиёт чиққан одам ўзини ҳаш-паш дегунча Сибирда кўрган. Буни биласиз. Чол ўзининг қачон туғилганини эслай олмас, сўрасалар, «ҳа, менми… қовун пишиғида, эрта тонгда туғилганман», дерди. Унинг ёшини каттароқ одамлар чамалаб ўзига тушунтириб юришарди. Айтишларича, уни армияга олишмаган, бўйи жуда паст, бунинг устига оёғи ости текис бўлган. Отаси тирик пайтларда у то ўн икки ёшгача Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган, бир неча марта амирнинг эҳсонига сазовор бўлган. Бироқ болшовойлар Бухорога кириб келган йили унинг отаси қазо қилган, орадан кўп ўтмай онаси ҳам оламдан кўз юмгач, бола бечорани қишлоқнинг бир бойи қарамоғига олган. Шундан буёғига у одамлар эшигида дастёр бўлиб яшаган, сўнгроқ нисбатан тинч ҳаёт ўрнатилганда колхозда сувчи бўлган, уч марта уйлантиришган, аммо турмуши ўхшамаган, ҳамма никоҳи ҳам узоққа бормаган. 
Айтишларича, туғилганида унга Ҳазрат деб исм қўйишган экан. Бошларига тушган ўша кулфатлардан кейин онаизори уни Ҳасрат деб чақира бошлаган. Бора-бора унинг табиати, хулқ-атвори шунга олиб келганки, уни энди сал масхараомуз тарзда — Хасака, кейинроқ Хасбобо деб атай бошлашган. 
Хасбобо ичимдан топ хилидан эди. Ҳангоматалаб одамлар унга ёқмас, одамовироқ эди. Унга тирғалмасангиз, тузук-қуруқ гап ололмас эдингиз. Одамлар унинг жуда салоҳиятли эканини, дунёвий ва исломий илмларни сув қилиб ичиб юборганини билишарди. Бироқ кимдир унинг илмига ҳасад қилганидан, яна бировларнинг лоқайдлигидан унинг истеъдоди билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Буни билган Хасбобо ўзини баттар четга олар, одамларнинг идрокда саёзлиги, кўрсаводлиги ва манфаатга бунчалар ўчлигидан ичида яширин кулиб яшарди, назаримда. Бир гал қишлоқда саводлилик текширилганда уни саводсиз деб ёзиб кетишганда чайласига кириб олиб роса юмалаб кулган экан.
Яқинда мен ўша қишлоққа борганимда болалигимдаги ўша кунларни эслаб қолдим. Ўша куни қуёш эрталабдан супаларни қиздириб юборган, биз болалар Хасбобонинг фақат икки табақали эшикдан иборат очиб қўйилган деразасидан унинг уйини томоша қилиб тургандик. Хасбобо яланг оёқда қаёқдандир шошиб келиб қолди. Биз болалар билан унинг иши йўқ эди. У бир навироқ кийимларини кийиб, яна шошганча қишлоқ йўлига чиқди. Биз болалар унинг ортидан эргашдик.
Шу нарса тушунарли бўлдики, уни қишлоқнинг ўртароғида бўлаётган қандайдир маъракага чақиришган кўринади. Дарвоза олдида ўтирганлар ўрниларидан туриб Хасбобони кутиб олишди. Меҳмонхонага чорлашди. Меҳмонхона катта, тўққиз болорли уй бўлиб, у шундоққина дарвозахонанинг олдида эди. Хасбобо тортинаверса-да қўймай уни дастурхоннинг тўрига ўтқазишди. Ҳол-аҳвол сўрашишга улгурмасларидан дарвоза олдида уч-тўрт киши кўринди. Уларни ҳам меҳмонхонага олишди. Тўрга чорлашди. Шу пайт ёши ҳамманикидан катта бўлган Хасбобо ўрнидан дик этиб турди. 
— Қани, раис бува... — дея Хасбобо раисни тўрга ўтказиб, унинг ёнидан жой олди. Сўнг одамлар айтилган вақт бўлгани учун ёғрилиб кела бошлашди. Хасбобо худди бояги қилиғини такрорлар ва ўзидан ёши ҳам, дейлик саводию бошқа жиҳатлари ҳам ўзига яраша — ферма мудири, бригадир, табелчи, дўкончи, почтачи ва бошқа-бошқаларни юқори ўтказавериб охири пўстакнинг устига бориб қолди. Энг сўнгида йигирма ёшларда бир маҳмадана келганда Хасбобо яна дик этиб ўрнидан турди.
— Қани марҳамат қилсинлар... — деди қизариб ва... бир оз ўйланиб қолгач дик этиб даҳлизга ўтди. Бояги пўстакка ўтирган йигит Хасбобога зарда қилди:
— Хасбобо! Бу нима туриш, чой олиб келсангиз-чи!
Хасбобо шу маҳмаданага ҳам қуллуқ қилиб, ташқарига шошганча чиқиб кетди. Мен болалар билан ҳовлини бир айланиб ўйнаб келсам, Хасбобо чўнқайиб олиб самоварнинг тагига пуфлаб турганини кўрдим. Албатта ҳайрон бўлдим. Бу ерда қандайдир адолатсизлик ёхуд ҳурматсизлик борлигини англагандек ҳам бўлдим... 
Бироқ мен ўшанда гўдак эдим. Хасбобонинг хатоси нимада эканини англашга менинг ақлим етмасди... 
Маҳмуд  БЎРОН




Ўхшаш мақолалар

ТАҚДИР

ТАҚДИР

🕔11:37, 28.06.2019 ✔88

Янгиобод — шаҳардаги энг катта маҳаллалардан бири. Нуриддин ҳожи яқинда шу маҳалла масжидига имом бўлди. Масжиднинг қавми анчагина катта экан. Айниқса, ёшларнинг кўплиги кишини қувонтиради.

Батафсил
Қўшнининг қадами узилса...

Қўшнининг қадами узилса...

🕔11:23, 14.06.2019 ✔93

Бувимнинг узун қиш тунларию, илиқ шабада эсиб турган ёз кечаларида айтиб берган хотираларини эсласам бир нафасга бўлса ҳам яна ўша кунларга қайтгандек бўламан.

Батафсил
Шукрона

Шукрона

🕔11:21, 14.06.2019 ✔98

Узоқ қариндошимизникига меҳмонга бордик. Бизни тўрт киши ўтирган хонага олиб киришди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ТАҚДИР

    ТАҚДИР

    Янгиобод — шаҳардаги энг катта маҳаллалардан бири. Нуриддин ҳожи яқинда шу маҳалла масжидига имом бўлди. Масжиднинг қавми анчагина катта экан. Айниқса, ёшларнинг кўплиги кишини қувонтиради.

    ✔ 88    🕔 11:37, 28.06.2019
  • Қўшнининг қадами узилса...

    Қўшнининг қадами узилса...

    Бувимнинг узун қиш тунларию, илиқ шабада эсиб турган ёз кечаларида айтиб берган хотираларини эсласам бир нафасга бўлса ҳам яна ўша кунларга қайтгандек бўламан.

    ✔ 93    🕔 11:23, 14.06.2019
  • Шукрона

    Шукрона

    Узоқ қариндошимизникига меҳмонга бордик. Бизни тўрт киши ўтирган хонага олиб киришди.

    ✔ 98    🕔 11:21, 14.06.2019
  • Она кимни кўпроқ  яхши  кўради?

    Она кимни кўпроқ яхши кўради?

    Оила дастурхон атрофида жам бўлди. Аёл боши билан уч ўғил ва уч келиннинг бошини бирлаштириб, қарилик гаштини суриб юрган Соҳиба ая дастурхонга келтирилган таомни бошлаб бергач, ҳамма овқатга қўл узатди.

    ✔ 143    🕔 11:20, 14.06.2019
  • Хасбобо

    Хасбобо

    Бундан эллик йилча олдин Ғиждувон тумани қишлоқларидан бирида бир бобой бўларди. Ўша қишлоқда онамнинг холалари яшар ва шу қишлоққа биз онам билан тез-тез меҳмонга бориб турардик.

    ✔ 130    🕔 15:30, 07.06.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар